Қайднома

Қидирув

Савоб излаган саховатпеша ёхуд олийжаноб Суботич ҳақида...

Савоб излаган саховатпеша ёхуд олийжаноб Суботич ҳақида...

  05.08.2019 03:48
  0
  419
Савоб излаган саховатпеша ёхуд олийжаноб Суботич ҳақида...

Ўз вақтида Дортмунднинг «Боруссия»сида муваффақиятли тўп сурган Невен Суботич совринлар бобида юлдузлик мақомига даъво қилмасада, энг буюк фазилат - олийжаноблик борасида барчага ибрат бўладиган ишларни амалга оширмоқда. Бунинг асосий сабаби шундаки, сербиялик ҳимоячининг болалиги анчайин мураккаб шароитларда ўтганига қарамасдан, ота-онаси унга тўғри таълим-тарбия беришди. Натижада Невен нафақат моҳир футболчи, балки ажойиб инсон бўлиб улғайди.

Босния ва Германиядаги болалик даври

Невен Суботич Босния шимолидаги Баня-Лука шаҳарчасида таваллуд топди. Азалдан бу гўша серб, хорват ҳамда боснияликлар ватани бўлиб келган, шунингдек, Усмонийлар империяси ва Австро-Венгрия даврининг таъсири ҳам сезиларли эди. 90-йилларда Югославияда юз берган ҳарбий можаролар туфайли шаҳарнинг этник таркиби кескин ўзгариб, кўпмиллатлилик барҳам топди. Тўғри, ҳарбий ҳаракатлар Баня-Лукани четлаб ўтди. Лекин шунга қарамасдан, 60000дан ортиқ хорват ва боснияликлар уни тарк этишди, уларнинг ўрнини ғарбий босниялик серблар эгаллашди. Натижада Баня-Лука фақат серблардан шаклланган моноэтник шаҳарчага айланиб, ҳозирда Босния-Герцеговина республикасининг серблар мухторияти маркази бўлиб турибди.

Уруш даврида бу ердаги завод-фабрикалар ёпилиб, тирикчилик учун пул топиш қийинлашиб қолди. Кўпчилик қатори Невенлар оиласи ҳам иш излаб, Германиянинг Шемберг шаҳарчасидан қўним топди. Профессионал футболчи бўлган катта Суботични маҳаллий «Шварценберг» ҳаваскорлар клубига қабул қилишди, база биносининг чордоғи оила аъзолари учун ётоқхона вазифасини ўтади.

Ҳар куни эрталаб Невен юқоридан яққол кўриниб турадиган футбол майдонида отасининг ўйинларини кузатиб ўтирарди. Тез орада у стадионга боришга одатланди, футболчилар Невенга тўп билан муомала қилиш сирларини ўргата бошладилар. Шу тариқа болакайда миллионлар ўйинига муҳаббат уйғонди. «Дурустроқ пул ишлаш мақсадида отам бўш пайтларида шаҳар айланиб, қўшимча иш топишга уринарди. Кимнингдир уйи ёки боғидаги юмушларга ёрдамлашарди. Чунки у рўзғор тебратишдан таш­қари юртимизда қолиб кетган қариндошларимизга ҳам моддий кўмак беришга интиларди», - дея хотирлайди Невен ўша дамларни.

7 ёшидан бошлаб кичик Суботич «Шварценберг» академиясида шуғуллана бошлади. Бироқ 90-йиллар охирида оиланинг Германияда истиқомат қилиш муддати ниҳоясига яқинлашиб, қаерда яшаш муаммоси юзага келди. Ана шу мураккаб паллада Невеннинг АқШда яшайдиган холаси уларни Солт-Лейк-Ситига таклиф этди. Шу тариқа Суботичлар уммон ортига йўл олишди.

 

Америкадаги ўсмирлик

Янги масканда ҳеч кимнинг футбол ўйнамаслиги Невеннинг таажжубига сабаб бўлди. Нима қилишини билмаган болакай теннис кортида тўп тепишдан ўзга йўл топа олмади, кейинчалик маҳаллий «Спарта Юнайтед» ва «Импакт» клубларида шуғулланди. Бироқ унинг бахтига, оила тез орада Флоридага кўчиб ўтди. Айнан шу ерда бўлажак футболчига омад кулиб боқди - у АқШ ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи ёрдамчисининг эътиборини тортди. 17 ёшлилар жамоасининг базаси шу шаҳарчада бўлиб, Мария Шараповадек теннис юлдузини тарбиялаган машҳур Ник Боллетьери академияси ҳам шу ерда жойлашганди. Невеннинг синглиси Наталия шу даргоҳда таҳсил ола бошлади.

Суботичнинг АқШдаги фаолиятини мураббий қуйидагича хотирлайди: «Сешанба куни тасодифан баланд бўйли йигитчани учратиб қолдим. У елкасидаги сумкасидан ўнтача тўпни олиб, дарвозага тепишга чоғланганди. Битта тўпни тепганидан кейин икки марта майдон бўйлаб югурар ва иккинчи зарбани амалга оширарди. Кейин яна югурар, тезликни пасайтирмасди. Шу зайлда у югура-югура 12та тўпни тепиб чиқди. Аммо чарчоқ аломати сезилмади. Билдимки, у ўта чидамли спортчи эди».

Суботичга қизиқиб қолган мураббий уни бир ҳафта давомида ҳар куни эринмай кузатди ва шундан кейин танишишга қарор қилди. Невен унга қаердан ва қандай сабабларга кўра бу ерга келганлиги ва тез орада АқШдаги муддат ҳам тамом бўлишини, шу боис отаси фуқароликка эга бўлиш илинжида эканлигини маълум қилди. Табиийки, бу маълумотни бош мураббий Жон Эллингерга етказишди ва Суботич кўрикка таклиф этилди. Барча болакайлар каби Невен ҳам олдинги чизиқда ўйнаш орзусида эди. Бироқ терма жамоада ҳужумчилар етарли бўлиб, Суботични таянч ярим ҳимоячиси ва марказий ҳимоячи позицияларида синаб кўришди.

Таажжубки, тақдир Суботичлар оиласини икки марта Невен ўз орзусини рўёбга чиқариши учун қулай шароити бор жойга йўллади. Бир куни навбатдаги машғулотга келган ҳимоячи Эллингердан тарихий янгиликни эшитди. Бош мураббий унинг терма жамоага қабул қилинганини эълон қилди. «Ўша лаҳзада қувончдан ўзимни йўқотиб қўйдим, тилим калимага келмай қолди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демаган ҳолда кийиниш хонасига югурдим ва ўша ерда бор овозим билан бўкириб юбордим», - дея хотирлайди ҳимоячи. Буни қарангки, 2 йил давомида ҳатто ҳаваскор жамоада ҳам тўп сурмаган футболчи улкан мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган ўсмирлар жамоасига лойиқ топилди.

 

Бундеслигадаги фаолият

2005 йилда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги ЖЧдан кейин Суботичнинг фаолияти гуркираб ривожланди. Голландиядаги йиғин пайтида океанорти вакиллари «Аякс» ва ПСВга қарши ўртоқлик учрашувларида куч синашишди. Маълумки, бу жамоалар германиялик мутахассисларнинг доимий эътиборида туради. Болалиги ўтган гўшага қайтиш Невеннинг азалий орзуси, десак янглишмаймиз. Ўз агенти Стив Келлидан «Майнц»нинг қизиқиши ҳақида эшитгач, ўйлаб ўтирмасдан розилик билдирди. Буни қарангки, айни ўша дамда ҳали кўпчиликка таниш бўлмаган Юрген Клопп «Майнц»га бош мураббий этиб тайинланганди. Баланд бўйли ёш мураббий ўзи каби дароз йигитчани бир кўришда ёқтириб қолди.

Натижада 17 ёшли серб Бундеслигада ўз дебютини нишонлади. Тақдир тақозоси билан Суботич илк учрашувда «Бавария»га қарши майдонга тушганди. Кейинги мавсумни эса у асосий ҳимоячи мақомида ўтказди.

Футболда ўз ўрнини топиб олган Невен бўш вақтларида Майнцдаги болалар уйига ташриф буюриб, тарбияланувчилар билан дўстлашиб олди ва уларга ёрдам бера бошлади. Улар билан 6та махсус лойиҳаларни амалга оширди. «Ота-онамнинг яхши тарбия беришгани мен учун улкан фазилат. Лекин 17 ёшда етим болалар билан танишганим бунданда кучлироқ таъсир ўтказди. Биласизми, менга ўхшаган болакайлар уйларида ота-оналари билан мулоқот қиладилар. Буларда эса бундай имконият йўқ. Боз устига, ота-онаси борлар улардан узоқроқ бўлишга интиладилар. Мен улар билан танишгач, бошқа болалардан қолишмасликларига амин бўлдим. Биргалашиб тўп сура бошлаганимизда бошқа болалар ҳам сафимизга қўшилишди ва улар ўртасида яқинлик пайдо бўлди», - дейди Невен.

Юрген Клопп Дортмунддан таклиф олгач, табиийки, сербиялик шогирдини ҳам ўзи билан олиб кетди. Асосий таркибдан жой олган Суботич икки марта «Боруссия» билан чемпионликка эришди. Айниқса, 2011 йилдаги дастлабки олтин медални Невен ўзгача шод-у хуррамлик билан нишонлади. Футбол майдонида ҳам у ўта эҳтиросли ўйинчи. Боз устига, ҳал қилувчи паллаларда «Боруссия»нинг чинакам халоскорига айланганди. Жумладан, ЕЧЛ финалида бўш дарвоза томон интилган Арьен Роббендан тўпни олиб қўйганди. Тўғри, ўша ўйинда жамоаси барибир 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Лекин Невеннинг ишончли ҳаракатини ҳам ҳеч ким инкор этмайди. Нима бўлганда ҳам, ўша йили Суботич ўз фаолиятидаги энг ёрқин мавсумини ўтказганди.

 

Жароҳатлар

ЕЧЛ доирасидаги «Наполи»га қарши беллашувда ҳакамнинг қарорига қатъий эътироз билдирган Клоппнинг қизил карточка билан жазоланиб, трибунага йўл олгани кўпчилик мухлислар хотирасидан кўтарилмаган бўлса керак. Лекин мураббий нима учун ўз жойини тарк этишга мажбур бўлганидан телеэкран қаршисидаги мухлислар бехабар бўлишлари ҳам мумкин. Ўшанда Суботич рақиб билан тўқнашувда жароҳат олган ва қонни тўхтатиш учун шифокорлар ёрдамида майдонни тарк этганди. Айни шу вақтда неаполликлар бурчак зарбасини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишган, Невен эса майдонга қайтиш учун ҳакамнинг рухсатини кутаётганди. Бироқ ҳакам «Наполи»га стандартни бажаришга изн берди. Оқибатда Невен ҳимоя чизиғига етиб келишга улгурмади, «Наполи» эса Игуаиннинг аниқ зарбаси эвазига 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. Ҳакамнинг ана шу қарори «шалпангқулоқ» совриннинг амалдаги соҳиби асабларини жунбушга келтирган ва у ўзини жиловлай олмаганди.

2013 йилнинг ноябрида Суботич «Вольфсбург»га қарши баҳсда Ивица Олич билан тўқнашувда жиддий жароҳат олди. 10 ойга чўзилган муолажалардан сўнг ҳимоячи сафга қайтган бўлсада, аввалги савиясига эриша олмади. Охир-оқибат ҳимоячи Сербия терма жамоаси таклифини рад этишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, у АқШ, Германия ва Босния термаларидан воз кечиб, доимо Сербия шарафини ҳимоя қилиш орзусида юрарди. Бироқ Невеннинг талаб даражасида тўп сура олишига кўзи етмади. Кейинчалик жароҳатлар асорати ёнига қон айланиш тизимидаги муаммолар қўшилиб, Суботич майдонга камроқ туша бошлади. Шу сабабли ҳимоячи «Кёльн»га ижарага бериб юборилди ва у билан охирги 20 йил ичида илк марта еврокубок баҳсларига йўл олди.

2018 йилнинг январида Суботич Бундеслигани тарк этиб, «Сент-Этьен»­га ўтди.

Эфиопия

Дортмундда болаларга ёрдам беришни давом эттирган Суботич ўз нигоҳини Африкага қаратди ва Эфиопияда хусусий жамғармасини ташкил этди. Сув етишмаслиги - «қора қитъа»нинг асосий муаммоси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ичишга яроқли сув илинжида кишилар жазирама иссиқ иқлимда узоқ масофани босиб ўтадилар, болалар ва аёллар доимо сув идишлари билан юришади.

Янги сув манбаларини очиш учун эса тошлоқ ерларда 50-60 метр чуқурликдаги қудуқларни кавлаш талаб этилади. Ундан аввал эса геологик қидирув ишлари орқали сув чиқадиган ҳудудларни аниқлаш, махсус техникани тайёрлаш каби бир қатор масалаларни ҳал қилиш лозим. Табиийки, буларнинг ҳаммаси сармоя талаб қилади. У эса танқислик бобида сувдан ҳам олдинроқда.

Суботич жамғармаси уч йўналиш бўйича фаолият юритмоқда: янги сув манбаларини яратиш билан биргаликда, аҳоли ўртасида гигиена борасидаги саводсизликни тугатиш, антисанитария ҳолатларига қарши курашиш ва болаларга билим бериш ишлари билан шуғулланмоқда. Кичик бир волонтёрлар гуруҳи билан бошланган ташаббусда ҳозир 7000дан ортиқ мутахассис иштирок этмоқда. Аҳоли пунктларида 99та сув манбалари очилди, яна 74таси мактаблар ҳудудида сувга бўлган эҳтиёжни қондирмоқда. Ташкилотчилар маълумотига кўра, 83000 нафар фуқаро тоза ичимлик суви билан таъминланган.

Суботич ўзининг хайрия жамғармасига сиртдан раҳбарлик қилиш билан кифояланиб қолмайди. Ҳар йили ёзда у Эфиопияга бориб, у ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини шахсан текшириб чиқади. Ўтган йили у «Боруссия»даги жамоадоши Нури Шахинни ҳам «қора қитъа»га ўзи билан олиб кетди. Хуллас, савоб излаган саховатпеша серб ўғлони амалга оширган ишларидан жуда мамнун ва уни янада ривожлантириш ниятида: «Очиқ тан олайлик, ҳар биримизнинг минглаб орзуларимиз бор, африкаликларда эса атиги 3та - таом, сув ва болалар учун келажак! Шуни унутмайликки, сайёрамизда ҳар 10 кишининг биттасида биздаги имконият мавжуд эмас» - шундай дея Суботич қаршисида турган стакандан бир қултум сув ичади.

Ҳозирда Невен Суботич футболчи сифатида эркин агент мақомида - «Сент-Этьен» билан шартномаси тугади, янги таклифдан дарак йўқ. Аммо бу унинг ишсиз қолганини анг­латмайди. Олдинда - 100-чашма!

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz