Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродов – РПЛ юлдузи

Элдор Шомуродов – РПЛ юлдузи

  30.07.2019 11:29
  0
  592
Элдор Шомуродов – РПЛ юлдузи

- Россия Премьер-лигаси жорий мавсуми олдидан «Ростов» устози Валерий Карпин тараққиётнинг янги йўлини белгилаб олди - унинг жамоаси эндиликда ҳужумкор ўйин кўрсатиб, асосий эътиборни тўп назоратига қаратмоқда. «Ростов» ўтган йили кўпроқ ҳимояланиб (ҳаттоки, «автобус» қабилида), вақти-вақти билан тезкор қарши ҳужумларга таянганди. Бироқ юмшоқ қилиб айтганда, жамоа ўйин бобида анчагина муаммоларга дуч келди. Мана, Карпин  янги мавсумни кескин ўзгартирилган услуб билан қарши олди. Ҳар ҳолда, мураббий ўйинни аниқ узатмалар беришга қодир Еременко, Попов ва Норманн атрофида шакллантиряпти. Улардан олдинроқда эса мунтазам жой алмашиб турадиган қанот вингерлари - Байрамян ва Ионов ҳаракатланишмоқда. Энг муҳими, ҳужумнинг «ўткир учи» роли секин-аста Элдор Шомуродовга ўтди. «Арсенал» - «Ростов» ўйини (2:3)дан сўнг Россия матбуотида Карпин жамоаси ҳақида берилган алоҳида мақола шундай бошланди ва унинг давомида айнан Шомуродов эътироф этилди. 

 

Ўтган йили ўзбекистонлик ҳужумчи Сигурдарсон билан рақобатда ютқазгани боис, асосан захирадан майдонга тушган эди. Лекин Карпин ёзда Бьорнни «ўриндиқ»қа ўтқазди, исландиялик яна бир футболчи Кьяртанссон эса «Рубин»га сотилди. Бу орада Шомуродов билан 5 йиллик янги шартнома расмийлаштирилди. Қисқаси, ҳали мавсум бошланмасидан олдин Элдор асосий форвардга айланиши аниқ бўлиб улгурганди. Айтганча, у ўтган чемпионатда ўз номини атиги 3 марта таблога ёздирганди, холос. РПЛнинг янги мавсуми дои­расидаги илк 3та ўйинда эса 2та гол уришга улгурди. «Ишончим комил, голлар Элдорнинг ўзига нисбатан ишончини орттиради, у «Рубин»га қарши кечган ўйинда ҳам мен истагандек фаол бўлганди. Бу ўринда ҳужумчининг фойдасини фақат голлар билан ўлчаш ярамайди» - Валерий Карпин аввалги мавсумдаёқ Шомуродов нима учун жамоага кераклигига шаъма қилганди.

Ростдан ҳам, голлар - ўзбекистонлик футболчининг асосий устунлиги эмас, ҳозирча. У ўзининг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва ақлга таяниб иш кўриши билан «Ростов»нинг ўтган йилги кўникмаси - қарши ҳужумлардаги тезкорлик, самарадорликни таъминлаяпти. Элдор «Спар­так»ка қарши бўлган 2-тур ўйинида унчалик наф келтирмагандек туюлди, аммо ўткир ёриб киришлари ҳисобига Максименко дарвозаси олдида мунтазам хавф туғдирди. Тулада «Арсенал»га  қарши кечган якшанба кунги учрашувда эса Элдор марказий ҳужумчи учун шунчаки, «даҳшатли» ҳудудни ёпишни уддалади. Шунинг­дек, статистика ҳам Шомуродов томонида: дарвоза томон 4та зарба (Попов ва Ерёменко билан тенг кўрсаткич), 3 марта самарали алдаб ўтиш (бу ҳам жамоанинг энг яхши кўрсаткичи). Қолаверса, зарбага мосланган «пас» (Ионов ва Байрамянда бу натижа 3тадан). Ниҳоят, Ионов голига ассистентлик. Жуда нозик ва аниқ ҳаракат.

Аслида Элдор рақиб дарвозасини биринчи бўлимдаёқ ишғол қилиши мумкин эди. Лекин биринчи уринишида тўп юқорилаб кетган бўлса, иккинчисида у ўткир бурчакдан тулаликлар посбони Артур Нигматуллинни «парашют» усулида доғда қолдирмоқчи бўлдию, ижрога озгина аниқлик етишмади. Хуллас, аввалига «Ростов» ўзига муаммо яратиб, гол қўйиб юборди. Лекин учрашув охирларида Шомуродов рақиб жарима майдони яқинида қандай ҳаракатланиш кераклиги бўйича «мастер-класс» намойиш этди. Тўғри, тулаликлар ҳам иккинчи бўлимда «уйғониб», фаоллашишди. Бироқ «Ростов» ўйинни назорат қилиш эвазига рақибидан устун келди. «Арсенал» устозининг «Нефтчи»га қарши ЕЛ доирасидаги муҳим ўйин олдидан бир қатор етакчиларига дам бергани ҳам ростовликлар фойдасига ишлаганини таъкидлаш лозим. Нимаики бўлмасин, бундай ўйиндан кейин Карпин бемалол тўғри танловга келгани хусусида мақтанса, арзийди. Факт шуки, «Арсенал» билан баҳсда Элдор Шомуродов ўзининг очилмаган қирраларини, ҳали кўп ишларга қодир эканини тўлиқ намойиш этди. Агар у шу маромни ушлаб қолса, «Ростов»да узоқ қолмаслиги аниқ...

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz