Қайднома

Қидирув

Ҳурмат ва нафрат ўртаси- етти қадам

Ҳурмат ва нафрат ўртаси- етти қадам

  04.08.2019 10:55
  0
  380
Ҳурмат ва нафрат ўртаси- етти қадам

Гарет Бэйл - футбол тарихидаги қимматбаҳо ўйинчилардан бири. 6 йил муқаддам «Реал» уэльслик ҳужумчини Мадридга олиб келиш учун нақд 101 млн. евро сарфлаган ва ўз тарихидаги рекорд трансферга имзо чекканди. Ҳозир Гарет 30га чиқди. «қироллик клуби» эса уни сув-текинга истаган жамоасига қўйиб юборишга тайёр. Ваҳоланки, бир йил аввал кўпчилик мухлис ва мутахассислар унинг жамоа етакчисига айланишини тахмин қилишганди. Хўш, моҳир тўпурарлар сафида юрган сермаҳсул ҳужумчи қандай қилиб ҳеч кимга кераги йўқ қувғинди мақомига тушиб қолди?

Биринчи қадам: Ёмон спорт формаси ва жамоадошлар норозилиги

Роналдунинг даврида Бэйл олдига жиддий талаблар қўйилмаганди, Криштиану етарлича гол урар, «Реал» ғалабага эришар, ҳаммаси рисоладагидек эди. Гаретнинг статистикаси ёмон бўлса нима қипти? Ахир битта жамоада икки нафар футболчи ҳар мавсумда 50тадан гол ура олмайди-ку. қолаверса, мухлислар Роналду жамоадошларидан унга ўйнашни талаб қилиши, бу эса Бэйлнинг эркин тўп суришига халал бериши ҳақида кўп гапиришарди. Бироқ португалиялик Туринга ўтиб кетганидан кейин ҳам уэльслик ҳужумчининг самарадорлиги кўтарилмади.

2018 йилнинг ноябрида Бэйл «Реал» сафида 13 марта майдонга тушиб, 4тадан гол ва ассистни амалга оширди. Умуман олганда, ёмон натижа эмас. Лекин етакчи ҳужумчи мақоми учун жуда оз.

Бу орада матбуотда жамоадошлари Бэйлдан норози эканликлари, шу боис, навбатдаги трансфер дарчасида унинг «МЮ»га кетиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уч ҳафтадан кейин футболчининг агенти Жонатан Барнетт миш-мишларга мой қуйди: «Гарет «Реал»да жуда бахтиёр, аммо келажак ҳақида фикр юритадиган бўлсак, трансфер бозорида амалга ошириш мумкин бўлмаган ишнинг ўзи йўқ. Роналду Мадрид учун катта йўқотиш бўлди, Бэйл у билан ёнма-ён тўп суришни ёқтиради. Тўғри, у топ-клубда ўйнаётганидан мамнун. Аммо Роналду «Ювентус»га ўтгач, хорижий суперюлдузларнинг «А» серияга муносабатлари ўзгарди».

Иккинчи қадам: Статистика бутунлай дабдала бўлди

Декабрь ойига қадар ҳужумчининг натижалари рисоладагидек бўлганди. Лекин кейинги 2 ой ичида самарадорлик жуда пасайиб кетди. Яъни, Бэйл қаторасига 10 учрашувни голсиз ўтказди, у ўзининг охирги голини 1 сентябрь санасида амалга оширганди. Кейинги 3 ойни «қуруқ» ўтказди, шу тариқа асосий ўйинчилар сафини тарк этди: «Эйбар»га қарши баҳсдан кейин 3-5 ой давомида бирорта учрашувда тўлиқ тўп сурмади.

Янги йилни Гарет жароҳат олиш билан бошлади: 4-25 январь оралиғида 8 учрашувни томошабин сифатида кузатди, 7 январдаги «Реал Сосьедад»га қарши беллашувда эса вазиятни янада пачава қилди. Яъни, жамоаси 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган 78-дақиқада стадионни тарк этди. Бундан журналистлар хабардор бўлишгач, клуб ва ҳужумчи жаримага тортилишди. «Реал» эса ўйин якунида ўз дарвозасидан яна битта тўп ўтказиб юборди.

Учинчи қадам: Бэйл Зидан хусусида фикр билдирди

Февралда бу ҳужумчи собиқ устози ҳақида интервью берди. Икки йилдан кейин Зиданнинг қайтиб келишидан Гарет бутунлай бехабар бўлиб, ундан хафа эканлигини очиқ-ойдин ошкор этганди. Зиддият мураббий уни ЕЧЛ финалида таркибга киритмаганлигидан бошланган, шу тариқа устоз-шогирд гаплашмай қўйишганди.

«Финал таркибига киритмаслиги хусусида Зидан менга гапирмаганди. Шундан бери мен ҳам гаплашмай қўйдим. Бунгача муносабатимиз яхши эди. Ҳа, яқин дўст эдик, дея олмайман, биз шунчаки профессионал сифатида мулоқот қилардик. Таркибдан четда қолганим мени ранжитди. Декабрда сафга қайтгач, охирги 4та ўйинда 5та гол урдим ва финалда бошланғич таркибда тушишга ҳақлиман, деб ўйлагандим», - деди Бэйл.

Тўртинчи қадам: Жамоага қўшилмайди, испан тилида гапирмайди, доимо гольф ўйнайди

Ҳаммаси Куртуанинг интервьюсидан кейин бошланди. Жамоадошлари ҳақида ҳикоя қилар экан, бельгиялик дарвозабон Гаретнинг жамоа билан кечки таомга бормаслигини, барвақт уйқуга ётишини айтганди. Шунингдек, бўш вақтларида доимо гольф ўйнагани боис «Гольф­чи» лақабини олганлигини маълум қилганди. Хуллас, Бэйлнинг жамоада ҳамма билан мулоқот қилмаслиги ойдинлашди. Марселонинг айтишича, Гарет бирорта ҳам испанча сўзни билмайдиган ягона футболчи экан.

Миш-мишлар тобора авж олиб кетди: Бэйлнинг таркибдан четда қолаётганидан жамоадошлари норози эканликлари, фанатлар эса уни ҳуштакбозлик билан кутиб олишаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайиб кетди. Футболчининг агенти эса аксинча, мухлислар Бэйлнинг оёқларини ўпишса ҳам камлик қилишини таъкидларди. Шу тариқа вазият янада таранглашди.

Бешинчи қадам: Зиданнинг «Реал»га қайтиши

Бэйлнинг «Реал»даги фаолияти мураббий алмашиши билан изига тушиб кетиши мумкин эди. Бироқ ҳаммаси аксинча бўлиб чиқди. Самарадорликнинг пасайиб кетиши, жамоадошлари билан келиша олмай қолгани, боз устига, Зидан ҳақидаги фикрлари март ойида жамоага қайтган франциялик мураббийни уэльслик ҳужумчидан иложи борича тезроқ фориғ бўлишга даъват этди. «Мадридда у кўп нарсаларга эришди. Бироқ биз ўтмиш хотиралари билан яшай олмаймиз. Ҳозир мен мураббийман ва қарорни ўзим қабул қиламан», - деди Зидан ўз лавозимига қайтганидан кейин. Шундан сўнг Гарет ҳатто «заявка»дан ҳам жой олмайдиган бўлди, мураббий трансфер мавсумини кута бошлади. Ҳужумчи эса ки-йиниш хонасида қуйидаги фикрни билдирди: «Шартномага кўра яна уч мавсум ўйнашим лозим. Агар клуб кетишимни истаса, ҳар мавсум учун 17 млн. евродан товон пули бериши керак. Акс ҳолда, ҳеч қаёққа кетмайман. Мабодо гольф ўйнашдан бошқа иш қолмаса, бунга ҳам тайёрман».

Олтинчи қадам: Бэйлнинг агенти Зиданни «шарманда» деди

Шу йилнинг май ойидан бошлаб Бэйл «Реал» сафида майдонга тушмади. Зидан уни ёздаги ўйинлар рўйхатига ҳам киритмади ва ҳужумчининг кетиши аниқ эканлигини билдирди: «Шахсан Гаретга нисбатан адоватда эмасман. Лекин қандайдир ўзгаришни амалга ошириш пайти келди. Мен қарор қабул қилишим, биз ўзгаришимиз лозим. Вазият ўзгаради, билмайман, балки 24, балки 48 соатдан кейин. Лекин ўзгариши аниқ». Мураббий бу эътирофни 21 июлда айтганди. Айни паллада агент Барнетт ОАВ орқали Зиданни танқид қилди, Бэйлга бошқа жамоалардан иш излаётганини таъкидлаб, Зиданни «шарманда» деди.

Еттинчи қадам: Бэйл «Реал»дан текинга кетиши мумкин

22 июлда маҳаллий ОАВда нима учун Бэйлнинг «Реал»ни тарк этиши қийин кечаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Гап шундаки, Европанинг бирор-бир жамоаси ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишни истамади. Якка-ю ягона харидор - Хитойнинг номи ошкор этилишини истамаган клуби. У ҳам Бэйлнинг трансферига сариқ чақа ҳам сарфламаслигини таъкидлаган, «Реал» эса бу шартни қабул қилишга тайёр.

Бунинг асосий сабаби шуки, Гарет Мадридда жуда катта маош олади. У «қироллик клуби»даги энг кўп иш ҳақи оладиган футболчи мақомида ҳар йили 32 млн. еврога яқин пул топади. Хуллас, унинг текинга кетиши ҳам «Реал» учун катта ютуқ бўлади.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz