Қайднома

Қидирув

Тарихда қолган усул...

Тарихда қолган усул...

  29.07.2019 05:31
  0
  509
Тарихда қолган усул...

«Охирги ҳафталарда жуда кўп ўйландим. Ҳаммага маълумки, мен ҳаётимдаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилиш учун онгли равишда вақт олдим ва «Бавария»даги сўнгги ўйинимдан кейин келажагим қандай бўлиши ҳақида хаёл сурдим. Ниҳоят, профессионал футболчи сифатидаги фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Бошқача айтсак, ҳаётимда кейинги, янги боб очилди ва мен энди оилам билан доимо бирга бўлиш насиб қиладиган ёқимли лаҳзаларни сабрсизлик билан кутяпман».

Юқоридаги сатрлардан сезгандирсиз, гап яқиндагина катта футбол билан хайрлашган таниқли голландиялик чарм тўп устаси - Арьен Роббен ҳақида бормоқда. Ҳа, Роббеннинг бу қарорга келиши осон бўлмади, аммо вақт - энг олий ҳакам ва шундай серҳаракат футболчи ҳам ўз ўрнини ёшларга бўшатиб бериши кераклигини тушуниб етиб, бутсаларини михга илди. Эътиборлиси, афсона футболдан кетар чоғи мухлислар учун мурожаат, ўз ёшлиги учун эса махсус мактуб ёзиб қолдирди. Яқин ўтмишга бирров назар солсак, Роббеннинг «ғазнаси» ажабтовур кўринади: таниқли клублар (ПСВ, «Челси», «Реал» ва «Бавария») сафидаги жами 19та соврин, қўшимчасига ЖЧлардаги иккита медаль ва ёрқин хотиралар. Олдинда эса - нурли оилавий ҳаёт!

Албатта, футболчи учун совринлар - тақдирнинг ажойиб туҳфаси. Лекин қайсидир бир футболчи «нафақа»га чиққанида ўзидан бирор-бир эсда қоларли «из» қолдириши - ундан ҳам муҳим. Дейлик, «Зидан финти», «Рабона», «Паненка» каби атамалар уларни кашф қилган, маромига етказиб ижро этган инсонлар ҳақида ҳатто улар фаолиятини тугатганидан кейин ҳам эслатиб тураверади. Бизнингча, «Роббеннинг кўчиши» ибораси ҳам айнан шундай тарихий воқеаларга мисол. Бу ибора нимани англатишини тушуниб олгандирсиз? Шубҳасиз, дунёдаги ҳеч бир футболчи ўнг қанотдан ҳужумни бошлаб, марказга, жарима майдончасига яқинлашиб, у каби мукаммал зарба беришни уддалай олмайди.

Роббеннинг 16 яшарлигида ёзган хатида қуйидаги жумлаларни учратасиз: «Ўнг қанотдан жарима майдончасига яқинлашиб, чап оёқда айланма зарба бериш? Машқ қил, бунинг устида жиддий ишла. Ишонавер, мазкур усул сен ўйлаганингдан кўра анча кўп наф беради».

Дунё шарҳловчилари эса қуйидаги сўзлардан тез-тез фойдаланишарди: «Роббен ўз қанотидан олдинга бормоқда... У чапга, марказга сурилди... Бошини салгина кўтарди, аммо тезликни сусайтирмади, зарба... Гол!». Бундай хитобларнинг сон-саноғи йўқ.

«Мен 10 мингта турли зарба усулларини ўрганган одамдан қўрқмайман. Битта зарба усулини 10 минг марта ўрганган инсондан чўчийман», - деган эди ўз вақтида Шарқ яккакурашларининг афсонавий устаси, актёр Брюс Ли. Хўш, Роббен-чи?! У ўз усули ҳақида нима дейди? «Агар сиз ҳаммасини ўз вақтида тўғри бажарсангиз, албатта, натижага эришасиз. Аммо бир нарсани ўзгаришсиз такрорлаш бефойда. Бу ўринда одамга ички сезги ва ижодкорлик зарур. Айтайлик, рақибни алдаб ўтишни уддалай олмасангиз, «кўчиш»дан наф йўқ».

қаҳрамонимизнинг Бундеслигадаги уч рақиби у ҳақида шундай фикрлар билдиришганди:

Марсель Шмельцер: «Уни зарарсизлантириш учун жамоадошлар ёрдами керак. Аммо очиғини айтсам, Роббенни 90 дақиқа «ушлаб туриш»­нинг имкони йўқ».

Рикардо Родригес: «Арьеннинг тезлиги жуда юқори, айниқса, тўп билан. «Кўчиш» вақтида эса у арвоҳдан ҳам эпчил. Уни тўхтатишнинг ягона йўли - бир қарич ҳам ортда қолмаслик».

Венделл: «Бир қарашда ҳаммаси оддий - у тезликни оширади ва марказга кўчишни бошлайди. Уни тўхтатиш учун олдини кесиб чиқиш кифоядек туюлади... Аммо айни шу нарса жонга тегади: ҳаммасини биласан, тўхтатишга уринасан, ортидан қувасан ва пировардида шарманда бўласан. Мисол учун, мен алданиб қолмаслик учун у биринчи бўлиб ҳаракат қилишини кутаман. Лекин буни ўз вақтида ҳис қилишинг керак. Салгина кечикдингми, тамом...»

Энг қизиғи, Роббеннинг «кўчиши»ни 2010 йили Неймеген университети (Radboud University) ходимлари ва талабалари алоҳида илмий воқелик сифатида ўрганиб чиқишган. Бу жараёнда қатнашган Шанти Ганешнинг фикрича, Роббеннинг ҳаракатлари аслида инсон мияси имкониятларидан кўра тезроқ содир бўлар экан. қисқаси, олимларнинг тушунтириш беришича, ҳимоячи мияси дастлаб Роббеннинг ҳаракатларини «шунчаки, алдаб ўтмоқчи» тарзида қабул қилади ва шунга мослашади. Бу вақт­да Роббен машҳур юришини амалга ошириб, зарба беришга улгуради.

«Мен кўп нарсани ички туйғу ҳисобига амалга ошираман. Шунингдек, тажриба ҳам қайсидир паллаларда ёрдам беради, - дейди Роббен. - Аксарият ҳолларда ярим ҳимоячилар ва ҳимоячиларнинг жойлашишига қараб иш тутаман. Аммо «кўчиш» нега доим наф келтиришига аниқ жавоб беролмайман».

қизиғи шундаки, бу усул ҳақидаги гап-сўзлар футболчининг ўзига ҳам ёқади: «Рафиқам баъзида бу усул билан фахрланишим лозимлигини айтади, негаки, бу менинг шахсий бойлигим эмиш: югуриш, чапга силжиш ва зарба бериш. Мен турмуш ўртоғимнинг гапларига кулиб қўяман, холос. Бироқ очиғи, ундан Голландияда, Германияда, Францияда фойдаланишяпти ва менимча, услубим чакки эмас, чоғи...»

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz