Қайднома

Қидирув

Садио Мане: “Юлдуз бўлишни орзу қилмаганман”

Садио Мане: “Юлдуз бўлишни орзу қилмаганман”

  03.08.2019 09:19
  0
  264
Садио Мане: “Юлдуз бўлишни орзу қилмаганман”

«Ливерпуль» сафида Чемпионлар Лигаси ғолибига айланган Садио Мане France Football нашрига интервью берди. Суҳбат чоғида у болалиги тўғрисида ҳам гапириб ўтди.

- 17 йил олдин шундай бўлишини тахмин қилганмидингиз?

- 2002 йили 10 ёшда эдим. Ҳеч қачон жаҳон чемпионатидан ўрин олган Сенегал - Франция (1:0) учрашувини унутмайман. Ҳозиргача ўша сана эсимда қолган - 31 май. Мактабнинг охирги куни эди. Ўқитувчимиз бизни эртароқ қўйиб юборди, чунки барчамиз футбол томоша қилишимизни хоҳлаганди. Мен ҳаттоки уйга ҳам бормадим. Сумкамни укаларимдан бирига бериб, ўзим оқ-қора тасвирли телевизор қаршисига ўрнашиб олиш учун қишлоққа югурдим. Ҳозиргача ўйинни ипидан-игнасигача эслайман. Худди тушимда кўраётгандек бўламан. Умуман олганда, ўша ва Сенегал термасининг бошқа ўйинларидан (ЖЧ-2002да Сенегал чорак финалгача етиб бориб, ушбу босқичда Туркия термасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган) ажойиб таассурот олганман ва ўзимга-ўзим футболчи бўлишим шарт, деб ваъда берганман, шу буюк футболчиларнинг натижасини такрорлашни истаганман. Ўша пайтларда қишлоқдаги бошқа болалар каби ҳаётим оғир эди. Лекин орзумни амалга оширишга эришдим.

- Ваҳоланки, орзунгиз амалга ошмайдигандек туюлган...

- Бу фикрингизга қўшиламан. Боз устига, оиламизда футболни ҳеч ким ёқтирмасди. Ҳар сафар тўп кетидан югурганимда онам жаврашини қўймасди. Мана шунақа осон бўлмаган ҳаёт. Оилада ўзимни ёлғиздек ҳис қилардим. Нима учун барчалари менга қарши бўлишганини тушунмасдим. Лекин футболчи бўлмоқчи эканлигимни аниқ билардим. Фақат қандай қилиб футболчи бўламан? Оила аъзоларим менга қарши, қишлоғимдан (Бамбали, Дакардан 300 км. узоқликда жойлашган) бирорта футболчи чиқмаганди. Ҳақиқий футбол Дакарда эди. Аммо у ерга етиб олиш осон эмасди.

- Бир куни уйдан қочиб кетишга қарор қилдингиз...

- Футболсиз ҳаётимни тасаввур қила олмасдим. Баъзида футбол ўйнаш учун дарсларни қолдирардим. Шундан сўнг ўқитувчиларим уйга келиб, ота-онамга мен билан гаплашиб қўйишни тайинлашарди. Отам ва онам эса ҳеч нимани билишмасди. Чунки ҳар куни эрталаб барча дарсликларни олиб, уйдан чиқиб кетардим. Мактабга бормаганимни қаердан билишсин? Ўша пайтларда қишлоғимиздаги айрим йигитлар яхши ўйнашимни айтишган. Улар Дакарга борсам, қандайдир танишларига айтишлари, бахтимни синаб кўришим лозимлигини таъкидлашган. Ниҳоят, 2008 йили 16 ёшга тўлганимда, қишлоқдан қочиб кетишга қарор қилганман.

- қатъий қарор...

- Астойдил тайёргарлик кўрганман, лекин бир франк ҳам пулим йўқ эди. қочишдан олдин уйим яқинига спорт сумкамни яшириб қўйганман. Чунки уйдан чиқиб кетаётганимни ҳеч ким билмаслигини истаганман. Эртасига эрталаб соат олтиларда тишимни ювдимда, уйдан чиқиб кетдим. Фақатгина бир дўстим биларди, холос. Унинг ёнига келиб, Дакаргача автобус чиптаси учун пул олдим. Пойтахтда эса ўзим танимаган бир оилада яшаганман. Шу билан бирга, қатор жамоаларда шуғуллана бошладим. Бу пайтда оила аъзоларим мени ҳамма ердан қидира бошлашган. Улар қаердалигимни дўстим билишини тахмин қилишган. Лекин у сиримизни очмаган. Бироқ ҳамма уни айбдор қилавергач, ортиқ яшира олмаган. Ота-онам телефон қилиб, тезда қайтишимни сўрашган. Мен эса қайтишни истамаганман. Улар мактабни якунлаганимдан кейин қўйиб юборишларини айтишгач, қайтганман.

- Дакарга қайтишни жуда истаган бўлсангиз керак?

- Албатта. Чунки турли футбол академияларидан таклифлар олгандим. Аммо нархлари «тишлаб» оларди. Эсимда, битта академияда таҳсил олиш йилига 150 000 франк (тахминан 230 евро) туради. Бу оиламиз учун катта пул. Амаким бизнинг қанча топишимизни билгани учун «Бунинг умуман иложи йўқ. Озиқ-овқатга етмай турганда қанақа футбол?» деганди.

- Охир-оқибат қандай кетгансиз?

- (Кулади). Узоқ ҳикоя. Умуман олганда, аввалига яхши ўқиганман. Учинчи синфда энг яхши ўқувчи эдим. Биринчи семестрда баҳоим ўртача 14 балл бўлган. Энг юқори балл эса 20 эди. Лекин аста-секин ўқишим паса-йиб бораверган. Мактабни ўртача 9 балл билан 25-ўринда якунлаганман. Балки шу нарса ҳам ота-онамга ўқиш мен учун эмаслигини «тушунтирган» бўлса керак. Ниҳоят, онам ва амаким мени эшитишган. Биринчи дивизионда ўйнайдиган «Каза Спор» (Зигиншор шаҳри клуби) жамоаси кўригига бормоқчи бўлганман. Лекин товонимдан жароҳат олиб, бир ой футбол ўйнай олмаганман. Шу тариқа «Каза» варианти йўқ бўлган. Шундан сўнг Бамбалидан 25 км узоқликдаги Коджи шаҳарчаси жамоасига борганман. Ваҳоланки, жароҳатим ҳали тузалмаганди. Ана ўша ерда Сенгор исмли қарияни учратиб қолганман. Бу воқеани олдин ҳеч айтмагандим...

- қизиқ...

- Коджини яхши билардим. Негаки, у ерга ёнғоқнинг пўстлоғини ажратиш учун бориб турардик. Ана ўша қария Сенгор кўпинча бизни пойларди ва ҳайдаб юборарди. Ниҳоят, Коджига бордим. Сенгор велосипедда кетаётган экан. У мени кўриб, мен томон ўгирилди. Ҳозир менга яна бочка отиб қолса керак, деб ўйладим ва яширинишга уриндим. У эса «Садио, қўрқма. Сен билан фақат футбол ҳақида гаплашмоқчиман. Менга яхши ўйнашингни айтишди. Укамнинг Мбурда (Дакардан 80 км узоқликдаги шаҳар) жамоаси бор. Сенга ёрдам беришим мумкин», деди. Уйга қайтдим ва ойимга ҳеч нима демадим. Чунки у бу вариантга ишонмасди. Чунки бундай вазиятлар кўп бўлганди. Аввалига ваъда беришади, кейин йўқолиб қолишади. Лекин Сенгор кутилмаганда уйимизга ташриф буюрди. Онам билан гаплашиб, мени қўйиб юборишларига кўндирди ва ўқишимни давом эттиришим мумкинлигини айтди. Коджидаги жамоа ўртамиёна эди. Лекин у ерда турли мусобақалар бўларди ва машҳур клубларнинг селекционерлари боришарди. «Женерасьон Фот» (Франциянинг «Метц» клуби ҳамкори. Садио Мане 2010 йили айнан шу жамоага ўтган) кўригига бордим. Ўша жамоа боғбонининг таниши бўлган бир одамнинг тавсиясига кўра кўрикка қабул қилиндим.

- Лекин кўрикдан ўтиш керак эди...

- Ўшанда кўрикка 200 ёки 300 нафар бола ташриф буюрган. Ҳаммаси яхши бошланмаган. Ўзимни таништирганимда, менга бошқача кўз билан қарашган. Бу қанақа футболчи? Шортиклари ҳам футболчиларникига ўхшамайди, бутсалари йиртиқ. Мен эса бутсаларимни оддий ип билан тикиб олгандим. Мендан «Сен ҳақиқатан ҳам футболчи бўлмоқчимисан?» деб сўрашган. Охир-оқибат жамоага олишган. Ҳаммаси шу тарзда бошланган.

- Орадан анча вақт ўтди. Бамбалидаги болакайдан нима қолган?

- Ҳамон қайсарман ва ўз мақсадим йўлида ҳаракат қиламан. қаердан эканлигимни асло унутмайман. Ҳеч нимадан уялмайман. Ҳаётдан кўп сабоқларни олдим. Масалан, бир нарсага эришмоқчи бўлсангиз, тақдирга тан бермай ҳаракат қилсангиз, мақсадингизга эришишингиз мумкинлигини исботладим. Фақат ҳаракат қилиш керак. Олдинлари мактабга 10 километрлик йўлни босиб ўтиш учун кўпинча ухлаб қолардим. Йўлда эса бу менинг фойдамга ишлайди, деб югуриб кетардим.

- Шу боис ҳам ҳозир машғулотлар базасига биринчи келаркансизда?

- Машғулотлардан бир соат олдин келаман. Машқлардан олдин массаж оламан. Мен меҳнаткашман. Ўйлайманки, касбимиз буни тақозо этади. Бу ерда майда-чуйдаларга ўрин йўқ. Агар ўсишни истасангиз, ишлашингиз керак.

- Профессионал футболда шинам кун кечиряпсиз? Ахир бу ҳаёт сизни тарбиялаган ҳаётдан фарқ қилади.

- Тўғрисини айтсам, узоқ вақт ўзимга кела олмаганман. Умуман бошқа дунёга тушиб қолгандим. Сенегалдагига ўхшамайди, бошқача урф-одатлар... Болалигимда ҳамма нарсага аралашавермаслик, камтар бўлишга ўргатишган. Бу ерда эса ҳамма ўзи учун ҳаёт кечиради. Кейин пуллар, матбуот... Лекин бундан бошим айланиб қолмаган. Албатта, мен ҳам шу ҳаётнинг бир бўлагиман. Аммо менда кичик бир «лампочка» ёнади, холос. Ижтимоий тармоқларга берилмаганман. қишлоғимга тез-тез бориб тураман. Халқдан ажраб қолишни истамайман. Мен футболчи бўлишни истаган оддий йигитман. Юлдузликни орзу қилмаганман.

- Сизга мутлақо тескари бўлган ал Ҳожи Диуфнинг кумирингиз эканини айтгандингиз...

- У менга биринчи навбатда футболчи сифатида ёқарди. Унга ўхшашни истаганман. Ал Ҳожининг тўп билан муомала қилиши ёқарди.

- Вақт ўтказиш борасида ҳам бош­қа-бошқа инсонсизлар. Сиз қарта ўйнашни, у эса компьютер ўйинларини яхши кўради... Шундайми?

- Ҳа! PlayStation нималигини билмайдиган жаҳондаги ягона профессио­нал футболчи бўлсам керак. Ушбу ўйинни умуман ўйнамаганман, истак ҳам бўлмаган. Клубда ҳам, терма жамоада ҳам барча унга берилган. Тан оламан, ҳаттоки, «жойстик»ни ишлатишни ҳам билмайман. Уно (ўйин номи) ўйнаганим яхшироқ. Йигитлар бунинг учун устимдан кулишади.

- Ҳар куни онангизга телефон қиласизми?

- Албатта. Унга мен билан алоқага чиқиши учун лимитсиз тариф олиб берганман. Онам ҳар куни овозимни эшитиб туриши керак. Гарчи у футболчи бўлмаслигим учун анча ҳаракат қилган бўлсада, барибир, онам мен учун энг қадрли инсон. Нима учун қаршилик қилганини ҳам биламан. Чунки қишлоғимизда футбол борасида ҳеч кимнинг омади келмаганди. Оиламиз билан қишлоққа кўчиб борганимизда, бирорта қариндошимизнинг касби бўлмаган. Онам эса менинг ўқиб, бирор-бир касбни эгаллашимни истаган. Унинг учун футбол шунчаки вақтичоғлик эди. Ўйлайманки, энди у фикрини ўзгартирган (кулади).

- Лекин болалигингизда у сизга нисбатан қаттиққўл бўлган...

- Агар бирор ишни нотўғри қилсам, онам ва амаким калтаклашарди. Айниқса, дарс­ларни қолдирганимда. Баъзида дарсни қолдирганимда калтак емаслик учун бирор-бир ўртоғимни уйга бошлаб келардим. Лекин буларнинг ҳаммасини менинг тарбияли бўлишим учун қилишган. Шу боис ҳам ўзимга маҳкам бўлиб ўсдим. Бунинг учун онамдан миннатдорман.

- Ёш болакай халқ кумирига айланди. Сиздан Африка чемпионатида кўп нарса кутишмоқда (Сенегал терма жамоаси финалгача етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда Жазоирга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди)...

- Футбол халқимиз учун қандай аҳамият касб этишини яхши биламан. Бизнинг вақтимиз келди. Биздан кўп нарса кутишяпти ва уларнинг ишонч­ларини оқлашимиз керак.

- Финалда «Ливерпул»даги жамоадошингиз Муҳаммад Салоҳнинг терма жамоасига қарши ўйнашни тахмин қилганмисиз?

- Салоҳ январда, Дакарда ўтказилган Африканинг энг яхши футболчисига соврин топшириш маросимида Жазоир финалда Сенегал билан ўйнашини башорат қилганди.

- Африка чемпиони бўлиш ЕЧЛни ютишдан қадрлироқми?

- Айнан шундай. Бу кубокни ЕЧЛ бош совринига алмаштирган бўлардим. Дакарга Африка кубогини олиб бориш энг катта орзуим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz