Қайднома

Қидирув

Маъмур Мамадалиев: «МЕНГА ҚОЛСА, ТЕРМАМИЗНИ ЁШ МУРАББИЙГА ТОПШИРАРДИМ»

Маъмур Мамадалиев: «МЕНГА ҚОЛСА, ТЕРМАМИЗНИ ЁШ МУРАББИЙГА ТОПШИРАРДИМ»

  29.07.2019 03:22
  0
  930
Маъмур Мамадалиев: «МЕНГА ҚОЛСА, ТЕРМАМИЗНИ ЁШ МУРАББИЙГА ТОПШИРАРДИМ»

Мамлакатимизда спорт маркетинги ривожига катта улуш қўшган мутахассислардан бири Маъмур Мамадалиев бугунги кунда Тошкентнинг «Локомотив» клуби PR хизмати раҳбари сифатида фаолият юритмоқда. Яқинда Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги муаллифи Мамадалиев билан энг актуал мавзулар бўйича суҳбат қурди. қуйида мазкур интервьюнинг қисқартирилган вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Мамлакатимизда ўз харажатларини ўзи қоплайдиган клуб бўлиш қанчалик осон?

- Ҳозирча бунақаси йўқ, яқин келажакда бўлмаса ҳам керак. Ўзбек элитасидаги клубларнинг ўртача сметаси - йилига 5 миллион доллар. Жамоалар бунча пул ишлаб топишолмайди.

- Мантиқан тўғри, лекин шунга қарамай...

- Ўзингиз қаранг, «Локомотив» маркетинг бўйича шунча ишлади-ю, атиги 120 минг ишлаб топди. Бу тийинлар. қолганлар учун ҳам бу осон бўлмайди. Аввалроқ айтганимдек, кўпчилик даромад орттириш йўлларини ўргана олишмаяпти, уларда бунга хоҳиш ҳам йўқ.

- Агар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кетса, «Локомотив» ҳам фаолиятини якунлайдими?

- Бундай деб ўйламайман. Бошқа ҳомийлар топилади. «Локомотив» уларни ҳам бренд, ҳам ўзига хос тарихга эга клуб сифатида қизиқтириши мумкин. Сафимизда ажойиб футболчилар бор. Ютуқлар? У ҳам бор. Ўйлашимча, ҳар қандай йирик корпорация биз билан ишлашга қарши бўлмаса керак.

- «Локомотив» қайси футболчини сотиш орқали нисбатан кўпроқ пул ишлаган?

- Ростини айтганда, бунақаси бўлмаган.

- Яъни, ҳамма футболчилар, одатга кўра, эркин агент сифатида кетишганми?

- Ҳа, ҳозирги ҳолатимиз шуни тақозо этади. Мабодо, бу борада қандайдир маълумот бўлсада, буни интервьюда ошкор этолмайман, тижорат сирлари деган нарса бор. Боз устига, бизнинг футболда қайсидир футболчининг трансферини тўлиқ сотиб олиш ҳолати кам учрайди.

- Сиз ишлаётган даврда қайси футболчи «Локомотив»­га келиши мумкин эди-ю, якунда келишув амалга ошмай қолган?

- Драган Черан. Скаутларимиз у «Насаф»да ўйнаётган кезлари музокара ўтказишган, аммо ўшанда «Пахтакор» бизни ортда қолдирганди. Шунингдек, Жалолиддин Машарипов ва Виталий Денисовни кўрсатган бўлардим. Николя Анелька ҳақидаги гап-сўзлар шунчаки миш-миш холос. Кержаков билан эса чиндан ҳам беш йил аввал гаплашгандик. Уни мавсумнинг қолган қисми - августдан ноябргача бўлган давр учун таклиф қилгандик. Агенти шу тўрт ой учун бир миллион евродан кўпроқ пул сўради. Мазкур ҳолатда, табиийки, ушбу футболчининг хизматларидан воз кечишимизга тўғри келди. Шунингдек, яна бир қизиқ воқеа ёдимга тушди. Ўтган йили менга клубимиз Погребняк билан шартнома имзолаганини айтишди. Мен дарҳол пресс-релиз, афиша, превью тайёрлаб, раҳбариятга топширдим, улар эса унга кулгу билан жавоб қайтаришди. Маълум бўлишича, сафимизни тўлдирадиган футболчи Павел эмас, унинг укаси Никита экан. Мен эса ҳаммасини чиройли тарзда ёзиб, унинг Россия термаси футболчиси эканини қайд этгандим (кулади). Ўша воқеадан кейин маълум вақт ўтгач, Минск аэропортида Павел Погребнякни кўриб қолдим. Сўрашдик, унга укаси билан бирга ишлаганимни айтдим, суратга тушдик.

- Жаҳон юлдузларидан бирини таклиф қилиш имконияти туғилса, кимни танлардингиз?

- Шубҳасиз, бу - Криштиану Роналду. Унинг ёши 40да бўладими, 50дами, фарқи йўқ. У ҳақиқий профессионал.

- Нима сабабдан «Локомотив»дек муваффақиятли клубнинг Осиё Чемпионлар Лигасида ишлари юришмаяпти?

- Сизга шуни айтмоқчиман. Бирлашган Араб Амирликлари ёки қатар чемпионатларига қаранг. У ерда 7-8-ўринларни эгаллаб, ҳеч қандай совринларга эга бўлмаётган клубнинг сметаси бизнинг чемпионатдаги бир неч­та клубларнинг умумий сметасидан кўпроқ. Ўша жамоалар таркибига назар солсангиз, қандай футболчилар ўйнаётганини кўрасиз. Шартли айтганда, ўзбек клубининг ўртача бюджети - 5 млн. евро. «Ал-Айн» ёки «Ал-Жазира» футболчиси худди шунча маош олади. Демак, битта ўзбек жамоаси бир йил давомида ишлатадиган пулни улар бир футболчига маош сифатида беришади. Худди шу гапларни Саудия Арабистони, Эрон ҳақида гапириш мумкин, қатарда-ку умуман катта пуллар айланади. Айтиш жоизки, улар ўз сафларига ўртача даражадаги бразилия­лик футболчини жалб этиш имкониятига эгалар. Бу бразилиялик эса тахминан бизнинг лигадаги энг яхши ўйин­чилар қаторида бўлади.

- Эрматовнинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президент­лигига тайинланиши ҳақида фикрингиз қандай? Ахир у шунчаки ҳакам, гарчи жаҳон даражасидаги бўлсада.

- Равшан Эрматов - ўзбек футболининг бренди. Дунёда ушбу ҳакамимиз ҳақида гапиришса, «У Ўзбекистондан» деб қўйишади ва шу ўринда мамлакатимизга бўлган қизиқишлари ортади. У ҳамма ерда ўзини кўрсата олади. Уни ҳамма ерда ҳурмат қилишади. ОФКда ҳам, ФИФАда ҳам. У ҳақиқий профессионал ва бир вақтнинг ўзида оддийликка интилади. Мана, мисол учун, сиз билан иккимиз ўтирибмиз. Эрматов ҳам худди шу тариқа суҳбатлашишга ҳамиша тайёр туради, у Аҳмаджонов сингари димоғдор эмас. Эрматовнинг ёнига бориб, нимадир сўрасангиз, дарҳол жавоб қайтаради, дастхат беради. Шунчалик машҳур бўлишига қарамай, жуда камтар. Унинг ЎФА раҳбариятидан ўрин олгани мени қувонтирди. Футболимиз айнан Эрматов кабилар билан олдинга юриши мумкин. Унинг меҳнатлари футболимизга катта муваффақиятлар келтиради. У мазкур тизимни ипидан-игнасигача яхши билади. Ўйлашимча, унинг обрў-эътибори топ жамоаларни ўртоқлик ўйинлари учун Ўзбекистонга жалб этишда асқотади. Шунингдек, турли федерациялар билан ҳамкорлик ўрнатишда ёрдам бериши шубҳасиз. Унга омад тилайман. Агар қандайдир ёрдам керак бўлса, у ва унинг жамоасини ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрман.

- Эктор Купер сизнингча қандай мураббий?

- Барчаси ушбу мутахассиснинг расмий ўйинларда қандай натижа кўрсатишига боғлиқ. Унинг асосий вазифаси - Ўзбекистон миллий термасини жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. Саралаш баҳслари август ёки сентябр-да бошланади. Ана ўшанда унинг ишига баҳо беришимиз мумкин.

- Осиё кубоги-чи? Биз 1|8 финалгача етиб бориб, Австралияга пенальтилар сериясида ютқаздик.

- Ушбу мусобақа Купер учун оддий ўқув-машғулот йиғини бўлди, деб ўйлайман. Аргентиналик мураббийга Осиё кубогида натижа кўрсатиш вазифаси юклатилмаганди. Катта эҳтимол билан, муносиб иштирокни таъминлаши белгиланган.

- Фикрингизча, Ўзбекистон термаси Эктор Купер бошчилигида мундиалга чиқа оладими?

- Биласизми, биз мунтазам равишда Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Эрон сингари термалар билан ўйнаймиз. Негалигини билмайман-у, лекин улар ҳамиша биздан бир қадам олдинда юришади. Балки уларнинг федерациясида қайсидир иш яхшироқ бажарилар. Ва албатта, биз ҳам қайсидир жиҳатлар бўйича оқсаяпмиз. Мазкур саволингизга аниқ жавоб қайтаролмайман. Куперни ёмон мураббий демоқчи эмасман, лекин энг яхшилар қаторига ҳам киритмаган бўлардим. Ўзимга қолса, термамизни бошқаришни ёш, футболга янгича қарайдиган мутахассис қўлига топширардим. Башоратчи эмасман, келажакда нима бўлишини олдиндан айтолмайман. Нима бўлганда ҳам Куперга омад тилайман.

- Сизнингча, бугунги кунда Ўзбекистонда энг тез ривожланаётган ёш футболчи ким?

- «Бунёдкор»даги Жасур Жалолиддиновни кўрсатишим мумкин, унинг ёши 16да. Шунингдек, ўша «Бунёдкор»­да Ислом Қобилов бор, ўйлашимча, у узоқроққа боради. Бизда ҳам иқтидорли футболчилар етарли, масалан, Жавоҳир Алижонов. У «Пахтакор» ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижоновнинг укаси. Шу 16 ёшли йигитлардан келгусида ўзбек футболи юлдузлари етишиб чиқади, деб ўйлайман.

- Сизнинг тахминингиз бўйича ўзбек футболидаги топ-3 футболчи?

- Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров ва Миржалол қосимов.

- Нега аксарият футболчиларимиз кўпинча Осиё чемпионатларини танлашади, Европага унчалик интилишмайди?

- Туркия термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида бугунги кундаги даражамизни билиб олдик. Рақиб жамоа деярли учинчи таркиби билан ўйнади, шунга қарамай ютқаздик. У ерда нисбатан қийинроқ. Осиёда эса аксинча, осонроқ. Кўпинча бизнинг футболчилар кўплаб вариантлардан иккитасина танлашади: а) кўпроқ пул; б) даражаси бизникига яқинроқ бўлган футбол. Боз устига, сўнгги пайтларда Европа клубларидан кам таклиф тушмоқда.

- Мабодо «Пахтакор»дан яхшироқ таклиф тушиб, маошингиз икки баравар кўпаядиган бўлса, рақобатчи жамоага ўтиб кетасизми?

- Кимлигини айтмайман, аммо бир сафар менга «Пахтакор»га ўтишни таклиф қилишган. Улуғбек Мирзаев эса бир пайтлари «Бунёдкор»га чақирганди. Мазкур ҳолатда ҳаммаси «Локомотив»га боғлиқ бўлади. Бу жамоада ҳар қандай масалада, хоҳ у ижодий бўлсин, хоҳ молиявий, мени ҳамиша қўллаб-қувватлашган. Шуни инобатга олган ҳолда рақобатчи жамоага ўтиб кетишим тўғри бўлмайди. қолаверса, маош масаласида ҳам нолимайман. Шартномамда киритилган айрим банд­лар орқали қўшимча маблағ ишлаб олишим мумкин. Тўлабекка бўлган ҳурматим сабабли бошқа жамоаларга ўтмадим. Мени ҳурмат қилишлари ва ишонч билдиришаётганидан жуда мамнунман.

Евдоким РАИМОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz