Қайднома

Қидирув

Маттейс Де Лигт: «Мен жамоага ёрдам бераман, жамоа эса менга»

Маттейс Де Лигт: «Мен жамоага ёрдам бераман, жамоа эса менга»

  26.07.2019 09:32
  0
  427
Маттейс Де Лигт: «Мен жамоага ёрдам бераман, жамоа эса менга»

Шартномага расман имзо чекканидан кейин «Ювентус» тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчилар рўйхатида 3-ўриндан жой олган голландиялик иқтидорли ҳимоячи Маттейс де Лигт таништирув маросимидан сўнг махсус матбуот анжуманида қатнашиб, хорижлик касбдошимизнинг турли масалалар юзасидан йўллаган саволларига хотиржам тарзда жавоб қайтарди. Голландиялик истиқболли футболчи келажагини айнан Турин жамоа билан боғлаганидан бениҳоя хурсанд. Унинг клубдан олган илк таассуротлари ҳам зўр.

 - Кўпчиликнинг фикрича, ҳозирги ролингизга унча муносиб эмассиз. Чунончи, ҳали 20 ёшга тўлганингиз йўқ. Муҳими, ҳозир ҳам ўзингизни нима қилаётганини яхши биладиган кишидек хотиржам тутяпсиз.

- «Аякс»да тўплаган тажрибамни назарда тутсак, 19 ёшли футболчи учун етарли даражада амалиётга эга бўлдим. Кўникмам ҳам чакки эмас. Лекин ҳали тажрибали касбдошларимдан кўп нарсаларни ўрганишим, ўзлаштиришим керак. Туринга ҳам шу ниятда келдим. Зеро, фахрийлардан фарқли ўлароқ, энди фаолиятимнинг бошланғич қисмида турибман. Демакки, имкон қадар кўпроқ сабоқ олишдан умидворман.

- Айнан Турин жамоаси сафига қўшилганингизни қандай баҳолайсиз? Сизни бу ерда қандай кутиб олишди? Бу илк трансферингиз ҳисобланади, ахир шу кунга қадар фақат «Аякс» либосида тўп сургансиз.

- Она юрт сарҳадларидан кечиб, хорижга йўл олишнинг ўзи - мен тенги ёш йигитлар учун улкан қадамдир. Тушунаман, аввало, мусофирчиликка кўникишим, маҳаллий шароитларга мослашишим талаб этилади. Мана, «Ювентус» мухлислари шунчалик самимий кутиб олишдики, бундай ёрқин қабул менга қўшимча куч-қувват ва илҳом бағишлади. Энди барчасига амалда, яъни чиройли ўйинлар ва мазмунли ҳаракатлар билан жавоб қайтаришим лозим. Ўйлайманки, бу қўлимдан келади.

- Жамоа етакчиси Криштиану Роналду сизга нималар деганини ошкор қила оласизми?

- Иккимиз учрашган ўша паллада айнан қайси жамоани танлаш хусусида муайян хулосага келиб улгурган эдим. Тўғри, агентим - Мино Райолага қароримни Европа Миллатлар лигаси ўйинларидан кейин маълум қилишимни айтгандим. Хуллас, «Ювентус»ни танлашим аниқ бўлсада, Роналдунинг шахсан ўзи  қизиққани мен учун ёқимли ҳолатдир. Ўзи шундай кескин қадам ташлашим жуда муҳим эди. Аслида клуб вакиллари билан дастлабки ўзаро учрашувдан кейиноқ бу масалада жиддий бош қотира бошлагандим.

- Доимий хотиржамликка қай тариқа эришасиз, бунинг алоҳида сири борми?

- Хотиржам қиёфада юришимни ўзим ҳам биламан, Туринга келиб, кўплаб мухлисларни алоҳида қувонтирганимни ҳам. Лекин салбий кайфиятдаги фанатлар ҳам топилади, албатта. Шундай экан, янги муҳит, янгича спорт маданиятига иложи борича тезроқ кўникишим лозим.

- Трансферингиз арафасида Сарри билан суҳбатлашганингиз ростми? Мураббийнинг гаплари қарорингизга нечоғли таъсир кўрсатми?

- Ҳа, Сарри билан яқиндан танишиб олиш мақсадида қисқача гаплашдик. «Юве» сафига қўшилишимда бу мутахассиснинг ҳам улуши бор, албатта. Унинг ўйин фалсафаси, ҳужумкор услубни ёқтириши, мустаҳкам ҳимоя қўрғонини шакллантира олиши ҳақида кўп эшитганман, ҳар ҳолда.

- Болалигингизда «Ювентус» футболкасига эга бўлганингизни ўша вақт олинган суратлар кўрсатиб турибди. Қизиқ, клуб формасини қаердан олган эдингиз?

- Адашмасам, ўша пайт 7 ёшда эдим. Ҳимоя чизиғида ўйнайдиган ҳар бир болакай албатта, Фабио Каннаваро ўйинига асло бефарқ қарамасди. Жумладан, мен ҳам айнан унинг шайдоси эдим. Умуман, «Юве»га доимо ўзгача ҳурмат билан қараганман. Гап улкан ва номдор клуб ҳақида кетяпти ахир.

- Янги жамоа мухлислари ва хизматчилари қандай таассурот қолдиришди? Умуман, бу юришингизни «Аякс»га нисбатан юқорига кўтарилиш сифатида баҳолаш мумкинми?

- «Аякс» таркибида ЕЧЛ доирасида «Юве»га қарши кечган учрашувда майдонга тушганимда, туринлик мухлисларга қойил қолгандим. Улар севимли жамоалари мағлубиятга учраётганига қарамай, футболчиларни сўнгги сонияларгача чинакамига қўллаб-қувватлаб туришди. Бундай манзарага ҳар доим ҳам дуч келавермайсиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, Туриндаги муҳташам стадионда майдонга тушиш мен учун ўта жиддий синов бўлиши аниқ. Майдон ҳам, мухлислар ҳам ажойиб.   

- Дарвоқе, ЕЧЛ хусусида: жамоа билан танишув пайти бу турнирда ғолиб чиқиш «Ювентус» учун нимани англатишини тушунтиришдими? Зеро, туринликлар бу вазифани анчадан буён уддалолмаяптилар.

- Ҳаммаси оддий ва аниқ - «Юве» 3та мусобақа - «А» серия, Италия кубоги ва ЕЧЛда кураш олиб боради. Шунингдек, клуб мамлакат суперкубоги учун ўйинга ҳам бефарқ эмас. Муҳими, мақсад сари босқичма-босқич интилсак, ўйиндан ўйинга савияни ошириб борсак, бас. Фақат шу йўл билан вазифани уддалаш мумкин. Ҳаммага аён ҳақиқат битта - «Юве» барча мусобақаларда фақат ғалабани кўзлайди.

- Айтингчи, нега «Барселона» ёки «ПСЖ» эмас, айнан «Ювентус»ни танладингиз?

- Такрор айтаман, барчаси узоқ давом этган жараён маҳсулидир. Атрофга боқиб, мен учун қайси вариант қулайроқ эканлиги ҳақида кўп ўйладим. Италия футболи ҳимоя чизиғига дахлдор анъаналари билан ном қозонган. Бу мамлакат футболи ҳақида гап борса, кўз олдимда аввало, афсонавий ҳимоячилар гавдаланишади. Қолаверса, туринликлар мени таркибга жалб этишни қанчалик истаётганликларини амалда кўрсата олишди, салоҳиятимга тўлиқ ишонишди. Мана, буюк жамоанинг бир бўлагига айландим ва табиийки, бундан бемалол фахрланишим мумкин. Аслида танловнинг сабаблари бисёр, аммо энг асосийси, ана шу ҳиссиётлар...

- Охирги мавсум қайси ҳужумчиларга қарши ўйнаш кўпроқ муаммо туғдирди? Дейлик, «Ювентус» билан учрашувларда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

- Қисқа фаолиятим давомида бир қатор ҳужумчиларга қарши тўп сурдим. Тушунарлики, Роналдуга қаршилик кўрсатиш жуда қийин, яна Манжукич ҳам совға эмас - жисмонан жуда бақувват ҳужумчи. Шунингдек, Дуглас Коста доимий ҳушёрликни талаб этади, у ўта тезкор ўйинчи.

Умуман, турли услубда тўп сурадиган ҳужумчиларнинг ҳар бирида ўзига хос жиҳатлар, қирраларни кўриш мумкин. Улар билан ўйнашнинг фойдали томонлари ҳам бор. Дейлик, ўзингиз учун қандайдир янги жиҳатларни кашф этасиз, албатта.

- «Аякс» раҳбарияти ҳар куни ижтимоий тармоқлар орқали сизни «Юве»га маҳоратингизни мукаммал даражага кўтариш мақсадида берганини таъкидлаб, мақтанмоқда. Хўш, де Лигт Италия футболига нима бериши мумкин?

- Голландияда доимо келажакни кўзлаб иш тутадилар, Италияда эса зафарлар ва ҳимоя масаласи устувор. Жамоамга ёрдам бера олишимга ишонаман. Ўз навбатида, жамоа янги даражага чиқишимни таъминлайди.

- Ҳозирнинг ўзида талаб даражасидаги лаёқатга эга эканлигингиз яққол сезилмоқда. «Ювентус»да биринчи навбатда, қайси хислатларингизга сайқал беришингиз керак?

- Аввало, мақтов учун раҳмат! Энди 19 ёшга тўлдим, ўйлайманки, етукликка эришиш учун улкан имкониятлар ҳали олдинда. Ҳа, «Аякс» ва «Юве» ўртасида катта тафовут бор, албатта. Бироқ биринчи навбатда сабоқ олиш учун келдим. Барча хусусиятларимни янада ишончлироқ, самаралироқ даражага олиб чиқиш ва энг яхши ўйинчи мақомига эришишни хоҳлашим турган гап.

- Трансферингиз қиймати босим юкламайдими? Умуман, «Ювентус» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчиларнинг кучли учлигига кирганингиздан хабарингиз борми?

- Босим - футбол учун одатий ҳол. Клуб сенга қанчалик кўп маблағ сарф-ланган бўлса, табиийки, масъулият ҳам шунчалик ошади. Яхши ўйинчи сифатида танилишни хоҳлаган футболчи босимни енгиши шарт. Шахсан менда қандайдир хавотир йўқ. Аввалгидек ўз ўйинимни намойиш этаман, бунинг учун тинмай ишлайман ва нимага қодирлигимни майдонда кўрсатаман. Четдагилар эса вазифамни қандай адо этаётганимга баҳо берадилар.

- 4 рақам сиз учун қандай аҳамиятга эга? «Юве»да бу рақам остида Клаудио Жентиле, Антонио Конте ва Паоло Монтеро каби афсоналар тўп суришган...

- Албатта, бу рақамнинг қадри мен учун ҳам жуда баланд. Боиси, «Аякс»да фақат 4-рақам остида тўп сурганман. Яхшики, Туринда айни шу рақам бўш экан. Афсонавий касбдошларим ҳақида ҳам эшитдим ва уларга муносиб ворис бўлишга уриниб кўраман.

- Таркиби анча ёш жамоадан тажрибали фахрийларни ўз сафига жамлаган номдор клубга ўтдингиз. Авлодлар алмашуви сезиляптими?

- «Юве»нинг «Аякс»дан фарқланишига шубҳа йўқ. «Аякс» асосан ёшлардан шаклланган бўлсада, кўплаб йигитлар мендан каттароқ эдилар. Бу ерда Буффон, Кьеллини ва Роналду каби ўз ишининг усталаридан ҳунар «ўғирлаш»нинг аҳамияти беқиёс. Бу ҳам масъулиятли синовдир.

- Янги мавсумга қандай шахсий режалар тузяпсиз?

- Мен учун энг муҳими - янги ўлка, янги жамоа муҳитига тезроқ мослашиш. Кейин лоақал бошқалардан қолишмайдиган даражада тўп суришим керак. Мақсадим - мукаммалликка эришиш йўлида тер тўкиш. Футболчи сифатида тезроқ майдонга тушишни истайман, албатта.

 

«Ювентус» раҳбарияти 2018 йили Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тан олинган Маттейс де Лигт таништирув маросимини дабдабали тарзда ташкил этди. 19 ёшли футболчи Туринда ҳам Амстердамдаги каби 4-рақам остида ўйнайди. Туринликлар унинг трансфери учун «Аякс»га 75 миллион евро тўлашади. Бу миқдор бонуслар ҳисобига 85,5 миллион еврога етиши мумкин. Хуллас, Маттейс ўсмир ёшида трансфер қилинган энг қимматбаҳо футболчилар рўйхатида 3-ўринга жойлашди. Ундан олдинда фақат Килиан Мбаппе (180 млн. евро, «Монако»дан «ПСЖ»га) ва Жоау Фелиш (120 млн. евро, «Бенфика»дан «Атлетико»га) бор. Де Лигт ва «Ювентус» ўртасидаги шартнома 5 йилга мўлжалланди. Футболчи унга мувофиқ, йилига 12 млн. евро миқдорида маош олади. Эслатиш ўринли, юлдуз ҳимоячи олдинроқ «Аякс» каналига берган интервьюсида «Ювентус»ни танлаши сабабларига тўхталганди: «Итальян жамоаларининг ҳимоя чизиғи мени ҳамиша лол қолдирган. Неста, Мальдини, Барези, Ширеа ва Каннаваро каби футболчилар - кумирларим қаторида. Ҳа, якуний қарорга келишим осон бўлмади. Зеро, олдимда бир неча вариант бор эди. Якунда қалбимга қулоқ солдим ва ўзим учун энг яхшисидек кўринган клубни танладим».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz