Қайднома

Қидирув

Харажатингиз бунча кўп?

Харажатингиз бунча кўп?

  28.07.2019 01:26
  0
  531
Харажатингиз бунча кўп?

Ёки футбол тарихида трансферларга энг кўп сарфлаган 7 нафар мураббий… Профессионал футбол оддий ўйин чегарасидан ўтиб кетганига анча бўлди. Муваффақият эса асосан тўғри танланган таркиб ва тактика ҳамда футболчиларни талаб даражасида шайлантиришга боғлиқ. Лекин охирги йилларда пул ҳам етакчи роллардан бирига кўтарилди. Чунончи, таркиб шакллантириш, футболчилар, уларнинг оилалари ва агентлари эҳтиёжини қондириш, инфратузилмани ривожлантириш каби масалаларнинг барчасига маблағ керак. Алоҳида айтиш керак, замонамизнинг деярли барча кучли мураббийлари трансферларга боғлиқ катта харажат ёрдамида юқори натижаларга эришишган. Бошқача айтганда, улар ўзлари ишлаган клублар раҳбариятини бозорда фаол ишлашга ундашган. Охирги икки 10 йиллик (2000 йилдан кейинги давр)да қайси мураббийлар клублар хўжайинларини трансферлар учун кўпроқ пул ажратишга мажбур қилишганини transfermarkt.de сайти маълумотлари асосида аниқлаш имконияти бор. FootballHD ижодкорлари айни шу иш билан шуғулланиб, ўз олдиларига қўйилган вазифаларни бажариш йўлида ҳаммадан кўпроқ харажатга қўл урган 7 нафар мураббийни ажратиб кўрсатди.

 

7. Роберто МАНЧИНИ (Италия)

Умумий харажат миқдори - 799,87 млн. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 61,53 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 10,12 млн. евро

54 ёшли Манчини ҳозирда Италия миллий жамоасини бошқармоқда. Лекин у мураббийлик фаолиятининг бошланғич қисмида бир қатор бой ва машҳур клубларда ишлашга улгурди. Хусусан, «Лацио», «Интер», «Манчестер Сити», «Галатасарой» ва «Зенит» бош мураббийи ролида гавдаланди. Италиялик мутахассис айниқса, «Манчестер Сити» раҳбарларини мислсиз даражада харажат қилишга ундади. Ҳар ҳолда, Манчинининг энг қимматбаҳо 10та харидидан 7таси айнан Англия клуби зиммасидадир. Умуман олганда, итальян мураббийи бутун фаолияти давомида 13та олий соврин ютди. Демакки, уни иш билан таъминлаган клублар 1та соврин учун ўртача ҳисобда 61,53 миллион евро сарфлаган. Трансферлар сонига келсак, клублар Манчини талабига мувофиқ, жами 79 нафар футболчи харидига пул ажратган. Хуллас, унинг ташаббуси ёки розилиги билан амалга оширилган ҳар бир трансфер суммаси ўртача ҳисобда  10,12 миллион еврога тенг.

Роберто Манчинининг энг қимматбаҳо 5та хариди

Серхио Агуэро («Манчестер Сити») - 40 млн. евро

Эдин Жеко («Манчестер Сити») - 37 млн. евро

Жоффре Кондогбия («Интер») - 36 млн. евро

Яя Туре («Манчестер Сити») - 30 млн. евро

Марио Балотелли («Манчестер Сити») - 29,5 млн. евро

 

6. Арсен ВЕНГЕР (Франция)

Умумий харажат миқдори - 892,47 млн евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 42,5 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 10,5 млн. евро

69 ёшли Арсен Венгернинг мураббийлик фаолияти чўққиси «Арсенал»даги ишига тўғри келди. Француз мутахассиси айнан Лондонда жаҳон миқёсидаги коуч мақомини олди. Венгернинг жами харажатидан катта қисми ҳам «канонирлар» раҳбариятига боғлиқдир. Қолаверса, Арсен Францияда «Монако» ва Японияда «Нагоя Грампус» билан 2тадан соврин ютган бўлса, «Арсенал» бошқарувида ўз коллекциясига нақ 17та титул қўшиб қўйди. Шу тариқа француз имзосидаги 1та соврин учун тўғри келган ўртача харажат 42,5 миллион еврога етди. 3та клуб эса Венгер даврида жами 85 нафар футболчи сотиб олган. Хуллас, 1та келишувнинг ўртача баҳоси - 10,5 миллион евро.

Арсен Венгернинг энг қимматбаҳо 5та хариди

Пьер-Эмерик Обамеянг («Арсенал»)  - 63,75 млн. евро

Александр Лаказетт («Арсенал») - 53 млн. евро

Месут Озил («Арсенал») - 47 млн. евро

Гранит Жака («Арсенал») - 45 млн. евро

Алексис Санчес («Арсенал») - 42,5 млн. евро

 

5. Массимилиано АЛЛЕГРИ (Италия)

Умумий харажат миқдори - 1,02 млрд. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 72,86 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 11,72 млн. евро

51 ёшли Аллегри 2010 йилга қадар Италия футболидаги ўртамиёна клубларда ишлади. Массимилиано шундан кейин «Милан»ни бошқариш хусусида таклиф олди ва «россонерлар»га 4 мавсум устозлик қилди. Мураббий шу аснода «Ювентус» назарига тушди ва фаолиятининг энг самарали даврига асос солди. Дейлик, Аллегри ҳисобидаги 14та совринда «кекса синьора» рамзи бор. Турин клуби раҳбарияти Массимилиано талаби билан йирик келишувларга қўл урганини ҳам алоҳида айтиш керак. Умумий ҳисобда айтсак, Аллегри 1та соврин йўлида трансферлар бозорида ўртача ҳисобда 72,86 миллион евро сарфлади. Жами харидлар сони эса 87та. Яъни Аллегри билан ҳамкорлик қилган жамоалар шунча футболчи ҳуқуқи учун компенсация пули тўлади. Бу унинг давридаги 1та келишув ўртача ҳисобда 11,72 млн. еврога тушганини англатади.

Массимилиано Аллегрининг энг қимматбаҳо 6та хариди

Криштиану Роналду («Ювентус») - 117 млн. евро

Гонсало Игуаин («Ювентус») - 90 млн. евро

Жоау Канселу («Ювентус») - 40,4 млн. евро

Пауло Дибала («Ювентус») - 40 млн. евро

Федерико Бернардески («Ювентус») - 40 млн. евро

Дуглас Коста («Ювентус») - 40 млн. евро

 

4. Мануэль ПЕЛЛЕГРИНИ (Чили)

Умумий харажат миқдори - 1,04 млрд. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 115,56 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 12,68 млн. евро

2004 йилгача Европада Мануэль Пеллегринини деярли ҳеч ким билмасди. Шундан кейин чилилик «нотаниш» мураббий «Вильярреал» бошқарувини қўлга олдию, шуҳратга буркана бошлади. Яъни Пеллегрини «сариқ сувости кемаси»ни равон йўлга бошлаб, Испания Примеросидек кучли лигада «кумуш» ва «бронза»ни таъминлади, қолаверса, клубни ЕЧЛ ярим финалига олиб чиқишни уддалади. Бу натижалар мураббийнинг сифатли юксалишига олиб келди. Қисқаси, у 2009 йили «Реал»дан таклиф олди. Тўғри, чилилик мутахассис Мадридда омадсизликка йўлиқди ва клубни анча тез тарк этди. У фаолиятининг кейинги қисмида «Малага», «Манчестер Сити», «Хэбэй Чайна Форчун» жамоаларида ишлади, ўтган ёздан буён эса «Вест Хэм»ни бошқармоқда. Ҳисобидаги жиддий совринлар сони эса атиги 9та. Шунинг учун ҳам Жанубий Америка вакили томонидан 1та соврин учун трансферлар йўналишида сарфланган ўртача маблағ миқдори нисбатан баланд - 115,56 миллион евро. Умуман, Пеллегрини фаолияти давомида унинг клублари жами 82 нафар футболчи сотиб олганини назарда тутсак, 1та трансфер суммаси ўртача ҳисобда 12,68 миллион еврони ташкил қилади.

Мануэль Пеллегринининг энг қимматбаҳо

5та хариди

Криштиану Роналду («Реал») - 94 млн. евро

Кевин де Брюйне («Манчестер Сити») - 76 млн. евро

Кака («Реал») - 67 млн. евро

Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити») - 63,7 млн. евро

Николас Отаменди («Манчестер Сити») - 44,6 млн. евро

 

3. Хосеп ГВАРДИОЛА (Испания)

Умумий харажат миқдори - 1,15 млрд. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 42,59 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 22,12 млн. евро

Гвардиола энди 48 ёшга етган бўлсада, нақ 3та олий тоифадаги жамоада ишлашга улгурди. Хосеп мураббийлик фаолиятининг бошланғич қисмида атиги бир мавсум «Барселона» ўринбосарларини бошқаргач, Каталония  фахрини унга ишониб топширишди. Самарали 5 йиллик фаолиятдан кейин эса мураббийнинг ўзи янги чорловни қабул қилиб, Германияга йўл олди. «Бавария» бошқарувида 3 мавсум ишлагач, яна бир янги тажрибага хайрихоҳ бўлиб, Англиянинг энг бой клубларидан бири - «Манчестер Сити» тепасига келди. Каталониялик катта харажат талаб қиладиган мутахассис, у шунинг баробарида доимо натижа ҳам беради. Қаранг, Гвардиола бошқарган клублар 2008 йилдан буён жами 27та соврин ютди. Тўғри, буларнинг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача трансфер харажати миқдори кам эмас - 42,59 миллион евро. Маълумки, Гвардиола харидлар масаласида сон эмас, сифатга катта эътибор қаратади. Ҳар ҳолда, клублар каталониялик билан ҳамкорлик давомида 52 нафар янги футболчи харидига пул ажратди. Хосеп сифатни биринчи ўринга қўйишини трансферларнинг ўртача суммасидан ҳам осонгина пайқаш мумкин - 22,12 миллион евро. Энг серхаражат мураббийларнинг ҳеч бири ўртача ҳисобда 1та харид учун шунча сарфлаган эмас.

Хосеп Гвардиоланинг энг қимматбаҳо 5та хариди

Златан Ибрагимович («Барселона») - 69,5 млн. евро

Риёд Маҳрез («Манчестер Сити») - 67,8 млн. евро

Эмерик Ляпорт («Манчестер Сити») - 65 млн. евро

Бенжамен Менди («Манчестер Сити») - 57,5 млн. евро

Жон Стоунз («Манчестер Сити») - 55,6 млн. евро

 

2. Карло АНЧЕЛОТТИ (Италия)

Умумий харажат миқдори - 1,17 млрд. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 61,58 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 16,25 млн. евро

60 ёшли Карло Анчелотти замонавий мураббийлик цехининг мэтрларидан бири ҳисобланади. Унинг самарали фаолияти 1992 йили бошланган. Дон Карлетто шу пайтга қадар кўплаб грандларни бошқарди - «Ювентус», «Милан», «Челси», «ПСЖ», «Реал» ва «Бавария». Анчелотти эндиликда (ўтган йилнинг ёзидан буён) «Наполи»да ишламоқда ва «Ювентус»ни Италия «А» серияси тахтидан тушириш режаларини тузмоқда. Карло «бобо» бошқарган жамоалар жами 19та олий соврин ютди. Математик ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 1таси учун ўртача 61,58 миллион евролик харид талаб этилган. Нисбатан ўртамиёна кўрсаткич, албатта, сержаражат мутахассислар натижасини инобатга олганда. Трансферлар сонига келсак, Анчелотти раҳбарлигидаги клублар жами 72 нафар футболчи сотиб олган. Демак, унинг розилиги билан харид қилинган ҳар бир кадр трансфери 16,25 миллион еврога тушган.

Карло Анчелоттининг энг қимматбаҳо 5та хариди

Гарет Бэйл («Реал») - 101 млн. евро

Хамес Родригес («Реал») - 75 млн. евро

Фернандо Торрес («Челси») - 58,5 млн. евро

Тьяго Сильва («ПСЖ») - 42 млн. евро

Корентен Толиссо («Бавария») - 41,5 млн. евро

 

1. Жозе МОУРИНЬО (Португалия)

Умумий харажат миқдори - 1,56 млрд. евро

1та соврин учун тўғри келган харажат миқдори: 62,4 млн. евро

1та трансфернинг ўртача баҳоси: 16,25 млн. евро

Европада Жозе Моуриньонинг мураббийлик иқтидори ҳақида илк марта 2004 йили баралла гапира бошлагандилар. Ўшанда у Европа ўлчамлари бўйича анча камтарин саналган «Порту» клубини сенсацион тарзда Чемпионлар Лигаси тахтига кўтарганди. Моуриньо кўп ўтмай, «Челси» бошқарувини қўлга олди. У кейинчалик «Интер» ва «Реал»да ишлаб, «Челси»га қайтди. 2015-2018 йиллар оралиғида эса «МЮ»ни бошқарди. «Беназир» ўтган йилнинг декабрида истеъфога чиққан бўлса, ортда қолган вақтда унинг қайсидир клубда иш бошлаши хусусидаги хабарлар тингани йўқ, лекин амалда... Қисқаси, Жозе ҳамон мураббийлик соҳаси бўйича таътилда. Натижаларига келсак, Моуриньо ўз фаолияти давомида 25та нуфузли совриндан улкан коллекция яратди. Агар трансферларга боғлиқ харажати миқдорини совринлари сонига бўлсак, 1таси учун 62,4 миллион евро тўғри келади. Қисқаси, унинг бу борадаги кўрсаткичи Манчини ва Анчелоттиники билан деярли тенг, аммо Гвардиола ва Венгерникидан кўп, Аллегри ва Пеллегрининикидан анча кам. Моуриньо «имзо»си бор трансферлар сони - 96та. Уларнинг ҳар бирига ўртача ҳисобда 16,25 миллион евро ажратилган.

Жозе Моуриньонинг энг қимматбаҳо 5та хариди

Поль Погба («МЮ») - 105 млн. евро

Ромелу Лукаку («МЮ») - 84,7 млн. евро

Фред («МЮ») - 59 млн. евро

Неманья Матич («МЮ») - 44,7 млн. евро

Андрей Шевченко («Челси») - 43,88 млн. евро

Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz