Қайднома

Қидирув

Ивица Олич: «ПЕНАЛЬТИНИ «ПАНЕНКА» УСУЛИДА ТЕПМАГАН МАЪҚУЛ»

Ивица Олич: «ПЕНАЛЬТИНИ «ПАНЕНКА» УСУЛИДА ТЕПМАГАН МАЪҚУЛ»

  30.07.2019 05:22
  0
  194
Ивица Олич: «ПЕНАЛЬТИНИ «ПАНЕНКА» УСУЛИДА ТЕПМАГАН МАЪҚУЛ»

Айни пайт Хорватия терма жамоаси мураббийлар штабига киритилган Ивица Олич «СЭ» наш­рига интервью берди. Суҳбат чоғида у бир йил муқаддам Россия майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини ёдга олди.

- ЖЧ-2018 ўтганига бир йил бўлди. Аввалги ёзда рўй берган воқеа­ларни тез-тез эслаб турасизми?

- Охирги икки ҳафта доимий равишда эслаяпман. Хорватия матбуотида ҳам ўтган йилги воқеалар ҳақида кўп ёзишмоқда. Куни кеча Россия ва Англияга қарши кечган ўйинларни ёдга олдим... Бир йил тезда ўтиб кетди. ЖЧ-2018даги кумуш медаль ҳамиша мен билан қолади.

- Турнирнинг сиз учун энг эсда қоларли вазиятлари қайси?

- Иккита вазият. Биринчиси, гуруҳ босқичида Аргентинани 3:0 ҳисобида мағлуб этганимиз. Айнан ўшандан кейин нимагадир эриша олишимизга ишондим. Иккинчи эпизод - Россияга қарши пенальтилар серияси. Ўша ўйиндан сўнг биз ярим финалга чиқдик ва ўзимиз учун медалларни нақд қилдик. Ўйиндан олдин қаттиқ тайёргарлик кўргандик. Ахир чемпионат мезбонига қарши ўйнардик-да. Ке-йинчалик омадимиз келиб ярим финалга, сўнгра финалга чиқдик.

- Хорватиянинг финалда ўйнашини тасаввур қилганмидингиз?

- Йўқ. Албатта, футболчиларнинг 90 фоизини яхши билардим. Чунки уларнинг кўпчилиги билан бирга ўйнаганман. Даражамиз қандайлигини ҳам биламан. Лекин бошқа терма жамоаларда ҳам савияли футболчилар борлигини унутмагандим. Шу боис ҳам финалгача етиб боришимига ишонмагандим. Ҳаттоки, Аргентинани мағлуб этганимиздан кейин ҳам чорак финалгача етиб борсак керак, деб ўйлагандим. Лекин «плей-офф» босқичида омадимиз келди.

- Златко Даличнинг айтишича, агар имкони бўлиб, ўйин қайта ўтказилса, финалдаги ҳакамни алмаштирган бўларкан...

- Финалда барчаси бизга қарши бўлди. Футболчиларимиз дастлабки 45 дақиқаликда яхши тўп сурган бўлсаларда, иккита тўп ўтказиб юбордик. Шулардан бири - автогол. Иккинчиси пенальтидан... Менимча, ўша вазиятда пенальти йўқ эди. Ҳакам видеотакрорни томоша қилгани борганида унинг ёнида эдим. У нима қилиш кераклигини охиригача англамаганди. 20 марта қайта кўриб чиқди ва «Нима қилиш керак?» деб ўйланиб қолди. Охир-оқибат пенальти белгилашга қарор қилди. Нима учун бундай қилганини билмайман. Ўша эпизодда тўп Перишичнинг қўлига тегди, лекин тўпнинг йўналиши ўзгармади. Унинг олдида футболчи сакраганди ва Иван тўпни кўрмаганди. Бундеслигада ўтган мавсумда шунга ўхшаш вазиятлар кўп бўлди. Лекин бунинг учун пенальти белгилишмади. Бу борада кўплаб ҳакамлар билан гаплашдим. Уларнинг ҳеч бири «бу - пенальти», демади.

- Шундай вазиятдан кейин VARга эҳтиёж бор деб ўйлайсизми?

- Бор. Мавсум давомида бунга амин бўлдик. Масалан, офсайд пайтидаги нотўғри қарорлар анча камайди. VAR хатоларни тўғриламоқда.

- «Плей-офф» босқичида Хорватия қаторасига икки ўйинда пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Дарвозабон Субашич ким қандай тепишини билармиди?

- У дарвозабонлар мураббийи ва маълумотларга эга бўлган таҳлилчилар билан шуғулланганди. Рақибларнинг охирги бешта пенальтини қай тарафга тепганини ўрганиб чиқишганди. Лекин пенальтилар сериясидан сўнг Субашич менга тепаётган футболчининг корпуси ва зарба берадиган оёғининг товонига эътибор қаратганини айтди. У рақибни ўқишни билади.

- Яъни, Смолов «Паненка» усулини қўллашини билганмиди?

- Ҳа-ҳа, менимча билмаган бўлса керак. Смоловни яхши тушунаман. Унинг шунчаки омади келмади. Тўп бироз йўналишини ўзгартирди. Субашичда эса уни қайтариш учун вақт етарли бўлди. Агар одатдагидек тўп марказдан борганида, Субашичга осон бўлмасди.

- Смоловнинг ўрнида бўлганингизда шундай зарба берган бўлармидингиз?

- Ҳеч қачон «Паненка» усулида зарба бермаганман. Лекин шундай қилганимда фақат марказга тепган бўлардим. «Паненка»га муносабатим шундай: гол урсангиз - ажойиб, уролмасангиз - «ўлдириб юборишади». Шу боис ҳам зарбани тўғри амалга оширган яхшироқ, деб ҳисоблайман.

- Пенальтилар серияси пайтида хорватиялик футболчилар ва мураббийларни тез-тез кўрсатиб туришди. Сиз уларнинг орасида йўқ эдингиз...

- Данияга қарши ўйиндаги сериянинг ўзиёқ мен учун қўрқинчли бўлди. Бу оғир, кучли стресс. Россия билан баҳсдаги серияни эса умуман кўра олмадим. Биринчи зарбадан ке-йиноқ кийиниш хонасига кириб кетдим. Якунланганидан кейин ҳам бироз ўтирдим ва кейин ташқарига чиқиб, биринчи учраган қўриқчидан ким ғалаба қозонганини сўрадим. У «Хорватия» деб жавоб берди. «Раҳмат» деганимча майдонга қараб югурдим.

- Россиялик дўстларингиздан қай бири сизни табриклади?

- Ўйиндан сўнг Акинфеев билан гаплашдим. Унга ўйин учун миннатдорчилик билдириб, Россияни ажо-йиб иштироки билан табрикладим. Руслар термасининг бунчалик узоққа боришини ҳеч ким ўйламаганди. Чунки турнир бошланишидан олдин жамоа ўнта ўйин ўтказиб, деярли ғалаба қозонмаганди. Лекин чемпионат давомида Черчесов жамоаси футбол ўйнай олиши, ўз ҳудудини ҳимоя қила олишини кўрсатди. Шунингдек, россиялик дўстларим СМСлар жўнатишди. Сергей Семак билан ЦСКАда бирга ўйнаганмиз ва ҳамиша гаплашиб турамиз. Турнир пайтида у билан учрашмоқчи бўлгандим. Базамиз ҳам Санкт-Петербург атрофида эди. Лекин Сергей «Зенит» билан йиғинга кетиб бўлган экан. Шу боис учраша олмадик.

- Финалдан сўнг сизларни Загребда қироллардек кутиб олишди. Ўша куни ухлай олдингизми?

- Деярли ухламадим, футболчилар ҳам. Загребга ўта чарчаган ҳолда етиб бордик. Лекин аэропортдан чиққанимизда, бизни минглаб мухлислар кутиб олишди. Кейин автобусга ўтирдик ва марказгача одамлардан тузилган йўлак орқали бордик. Одатда, аэропортдан марказгача йўл 20 дақиқа вақт олади. Лекин биз олти соат юрдик. Менимча, Хорватиянинг 80 фоиз аҳолиси кўчага чиққан экан. Бу кунни ҳеч қачон унутмайман.

- Турнирдан сўнг хорватларнинг Россияга бўлган муносабати қанчалик ўзгарди?

- Мухлислар ҳам, футболчилар ҳам Россиянинг турнирни шу даражада ташкил қилганидан ҳайрон қолишди. Ҳамма ерда бизни яхши қарши олишди. Москвада яшаганимда буни ҳис қилгандим, энди бошқа хорватлар ҳам бундай ҳузурдан баҳра олишди. Дўстларимиз билан кўчаларни айландик. Ҳамма жойда қўл кўтариб «Эй, Ивица! Ишларинг қалай? Биз сени эслаймиз!» дейишди. Одамлар унутишмаганидан ҳайрон қолдим. Ахир ЦСКАдан кетганимга ўн йилдан ошди. Умуман олганда, Россия жаҳон чемпионатини ажойиб тарзда ташкиллаштирди. Япония, Германия, Бразилиядаги турнирларга борганман. Лекин Россиядагиси менга кўпроқ маъқул келди. Боз устига, қайси шаҳарда ўйнасак, одамлар бизга мухлислик қилишди.

- Бир йилдан сўнг Вида ва Вукоевичларнинг ҳаракатларини оқлайсизми?

- Улар кимнидир хафа қилишни ўйлашмаган. Бу футболчилар Украина клубларида ўйнашган ва Россия­га қарши ҳеч қандай адоватлари йўқ. Вида ўзи рус тилида гаплашиши ва ҳеч қандай можаро чиқариш нияти бўлмаганини айтди. Улар Россия ва Украинада сиёсий можаролар оғир эканлигини ҳис қилишмаган. Бу тушунмовчилик эди.

- Далич жаҳон чемпионати ҳақида «Орзуимиздаги Россия» деб номланган китоб ёзди. Унда сиз ҳам иштирок этдингизми?

- У менга китоб ёзмоқчилигини айтди. Загребда бизни кутиб олишганидан сўнг якуний қарорга келган. Златко менга бир неча бор қўнғироқ қилиб, кўп нарсалар ҳақида сўраганди.

- Мисол учун нима ҳақида?

- Россиядан 2007 йилда кетганман. Шундан сўнг Москвада бўлмадим. Турли клублар билан Россиянинг бошқа шаҳарларига бордим. ЖЧдаги тақвимимизни кўриб хафа бўлгандим: гуруҳ босқичида Ростов, Калининград ва Нижний Новгородда ўйнарканмиз. 1|8 финални қозон ёки Нижнийда. 1|4 финал Сочи ёки Нижнийда. Ўйлаб қолдим: «Москвага бориш учун ярим финалга чиқишимиз керак». Шаҳарни яна кўришни жуда истагандим. Златко китобида шундай ёзган: «Олич Москвани жонажон ватанидек билади». Охир-оқибат ярим финалга чиқдик, кейин финалда ҳам пойтахтда ўйнадик. Мен учун Россия - омадли мамлакат. Футболчи сифатида УЕФА кубогида зафар қучдим, уч марта Россия чемпиони бўлдим. Мураббийликда эса жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритдим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz