Қайднома

Қидирув

Брюс яна муаммоли клубда ва...

Брюс яна муаммоли клубда ва...

  29.07.2019 10:43
  0
  447
Брюс яна муаммоли клубда ва...

«Ньюкасл» Рафа Бенитес кетганидан сўнг, ниҳоят, янги бош мураббий масаласини ҳал қилди. Эндиликда жамоани Стив Брюс бошқаради. Сўнгги ойларда «Шеффилд Уэнсдей»да ишлаган 58 ёшли мутахассис «қарғалар» билан уч йиллик шартнома имзолади.

«Ньюкасл» ва Брюснинг «никоҳи» узоққа чўзилмаса керак. Айни пайтда клуб лигадаги энг муаммоли жамоалардан биридир: трансферлар учун кам пул ажратилади, етакчилар кетиб қоляпти, клуб хўжайини Майк Эшлига натижанинг мутлақо қизиғи йўқ. Чунки у кўпдан буён «Ньюкасл»­ни сотиш истагида. Стив Брюс эса деярли шундай жамоаларни бошқарган: чегараланган бюджет, антиқа раҳбарлар ва фанатларнинг доимий босими.

Стив Брюс - инглиз футболининг ҳақиқий тимсоли. Футболчилик пайтида кучли марказий ҳимоячи бўлган, рақибларни қойилмақом тарзда ёпарди, «подкат»лардан қочмасди, яккакурашларда рақиблар билан бошма-бош курашарди. Унинг энг ёрқин дамлари «Манчестер Юнайтед»да (300дан ошиқ ўйин), Алекс Фергюсон қўл остида ўтган. Ферги Брюсни ҳимоячи сифатида жуда қадрларди. У мураббийлик фаолиятини бошлаганида маслаҳатлар бериб турган. Брюс Сэр Алексни ўзининг бош устози деб ҳисоблайди ва ундан бир умрга қарздорлигини таъкидлайди.

Брюс мураббийлик фаолиятини 37 ёшида бошлаган. Футболчиликдан мураббийликка ўша заҳотиёқ ўтиб кетган. 20 йиллик фаолиятида Стив билан адолатсизликлар жуда кўп бўлган.

* Биринчи жамоаси «Шеффилд Юнайтед»ни раҳбариятдаги можаролар ва молиялаштириш йўқлиги туфайли тарк этган. Ваҳоланки, яхши натижаларни қайд этаётган бўлган.

* «Бирмингем»да олти йил фаолият олиб борди. Брюснинг мураббийлик фаолиятидаги энг узоқ муддат. Жамоадаги дастлабки мавсумидаёқ «Бирмингем»ни АПЛга қайтарди. Бу клуб юқори дивизионда 16 йилдан буён ўйнамасди. Унинг қўл остида «Бирмингем» Премьер-лиганинг ўртамиёнасига айланганди. Орадан тўрт йил ўтиб жамоа яна Чемпионшипга тушиб кетди, аммо мураббийни лавозимида қолдиришди. Раҳбарият натижаларда Брюснинг айби йўқ деб ҳисоблади. Стив ҳам буни исботлади ва орадан бир йил ўтиб жамоани яна элитага олиб чиқди.

* «Уиган»ни аутсайдердан АПЛ ўртамиёнасига айлантирди. Иккинчи муваффақиятли мавсумдан сўнг раҳбарият маошларни жиддий тарзда қисқартиришга қарор қилди. Брюсга бу ёқмади ва жамоани тарк этди.

* «Сандерленд»нинг натижаларини яхшилади. Лекин учинчи мавсумни муваффақиятсиз бошлади. Раҳбарият эса олдинги натижаларини эсдан чиқарди ва унга чиқиш эшикларини кўрсатди.

* Брюс «Халл»ни икки марта АПЛга олиб чиқди. Жамоа Англия кубоги финалига чиқди ва Европа Лигасида дебют қилди. Ўша пайтларда раҳбариятда хаос юзага келганди. Клуб раҳбарияти жамоа номини ўзгартирди ва фанатлар билан чиқиша олмай қолди. 2015 йилда «Халл» Чемпионшипга тушиб кетди. Клубдаги даҳшатли ҳолатга қарамай Брюс қолди. Бир йилдан кейин эса жамоани АПЛга олиб чиқди. Бироқ янги мавсум олдидан Стивнинг ихтиёрида 13 нафар футболчи қолганди. Раҳбарият эса АПЛ даражасидан анча паст маблағ ажратганди. Ўша пайтда уни Англия терма жамоаси бош мураббийлиги учун суҳбатга чақиришди. Аммо бу лавозимга Эллардайс таклиф қилинди. Орадан ҳеч қанча ўтмай Брюс «Халл»ни тарк этди.

* «Астон Вилла»га Брюс келганида жамоа Чемпионшипнинг қуйи қисмида эди, клубда тартибсизликлар юзага келганди. Брюс ишларни бир маромига қўйди ва натижаларни яхшилади. Ёзда клуб трансферлардан 25 миллион фунт стерлинг ишлаганига қарамай, 2 миллион сарфлади, холос. У ҳам ижарадаги футболчилар учун. Шунга қарамай, Брюс ёмон ишламади. Бирмингем клубини Чемпионшипнинг «плей-офф»ига олиб чиқди. Аммо финал учрашувида мағлубиятга учради. Келгуси мавсумда жамоада қайта қуриш бошланди ва натижалар ёмонлашди. Раҳбарият кўп кутмади ва Брюсни ишдан олди. Стивга бу ҳайдалиш оғир ботди.

* Ўша йилнинг қишида Брюс «Шеффилд Уэнсдей»ни қабул қилиб олди. Шу ондаёқ жамоанинг натижалари яхшиланди. Улар қаторасига ўнта учрашувда мағлубиятга учрамай, турнир жадвалида бешта ўрин юқорилашди. Аммо «Шеффилд»да у ярим йил ҳам ишлай олмади. Чунки «Ньюкасл» уни ўзига чорлади.

Мураббий сифатида 900та учрашув ўтказган Брюсда негатив ҳолатлар кўп бўлган. Уларнинг иккита энг ёмони «Астон Вилла»даги фаолиятига тўғри келади. Ўтган йилнинг февраль ойи Брюс ҳаётидаги энг оғир палла бўлди: Стивнинг отаси оламдан ўтди, онаси касалхонга тушиб қолди. Шунга қарамай, у жамоани бошқаришда давом этди, футболчилар унинг учун курашдилар. Ўша пайт «Астон Вилла» бешта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Ўйинларнинг бирида жамоа­си гол урганидан сўнг Стив кўз ёшларини тўхтата олмаганди.

Яна бир нохуш воқеа 2018 йилнинг октябрида ёз берганди. «Астон Вилла»нинг «Престон»га қарши учрашуви пайтида бирмингемлик мухлислардан бири Брюсга қарата карам пўстлоғини отди. Фанатларнинг натижадан қониқмаётганларини шундан билса бўларди. Айнан ўша, дуранг билан якунланган ўйиндан сўнг Брюсни ишдан ҳайдашди.

Бу ҳолат Стивга жуда оғир ботганди. «Бу менга бўлган ҳурматсизлик. Ҳамиша охиригача ишлаганман ва тақдирга тан бермаганман. Мен бунга лойиқ эмасдим», - деганди у.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz