Қайднома

Қидирув

Эҳтиётсизликми ёки бебошлик?

Эҳтиётсизликми ёки бебошлик?

  27.07.2019 05:57
  0
  396
Эҳтиётсизликми ёки бебошлик?

У Дортмунд «Боруссия»сидан кетаётиб, ўзи яшаган уйда бир «тоғ» чиқинди қолдирганди. Ҳа, англадингиз, гап «Барселона»нинг «гап уқмас» франциялик ҳужумчиси Усмон Дембеле ҳақида кетмоқда. У ҳамиша болаларга хос хатти-ҳаракати ва эҳтиётсизлиги туфайли қандайдир можарога аралашиб юради. Усмон бунинг ортидан ҳар сафар айбловлар, огоҳлантиришлар, жарималар ва интизомий чораларга дуч келса ҳамки, сира ўзгаргани йўқ. Мегаиқтидор сифатида умид уйғотган йигитча балки янги мавсумда барчасини яхши томонга бурар..

Ҳа, Усмон Дембеленинг тартибсиз ҳаёт тарзига тааллуқли асосий воқеа футболчи Германия Бундеслигасида ўйнаган вақт юз берганди. Аниқроғи, франциялик ҳужумчи Дортмунд клубидан «қочиш»да шу қадар шошилдики, маълум муддат яшаган уйини тартибга келтиришни ўзига эп кўрмади. Барча қулайликларга эга хонадонни ижара келишуви асосида берган фирма вакиллари қайта қабул қилиш жараёнида тўпланиб қолган чиқинди миқдорига қараб, шунчаки, даҳшатдан ёқа ушлашди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг бўш қутилари, ювилмаган идишлар ва кийим-кечаклар... Хуллас, шинам квартира ахлатга тўлиб қолган эди. Диван ва шкафлардан эса тўланмаган ҳисоб варақалари топилди. Турар-жой соҳиби ўшанда Дембеле ҳаттоки, хонадон калитини топширмаганидан нолиганди.

Усмон Дембеле Барселонага кўчиб ўтгач, дастлабки 3 ой давомида меҳмонхонада яшади. Шундан кейин ёш йигитчага шаҳарнинг юқори қисмида жойлашган ҳашаматли қасрдек турар-жойни ажратишди. Дарвоқе, Неймар ҳам вақтида айни шу уйга яқин жойда истиқомат қилганди. Аниқроғи, бразилиялик юлдуз шу атрофдаги уйлардан бирини ижара келишуви бўйича вақтинча олганди. Усмон эса ўзига 3 қаватли турар-жойни танлади. Ушбу қаср мисоли кошонанинг ер майдони 750 квадрат|метрга тенг бўлиб, бунинг ярмидан кўпи (450 квадрат|метр)га уй солинган. Чинакам ҳашамат: иситкич тизими билан жиҳозланган кўркам боғ, 4та автомобилга мўлжалланган катта гараж, хизматчилар турадиган хоналар... 4та хона эса меҳмонларга ажратилган (уларнинг 2тасида ваннахона мавжуд). Уйнинг 3-қаватида кинотеатр бор. Шу ердаги улкан айвондан бутун Барселона гўзаллигини томоша қилиш мумкин. Бундай турар-жойнинг бир ойлик ижара тўлови чамаси 15 минг еврога тенг. Асосийси, у ердан «Камп Ноу»га автомобилда атиги 7-10 дақиқада бориш мумкин. Бироқ Усмон шунга қарамай, «Барса» машғулотларига доимий тарзда кеч қолади...

Тўғри, франциялик турган ҳудуднинг баъзи минус томонлари ҳам бор. Дейлик, унинг хонадони машҳур тунги клубга жуда яқин. Қисқаси, шовқин меъёри нисбатан баланд. Лекин Усмон уйдан кам чиқади. Шундай экан, ташқаридаги гавжумлик унга муаммо туғдирмайди. Айтишларича, Дембеле анча «ёпиқ» йигит. Айнан одам ёқтирмаслиги туфайлими, ҳалигача жамоадаги бирор футболчи билан чинакамига дўст тутинмаган. Тўғри, Усмоннинг улфатлари бор ва улар кўпинча уйда кўнгилхушлик қилишади. Бироқ бу шериклари футболга асло алоқадор эмаслар. «Барселона» ҳаттоки, франциялик иқтидорга алоҳида ошпаз ҳам ёллаганди, бироқ «бебош» йигит уни тезда ишдан ҳайдади. Умуман, футболчилар, мураббийлар ва клуб ходимлари Дембелега фақат ўйин эмас, ҳаёт бобида ҳам сабоқ беришди, ҳамон унга баъзи жиҳатларни ўргатишда давом этишяпти. Бир қарашда, Усмон ниҳоят, барчасини тушунган ва тартибли ҳаётга юз бургандек тасаввур уйғотади. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Испания матбуотида бунинг алдамчи таассурот эканлигини тасдиқлайдиган хабарлар пайдо бўлади: «Дембеле машғулотга яна кеч қолди, клуб вакилининг қўнғироғига жавоб бермади, ким биландир жанжаллашди...».

Усмон Дембеле ҳамон «болакай» эканлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳолатлар ҳам бор. Мисол учун, франциялик йигитча яқинда ўзига мини-велосипед сотиб олди. Бунинг учун 1000 евродан кўп сарфлаганинига нима дейсиз? Ваҳоланки, Барселонанинг ўзида 2та дабдабали автомобиль - Mercedes S63 AMG ва Mercedes G63 унинг хизматига шай туради.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz