Қайднома

Қидирув

Хайр, Питер Крауч!

Хайр, Питер Крауч!

  24.07.2019 03:37
  0
  506
Хайр, Питер Крауч!

Ўтган ҳафта Питер Крауч бутсаларини михга илганини маълум қилди. Одатда, бу футболчи ҳақида гапирганда, унинг баланд бўйи тилга олинади. Бугун эса Краучнинг ҳаётида кузатилган турли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам позитив кўринишга эга эмас. Аммо ишончимиз комилки, мақола билан танишгач, Питерни сиз ҳам яхши кўриб қоласиз.

* Крауч - Роналдонинг фанати. Ибицада дам олаётганда ногаҳон бразилияликни учратиб қолди ва унинг ёнига боришга бироз чўчиганди. «У билан суратга тушганимиздан кейин ўйланиб қолдим: «қизиқ, менинг кимлигимни билармикан?», - дейди Крауч. - Биласизми, у мени умуман танимас экан».

* Крауч меҳмонхоналарда ухлашни ёқтирмайди, чунки стандарт кроватларга у сиғмайди. Питернинг уйида узунлиги деярли 2,5 метр бўлган махсус кровать бор. Футболчининг баскетболчиларга хос бўйи (201 сантиметр) телевидение ходимларига ҳам халал беради. Баъзан камерани Краучнинг юзига тўғрилаш учун оёқ остига яшик қўйишга тўғри келади.

* «Милан»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси-2007 финали арафасида Крауч жамоадошлари билан картингга борди. Трассада у бошқараётган машинанинг тормози панд берди: дастлаб у тўсиққа, сўнгра катта тезликда олдинда бораётган Хаби Алонсо ва Дирк Кейтга урилиб кетди. «Уларнинг бирига урилишимни билардим ва ўйлаб қолдим: «қайси бири қадрлироқ?». Крауч Кейт томонга бурди, аммо ўз вақтида картдан сакраб тушиб қолди. Натижада машина деворга урилиб, ёниб кетди. Ҳеч ким жабрланмади.

* Краучнинг робот рақсини кўпчилик ёқтиради. Англия термаси қироллик оиласи меҳмони бўлганда, шаҳзода Уильямнинг ундан ушбу ҳаракатни такрорлашни сўраган. Шунингдек, кўчадаги одамлар ва болалар уйидаги кичкинтойлар ҳам шу рақс ижросини сўрашади. Футболчининг ўзига ҳам бу ёқади.

* Краучнинг юлдузлар орасида фанатлари бисёр. Актёр Микки Рурк шулар жумласидан. Бир сафар Ибицада кимдир Крауч томон бақирди: «Ие, ахир бу робот йигит-ку!». Футболчи жилмайиб қўйди, аммо аввалига актёрни танимади. Дўсти уни туртиб, «Шошма, қичқарган Микки Рурк эмасми?», деб сўради. Улар ортга ўгирилиб, беш метр узоқликда Руркнинг робот рақсини ижро этаётганини кўришди. Ажойиб!

* Крауч - «Твиттер» ишқибози. У ерда футболчилар билан ҳазиллашади, ишқибозларга жавоб қайтаради, ўз устидан кулади. Матс Хуммельс Краучни «Твиттер» қироли деб атаганди. Мазкур ижтимоий тармоқда Питер қолдирган қайдларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этсак:

«Олтин тўп-2014»га даъвогарлар рўйхатига киритилмаганимни билгач, ФИФАнинг қарор чиқариш бўйича муаммоси борлигини тушундим».

«Мен учун ёз - оилам учун вақт ажратишдир» (жирафалар билан тушилган сурат ҳақида).

«Бизга ўхшаганларнинг айримларигина шундай тўп кирита олишади» (Роналдунинг акробатик тарзда урган гол ҳақида).

«Роботлар дунёни мувозанатдан чиқаришадими? Ташвишланманг, узоқ йиллардан буён бундай қилмадим».

* 2012 йили Крауч A League of Their Own шоусида Майкл Жексоннинг Blame It On The Boogie қўшиғини караокеда куйлади.

* Крауч - Kasabian мухлиси. 2014 йилнинг декабрида у «Арсенал» дарвозасига ғалаба голини урди, бир неча соатдан кейин эса севимли гуруҳининг концертига шошди. Питерни у ердаги оломон дарҳол таниб, қўлма-қўл кўтариб саҳна чиқариб қўйишди.

* Крауч банк карталари ва дастхатларга турлича ёзув ишлатади. У кўп пул ишлайди ва фирибгарлар тузоғига илинишдан чўчийди. Баъзан ресторанларда чой-чақа қолдиришдан ҳам қўрқади. «Рақамни валюта белгисининг ёнига ёзаман, шунда кўчириб олиш имкони бўлмайди. Агар 10 фунт стерлинг­ни ёзсам, унинг олдига 1 рақамини қўшиб 110 ҳосил қилиш мумкин. Келажагим ҳақида қайғураман. Бир ликопча наггест учун 110 фунт тўлашни хоҳламайман», - дейди Крауч.

* Питер бўйдоқлик пайти кўпинча пулларни беҳуда ишлатарди. Иттифоқо Лондондаги Harrods дўконига кириб, ўзи ёқтирмаган жемпер учун 800 фунт тўлади. «Бу жемпернинг енг қисми менга ёққанди. У 80 фунт турса керак деб ўйлагандим, кассада эса 800 фунт экани ойдинлашди. Шунга қарамай, барибир, уни сотиб олдим ва ўша ондаёқ либосни ёмон кўриб қолдим. Бир сафар кийганимда, пиво тўкилиб кетди. Тозалашга уринмадим ҳам, ечиб, ахлат челагига ташлаб юбордим».

* Ёшлигида дангасалик ва пуллар Краучни ҳақиқий ялқовга айлантирди. «Портсмут»да ўйнаганида, клубдоши Кевин Маккормакка кийимларини ювдириш учун ҳафтасига 60 фунт тўларди. «Аввалига либосимизни ўзимиз ювишимизга тўғри келган, аммо мен ёлғиз эдим ва ҳеч қачон кир ювиш машинасидан фойдаланмагандим. Маккормак айрим йигитлардан пул олиб, кейин кийимларни ювиш хонасига топширарди. Ҳозир ҳам уни гангстер дейишади», - дея жилмайиб қўйди Крауч.

* Краучлар оиласини бир неча марта тунаб кетишган. 2006 йили номаълум шахслар футболчининг уйига ўғриликка тушишган, бу пайтда Питер майдонда, яқинлари эса трибунада бўлишган. Беш йилдан сўнг шундай воқеа такрорланди: ўғрилар уйдан тақинчоқлар, соатлар, янги йил совғаларини олиб чиқиб кетишганди (зарар 100 минг фунтга баҳоланган). Рафиқаси Эбби 4,5 миллионни ўғрилардан ҳимоя қилиш кераклигини айтиб, қўриқчи ит олишни маслаҳат берди. Крауч эса итлардан ўлгудек қўрқади: болалигида англиялик бўйдор йигитни иккита кўппак тишлаганди.

* Краучнинг Керри лақабли қуёни бўлган. Уни «Челси»нинг собиқ ҳужумчиси Керри Диксон шарафига шундай номлашганди. «Кейинчалик жонивордан воз кечишимизга тўғри келди. қуёнча ақлдан озиб, синглим Жимбога ташланганди», - дея эслайди Крауч.

* Жаҳон чемпионати-2006да бир кеча Дэвид Бекхэмнинг болаларига энагалик қилганди. Англия термаси аъзолари Банден-Баденга жойлашиб, бўш вақтда пинг-понг ўйнашарди. Крауч етти ёшли Бруклин Бекхэм билан ўйнади, сўнг онаси Виктория билан болакайни ухлатди.

* Крауч - жуда иримчи. У бутсаларга боғланиб қолган, уларни сирли кучга эга деб билади. 2005 йили Крауч «Саутгемптон»да ўйнаётганида, кимдир унинг бутсасини кийиниш хонасидан олиб чиқиб кетган. Футболчи ўғри кимлигини билсада, ортиқча ваҳима қилмай, унинг уйига бориб, ота-онасига ўша бутсаларнинг нечоғли кераклигини тушунтирди. Крауч жуда тушкун кайфиятда эди, чунки бир ҳафтадан сўнг Англия термаси ўйинида майдонга тушиши кўзда тутилганди. Учрашувни эса айнан севимли бутсаларида ўйнашни хоҳлаганди.

* Краучнинг метаболизм борасида омади чопган: у истаган нарсасини ейди ва умуман семирмайди. Кинотеатрга бориши - алоҳида мавзу: «У ерга киришдан аввал кўпгина егулик оламан: попкорн, ичимлик, ширинликлар. Фильм тугагунча ейишдан тўхтамайман. Бундай пайтда менинг ёнимда ўтиришни хоҳламаслигингиз турган гап».

* «Ливерпул»га ўтгач, Крауч Aston Martin сотиб олди ва ўзига юқори баҳо бера бошлади: «қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнак, баланд мусиқа, ойнадан чиқарилган қўллар - ички овоз бу инсоннинг мен эмаслигимни айтса, яна бири авваллари ҳеч қачон бунчалик зўр бўлмаганимни таъкидларди. Машинани худди Стив Маккуин ёки Дэниел Крэйгдек минардим, бундай қилмасликка онт ичганимни унутгандим». Бир неча кундан сўнг Крауч Манчестер бўйлаб саёҳатга чиққанида, светофор ёнида Рой Кинни кўриб қолди: «Унга кўзимни қисиб, қўл силкидим. Рой эса менга нафрат кўзи билан қараб, бошини сарак-сарак қилганча йўлида давом этди. Ўшанда ўзимни аҳмоқдек сезгандим!». Эртасига Крауч янги автомобилини сотиб юборди ва Кин билан бўлган ўша учрашувни ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири эканини таъкидлади.

* Питер «Ливерпуль» билан шарт­нома имзоланганидан кейин меҳмонхонага жойлашганида ноқулай вазиятга тушиб қолганди. У ерда рўйхатга оладиган бир қиз унга эътибор қаратганди. «Ишонгим келмасди: у билан учрашганимизда, ҳар сафар менга табассум ҳадя қиларди. Маш-ғулот пайти ўша қизнинг чиройли эканини йигитларга ҳам сўзлаб бердим», - дея эслайди Крауч. Шу гаплардан сўнг Жейми Каррагер тажрибали футболчиларни тўплаб, Питерга аввал айтган сўзларини такрорлашни сўради. Крауч эса бироз бўрттириб гапирди: «У менга бефарқ эмас, мен ҳам уни ёқтириб қолдим». Маълум бўлишича, ўша қиз - Хаби Алонсонинг рафиқаси экан. Меҳмонхонага инглиз тилини яхшироқ ўрганиш мақсадида ишга жойлашганди.

* 2002 йили «Астон Вилла» Крауч билан музокара ўтказаётганда уни Belfry Hotel меҳмонхонасининг люкс хонасига жойлаштирганди. У ердан гольф майдончаси шундоққина кўриниб турарди: «Худди туш кўраётгандек эдим. Меҳмонхонада отам билан бирга тургандик. У менга кўзини қисиб, шундай деганди: «Ўғлим, сенинг давринг келди». Шартнома имзолангач, Крауч меҳмонхонага қайтиб, уни бошқа хонага ўтказишганидан хабар топди. Питер ҳеч қачон бунчалик аламли ҳолатга тушмаганди: «Янги хонамнинг ўлчами ваннахонадан ҳам кичикроқ эди. У ерда уч ой яшадим. Ҳар сафар мақсадсиз қайтардим, тор кроватга ўтириб, картошкали бургер еганча телевизиор томоша қилардим. Жуда хафа бўлгандим ўшанда».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz