Қайднома

Қидирув

Барча натижалар «Шерлар» фойдасига хизмат қилди...

Барча натижалар «Шерлар» фойдасига хизмат қилди...

  30.07.2019 01:45
  0
  453
Барча натижалар «Шерлар» фойдасига хизмат қилди...

Миллий чемпионатимиз элит лигасининг иккинчи ярми сенсацион натижалар билан бошланди. Яъни якка пешқадам - «Пахтакор»нинг энг яқин икки таъқибчиси ёппасига очко йўқотди. Боз устига, «Локомотив» ҳам, «Навбаҳор» ҳам бир хил ҳисобда енгилди - 0:1. Хуллас, иккинчи давра стартида икки пешқадам очколари ўртасидаги фарқ 11тага етди. Ҳа. бу катта фарқ, айниқса, «пахтакорчилар»нинг барқарор одимлаётганларини ҳисобга олсак. Нима дердик, Coca Cola Суперлигада «олтин» масаласи тобора ойдинлашиб бормоқда...

1-КУН: КЕТМА-КЕТ СЕНСАЦИЯ...

Coca Cola Суперлига иккинчи давраси айниқса, Деян Журжевич ва «Навбаҳор» учун омадсиз бошланди. Наманганликлар ўз майдонларида, 10 мингдан кўп мухлис кўз ўнгида биринчи даврада атиги 2 марта ғалаба қозонган «Қизилқум»га ютқазиб қўйишди. Дейлик, бу жамоаларнинг 13-турдан ўрин олган ўзаро ўйинида «лочинлар» Александр Касьян қайд этган «дубль» эвазига ғалаба натижасини суришганди - 2:1. Тушунарлики, учрашувдан олдин кўпчилик «Навбаҳор»нинг муаммосиз 3 очко олишини тахмин қилганди. Аммо давралар оралиғида таркибига кўплаб янги ижрочиларни қўшиб олган «Қизилқум» барча тахминларни пучга чиқарди. Айтиш жоиз, «Навбаҳор» мураббийлар штаби олдида таркиб борасида бироз муаммо бор эди: Азим Аҳмедов ва Иван Соловьёв дисквалификация туфайли майдонга тушмадилар. Бевосита «Ҳалол ўйин!» шиори остида бошланган учрашув тафсилотларига келсак, томонлар дарҳол кескин курашга киришдилар. Илк ҳужумлардан бирида Александр Касьян дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқди, аммо унинг зарбасига аниқлик етишмади. Меҳмонлар эса қарши ҳужумда ҳисобни очишди: грузиялик ҳужумчи Мате Ватсадзе 15 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарба йўллаб, Ўткир Юсуповни доғда қолдирди ва Суперлигадаги дебютини гол билан безади. Кейинчалик наманганликлар ҳудудий устунликни ўз томонларига оғдиришди, аммо улар голга тортадиган яққол вазият яратишда қийналишди. Ҳамиджон Актамов жамоаси эса тартибли ҳимояланиш баробарида хавфли қарши ҳужумларга ўтиб турди ва якунда ижобий натижани сақлаб қолди. Шу тариқа «Навбаҳор»нинг Суперлигада 10та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз серияси узилиб қолди. «Қизилқум» эса нақ 6та ўйиндан кейин яна ғалаба завқини туйди.

«Сўғдиёна» - «Локомотив» ўйини ҳам қайсидир маънода сенсацион натижа тақдим этди. Жиззахдаги учрашувнинг ўзи анча сокин бошланди. Мисол учун, биринчи хавфлироқ ҳужум 20-дақиқада содир этилди: Игорь Йеличнинг чамаси 18 метрдан йўллаган зарбасини Милан Митрович бартараф этди. Кейинги ҳужумда эса Никола Милинкович узоқдан Жавоҳир Илёсов ҳушёрлигини синаб кўрди. Умуман, бутун ўйин давомида томонлар галма-гал ҳужумга ўтишдию, аниқлик паст бўлди. Ўйин 0:0 ҳисобида тугайдигандек кўринган бир палла - 90}1-дақиқада Шоҳруз Норхонов сукунатни бузиб, «Локо»нинг мавсум ҳисобидан 3-мағлубияти остига «имзо» чекди. Улуғбек Бақоев жамоасининг ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвали 7-қаторига кўтарилганини алоҳида айтиш керак.

«Пахтакор» - «Қизилқум» ўйини бошланишидан аввал ПФЛ томонидан июнь ойи лауреатлари - Драган Черан (энг яхши футболчи ва энг чиройли гол муаллифи) ва Шота Арвеладзе (энг яхши мураббийи) тақдирланишди. Марат Бикмаев ва Игорь Сергеев эса 100та гол уриб, Геннадий Красницкий тўпурарлар клубига киришганини билдирувчи нишон қабул қилишди. «Пахтакорчилар» шунга яраша ўйинни шиддат билан бошлашди. Улар 22-дақиқада бунинг самарасини ҳам кўришди - Одил Ҳамробеков катта тезликда меҳмонлар дарвоза томон талпиниб, тўпни Жалолиддин Машариповга оширгач, у имкониятни қўлдан чиқармади - 1:0. 40-дақиқада эса Игорь Сергеев ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан фойдаланолмади. Иккинчи бўлим «Пахтакор» ва Суперлига-2019 тўпурари Драган Черан учун омадли бошланди. У 48-дақиқада чемпионат ҳисобидан 16-голини нишонлади. Орадан кўп ўтмай, яна бир легионер - Марко Симич ҳисобни йириклаштирди (Машарипов ассистентлигида). Қўқонликлар эса тасалли голини 84-дақиқада уришди - захирадан майдонга тушган Муҳаммаданас Ҳасанов ўзини кўрсатди. Кейинроқ Игорь Сергеев ҳисобни яна йирик кўринишга келтириши ҳеч гап эмасди. Фақат унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Серияларга келсак, Шота Арвеладзе жамоасининг мағлиятсиз одими 14та, ғалабали одими эса 6та ўйинга етди. «Қўқон-1912» аксинча, Суперлигада 9та ўйиндан буён ғалаба қозонолмаяпти.

 

2-КУН: «НАСАФ» ВА «БУНЁДКОР» БАРДАМ

Термизда «Сурхон» меҳмони бўлган «Насаф» ортга ишончли ғалаба билан қайтди. Аслида учрашувни мезбонлар ҳужум билан бошлашди, «аждарлар» эса дарҳол қарши ҳамлага ўтиб, 1-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Бу вазиятда ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаевнинг олис масофадан йўллаган зарбаси самарали чиқди. Қолган 3та гол танаффусдан кейинги вақтга тўғри келди. Аввалига, 62-дақиқада «Насаф» голеадори Ҳумоюн Муртазоев жамоадоши Шароф Муҳиддинов томонидан амалга оширилган бурчак тўпидан сўнг бошини ишга солиб, чемпионатдаги голлари сонини 10тага етказиб қўйди. «Сурхон» вакиллари эса 85-дақиқадагина ҳисобни қисқартиришди. Абдувоҳид Неъматов дарвозаси олдидаги пала-партишликдан унумли фойдаланган Абдулазиз Юсупов термизликларда ўйинни қутқариб қолиш умидини уйғотди. Бироқ орадан кўп ўтмай, захирадан майдонга тушган Дониёр Нарзуллаев барчасига катта нуқта босди - 1:3. Бу «Насаф»нинг Суперлига ҳисобидан кетма-кет 3-ғалабасидир. Дарвоқе, ўйиндан сўнг термизлик мухлислар клуб раҳбариятига «Бизга бир йиллик жамоа керак эмас» қабилида норозилик билдиришди.

Иккинчи даврани «Динамо»га қарши баҳс билан бошлаган «Бунёдкор» ҳам ишончли ғалабани тантана қилди. Эътиборлиси, голларга бой ўйин (дарвозалар 6 марта ишғол этилди)да 3 нафар футболчи «дубл»га эришди. «Бунёдкор»дан Миржаҳон Мираҳмадов ва Хуршид Ғи­ё­сов 2тадан гол урган бўлсалар, меҳмонлар вакили Ихтиёр Тошпўлатов бунга икки бора жавоб қайтарди. Умуман олганда, Вадим Абрамов жамоаси ўйинида Минск йиғини самараси кўринди - ўзаро тушуниб ҳаракатланиш, комбинацион ҳужумлар. Дарвоқе, «Бунёдкор» биринчи давранинг охирги учрашувида «Динамо»ни 2:1 ҳисобида енгганида, Миржаҳон Мираҳмадов ва Хуршид Ғиёсов 1тадан гол уришганди. Яна бир диққатга сазовор томони, Ғиёсовнинг Суперлигадаги голлари 9тага етди. У «дубл»лар сони бўйича Драган Черан билан тенг кўрсаткичга эга, яъни сербиялик ҳужумчи каби 4та учрашувда қўшалоқ гол урган.

«Тошкент вилояти дербиси» муросасизлик бобида олдингиларидан қолишмади.  Дастлабки дақиқалардан ҳар икки жамоа майдонга фақат ғалаба иштиёқида тушганини намойиш этишга тушди. Тўғри, мезбонлар тўп назорати бўйича устунликка эришишди. Шунинг натижасида рақиб дарвозаси ёнида кўплаб хавфли вазиятлар яратишди. 31-дақиқа: чап қанотдан Ислом Исоқжонов бошлаб берган комбинацияни Аббос Отахонов давом эттирди. Аниқроғи, у дарвоза чизиғи устида туриб, тўпни ҳимоячилар қуршовида турган Шавкат Муллажоновга оширди. Ўз навбатида, бўйдор ҳимоячи бундан унумли фойдаланди - 1:0. Мезбонлар танаффусга қадар ҳисобдаги устунликни оширишлари ҳам мумкин эди. Фақат «Металлург» ҳимоячилари ва дарвозабон Александр Лобановнинг ишончли ҳаракатлари боис, таблодаги рақамлар ўзгармай қолди. Кутилганидек, Миржалол Қосимов шогирдлари иккинчи бўлимда вазиятни ўнглаш учун ҳужумга зўр беришди. Натижада 64-дақиқага келиб, улар бунга муваффақ ҳам бўлишди. Санъат Шихов - Акмал Шораҳмедов комбинациясига АГМК тўпурари Зафар Полвонов чиройли нуқта қўйди - 1:1. Ўртадаги 3 очко тақдирини ҳал қилган гол эса 77-дақиқада урилди: мезбонлар пенальти тепиш ҳуқуқини ишлашди ва Баҳодир Пардаев уни бехато бажарди. Шу тариқа «Металлург» турнир жадвалида АГМКдан анча «узоқлашди».

Танаффус «Андижон»га яхши таъсир қилган кўринади. Александр Хомяков жамоаси 8та ўйинга чўзилган ғалабасиз сериясига ниҳоят, барҳам берди. Аксинча, «Бухоро»нинг омадсиз юриши давом этмоқда. Тўғри, Муҳсин Муҳаммадиев шогирдлари танаффусга чиқиш олдидан айнан андижонликларни ягона гол эвазига енгишганди. Бироқ улар бунга қадар нақ 8та ўйинда ғалаба нималигини билишмади. Андижондаги ўзаро ўйинга келсак асосий воқеликлар охирги 15 дақиқага тўғри келди. Аввалига Ойбек Қиличев ҳисобни очди, кейин финал ҳуштаги янграши арафасида Фарҳод Бекмуродов якуний натижани ўрнатди - 2:0. «Андижон» шу ғалаба эвазига турнир жадвалида «Бухоро» билан ўрин алмашди.

 

«НАВБАҲОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 0:1 (0:1)

«СЎҒДИЁНА» - «ЛОКОМОТИВ» - 1:0 (0:0)

 «ПАХТАКОР» - «ҚЎҚОН-1912» - 3:1 (1:0)

 «СУРХОН» - «НАСАФ» - 1:3 (0:1)

 «БУНЁДКОР» - «ДИНАМО» - 4:2 (3:1)

 «МЕТАЛЛУРГ» - АГМК - 2:1 (1:0)

 «АНДИЖОН» - «БУХОРО» - 2:0 (0:0)

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Барқарорликни ушлаб туролмаганимиз туфайли таркибдаги кўплаб футболчиларни алмаштирдик. Мана, ўзгаришлар натижа бера бошлади. Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Таркибимизда янги футболчилар бор, баъзи муҳим ўйинчилар эса кетишди. Демакки, ўйинни ўз жойига қўйиш учун бироз вақт керак. Жозе Моуриньо жамоани тўлиқ ўрганиш учун 2 йил кераклиги ҳақида гапирганди... Деян Журжевич («Навбаҳор» бош мураббийи).

- «Сўғдиёна» ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди, биз эса ғалабани кўзлаб, ҳужумга ўтавердик. Афсуски, ўхшамади, бу биз учун катта дарс... Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Ҳа, тартибли ўйин ва қарши ҳужум тактикасига таянганимиз рост. Чунки «Локомотив»га қарши очиқ футбол намойиш этиб бўлмайди. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Яширадиган ҳеч нима йўқ - «Пахтакор»дан яна бир футболчи олишни режалаштираяпмиз, шунингдек дарвоза ва ҳужум чизиғига янги футболчилар жалб қилмоқчимиз. Виталий Ни («Қўқон-1912» мураббийи).

- «Локомотив» билан 11 очколик фарқ? Бу катта эмас. Ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш керак. Мавсумнинг иккинчи ярми энди бошланди - ҳар нарса бўлиши мумкин. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Бугунги мағлубият учун айбни ўз зиммамга оламан. Чунки таркиб ва тактика танлашда хатога йўл қўйдим. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

- Ҳисоб 4:1 кўринишини олгач, футболчилар бироз хотиржамликка берилишди. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- «Сурхон» биринчи даврада чакки кўринмади. Аммо ҳозирги ўзгаришлар жамоага қанчалик фойда беради - бу вақт ҳукмидаги масала.Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Раҳбарият барча шароитларни яратиб бермоқда. Маош ҳам тўланди. Энди шунга яраша муносиб уйин кўрсатишимиз шарт. Бахтиёр Ашурматов («Сурхон» бош мураббийи).

- Ҳалол ўйин фақат футболчилар эмас, бошқаларга ҳам тегишли. Ҳакамларнинг бугунги қарорларини ўйиндан кейин кўриб чиқишса керак. Ҳикмат Эргашев (АГМК мураббийи).

- Деярли 45 даража иссиқликда тайёрланиб, яна қандайдир тушунарсиз тестларни топширдик. Тушунаман, улар керак. Бироқ шогирдларим шу тестлар натижасида жароҳат орттирмоқдалар... Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

 

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ШОҲРУЗ НОРХОНОВ

Футболда сўнгги дақиқаларда урилган гол алоҳида қадрланиши ўз-ўзидан тушунарли. У жамоага ғалаба тортиқ этса, қадри неча чандон ошиши турган гап. Агар шу ғалаба голи пешқадам жамоалардан бири дарвозасига урилса-чи? Хуллас, Шоҳруз Норхонов 14-тур қаҳрамони бўлишга муносиб иш қилди. Зеро, у 90}1-дақиқада «Локомотив» дарвозасини ишғол этиб, «Сўғдиёна»нинг завқли ғалабасини таъминлади.

 

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 21  (ўртача: 3)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба: -

Энг сермаҳсул ўйин: «Бунёдкор» - «Динамо» (6та гол)

Томошабинлар: 35398 (ўртача: 5056...)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Навбаҳор» - «Қизилқум» (10880)

Огоҳлантириш: 22 (ўртача: 3,14...)

Четлатиш: 1 (ўртача: 0,14...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Андижон» - «Бухоро» (6та «сариқ»); «Металлург» - АГМК (4та «сариқ» } 1та «қизил»)

Пенальти: 2 (самарали)

«Дубль»: 3 (Миржаҳон Мираҳмадов, Хуршид Ғи­ёсов, «Бунёдкор»; Ихтиёр Тошпўлатов, «Динамо»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: -

 

 

1       Пахтакор                     14           12           2              0             40-10           38                    

2       Локомотив                  14           8             3              3             24-11           27                    

3       Насаф                          14           7             3              4             21-12           24                    

4       Бунёдкор                     14           7             3              4             20-16           24                    

5       Навбаҳор                     14           5             6              3             21-15           21                    

6       Сурхон                         14           6             3              5             15-18           21                    

7       СўҒдиёна                     14           6             2              6             17-20           20                    

8       Динамо                        14           4             6              4             18-20           18                    

9       Металлург                    14           4             5              5             17-15           17                    

10     ҚизилҚум                     14           3             5              6             15-28           14                    

11     АГМК                             14           3             3              8             17-23           12                    

12     Андижон                       14           2             6              6             12-19           12                    

13     Бухоро                          14           2             4              8             8-22             10                    

14    ҚўҚон-1912                   14           1             5              8             15-31           8


Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 16та (5та - пен.)

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 10та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 9та

Зафар Полвонов (АГМК) - 9та

Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 9та (6та - пен.)

Марат Бикмаев («Пахтакор») - 6та (1та - пен.)...

 

 

15-тур

30 июль (сешанба)

18:00            ҚИЗИЛҚУМ - ПАХТАКОР

19:00            ҚЎҚОН-1912 - СЎҒДИЁНА

20:00            ЛОКОМОТИВ - ДИНАМО

31 июль (чоршанба)

18:00            БУНЁДКОР - СУРХОН

19:00            АГМК - АНДИЖОН

20:00            БУХОРО - НАВБАҲОР

20:00            НАСАФ - МЕТАЛЛУРГ

Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 30 июль кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz