Қайднома

Қидирув

Бетакрор йигитлар ёки «ПАХТАКОР»-79» ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНАДИ

Бетакрор йигитлар ёки «ПАХТАКОР»-79» ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНАДИ

  26.07.2019 01:08
  0
  387
Бетакрор йигитлар ёки «ПАХТАКОР»-79» ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНАДИ

Ўтаётган ҳар бир кун бизни «Пахтакор»-79 фалокатга учраган сана - 11 августга тобора яқинлаштирмоқда. Халқимизда ажойиб ва ўринли ҳикмат бор: «Инсон азиз, унинг хотираси муқаддас». «Пахтакор» клуби расмий сайтида ҳам хотира туркумида марҳум футболчилар ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этиляпти. Ўйлаймизки, шонли жамоага дахлдор ҳар қандай мақола жонкуяр мухлисларимизни асло бефарқ қолдирмайди.

Михаил Ан. Мухлислар қалбида ўчмас из қолдирган Миша 1952 йили Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Свердлов жамоа хўжалигида дунёга келган. Унинг акаси Дмитрий вақтида «Пахтакор» ва «Политотдел» жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Шундай экан, футбол муҳити Михаил учун бегона эмасди. Ўсмирлигидаёқ барча-барчанинг эътиборига тушган Миша Ан 1970 йили «Политотдел» асосий таркибига жалб этилади. 1971 йилги мавсумнинг иккинчи даврасидан эса ёш футболчининг «Пахтакор»даги фаолияти бошланади. Истиқболли ярим ҳимоячи жамоа сафида илк марта 23 август куни Тошкентда «Динамо» (Тбилиси)га қарши кечган учрашувда майдонга тушади. Ўшанда «пахтакорчилар» кучли рақибни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратишганди. Айнан ўша мавсумдан эътиборан жамоа ярим ҳимоясида Ан, Фёдоров, Варюхин, Абдураимов ва Хадзипанагисдан иборат гуруҳ ҳукмронлиги бошланади. Бу футболчилар ҳар бир ўйинда рақиб ҳимоясини ўта мураккаб аҳволга тушириб қўйишарди. Михаил 1974 йилги мавсумда собиқ иттифоқ олий лигасида 11та голга муаллифлик қилиб, чемпионатнинг энг яхши 33 нафар футболчиси рўйхатидан жой олади. Ўша йили унинг айниқса, «Қайрат» дарвозасига урган 3та голи мухлислар ёдида муҳрланган. Миша кейинчалик мавсум-1975 доирасида Киев «Динамо»сига қарши кечган тарихий ўйин (5:0)да «дубль» қайд этади. Дарвоқе, Ан 1974 йили собиқ иттифоқ терма жамоасидан таклиф олиб, сентябрь ойида «Рома»га билан ташкиллаштирилган ўртоқлик баҳсида қатнашганди. 1978 йили эса Теҳронда Эрон термасига қарши кечган ўртоқлик ўйини ва Европа чемпионати саралаши доирасида турклар билан бўлган баҳсларда иштирок этган. Шунингдек, 1979 йили иккинчи терма таркибида Мексика ва АҚШ жамоаларига қарши баҳсларда ҳам майдонга тушиб, гол уради.

Ан 1976 йили собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоаси сафида Европа чемпионига айланган. У ўша чемпион жамоада сардорлик вазифасини бажарганди. Афсуски, 1979 йилнинг августида рўй берган авиаҳалокат Михаил Анни ҳам орамиздан олиб кетди...

 

Фактлар

***  Михаил Ан «Пахтакор» сафида чемпионат доирасида жами 232та ўйин ўтказиб, 47та гол муаллифига айланган.

***  Михаил Ан ўлимидан сўнг, аниқроғи, 2006 йили «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

***  Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Ан айни пайт «Пахтакор» футбол академиясида мураббийлик қилиб, бўлажак футболчиларга миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатмоқда. Демак, Анлар оиласи ҳамон «Пахтакор» ва футбол билан ҳамнафас.

 

Владимир Фёдоров. «Пахтакор» тарихида ўчмас из қолдирган яна бир футболчи. Владимир Фёдоров 1955 йили Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида дунёга келган. Володя футболдаги йўлини Свердлов хўжалиги жамоасида бошлаган. Унинг отаси ҳам вақтида футбол билан шуғулланган ва Ўртасарой ҳудудида миллионлар ўйинини ривожлантиришга катта эътибор қаратган. Кейинчалик Владимирни Тошкентда жойлашган Герман Титов номидаги футбол мактаб-интернатига қабул қилишади. 1972 йили ўсмирлар терма жамоаси таркибидаги ўйинлари билан «Пахтакор» мураббийлари эътиборини тортган Владимир кўп ўтмай, жамоа сафига қўшилади. Диққатга сазовор томони, мураббий Вячеслав Соловьев уни дарҳол асосий таркибда майдонга туширади. Ҳужумчи дебют баҳсидаёқ ишончни оқлаб, Пермнинг «Звезда» жамоаси дарвозасини ишғол қилади. Ўша мавсум «Пахтакор» собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасида ўйнаганди. Кейинги беллашувда «Помир» дарвозасига ҳам гол урган Фёдоров шу билан катталар орасида ўз ўрнини топади. Умуман, у илк мавсум 7та голга муаллифлик қилгани билан ёдда қолади. «Пахтакор» олий лигага қайтгач, Фёдоров 1974 йили элитада ажойиб ўйинлар намойиш этиб, 9та гол уради. Шу тариқа ҳужумчини чемпионатнинг энг яхши футболчилари рўйхатига киритишади. Володя 1976 йилги мавсумда ушбу натижасини яна бир бора такрорлайди.

Владимир собиқ иттифоқ терма жамоасидаги дебютини 1974 йили нишонлайди. «Пахтакор» вакили ўшанда Европа чемпионати саралаш босқичидан ўрин олган Ирландия термасига қарши ўйинга захирадан қўшилганди. 1976 йилги мавсум Фёдоров фаолиятидаги энг яхшиларидан биридир. Чунончи, у аввалига ёшлар терма жамоаси таркибида Европа чемпионати чорак финалида Франция ва ярим финалида Венгрия термаларининг мағлубиятга учратилишига ўз голлари билан ҳисса қўшади. Асосийси, Володя якунда дўсти Михаил Ан каби Европа чемпионати олтин медалини бўйнига тақади. Июль ойида эса Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинлари бронза медалига эга чиқади. Владимир Олимпиада ўйинларида медаль олган ўзбекистонлик ягона футболчидир. Умуман, Фёдоров Олимпиада-76 доирасидаги 4та учрашувда майдонга тушганди. Асосий терма жамоада эса Константин Бесковдан кейин Валерий Лобановский қўл остида 8 марта таркибга кирган. Муҳими, Никита Симонян ҳам кейинчалик Фёдоровни терма жамоага жалб қилади. 1976 йилги ажойиб мавсумдан сўнг футболчи турли жамоалардан  манфаатли таклифлар олганига қарамай, «Пахтакор» учун ўйнашда давом этади. Володя ҳужумда тез ва алдамчи ҳаракати, дарвозага алоҳида тайёргарликсиз зарба бера олиши, жангчиларга хос характери, ўйинни ўзига олиши каби хусусиятлари билан яққол ажралиб турарди.

 

Фактлар

***  Владимир Фёдоров собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибида жами 18 марта майдонга тушган.

***  Владимир Фёдоровнинг «Пахтакор»даги статистикаси: 188та ўйин, 58та гол (фақат чемпионат доирасида).

***  Владимир Фёдоров ҳам ўлимидан кейин (2006 йил) «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилди.

 

Олим Аширов. Ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан мухлислар меҳрини қозонган футболчи. Олим Аширов 1955 йили Тошкент вилояти Бордонкўл қишлоғида дунёга келган. Ёшлигидан футболга қизиққан болакай боба-бора алоҳида иқтидори билан кўзга ташланади. Тез орада мураббийлар назарига ҳам тушган Аширов Герман Титов номидаги мактаб-интернатида таҳсил ола бошлайди. У «Пахтакор»даги жамоадоши Владимир Фёдоров билан бирга ўқиган. Вақтида собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасига жалб этилган. Олимпия жамоасига эса номзод саналган. Олим «Пахтакор» таркибига 1972 йил қўшилган. Илк мавсумда 3та ўйинда майдонга тушган ҳимоячи 1974 йилдан асосий таркиб футболчисига айланади. У марказий ҳимояда рақиб ҳужумчиларига асло ўйин бермаслиги, бор кучини ишга солиши, ўзини аямай тўп йўлига ташланиши, меҳнаткашлиги билан мухлислар ҳурматига сазовор бўлган. Узоқ масофадан берадиган зарбалари эса ҳар қандай дарвозабонга қийинчилик туғдирарди. Олим 1979 йилнинг июлида Тошкентда Минск «Динамо»сига қарши учрашувда чамаси 30 метр узоқликдан тўпни рақиб дарвозасига йўллаганди. Афсуски, Минскдаги жавоб ўйинида майдонга тушиш «Пахтакор»нинг ўша таркибига насиб этмади.

 

Фактлар

***  Олим Аширов бутун фаолиятини «Пахтакор»да ўтказиб, 149та ўйинда 5та гол урган.

***  Олим Аширов ҳам 2006 йили «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилди.

 

Николай Куликов. Навбат «Пахтакор»нинг ўнг қанот ҳимоячиси сифатида мухлислар қалбидан жой олган жонкуяр футболчига келди. Николай Куликов 1952 йили Москвада туғилган. Футбол билан ёшлигидан шуғулланган йигит 1965 йилдан Москванинг «Динамо» жамоаси мактабида тажрибали мураббийлар - Владимир Кесарёв ва Сергей Соловьёв қўл остида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўзлаштиради. Ҳарбий хизматни ўтагач, уни Ўзбекистонга таклиф этишади. Аниқроғи, Куликов ўша пайт яхшигина жамоа сифатида шаклланган Хоразмнинг «Хонқа»си сафига қўшилади. Москвалик йигит бу жамоада 2 йил ишонч билан ўйнагач, иккинчи лига иштирокчиси - «Янгиер»дан таклиф олади. Куликов кейинчалик «Пахтакор» селекционерлари эътиборига тушади. Чунончи, у ўнг қанот ҳимоясида рақибларига сира имкон бермасди. Хуллас, 1977 йилги мавсумни «Пахтакор»да бошлаган Николай жамоанинг биринчи лигада муваффақиятли иштирок этишига катта ҳисса қўшади. Ўшанда 21та учрашувда майдонга тушган футболчи ҳимояда барқарор ҳаракатланишдан ташқари, ҳужумга қўшилиб, 1та гол ҳам урганди. Унинг ўйинида юқори курашувчанлик, жисмоний чидамлилик, жамоадошларини яхши тушуниб ҳаракатланиш яққол сезилиб турарди. 1978 йилги чемпионатда 4та учрашувда майдонга тушган Куликов кейинги мавсумда яна «Пахтакор»нинг асосий таркибидан жой олганди. Дейлик, у 8 август куни «Заря»га қарши кечган баҳсда тўлиқ вақт фаол ҳаракатланган эди. Афсуски, кейинги беллашувда жамоа шарафини ҳимоя қилиш Куликов ва яна 13 нафар футболчига насиб этмади...

 

ФакТ

***  Николай Куликов Москва яқинидаги Калуга вилояти Кривская қишлоғига дафн этилган. Унинг оиласи ҳозирда Москвада истиқомат қилади.

 

Владимир Макаров. Кўпчилик хотирасида майдондаги ақлли ҳаракатлари билан қолган футболчи. Владимир Макаров 1947 йили Душанбе шаҳрида туғилган. У ярим ҳимояда ақлга таяниб тўп суриши билан ажралиб турарди. Дейлик, жамоадошларини ҳеч ким кутмаган узатмалар воситасида қулай вазиятларга чиқариш ҳадисини ўзлаштирган эди. Владимир футбол машғулотларини 10 ёшлигида бошлаган. Биринчи мураббийи - Николай Потапов. Катта футболдаги илк жамоаси - «Энергетик» (Душанбе). Макаров иккинчи лигада ўйнаган ушбу клуб сафида 8 мавсум давомида 277 марта майдонга тушиб, 49та гол муаллифига айланган. Айнан «Энергетик»даги муваффақиятли ўйинлари эвазига Одессанинг «Черноморец» жамоаси мураббийлари назарига тушади. Диққатга сазовор жиҳати, Макаров олий лигадаги дебют мавсумидаёқ 30та учрашувда қатнашиб, 13та гол уради. Бу унинг собиқ иттифоқ чемпионатидаги энг яхши мавсумларидан биридир. Чунончи, Владимир якунда «Черноморец» тўпурарига айланган эди. Қолаверса, Одесса клуби чемпионатнинг бронза медалига эга чиқади. Йил якунида Макаров лига  дебютантлари рамзий жамоасига киритилади. Шунингдек, Украинанинг энг яхши 33 нафар футболчиси қаторидан жой олади. Навбатдаги мавсумларда эса жароҳат туфайли муаммоларга дуч келган ярим ҳимоячи ўзини унча кўрсатолмайди. Лекин Одессадаги уч йиллик фаолиятидан кейин «Помир»га қайтиб, ажойиб мавсум ўтказади. Натижада унга «Пахтакор»дан таклиф тушади ва футболчи 1978 йили Тошкентга келади. Владимир ўша таркибда энг тажрибали футболчи саналарди. Муҳими, у ярим ҳимояда ёш жамоадошлари билан тезда яхши чиқишади. Мисол учун, биринчи мавсумдаёқ ўз номига 5та гол ёздириб қўйганди. 1979 йилги чемпионатда эса гол уришга ҳали улгурмаганди. Макаров Минскда  чемпионат-1979 ҳисобидан 15-марта майдонга тушиши керак эди, бироқ...

 

Фактлар

***  Владимир Макаров юрагида муаммо бўлишига қарамай, футболчилик фаолиятини жуда яхши ўтказган. Зеро, унга ортиқча юкламалар оғирлик қилсада, машғулотларда ҳамма қатори тер тўкарди.

***  Владимир Макаров 2001 йили «Черноморец» клуби тарихидаги энг яхши футболчилардан тузилган рамзий терма жамоага киритилди. У шунингдек, Одессанинг ўтган асрдаги энг яхши футболчилари рўйхатидан жой олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz