Қайднома

Қидирув

Олтин «кон»:«БЕНФИКА» ЎЗ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ ТРАНСФЕРИДАН 300 МЛН. ЕВРО ТОПДИ-Я...

Олтин «кон»:«БЕНФИКА» ЎЗ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ ТРАНСФЕРИДАН 300 МЛН. ЕВРО ТОПДИ-Я...

  27.07.2019 03:52
  0
  553
Олтин «кон»:«БЕНФИКА» ЎЗ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ ТРАНСФЕРИДАН 300 МЛН. ЕВРО ТОПДИ-Я...

Ҳа, ёрқин иқтидор Жоау Фелиш «Атлетико» сафига қўшилгач, Лиссабон клубининг энг яхши 10 нафар тарбияланувчиси ортидан олган пули 300 миллион евродан ошиб кетди. Бунда охирги 4 йиллик савдолар инобатга олинган. Жоау Фелиш - 120  миллион евролик вундеркинд. У атиги 19 ёшда. Оддий айтганда, «Сейшалда ишлаб чиқарилган» бренди. Чунончи, «Бенфика» Португалияда анчадан буён ёш иқтидорларни топиб, уларни аввалига бош жамоа сафига кўтариши ва кейинчалик катта маблағ эвазига гранд клубларга учирма қилиши билан алоҳида ажралиб турибди. Бошида лиссабонликларга бу борада суперагент Жорже Мендеш катта ёрдам берди (у ҳозир ҳам «Бенфика»нинг энг йирик трансферларини назорат қилади). Ҳар ҳолда, «бургутлар» 2015 йили айнан шу агент воситачилигида ўринбосарлар жамоасининг икки нафар вакилини «Монако»га нақ 31 миллион еврога сотишди. «Валенсия» эса «Бенфика»нинг яна бир ёш футболчи учун 15 «лимон» санаб берди. Шулардан иккиси (Бернарду Сильва ва Жоау Канселу) кейинчалик чин юлдузга айланган бўлса, яна бири (Иван Кавалейру) кутилган даражага чиқолмади.

 

Шундан буён «Бенфика»нинг футбол бозоридаги ишлари зўр. Ҳар ҳолда, клуб ўз тарбияланувчилари трансферидан барқарор равишда катта фойда олмоқда. Мана, лиссабонликлар Жоау Фелишни 120 миллион евро эвазига «Атлетико»га қўйиб юборишди. Шу тариқа клуб тарбияланувчиларига дахлдор охирги 4 йиллик савдо ҳажми 300 миллион евродан ошиб кетди. «Бенфика» президенти Луиш Филипе Виейра ўтган мавсум давомида бот-бот таъкидлаганди: «Клубимизнинг асосий тараққиёт йўналиши тайин - биз ўз тарбияланувчиларимизга таяниб, иш кўрамиз». Бу «Бенфика» учун янги модель эмас, албатта, лекин ҳозирги раҳбарият барчасини мутлақо бошқа даражага кўтармоқчи. Лиссабон клуби мураббийлар штабига алоҳида топшириқ ҳам берилган. Унга мувофиқ, мураббийлар иқтидорли ёшларни асосий жамоанинг катта ўйинларига имкон борича кўпроқ жалб этишлари керак. Яна бир томони, «Бенфика» олдинлари ўз «топилма»ларини катта клубларга сотишни сира пайсалга солмасди. Умуман олганда, Португалияда «Бенфика» ёшларига алоҳида бренд сифатида қарашади. «Сейшалда ишлаб чиқарилган» - бу жумла айнан ёш «бургутлар»га нисбатан қўлланилади. Сейшаль мамлакат пойтахти таркибига кирувчи мўъжаз шаҳарча бўлиб, 13 йил олдин бу ерда «Бенфика» базаси ва академияси иш бошлаганди. Caixa Futebol Campus номини олган академия бундан 4 йил олдин самара бера бошлади. Мана, бир қатор тарбияланувчилар Европа миқёсидаги гранд клублар сафига қўшилишгач, «Бенфика» раҳбарияти «Сейшалда ишлаб чиқарилган» брендини халқаро даражага кўтаришни ўйлаб қолди. Бунинг учун академия негизида алоҳида тарғибот-ташвиқот хизмати йўлга қўйилди. Энди брендни юксалтириш учун айнан шу гуруҳ масъулдир.

«Бенфика» тарбияланувчиларининг ҳозирги авлоди жуда иқтидорли чиқди, айниқса. Зеро, мавсум- 2018|2019да бош жамоа сафида Фелишдан ташқари, академияда таҳсил олган яна 3 нафар йигитча муаммосиз ўйнаб кетди. Булар - ҳимоячи Ферри, ярим ҳимоячилар Флорентина Луиш ва Жедсон Фернандеш. Ёш футболчиларнинг асосий жамоадаги натижаларини таҳлил қилган раҳбарият уларни Европа грандларига дарҳол сотмасликка қарор қилди. Демак,  лиссабонликлар энди уларни биринчи харидор қўлига тутқазишмайди. Олдинлари бироз бошқача эди. Мисол учун, «Бенфика» ўша Бернарду Сильва борасидаги илк таклифниёқ қабул қилганди. Қисқаси, клуб президенти ғоясига кўра, иқтидорли ёшларни аввалига бир неча мавсум давомида «пишитиб», кейин харидорлар билан музокара бошлашади. Бунда футболчилар шартномасига бинойидек товон пули киритиш ҳам кўзда тутилган. Айтишларича, клуб президенти асосан академия тарбияланувчиларидан тузилган таркиб билан Чемпионлар Лигаси бош совринига эга чиқишни ҳам орзу қилмоқда. Виейра ғоясига кўра, бунда бош ролни айнан тарбияланувчилар ижро этишлари керак. 

Факт шуки, «Бенфика» тарбияланувчиларига талаб катта. Клуб шунга яраша уларнинг шартномасига яхшигина товон пули белгиламоқда. Асосийси, айни пайт «бургутлар» ихтиёрида ёш иқтидорларнинг бутун бир гуруҳи бор. Мураббийлар улардан айримларини бош жамоа ўйинларига, қолган йигитларни эса асосий таркиб машғулотларига жалб этишмоқда. Муҳими, кўзга ташланган аксарият йигитлар билан янги шартнома расмийлаштирилган бўлиб, бунда камида 60 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган.

Хўш, Португалия футболида муҳим ўрин тутадиган «Порту» ва «Спортинг»нинг бу борадаги ишлари қандай? Мамлакат шимолида фаолият юритадиган «Порту» узоқ йиллар давомида Европа грандларини ёрқин иқтидорлар билан таъминлаш бобида етакчилик қилди. Тўғри, жамоанинг бу борадаги модели мутлақо бошқача. Бинобарин, «Порту» ўз тарбияланувчиларини сотиш билан шуғулланмайди. Аниқроқ айтсак, портуликлар Лотин Америкасида йўлга қўйилган кучли скаутлик хизмати топқирлиги туфайли шуҳрат қозонишган. Улар иқтидорли йигитларни эрта кунда аниқлашади ва уларни Португалия чемпионатида тоблаб, янги даражага кўтаришади. Қарабсизки, арзон баҳога сотиб олинган йигитчалар 2-3 йилдан кейин миллионлар келтиришади. Бунга Хамес Родригес, Радамель Фалькао, шунингдек, ҳимоячилар Данило ва Алекс Сандро трансферлари ёрқин мисол. Охирги омадли трансфер келишуви - бу Эдер Милитао. Ўзингиз баҳо беринг, «Порту» бразилиялик ҳимоячини 7 миллион еврога сотиб олиб, атиги 1 йилдан кейин унинг учун «Реал»дан 50 «лимон» олди. Бироқ клуб ўз академияси самарадорлиги билан сира мақтанолмайди. Ҳа, академия бинойидек ишламоқда, дейлик, тарбияланувчиларнинг ҳозирги авлоди ўтган мавсум ҳаттоки, 19 ёш тоифасидаги Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. Муаммо шундаки, «Порту»да иқтидорли тарбияланувчиларга негадир унча ишонишмайди. Шунинг учунми, улар нарх бобида унча юксалишмайди ва Европада ҳам у қадар танилишмаган.

«Спортинг» академияси эса вақтида бутун жаҳон миқёсида кучли учликка кирганди. Энди эса бу жамоа ва «Бенфика» мактаблари ўртасида катта жарлик бор. «Бургутлар» яхши шароитлар ваъда қилиб, энг кучли ёш иқтидорларни ўз томонларига оғдиришмоқда. Дейлик, клуб уларнинг ота-оналарига маълум имтиёзлар беради, йўл харажатини ўз зиммасига олади ёки транспорт билан таъминлайди. Асосийси, академияда барча қулайликларга эга ётоқхона болалар ихтиёрига бериб қўйилган. Қолаверса, «Бенфика» академиясининг ўзи ҳам янги, «Спортинг» эса анчадан буён мактаб модернизациясига эътибор қаратмади. Тўғри, «шерлар» ушбу камчиликни жорий йил тузатишга бел боғлашди. Ҳарқалай, клубнинг янги президенти Фредерику Варандаш аввало, база ва академияда шароитларни яхшилашга, айниқса, майдонлар сифатига эътибор қаратишини таъкидламоқда. Хуллас, «Спортинг» ёшлар билан ишлашга яна аввалгидек катта урғу бермоқчи. Бироқ клубнинг яқин йиллар ичида қўшниси билан тенглашиши қийин, барибир. Ахир «Бенфика» бу борада анча олдинлаб кетишга улгурди...

 А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz