Қайднома

Қидирув

Термаларнинг таажжубли томошалари

Термаларнинг таажжубли томошалари

  23.07.2019 09:02
  0
  489
Термаларнинг таажжубли томошалари

Бундан 5 йил аввал Бразилия мундиалида юз берган ажабтовур натижа (Бразилия - Германия - 1:7) футбол оламини карахт ҳолатга солиб қўйган бўлсада, биз ўйлаганчалик камёб ҳодиса эмас. Soccer.ru сайтининг қуйидаги материали билан танишгач, сиз ҳам бунга амин бўласиз.

27.06.2016. Евро. «Плей-офф» босқичи. Англия - Исландия - 1:2

Футбол ўйнашни инглизлар фақат янги асрда ўргана бошладилар, десак миллионлар ўйини ихтирочиларига нисбатан ўта ҳурматсизлик бўлади. Аммо улар сўнгги ЖЧда рисоладагидек ўйин намойиш этишди. Лекин нима бўлганда ҳам дунёнинг энг кучли лигасида тобланган маҳорат соҳибларининг аҳолиси йирикроқ шаҳарникидан оз бўлган орол терма жамоасини енга олмаганликларини ҳазм қилиш қийин. Уни асослашга далил топа олмаганимиз боис, осонгина йўлни танлашга мажбур бўламиз - мўъжиза!

Францияга ташриф буюрган Исландия таркибидаги энг машҳур футболчи «Суонси» ва «Краснодар» вакиллари эди. Лекин шундай ўйин кўрсатишдики! Португалия ҳамда Венгрия билан дуранг, Австрия устидан ғалаба.

Аммо «плей-офф» босқичида исландларга, шунингдек, гуруҳдан 3-ўрин билан чиққан Роналду етакчилигидаги бўлажак чемпионларга ҳам деярли ишонч билдирилмади. Бироқ мантиққа зид равишда Португалиянинг ўйинида кескин ўзгариш юз берди, оролликлар эса Англия тўсиғидан ўтиб, кутилмаган натижа муаллифига айланишди. Ҳа, Франция уларни «еттинчи осмон»дан ерга тушириб қўйди (2:5), аммо энг йирик шов-шув барибир Исландия ҳисобига ёзилди.

29.06.1950. ЖЧ. Гуруҳ босқичи. АқШ - Англия - 1:0

Ўзини дунёнинг тенги йўқ жамоаси деб ҳисоблаган Англия дастлабки мундиалларда тўп суришни ўзига эп кўрмади. Лекин 1950 йилда Белу-Оризонти шаҳридаги мухлислар футбол кашфиётчилари мағлубиятларга кўникма ҳосил қилишнинг узоқ йиллик дастурини амалга оширишга киришганлигига гувоҳ бўлишди. Фақат 16 йилдан кейингина улар афсонавий Альф Рэмзи раҳбарлигида шоҳсупага кўтарилиб, шармандали сериядан халос бўлишди.

Ҳаваскор футболчилардан шаклланган уммонорти вакиллари тарихий ғалабадан аввалги 7 учрашувни умумий 2:45 ҳисобида бой беришганди. Инглизлар эса 30та беллашувнинг 23тасида зафар қучишганди. Бироқ гаитилик Жо Гатьенс 38-дақиқада ўйин тақдирини ҳал қилган ягона гол муаллифи бўлди. Райт, Финни, Мортенсендек афсоналар ҳеч бўлмаганда мувозанатни тиклашни ҳам уддалай олмадилар. Чинакам шармандалик, ахир юлдузлар катафалка ҳайдовчиси, ўқитувчи, почтачи ва идиш-товоқлар ювувчиси (гол муаллифи) каби касб эгаларидан тузилган жамоадан енгилишди. Айтганча, ўшанда АқШнинг бир футболчиси мусобақани барвақт тарк этганди, унга иш жойидан чақирув келганди, терма жамоа эса кейинги 40 йил ичида ЖЧда қатнашмади. Чунки у саралаш босқичларидан ўта олмаганди!

08.06.1990. ЖЧ. Гуруҳ босқичи. Аргентина - Камерун - 0:1

Мазкур беллашув сюжети 2002 йилда ҳам такрорланиб, Сенегал термаси жаҳон ва Европа чемпиони - Францияни мағлуб этганди. Аммо биз ажабланарли «оригинал»ни танладик. Чунки унинг режиссёри бизга яхши таниш бўлган Валерий Кузьмич Непомняший эди. У деярли ҳеч қанақа имкониятларга эга бўлмаган, лекин Италия мундиалига кўнгилдагидек тайёргарлик кўрган ва муносиб иштирок этган жамоага устозлик қилганди.

Албатта, Камерун ҳам худди Сенегал каби рақибларнинг беписандлиги, асоссиз жотиржамлигидан унумли фойдаланди. «қора қитъа» вакиллари айнан Диего Марадона билан тўқнашганларидан кейин энг хавфли рақиблар қаторидан жой олишди. Кан-Бийик майдондан четлатилиши оқибатида озчилик бўлиб қолганига қарамасдан, 67-дақиқада Омам Бийик Аргентинадек фаворит дарвозасини забт этди. Афсуски, Непомняший шогирдлари чорак финалда инглизлар тўсиғидан ўта олишмади. Акс ҳолда, улар зерикарли немисларнинг додини беришлари ҳеч гап эмасди.

18.06.2002. ЖЧ. Нимчорак финал. Жанубий Корея - Италия - 2:1

Ўз фаолияти учун Блаттер панжара ортидан жой олмаган бўлсада, Жанубий Кореядаги коррупцияга оид можаролар айбловчиларнинг ҳақ эканликларини исботлади. Тараққий этган мамлакат бўлишига қарамасдан, у ердагилар ўз мақсадлари йўлида қонунга зид усуллардан фойдаланадилар. Ваҳоланки, Хиддинк ўз ихтиёридаги кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда рисоладагидек жамоани шакллантириши ва «плей-офф»га ҳақли равишда чиқиши ҳам мумкин эди.

Аммо кореяликлар 13-ўйинчидан фойдаланишни лозим топишди. қадр­дон трибуналар далдасига ҳакамлак кўмагини ҳам қўшиб қўйишди. Оқибатда аввал Италия, кейин Испания Мессининг «Копа Америка»даги кўргуликларидан баттарроқ ноҳақликлар қурбонига айланишди. «Скуадра Адзурра» тез орада бош ҳакам - Байрон Моренонинг асосий вазифаси Европа вакилларини камситиш эканлигига амин бўлди. Томмазининг ҳисобга олинмаган голи, Тоттининг қизил карточка билан жазоланиши ва ҳакамнинг мезбонларга ён босиши Италияни синдирди. Дарвоқе, сурбетларча ғирромлигидан заррача хижолат чекмаган Морено 2010 йилда АқШга наркотик моддаларни олиб кираётганда қўлга олинди ва тегишли жазосини олди. қин-ғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин бўлса ҳам, албатта, юзага чиқади!

26.06.1992. Евро. Финал. Дания - Германия - 2:0

Данияликлар қитъа биринчилигининг финал босқичидан четда қолишганди. Югославия дисквалификация қилинганидан кейин Дания унинг ўрнини эгаллади. Мураббий шошилинч тарзда пляжда маишат қилиб тобланиб ётган йигитлар билан таркибни ташкил этди. У пайтларда профессионал футболчилар жуда кам, борлари ҳам таътилни Роналдудек спортзалда эмас, кўнгилочар тадбирларда ўтказишарди. қисқаси, Даниянинг спорт формаси дабдала ҳолатда эди. Тўғри, жамоада юлдузлар ҳам йўқ эмасди, Шмейхель «МЮ»га ўтган, Брайан Лаудруп «Бавария»да ўйнарди. Унинг акаси Михаэль эса мураббий Меллер Нильсен билан чиқиша олмай, турнирдан четда қолди. Таркибнинг 13 нафар аъзоси ички чемпионат вакиллари эдилар.

Шунга қарамасдан, жамоа Англиядан очко олди, Швецияга имкониятни бой берди ва Францияни енгди. Ярим финалда амалдаги чемпион - Голландия пенальтилар сериясидан кейин уйига равона бўлди. Тақдир тақозосига кўра, ван Бастендек афсона пенальтини зое кетказди. Ҳал қилувчи баҳсда эса тасодифий иштирокчи амалдаги жаҳон чемпионини маҳв этди.

04.07.2004. Евро. Финал. Португалия - Греция - 0:1

3:0 ҳисобида олдинда бораётган «Милан»нинг якунда «Ливерпул»га имкониятни бой беришига аввало Италия вакилининг ўзи сабабчи бўлганди. Аслида рақибдан заиф эмасликларини «россонери» икки йилдан кейин исботлади. Шунчаки, аввалги беллашувда «қизиллар» натижа учун аёвсиз курашадиган муросасиз жамоа эдилар. Евро-2004даги шов-шувли зафарни асослаш учун эса грекларда деярли ҳеч нарса йўқ эди. Тўғри, таркиб рисоладагидек, мураббий ғалабага чанқоқ эди. Лекин Турнирда порлаган Харистеас, Загоракис, Деллас ва Сейтаридисларнинг топ-клублардаги фаолияти узоққа бормади. Отто Рехагель раҳбарлигидаги юнонлар шунчаки Португалия таътилини Дания услубида ўтказишди.

Ваҳоланки, Моунинг «Порту»си ЕЧЛда порлаган йилда мезбонларнинг таркиби мукаммал кўринишга келган, ғолиблик уларники бўлиши керак эди. Боз устига, грекларнинг «плей-офф»даги жасорати уларнинг кўз ўнгида юз бераётганди. Шу боис, финалда совринни қўлдан чиқарганликларини оқлай оладиган омил умуман йўқ эди. Эҳтимол, Франция, кейин Чехияни тиз чўктирган Грециянинг зафари чинакам сенсация мақомида эмасдир. Лекин у Португалия учун чинакам фожиа бўлгани аниқ. Бу аламни жамоа 12 йилдан кейин юва олди.

16.07.1950. ЖЧ. Финал. Уругвай - Бразилия - 2:1

Бразилияликлар эҳтиросли халқ. Шу боис, улар ўз юртларида албатта, зафар қучишларига шубҳа қилишмаганди. Ҳатто газеталарда ҳали турнир бошланмасидан аввал буюк ғалабанинг нишонланишига оид материалларни чоп этишга ҳам улгуришди. Кейин миттигина Уругвайга қарши ҳал қилувчи баҳс бошланди ва у 1:2 ҳисобида якунланди. Мағлубиятда ҳамма айбни дарвозабонга ағдаришди, гарчи бунга асослар етарли бўлмаса ҳам. Аслида Уругвай ишончлироқ, савиялироқ ўйин кўрсатди. «Маракана»даги 199854 нафар ва радиокарнайлар қаршисидаги миллионлаб мухлислар ёш Пеленинг албатта, чемпион бўлишга қасам ичиб йиғлаётган отасига тасалли берганига гувоҳ бўлишди.

04.07.1954. ЖЧ. Финал. ГФР - Венг­рия - 3:2

Ҳозир умуман енгиб бўлмайдиган жамоа қолмади. Аммо урушдан кейинги даврда Венгрия Берндаги финалга қадар 23 учрашувни мағлубиятсиз ўтказганди. Швеция, Австрия, Польша, Италия, Англиядек рақиблар дарвозаларига 5-6тадан гол уриш венгрлар учун одатий ҳол бўлиб қолганди. ЖЧда улар Жанубий Кореяни 9:0, ГФРни 8:3, Бразилия ва Уругвайни 4:2 ҳисобларида маҳв этишди.

Бироқ ғолиблик учун кечган беллашувда собиқ ҳарбий асир Фриц Вальтер жамоаси енгилмас Венгриянинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берди. Эҳтимол, гуруҳ босқичидаги шармандали мағлубият немислар жасоратига туртки бўлгандир?! Бироқ финал футбол тарихидан Берн мўъжизаси номи билан жой олди.

08.07.2014. ЖЧ. Ярим финал. Бразилия - Германия - 1:7

Мазкур учрашув бир қатор омилларга асосан 1-ўринни эгаллади. Уругвайликларнинг Бразилия устидан ёки немисларнинг венгрлар устидан эришган минимал устунликдаги ғалабаларини футболда бот-бот учраб турадиган тасодифга йўйиш мумкин. Аммо мундиаллар тарихидаги энг кутилмаган натижа номинациясига мана шу беллашув жуда мос тушади.

Биринчидан, унинг аҳамияти ўта юқори - ғолиб финалга чиқади. Иккинчидан, ўйин Бразилияда бўлиб ўтган. Учинчидан, «Селесао» финал иштирокчисига айланиш учун 12 йилдан бери интилаётган эди. Бу орзу ўз уйида ҳам, Россияда ҳам орзулигича қолиб кетди. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам «пентакампеонлар» ярим финалга жиддий ёндашишлари шарт эди. Аксинча, кўпинча ярим финалда қоқиладиган немислар рақибнинг қаршилигини умуман сезишмади ва унга рекорд мағлубиятни тортиқ этишди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мезбонлар 10-29-дақиқалар оралиғида 5 марта ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди - 19 дақиқа ичида. Иккинчи бўлимда яна 2та. Афтидан, танаффус пайтида немислар бундан кўпи «Селесао»­га нисбатан ҳурматсизлик бўлишини ўйлаб қолишган кўринади. Ҳа, ҳурматни жуда ўрнига қўйишди!

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz