Қайднома

Қидирув

Меъёрсиз товон пули ҳақида гаплашамиз...

Меъёрсиз товон пули ҳақида гаплашамиз...

  25.07.2019 05:43
  0
  477
Меъёрсиз товон пули ҳақида гаплашамиз...

«Барселона» раҳбарияти Антуан Гризманн учун мисли кўрилмаган даражада катта товон пули белгилади - 800 миллион евро. Таққослаш учун айтсак, россиялик Дмитрий Черишев шартномасида кўрсатилган сумма бундан нақ 10 баравар кам - 80 миллион евро. Савол: нега шундай? Футболчи учун баъзан ақлга сиғмас даражада кўп товон пули қайд этилишининг боиси нима?

Масаланинг яқинда амалга оширилган ва Испания Примеросига дахлдор 2та муҳим трансфер мисолида кўриб чиқсак бўлади. Биласиз, Антуан Гризманн узоқ давом этган машмашалардан кейин «Атлетико» либосини «Барселона»никига алмаштирди. Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Денис Черишев эса «Вильярреал»дан «Валенсия»га ўтди. Ушбу келишувларни алоҳида бир жиҳат ўзаро боғлаб турибди: ҳар икки ҳолатда футболчилар шартномасига уларнинг объектив трансфер баҳосидан анча кўп товон пули белгиланди. Хуллас, энди Гризманни «Барселона» розилигисиз ўз томонига оғдиришни истаган клуб унинг учун 800 миллион евро (!) тўлашига тўғри келади. Черишевни эса «Валенсия»дан 80 «лимон»га сотиб олиш имконияти бор.

Агарда жаҳон футболида энг катта товон пули ёзилган шартномалар рўйхатига қарасак, уларнинг барчаси Испания клубларига тегишли. Нега? Ўзи товон пули суммаси қаердан олинади? Умуман, Испания футболида товон пули тизими қандай ишлайди? Аввало, айтиш керак, Испания клублари ҳар бир шартномада маълум миқдорда товон пули қайд этишга мажбур. Умумий манзарага нисбатан айни шу шартни асосий изоҳ сифатида келтириш мумкин. Ҳа, бошқа лигаларда ҳам товон пули белгилаш тажрибаси йўқ эмас. Фарқи шуки, уларда ҳаммаси ихтиёрий ҳисобланади. Аниқроқ айтсак, агар футболчининг ўзи хоҳласагина клублар томонидан шартномага қўшимча банд киритилади. Акс ҳолда, товон пули кўрсатиш шарт эмас. Примеро раҳбарияти эса бу борада ўзгача позицияни танлаган. Яъни товон пули футболчи ҳуқуқини ҳимоялаш воситаси саналади. Хуллас, Испанияда 1985 йилдан буён иш берувчи клублар футболчилар шартномасига алоҳида банд киритиши ва унда товон пули миқдорини аниқ кўрсатиб қўйиши шарт. Бордию, испан жамоаси келишувга шундай банд қўшмаса, унда футболчи хоҳлаган пайт шартномани бекор қилиш юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай тақдирда битимни бузиш баҳосини суд белгилаб беради. Ҳуқуқ органининг футболчига бозордаги асл баҳосидан пастроқ нарх қўйиши эҳтимоли эса жуда баланд. Умуман, бундай тажриба футболчиларни оддий ишчилар билан тенг кўриш мақсадида амалга татбиқ этилган. Дарвоқе, Испанияда ишчилар ҳам муайян қоидалар асосида меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эгалар.

Катта товон пули шунчаки, эҳтиёт чораси ҳисобланади. Клуб шу аснода футболчининг қаергадир кетишни ўзбошимча ҳал қилмаслигини кафолатлайди. Тушунарлики, дейлик, «Барселона» раҳбарияти жаҳондаги ҳеч бир жамоа Гризманн трансфери учун 800 миллион евро тўламаслигини жуда яхши билади. Демакки, шартномадаги бундай йирик сумма футболчи ҳам, жамоа ҳам товон пулидан воз кечишга рози эканлигини англатади. Айниқса, ҳозирги пайтда клублар шартномада футболчининг реал суммасига мувофиқ келадиган товон пули белгилашдан мутлақо манфаатдор эмас. Шундай қилиниши гоҳида ёмон оқибатларга олиб келади. Бу тажрибадан ҳам маълум. Энг ёрқин мисол: айни шу Гризманн трансфери. «Барселона» франциялик футболчининг «Атлетико» билан шартномасида нисбатан камроқ товон пули кўрсатилганидан унумли фойдаланди. Тўғрироғи, ўзаро шартлашувга кўра, 1 июль куни товон миқдори автоматик равишда 200дан 120 миллион еврога тушди ва бундан хабардор Каталония клуби савдони амалга оширди.

Яна бир жиҳат шуки, товон суммаси футболчининг шахсий агенти томонидан маъқулланиши керак. Айтиш жоиз, айрим агентлар ўз мижозлари шартномасида йирик сумма қайд этилишига қарши чиқишади. Бундай тақдирда клуб келишиб иш тутишдан ўзга чора тополмайди. Зеро, йирик товон пули бошқа клубларнинг футболчига нисбатан қизиқишига таъсир қилади, барибир. Хулоса шуки, ақл кўтаролмайдиган даражадаги катта товон пули икки томон розилиги билан қайд этилади. Бошқа гап йўқ.

 

Шартномасида энг йирик товон пули белгиланган футболчилар (Bein Sport маълумоти)

1 миллиард евро - Карим Бензема («Реал»)

800 миллион евро - Антуан Гризманн («Барселона»)

750 миллион евро - Лука Модрич («Реал»), Браим Диас («Реал»)

700 миллион евро - Лионель Месси («Барселона»), Винисиус Жуниор («Реал»), Иско («Реал»), Марко Асенсио («Реал»)

500 миллион евро - Жерар Пике («Барселона»), Серхи Роберто («Барселона»), Серхио Бускетс («Барселона»), Гарет Бэйл («Реал»), Тони Кроос («Реал»), Дани Себальос («Реал»)

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz