Қайднома

Қидирув

Жейдон Санчо: «Гвардиолага муносабатим зўр»

Жейдон Санчо: «Гвардиолага муносабатим зўр»

  25.07.2019 09:46
  0
  487
Жейдон Санчо: «Гвардиолага муносабатим зўр»

Англиядан Германияга йўл олиб, бор иқтидорини намойиш эта бошлаган Жейдон Санчо собиқ мураббийи Хосеп Гвардиолага нисбатан кек сақлаётгани йўқ. «Боруссия» (Дортмунд)нинг ёш вингери таътил кунларидан фойдаланиб, Парижда бўлди ва у ерда бутсаларнинг янги модели - Mercurial тақдимотида иштирок этди. Жейдон шунингдек, расмий тадбир якунида Soccer Bible нашрига интервью ҳам берди. Футболчи жумладан, «Манчестер Сити»даги даврини эсга олиб, Хосеп Гвардиолага ҳамон яхши муносабатда эканлигини таъкидлади.

 

Таътил ҳақида

- Маълум муддат Лос-Анжелесда бўлдим, кейин Ибицада ҳордиқ чиқардим. Ортга қайтгач, оилам даврасида вақт ўтказдим. Яна Раҳим Стерлинг билан қайиқда сайрга чиқдик. Мана, энди Wireless Festival тадбири учун Парижга келдим, бу ердан Лондонга йўл оламан ва тез орада Германияга қайтаман.

Стерлинг ҳақида

- У шунчаки, қойилмақом йигит. Лондонда туғилган ва футболга қандайдир алоқаси бор барча ёшлар айнан Раҳимдан ўрнак олишлари, унинг даражасига интилишлари керак, менимча. Умуман, Стерлингнинг ақл бовар қилмас мавсум билан табриклаш мумкин - бу ҳурматга лойиқ. Чунончи, матбуот унга доимий тарзда босим ўтказганини унутмаслик керак. Баъзан мутлақо асоссиз хабарлар ҳам чиқди. Муҳими, Раҳим бундан ўзини йўқотиб қўймади. Яъни хотиржамликни сақлаган ҳолда, ўз ишини сифатли бажарди.

Мусиқа ҳақида

- Мусиқа - шахсий ҳаётимнинг бир бўлаги. Санъатнинг бу йўналишисиз қандай яшашимни тасаввур ҳам қилолмайман. Зеро, мусиқа менга сокинлик бағишлайди. Асосийси, унинг ёрдамида ўзимни тўлақонли бахтиёр ҳис этаман. Оддий айтганда, мусиқа - бу чарчоқдан қутулиш ва хотиржамлик туйиш манбаси. Футболчилар рэпер бўлишни хоҳлашади. Ўз навбатида, рэперлар футболчиликни ҳавас қилишса керак. Бу яхши. Биз санъат вакилларининг саҳнадаги ишларига ҳурмат билан қараймиз, улар эса футболчиларнинг майдондаги муваффақиятларидан илҳомланишади. Ҳаммаси нақадар ажойиб.

Машҳурлик ҳақида

- Футбол янги дўстлар орттириш, бошқа соҳа вакиллари билан танишиш имконини бермоқда. Дейлик, ҳозирга қадар бир қатор мусиқачилар ва баскетболчилар билан танишдим. Хуллас, футбол турли одамлар ва хилма-хил маданиятларни яқиндан билиш воситаси ўлароқ ҳам хизмат қилади. Фикримча, машҳурликнинг энг фойдали томони шу. Яъни сиз янги-янги дўстлар орттирасиз, шу аснода дунёқарашингиз кенгайиб боради. Умуман, ҳозирги ҳолатимни ақлга сиғдириш қийин. Ахир атиги 19 ёшли йигитман, лекин мени кўпчилик танийди. Ўзимни кўрсатиш учун шунчалик барвақт имкониятга эга бўлганимдан фақат қувонишим керак. Демак, тақдиримдан нолишим ўринсиз. Мана, ҳар гал «Сигнал Идуна Парк» майдонига қадам босар эканман, мислсиз роҳатни туяман. Ўз ўрнида айтишим керак, «Боруссия»нинг эҳтиросли фанатларига гап йўқ.

«Сити» ва Гвардиола ҳақида

- «Манчестер Сити»дан кетишга қарор қилганимда, кўпчилик бунга салбий муносабат билдирди. Бироқ ўзимга яхши бўлишини ўйлаб, шу йўлдан юрганимга аминман. Бунда аввало, қалбимга қулоқ тутганман. Алоҳида таъкидлашим керак, «Сити»га муносабатим ҳамон яхши, айниқса, Пеп Гвардиолага нисбатан қандайдир хусуматим йўқ. Асосийси, клубдаги барча-барчага ҳурмат билан ёндашаман. Ахир улар футболчи сифатида ўсишимга кўмаклашишган. Жейдон Санчонинг ҳозирги ҳолатга чиқишида «Сити» вакилларининг ҳиссалари катта эканлигини ҳамиша тан оламан. Ҳа, уларнинг футболда катта қадам ташлашимга туртки беришганини асло унутмайман. Агар вақтида дебют қилишимга имкон беришмаганида, ўз кучимга нисбатан ишончим кучаймасди. Умуман, футбол йўлида ким билан учрашган бўлсам, барчадан миннатдорман.

 

Жейдон Санчо ҳаҚидаги фактлар

1). Жейдон Санчо кўча футболидан чиққан футболчи. У Кеннингтон (Лондон жанубидаги район)да туғилган ва футбол билан кўчада шуғуллана бошлаган.

2). Жейдон Санчо кейинчалик 7 йил давомида «Уотфорд» мактабида таҳсил олган. 14 ёшида эса «Челси» ва «Арсенал» таклифларини рад этиб, «Манчестер Сити» академиясига йўл олган.

3). Жейдон Санчо U-17 тоифасидаги ЖЧ-2017 ғолиби. Тўғри, у «Боруссия» ва Англия футбол федерацияси ўртасидаги келишувга кўра, инглизларга фақат гуруҳ босқичида ёрдам берган ва 1|16 финал масаласи ҳал бўлгач, клуби ихтиёрига қайтган. Асосийси, йигитча 3та ўйинда 3та гол уриш баробарида 2та самарали узатмага муаллифлик қилганди.

4).  Жейдон Санчо Дортмунд клубида 7-рақамли футболкада ўйнамоқда. Жамоада бунга қадар ушбу рақам остида Роберт Левандовски, Штефан Ройтер, Андреас Меллер ва Михаэль Цорк каби таниқли ўйинчилар тўп суришганди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz