Қайднома

Қидирув

«Сурхон»даги ҳолат сабоқ бўлсин ва Осиё футболи ҳақида

«Сурхон»даги ҳолат сабоқ бўлсин ва Осиё футболи ҳақида

  04.08.2019 10:00
  0
  642
«Сурхон»даги ҳолат сабоқ бўлсин ва Осиё футболи ҳақида

Машҳур мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»­даги «Футболиум» номли канали орқали ўзбек футболига доир фикрлари билан ўртоқлашаркан, «Сурхон» жамоасида кетма-кет мураббийлар алмашаётганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига сиз ҳам бир қулоқ тутиб кўринг-а!

«Сурхон»даги вазият латифага ўхшаб кетди. Ўтган олти ой ичида жамоани уч нафар мураббий (Мўминжонов, Микляев, Ашурматов) бошқарди. Энди тўртинчиси (Андреев) ишга киришди. У ҳам шу бир ой ичида ўз ўрнини бешинчи мураббийга бўшатиб берса керак. Бу футболимизда рекорд бўлиши турган гап. Бир тақвим йилида беш мураббий - бу ажойиб натижа. Эсимда, «Шўртан»­ни икки марта бир йилда тўрт нафардан мураббий бошқарганди. Умуман олганда, «Шўртан»га бошқа рекорд тегишли - 4 йилда 14 мураббий. «Сурхон» шу кетишда тез орада мазкур рекордни ҳам янгилайди. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Термизда ўтган йили 3 нафар мураббий - Нуралиев, Шквирин ва Мирсодиқов ишлашганди.

Умуман олганда, «Сурхон» каби жамоалар футбол ривожи учун бир дақиқа ҳам ишламайди. Агар раҳбарият ҳар икки-уч ойда мураббийни алмаштираверса, бу раҳбар клубдаги ривожланиш стратегиясидан мутлақо бехабар. «Сурхон»нинг спорт принципларига қарши ўлароқ олий дивизионга қўшиб олинишиёқ футболимизнинг антипропагандаси бўлганди. Бу ҳолат элитада ўйнаш учун яхши инфратузилма эмас, балки футбол ассоциацияси билан яқин муносабатда бўлишнинг ўзиёқ кифоя қилишини кўрсатганди. Умид қиламанки, «Сурхон»нинг ҳолати келажакда яхши сабоқ бўлади.

***

Ҳамкасбларим ўтган мавсумда «Сурхон»ни Рифат Акрамхўжаев ҳам бошқарганини ёзишибди. Демак, бир йилда тўрт мураббий. Шундай экан, термизликлар икки йилдаги мураббийлар сони бўйича рекордчига айланишди. Бундай беқарор клубни олий лигага олиб чиқиш учун қандай мотивлар бўлганини тушуниш қийин.

***

Афғонистон терма жамоаси уй учрашувларини мамлакат ҳудудида ўтказа олмайди. Шу боис ҳам ЖЧ саралаш баҳсларини ўтказиш учун бошқа мамлакатлардан стадион қидирмоқда. Олдинлари афғонлар уй ўйинларини Теҳрон ёки Душанбеда ўтказган бўлишса, энди Дохада ўйнашга қарор қилишди. Эътиборлиси, қатар терма жамоаси Аф-ғонистон билан бир гуруҳдан жой олган. Бу жамоалар дастлабки ўзаро учрашувларини 5 сентябрь куни «Ал-Садд» стадионида ўтказишади. Агар ФИФА Афғонистоннинг Дохада ўйнашига рухсат берса, қатарга қарши учрашувдан сўнг ҳеч қаерга кетишларига тўғри келмайди. Улар Дохада Бангладешни қабул қилишади. Яна бир қизиқ томони, Яманнинг уй стадиони танлашидир. Агар улар Саудия Арабистонида ўйнашса, ҳайрон бўлмасдим.

***

Сешанба куни Ироқда тўққизинчи Ғарбий Осиё чемпионати старт олди. Ушбу турнир шуниси билан қизиқки, унда Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2022 саралаш босқичидаги уч рақиби - Саудия Арабистони, Яман ва Фаластин иштирок этади. Саралаш мусобақаси бошланишига бир ойдан кўпроқ вақт қолганини ҳисобга олсак, Ғарбий Осиё чемпионати бўлажак рақибларнинг кучига баҳо бериш учун яхши имкониятдир.

Тўғри, Саудия Арабистони терма жамоаси Ироққа энг кучли таркибини юбормайди. Чунки августнинг дастлабки икки ҳафтасида Чемпионлар Лигаси 1|8 финал ўйинлари бўлиб ўтади ва унда Саудиянинг 4та клуби иштирок этади. Фаластин ҳам оптимал таркибда ташриф буюрмайди. Чунки Европа, Африка, Жанубий ва Шимолий Америкадаги клубларда ўйнаётган легионерлар кела олишмайди. Шунга қарамай, бу турнир натижаларни кузатишга арзийди.

Айтганча, биринчи Ғарбий Осиё чемпионатида меҳмон сифатида таклиф этилган қирғизистон ва қозоғистон терма жамоалари қатнашишган. Турнирда зафар қучиш бўйича рекорд расман Ғарбий Осиёга кирмайдиган Эронга тегишли. Эронликлар 8та турнирнинг 7тасида иштирок этишган. Аммо 2014 йили Марказий Осиё футбол ассоциацияси яратилгандан бошлаб Эрон Ғарбий Осиё чемпионатида иштирок этмаяпти.

Кўрфаз футбол федерациясига кирувчи мамлакатлардан фарқли ўлароқ, БАА терма жамоаси ҳеч қачон бу чемпионатда иштирок этмаган. Бу сафар ҳам БАА бўлмайди. Бундан ташқари, Уммон ва қатар мусобақада қатнашмайди. Сўнгги икки терма жамоа ноябрь-декабрь ойларида қатарда бўладиган Кўрфаз мамлакатлари чемпионатида иштирок этишади. қувайт, Ироқ ва Яман терма жамоалари иккала турнирда қатнашади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz