Қайднома

Қидирув

Ибра, мақтанавермасанг-чи...

Ибра, мақтанавермасанг-чи...

  26.07.2019 03:24
  0
  677
Ибра, мақтанавермасанг-чи...

Златан Ибрагимович баъзан сукут сақласа яхши бўларди. Швециялик новча голеадорнинг бўйи мисоли баланд ғурури ўз йўлига, аммо мақтанчоқлигини сира оқлаб бўлмайди. Ҳа, матбуотда Златан Ибрагимович ҳақида кўп ёзилади. Мана, яқинда швециялик ҳужумчи расман MLSнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Ибранинг океан ортидаги ишлари қандайлиги хусусида қайта-қайта ҳикоя қилиш ортиқча. Чунончи, унда ҳаммаси жойида - доимги ҳолат. Шундай экан, Ибрага бу гал бошқа ракурсдан бирров назар соламиз...

Аввало, айтиш керак, Златан футбол майдонида ҳамон зўр. Ҳар ҳолда, MLS миқёсида шундай. Мавсум доирасидаги 15та ўйинда 13та гол урганидан ташқари, суперсакраш воситасида ўзига хос зарбалар йўллаганию, америкача соккерда ҳукмронлик ўрнатаётгани кўп нарсадан далолат, албатта. Бироқ унинг калондимоғлиги ва олифталиги (қай бири кўпроқ эканлигини айтиш мушкул) — алоҳида тарих. Бу барчага маълум ҳам. Бир қарасангиз, у тарихдаги энг кучли рамзий терма жамоа таркибига 11 нафар Златанни киритади, бошқа сафар ўзини «Америка футболининг тирик афсонаси» сифатида мақтайди. Шунинг баробарида баъзан бутун ўйин давомида рақибларини камситишдан чарчамайди (англиялик ҳимоячи Недум Онуохага муносабати яққол далил). Умуман, Ибранинг «Бу ерда мен бош ролдаман» қабилидаги луқмалари сон-саноқсиз. Златан бутун фаолияти давомида ўзини 100 мартадан кам мақтамаган бўлса керак.

Лекин чегарани унутиш яхши эмас, барибир. Ҳазиллашишда ҳам, кимгадир «найза санчиш»да ҳам меъёр бўлгани маъқул. Футболчининг имиджи ўз йўлига. Бироқ 37 ёшли мард йигит, миллионер ва кўплаб иқтидорлар кумири баъзан жиддийликни ҳам ўрнига қўйиши лозим-ку. Акс ҳолда, унинг зўр шоумендан қандай фарқи қолади? Хуллас, Ибра яқинда ўзининг жонажон клуби мухлисларига оғир ботадиган гаплари билан яна диққат марказига тушди. «Одатда олдин ўйнаган клубим сафига бошқа қайтмайман. Лекин эҳтимолки, футболчилик фаолиятимни якунлагач, «Аякс» бош директори лавозимини эгалларман. Менимча, клубда ҳозирги ҳар қандай раҳбардан яхшироқ ишлай оламан», - деди Златан Telegraff нашри мухбирларига. Лекин у негадир айнан «Аякс»да 3 йил (2001-2004) ўйнаш асносида энг иқтидорли ҳужумчилардан бири мақомини олганини эсга олмади. Ахир Златан вақтида айнан «Аякс»даги ўйинлари билан катта саҳнага отилиб чиққан ва ҳамма унинг something special эканлигини тушунганди. Қолаверса, Амстердам клубининг ҳозирги раҳбарияти қандай ишлаётганини клубнинг натижалари кўрсатиб турибди. Нима, Ибра ўз усулида ҳазиллашдими? Эҳтимол. Аммо «Аякс»нинг кўплаб мухлислари бу ҳазилини жиддий қабул қилишлари ҳам мумкин-ку. Айримларида эса Ибрага нисбатан нафрат уйғониши ҳам ҳеч гап эмас.

Агарда «Аякс»да барчаси ёмон бўлса ҳам майли эди. Европа Чемпионлар Лигасига саралаш босқичидан қўшилиб, сенсацион тарзда ярим финалгача борган ва барчани чиройли футбол билан ҳайратлантирган клуб ҳақида қанақасига салбий фикр билдириш мумкин? Ахир «Аякс» деярли финалга ҳам чиққанди. Факт шуки, жамоа раҳбарияти — шунчаки, топ даражада. Марк Овермарс ва Эдвин ван дер Сар ёрқин фаолиятларидан сўнг ажойиб раҳбарга айланишганини амалда исботлашди. Бугунги «Аякс»ни айнан улар шакллантиришди. Охирги вақтларда ҳамма уларни ҳақли равишда мақташ билан овора, Ибра эса... Кўринишидан, у ўзини эслатиб қўйишни истади, чоғи. Шу ўринда қўшимча қилиш ўринли, «Аякс» раҳбарияти шок-мавсумдан кейин улгуржи савдога мойиллик сезаётгани йўқ. Ҳа, Френки де Йонг кетди, лекин унинг трансфери қишдаёқ ҳал бўлганди. Маттейс де Лигт ортидан катта пул тушиши ҳам аниқ. Ҳаким Зиеҳ, Давид Нерес, Душан Тадич, Донни ван де Беек, Николас Тальяфико, Андре Онана — бу йигитларнинг жамоада қолишлари эҳтимоли катта. Қолаверса, Квинси Промес ва яна бир қатор истеъдодли футболчилар сотиб олинди. Қисқаси, Овермарс ва ван дер Сар «Аякс»нинг ЧЛдаги муваффақияти бир марталик акция бўлиб қолмаслиги учун зарур чораларни кўрмоқдалар. Шундай паллада Ибранинг яна «Мен зўрман, сизлар эса - аҳмоқ» шаклида луқма ташлаши тўғрими? Ҳа, океан ортида ҳамма Ибранинг ўйинидан ҳайратланаётганини таъкидлаш - бошқа масала. Шунинг баробарида «Аякс» раҳбарларини ношудга чиқарган мақтанчоқ юлдуз ҳақида гапириш - мутлақо бошқа масала. Асосий қоида эса ўзгармайди - гапиришдан кўра, ўйнаганинг маъқул. Бу қоида Златанга ҳам дахлдор, албатта.

 

Ибрагимович - MLSнинг энг яхши футболчиси

11 июль куни ABC канали (АҚШ) «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафида ёрқин ўйинлари билан ажралиб турган Златан Ибрагимовични MLSнинг 2019 йилдаги энг яхши футболчиси сифатида тан олди. Умумий ҳисобда айтсак, Los Galacticos вакиллари ушбу номинацияда 9 марта ғолиб чиқишган. Златан эса АҚШда илк марта бош лауреат бўлди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz