Қайднома

Қидирув

«БЎЛАЖАК МЕССИ» ПАРИЖНИ ТАНЛАДИ

«БЎЛАЖАК МЕССИ» ПАРИЖНИ ТАНЛАДИ

  05.08.2019 01:43
  0
  466
«БЎЛАЖАК МЕССИ» ПАРИЖНИ ТАНЛАДИ

«Барселона» академиясининг энг иқтидорли футболчиси - 16 ёшли Хави Симонс Парижга йўл олди. Балки сиз уни ҳали танимассиз. Ёки аксинча, унинг ҳар бир қадамидан хабардорсиз. Ҳаммаси унинг «Инстаграм»даги обуначилари қаторига киришингиз ёки кирмаслигингизга боғлиқ. Тасаввур қилайлик, сиз биринчи гуруҳдансиз. Унда танишинг: Симонс - голландиялик вундеркинд. У 16 ёшда. Ўтган ҳафтага қадар «Барселона» академиясининг марказий ҳимоясида ўйнарди. «Инстаграм»да унинг 1,7 миллион обуначиси бор.

Ижтимоий тармоқлар қироли

Эндигина 16 ёшга тўлган «кадет»нинг нега бунчалик кўп обуначиси бор? Шунчаки. «Барселона» асосий таркиби эшигини қоқаётган ва жамоа билан Япония турнесига йўл олган 19 ёшли ярим ҳимоячи Рики Пучнинг 807 минг обуначиси бор. Асосий таркибга жалб этилаётган 21 ёшли хавбек Карлес Аленья 1,1 миллион кузатувчига эга. 19 ёшли Абел Руиснинг 80,5 минглик обуначисини эътиборга олсак, Симонс бир неча ёруғлик йилига олдинлаб кетган.

14 ёшли миллионер

Хавининг ижтимоий тармоқлардаги муваффақиятини тушунтириб бериш қийин. Шундай ёш футболчилар борки, уларга ёрқин ўйинлари ва эсда қоларли юзлари туфайли эътибор қаратишади. Улар болалар ўртасидаги турнирда ўзларини кўрсатишади, тенгқурларидан иқтидор борасида бир карра баландлар ва барчага тайёр юлдуз бўлиб кўринишади. Голландиялик худди шундай йигитлардандир.

«Барселона» тарбияланувчиси 2017 йилнинг март ойида, яъни 13 ёшлигида «Инстаграм»даги 100 мингинчи обуначисига эга бўлди. Июнь ойига келиб, уларнинг сони 200 мингни, сентябрда 500 минг, декабрда эса 800 минг нафарни ташкил қилди. Ниҳоят, ўтган йилнинг март ойида унинг шайдоларидан бири миллионинчи марта «обуна бўлиш» тугмасини босди. Бу рақам борган сари ўсиб бормоқда.

Райоланинг эътибори

Испанияда Симонсни «Бўлажак Месси» деб атамаган стадионнинг ўзи йўқ. Ундан тинимсиз дастхат сўрашган, бирга суратга тушишган. Нафақат тенгқурлари, балки ўша болаларнинг ота-оналари ҳам. Улар унга фақат бир гапни такрорлашарди: «Сен биринчи жамоада ўйнайсан!». Бундай вазиятда Хави ва бошқа футболчилар ақлларини йўқотмасликлари ва бор эътиборларини футболга қаратишлари учун Ла Масияда кўп ишлашди. Лекин ҳамиша унга халақит берадиган ташқи факторлар топилиб турарди. Мисол учун, 2017 йилда машҳур ва можароли агент Мино Райола Симонснинг ўйинларидан бирида пайдо бўлганди. Тез орада жаҳон футболининг таниқли импресариоси голландиялик футболчининг агентига айланди.

Парижга қочиш

Айнан Райола туфайли Ла Масияда тўққиз йил ўйнаган, тенгдошлари орасида сардорлик боғичини тақиб юрган, бу йил «Барса»нинг асосий таркибида дебют қилиши мумкин бўлган «Бўлажак Месси» бошқа йўлни танлади - яқинда Парижга йўл олди.

16 ёшга тўлган ҳар қандай футболчи билан шундай бўлиши мумкин. «Барса» Хавига биринчи профессионал шартнома таклиф қилганди. Mundo Deportivo нашрининг хабар беришича, каталонияликлар унга йилига 200 минг евро миқдорида маош таклиф қилишган. Албатта, бу суммани йил сайин ошириб бориш кўзда тутилганди. Умуман олганда, 200 минг евро бунчалик ёш футболчи учун катта ҳисобланади. Шунингдек, уни «Барселона Б»да ўйнатмоқчи бўлишди. Шубҳасиз, бошқа қатор таклифларга эга бўлган Симонснинг вакиллари ўз талабларини қўйишди. Каталонияликлар пул масаласини кўриб чиқишга тайёр эдилар. Бироқ ақл бовар қилмас сумма таклиф қилмоқчи эмасдилар. Охир-оқибат юқоридаги муҳим хабар чиқди. «Барса»нинг энг асосий иқтидори фаолиятини «ПСЖ»да давом эттирадиган бўлди. Хави парижликлар билан 2022 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолади.

Испаниядаги реакция

Бу хабар «Барса» ишқибозларини карахт аҳволга солиб қўйди. Симонснинг кўк-анорранг формада тушган суратлари тагига «Расмни ўчириб ташла. Бу футболка сен учун буюклик қилади» қабилида изоҳлар қолдиришди. «ПСЖ»даги тақдимоти акс этган суратларга эса «каламуш», «сот­қин», «пулнинг боласи» каби сўзлар ёзилди.

Бу ўтиш қандай бўлмасин, 2019 йил ёзининг энг муҳим трансфери амалга ошди. «ПСЖ» икки йил олдин Неймарни Франция пойтахтига таклиф қилгани каби, бу сафар ҳам «Барселона»нинг «бурнини ишқалади».

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz