Қайднома

Қидирув

Собит СИНДАРОВ: «Менинг ёшимдагиларга захирада ўтириш ярамайди»

Собит СИНДАРОВ: «Менинг ёшимдагиларга захирада ўтириш ярамайди»

  04.08.2019 12:34
  0
  718
Собит СИНДАРОВ: «Менинг ёшимдагиларга захирада ўтириш ярамайди»

Биринчи даврани ишончсиз руҳда, пастки ўринда якунлаган «Қўқон-1912» ҳал қилувчи босқич бошланишидан аввал таркибини бир қатор ёш футболчилар билан кучайтиришга эришди. Албатта, улардан клубни тарк этганларнинг ўрнини билинтирмаслик талаб этилиши табиий. Шундай иқтидор соҳибларидан бири, «Пахтакор» ўринбосарлар жамоасидаги ажойиб ўйинлари билан омма эътиборини қозонган Собит Синдоров биз билан суҳбатда янги жамоа муваффақияти йўлида бор кучини сарфлашини таъкидлади.

- Собит, сиз футболимиз келажаги сифатида эътироф этилаётган ёш иқтидор соҳибларидан бирисиз. Келинг, суҳбатимизни ўзингиз ҳақингиздаги маълумотдан бошласак...

- Болалигимда отам тўп сотиб олиб берган. Акам билан ўзимиздан катта болаларга қарши ўйнардик. Маҳалла чемпионатини ташкил қилганмиз. Бир куни одатдагидек кўчадан келсам, отам: «Футбол мактабига борасанми? Футболчи бўлиш ниятинг борми?» - деб қолдилар. Тўғриси, қувончим ичимга сиғмай кетди, иккиланмасдан рози бўлдим. Отам эртаси куни Навоий вилояти марказидаги футболга ихтисослашган мактабга олиб бордилар.

- «Пахтакор» академиясига қабул қилиншингиз қандай кечган?

- Адашмасам, футбол мактабида шуғулланаётганимга икки ҳафта бўлганди. Бу ерда дўстим, жамоадошим Жаҳонгир Аҳмадовнинг отаси Ҳасан ака Маҳмудов қўл остида футбол сирларини ўрганаётганимда, мени «Пахтакор»га тавсия қилди. Отам билан маслаҳатлашган ҳолда Тошкентга келдик. 2007 йили Жасур Абдураимов мени гуруҳига қабул қилди. Гапнинг очиғи, уйдан узоқда бўлиш, яқинларинг даврасида бўлмаслик оғир ботди, даставвал. Бироқ мен учун ортга йўл йўқ эди. Онам пойтахтда истиқомат қилишимга қаршилик кўрсатди, лекин якунда мени тўғри тушунди. Ота-онамдан жуда миннатдорман.

- Ҳар йили турли мусобақалар орқали жуда кўп иқтидорли ёшлар етишиб чиқади, лекин улар улғайишгани сари эътибордан четда қолишади...

- Ўзбекистон - иқтидорлар макони. Ҳар бир вилоятдан минглаб ёш футболчилар етишиб чиқади. Лекин ҳамма вазиятдан келиб чиқиб иш тутади. Кимдир ютуқлардан ҳаволаниб, юлдузлик касалига учрайди, кимнингдир оилавий шароити севимли иши билан шуғулланишига тўсқинлик қилиши мумкин.

- «Пахтакор»даги дебют учрашувингизда майдонда ким сизга далда берди?

- Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган «Персеполис»га қарши учрашувда дебют қилдим. 10-15 дақиқа ҳаяжон бўлди, буни яширишга ҳожат йўқ. Чунки бу ҳар бир футболчида учрайдиган ҳолат деб биламан. Айниқса, даражаси юқори ўйинларда. Ўнг қанотдан Сиддиқов ўрин олгач, менинг тушишим даргумон эди. Лекин у жароҳатланди ва Шота Арвеладзе Сергеев билан менга ишора қилди. Ўша вазиятда Игорь билан Сиддиқов алмаштирилса керак, деб ўйлагандим, аммо мен ўйинга қўшилдим. Майдонга тушганим заҳоти Жалолиддин Машарипов олдимга келиб кўрсатмалар берди. У хато қилишдан чўчимасликни, тўпни йўқотмасликка интилиш кераклигини тайинлади. Айнан Машарипов менга қўшимча куч берди. Асосийси, шу куни биз ғалаба қозондик.

- ОЧЛ гуруҳ босқичи сўнгги турида Шота Арвеладзе ёшларга ишонч билдирмай хато қилди, деб ўйлайсизми? Чунки шу куни захирада кўплаб иқтидорли футболчилар ўз навбатларини кутишаётганди.

- Фикримча, «Пахтакор» халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилди. Фақат айрим вазиятларда жамоамиздан омад юз ўгирди. Мураббий бизнинг ҳолатимизни яхши билади. Ким тўлиқ тайёр бўлса, ўшани таркибга киритади.

- Иккинчи даврани «қўқон-1912» клубида ўтказяпсиз. Водийга йўл олишингизга нима сабаб бўлди?

- Биринчи навбатда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун «қўқон-1912» таклифига розилик бердим. Менинг ёшимда захирада ўтириб қолиш ярашмайди. Жамоага фойдам тегиши баробарида, асосий футболчиларидан бири бўлишни хоҳлайман. «Пахтакор» ҳақида гапирадиган бўлсам, ўз олдига юксак марраларни қўядиган клуб тажрибали футболчиларга ишонч билдиради. Лекин рақобатдан асло қўрқмайман. Акс ҳолда, футбол ўйнамаган бўлардим.

- Миллий чемпионатимизнинг навбатдаги даврасига ҳозирлик қай даражада кечди?

- Айрим жамоаларга қараганда яхшироқ тайёргарлик кўрилди. Ўртоқлик ўйнларида майдонга тушдик, мураббий барча йигитларга ўзларини кўрсатиш учун имкон берди. Айниқса, янги келганларда иштиёқ кучли, улар қатори менда ҳам. Майдонга тушишни сабрсизлик билан кутдим ва ўйинларда қатнашишга ҳам улгурдим.

- Болалигингиздаги кумирингиз ким бўлган? Айнан бир футболчини ажратиб кўрсата оласизми?

- Тўғри, ҳамманинг болалигидаги севимли футболчиси бўлган. Аммо менга жамоавий ўйин ёққани боис, муайян бир ўйинчи номини айтолмайман.

- Агар тақдир тақозоси билан хорижга йўл олсангиз, қайси мураббий қўл остида тўп суришни хоҳлайсиз?

- Менга Хосеп Гвардиоланинг услуби ва тактикаси ёқади. Яъни - «тики-така». Биласиз, Англияда асосан тўпни юқоридан узатиш орқали ўйин ташкил қилинади. Гвардиола эса «Манчестер Сити»га янги услуб олиб кирди. Худди «Барселона»даги каби, тактикани шогирдлари онгига сингдирди.

Абдулазиз ИСКАДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz