Қайднома

Қидирув

Сенга сабр, Зизу!

Сенга сабр, Зизу!

  25.07.2019 03:39
  0
  456
Сенга сабр, Зизу!

Ўтган асрнинг ўрталарида бошланган фуқоралар урушида жазоирлик минг-минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмишди. Лекин Зиданлар оиласи тақдир инояти билан талофатга йўлиқмади. Аниқроқ айтсак, оила бошлиғи Исмоил Зидан Жазоир ички уруш домига тушишидан 1 йилча муқаддам Франция­га йўл олди ва аввалига Париж, кейин Марсель яқинида истиқомат қилди. У энди жонажон ватанига қайтиш тараддудини кўраётган паллада бўлажак турмуш ўртоғини учратди ва Франциядан кетмасликка қарор қилди. Шу тариқа вужудга келган аҳил оилада бирин-кетин 5 нафар фарзанд дунёга келди. Зайниддин - уларнинг кенжаси. Исмоил улкан оила рўз­ғорини таъминлаш учун кўпинча кечаси ҳам ишларди, ҳамхонаси эса уй ишларидан бўшамасди. Зизу бу вақтда мактабдан қайтиб, тўп тепишдан сира бўшамасди.

 

Зайниддиннинг акаси Нуриддин ҳам рисоладагидек иқтидор соҳиби эди. Бироқ уни футбол секциясига жойлаш учун оиланинг қўли «калта»лик қилади. Ўша оғир дамлар таъсирида интервью берган Зизунинг мулоҳазаси чинакам ҳикматга айланган: «Баъзан кийгани оддий кеда тополмай, хўрланганимдан йиғлардим. Бироқ бир куни оёқсиз кишини кўрганимдан сўнг қалбимдаги ўкинч ўрнини шукроналик эгаллади. Борингизни қадрлашга ўрганинг!» Қолаверса, улкан оила аъзолари кенжатойнинг хоҳиш-истагини амалга ошириш учун ҳеч нарсани аямасдилар. Акаси Фарид ўз либосларини бериб турар, опаси Лила қўлидан келганича кўмаклашарди. Зизу ҳам уларнинг меҳрибонликларини эътибордан четда қолдирмади - футболдаги дастлабки иш ҳақини бус-буткул оила аъзоларига совға-салом олишга сарфлади.

Ҳар жабҳада отасидан ибрат олишга одатланган Зайниддин худди уйидагидек аҳил оила соҳибига айланишни орзу қилган бўлса, ажабмас. Тақдир уни айнан шундай неъмат билан сийлади - 17 ёшида бўлажак жуфтини учратди. Эътиборли жиҳати шундаки, келин Зидан билан бахтли оила барпо этиш учун раққоса сифатида танилиш орзусидан воз кечди. Эвазига Зизудан муносиб совға олди - у энди 4 нафар баҳодирнинг меҳрибон онаси! Жуфтлик 30 йиллик турмуши давомида ўз зурриёдларини меҳр-муҳаббат билан тарбияламоқда. Жумладан, бутун Франция ЖЧ-98нинг зафарли финалидан сўнг ғалабани нишонлаш билан овора бўлган вақт Зизу 2 нафар ўғлонини ухлатишга ошиққанди. Тўғри, у ҳам кейинроқ байрам иштирокчилари сафига қўшилган, лекин жуда қисқа муддатга. Ҳозир эса вафодор рафиқаси ва ўғлонлари доимо унга камарбасталар.

Шу кунларда Зайниддин Зидан оғир мусибатга дуч келди - тўнғич акаси Фарид саратон хасталиги туфайли ёруғ олам билан хайрлашди. Марҳум ҳақида маълумотлар етарли эмас. У бизнес билан шуғулланарди. Лекин оиласи хусусида айтарли маълумот йўқ. Зайниддиннинг айтишича, марҳум акаси китоб мутолааси ва Элвис Пресли мусиқасини севар, Анжелина Жоли иштирокидаги фильм­ларни ёқтирарди. Мусибатдан хабар топган Зидан дарҳол «Реал»нинг Монреалдаги қароргоҳидан қайтди, ўғли Лука эса «Расинг» лагерини вақтинча тарк этди. «Қироллик клуби» океан ортидаги навбатдаги машғулотини 1 дақиқалик сукут  билан бошлади. Зайниддин ўзининг автобиографик асарида акасига боғлиқ бир воқеани ҳам ҳикоя қилган: «Акам ва «Марсель» бош мураббийи ўртасида менинг бошқа жамоага ўтишим масаласида катта мунозара бўлгани эсимда. Ўшанда мураббий жамоа таркибида мендан кучлироқ ўйинчи йўқлигини эътироф этганди. Бироқ менга «Марсель» сафида майдонга тушиш насиб этмади, барибир». Зидан яна бир асарида акасининг ўзи ҳақидаги нуқтаи-назарини чоп этган: «Кўча жамоамизда ажойиб иқтидор соҳиблари жамланишганди, лекин ҳеч ким укамдан тўпни тортиб ололмасди. Соддароқ айтганда, унинг қўллари оёқ ўрнида жойлашгандек туюларди. Зайниддин тўп билан истаган финтини амалга оширарди, ўйинни ҳаммадан яхшироқ ва барвақтроқ ҳис этарди. Гарчи барчамиздан кичик бўлсада, ғалабаларимизда бош ролни бажарарди».

Орадан йиллар ўтиб, Зизу қадрдон акасига самимий дил изҳорини баён қилди. Афсуски, Фарид энди бу сатрларни ўқий олмайди: «Юрагим, жигарим бўлмиш қадрдон акам Фаридга. Сен доимо йўлбошчим эдинг. Шунингдек, адолатпарвар, саховатли ва жасур йигит тимсолисан. Ҳамиша атрофингдагиларга ҳурмат назари билан қарагансан ва улар ҳам сени қаттиқ ҳурмат қилганлар! Сен билан чинакамига фахрланаман. Бутун умр қалбим тўридасан».

- Оила аъзоларинг ва яқинларинг кўнглидан мустаҳкам ўрин олган қадриятлар ҳаётда бемаъни қилиқларни амалга ошириш-оширмаслигинг­ни белгилаб беради, - деганди Зизу вақтида. Бу унинг ҳаётий фалсафаси. Демакки, Зайниддин футбол оламида улкан аллома, кундалик ҳаётда эса оилапарвар инсон. Ҳозирги мусибатли кунлар унга жиддий синов эканлиги тайин. Ишонч шуки, характери мустаҳкам Зидан бундан муносиб тарзда ўтади. Шунга тилакдошмиз. Сенга сабр, Зизу!

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz