Қайднома

Қидирув

Патрис Эвра: «МЮ» - эркаклар жамоаси!»

Патрис Эвра: «МЮ» - эркаклар жамоаси!»

  06.08.2019 12:25
  0
  233
Патрис Эвра: «МЮ» - эркаклар жамоаси!»

Яқинда футболчилик фаолиятига нуқта қўйган франциялик афсонавий ҳимоячи Патрис Эвра энди исталган мавзуда бемалол суҳбатлашиб, саволларга рўй-рост жавоб бериши мумкин. Дейлик, у Autocomplete Challenge шоусидаги чиқишида «МЮ»дан кетишига айнан ким сабабчи бўлгани хусусида батафсил тўхталди.

- Мана, бутсангизни михга илдингиз. Энди нима қиласиз? Мураббийлик соҳасига йўл олишингиз мумкинми?

- Аввало, мураббийлик курси бўйича таҳсилни тамомлашим керак. Нафақага йўл олиши арафасида сэр Алекс ҳузурига боргандим. У мулоқот пайти жумладан, шундай деганди: «Шогирдларимдан 2 нафари буюк мураббий мақомига эришади». Биласизми, Ферги мени ва Райан Гиггзни назарда тутганди. Бу албатта, юксак баҳо. Бироқ устоз башоратини рўёбга чиқаришда шошилмайман. Аввалига ТВда ўз иқтидоримни намойиш этиш ниятидаман. Чунки одамларга кулги улашиш, уларни хурсанд қилишни ёқтираман. Хуллас, асосий ишга яна 1 йилдан кейин киришмоқчиман.

- Футболчилик даврингизда кузатилган энг муҳим воқеа қайси? Энг муҳими...

- Қайсидир воқеани алоҳида ажратиб кўрсатишим мушкул. ЧЛ кубоги энг нуфузли совринлардан бири, албатта. Бироқ «Юнайтед» сафидаги дебютим - «Сити»га қарши кечган баҳсни энг муҳим воқеа ўрнида биламан. Ўшанда атиги 3 кунлик машғулотлардан кейин кундузги соат 12да майдонга тушгандим. Эсимда, ўйин арафасида жамоадаги ватандошларим - Микель Сильвестр ва Луи Саанинг тамадди қилишаётганини кўриб, уларга қўшилдим. Чунки нонуштада ҳеч нарса емагандим. Бироқ бу ишим улкан хато бўлиб чиқди, бироздан сўнг ўзимни лоҳас сезиб, хонага йўл олдим. У ерда кўнглим айниб, аҳволим ёмонлашди. Майдонга тушолмаслигимни мураббийга айтишга эса ғурурим йўл қўймади. Хуллас, ўша куни фаолия-тимдаги энг ёмон ўйинни ўтказдим. Хаёлимдан ҳаттоки, бир ўй ўтди: «Монте-Карлода қуёш остида тобланиб, мазза қилиб юргандинг, энди-чи?» Танаффусда Фергюсон ҳаммамиз билан бирма-бир гаплашди. Жумладан, мени қаттиқ койиди: «Патрис, аввало, Англияда қандай тўп суришларини ўрганиб чиқ». Уйга қайтганимда, мени кутиб турган агентим бу ерга олиб келгани учун узр сўради: «Ҳа, катта хатоликка йўл қўйдик» Энг муҳими, шу қийинчилик сабоқ бўлди, кучимга куч қўшди.

- Патрис Эвра билан ёнма-ён тўп сурган энг яхши футболчи...?

- Роналду ёки Рунини эътироф этишим мумкин. Лекин қалбан Райан Гиггз ва Пол Скоулзни танлайман. Чунки айнан улар менга барқарорликни ўргатишди. Жароҳатланиб, машғулотларда қатнашолмаган кунлардан бирида уқалаш столида ётгандим. Беихтиёр кўзим оқсоқланиб келаётган Скоулз ва Гиггзга тушди. Райан сўз қотди: «Эҳ-ҳе, бугун машқлардан озод экансан-да. Мазза қилиб, дам ол!» Уларнинг танбеҳ беришмагани таъсир қилди ва яна ўйга чўмдим: «Тўхта, бу йигитлар сендан 10 ёш катта бўлишсада, машғулотга кетишди, ҳаттоки, шикастланган оёқ билан. Сен эса айиқдек чўзилиб ётибсан. Бу адолатдан эмас». Ёш авлодни танқид қилишни ҳаммамиз ўрнига қўямиз. Бироқ ибрат бўлиш масаласини унутиб қўямиз. Хайриятки, Манчестерда намуна бўлишга муносиб ўйинчилар даврасига тушганман - бу омадим чопганидан далолат.

- Ҳозирги «Юнайтед»га эҳтимол, айнан шу жиҳат етишмаётгандир...

- Кўпчилик футболчилар қандай жамоа сафига қўшилишганини тўлиқ ҳис этолмаяптилар. Улар «МЮ» шарафини ҳимоя қилиш нима эканлигини билмайдилар. Дейлик, мен клуб тарихини ўрганиш учун жуда кўп китоб ўқиганман, фильмлар томоша қилганман. Бобби Чарльтон биз билан парвозга чиққанида, унга салом берар эканман, ўйлаб қолгандим: «Наҳотки, Мюнхен фожиасининг тирик гувоҳи самолётда учишдан қўрқ-маса?!» Ҳар бир футболчи ўз жамоаси тарихини яхши билиши шарт. Шу-нингдек, кийиниш хонасида муносиб етакчи бўлиши муҳим. Бу борада мен, Роналду ва Рунига омад кулиб боққан - Невилл, Кин каби «қўрғон»лар кўмаги билан қийинчиликларни осонгина енгардик. Ван Перси «Юнайтед» таркибига қўшилганида, ҳамма билан бирма-бир саломлашиб чиққанди. У менга юзланганида, «Эркаклар жамоасига хуш келибсан!» дея қарши олдим. Ўшанда Робин кулиб қўйган, лекин ҳеч нарса демаганди. Фақат 3 ойдан кейин «ёрилди»: «Патрис, нимани назарда тутганингни энди тушундим. Жамоа аъзолари етарлича совринларни қўлга киритган бўлсаларда, тинмай шуғулланадилар. Бўшашиш йўқ асло, қойил!»

- Эвранинг фаолиятига ким кўпроқ таъсир кўрсатган?

- Эҳ-ҳе, жуда кўп мутахассислар меҳнати синггани аниқ. Аввало, «Ницца»даги устозим Сандро Сильвионини айтишим керак. Айнан унинг талаби билан чап қанот ҳимоячиси позициясига ўтгандим. Аслида ҳужумчи эдим. 2-дивизионда ўйнаган пайтимиз чап қанот ҳимоячиси жароҳатлангач, унинг ўрнини тўлдиришга мажбур бўлдим. Ўйиним рисоладагидек чиқди. Кейинги ҳафта мураббий ўйинчиларга янги либосларни улашар экан, менга энди мунтазам сўл қанотда ҳаракатланишимни айтди. Бошида кўнмадим. Лекин у ўйнашни истамайдиган футболчига форма берилмаслигини таъкидлаб, либосни қайтариб олди. Шунда ҳаттоки, дарвозада туришга ҳам розилигимни билдирдим. Хуллас, мени ҳимоячига айлантирган Сильвионидан бир умр миннатдорман. Шунингдек, Дидье Дешам ва Алекс Фергюсондан кўп нарса ўргандим. Дидье ғалабанинг муҳимлигини англатган бўлса, сэр Алекс зафарларни одатий ҳолга айлантирганди. Умуман, уни энг яхши мураббий сифатида биламан ва отам ўрнида кўраман.

- Кўпчилик шу мазмунда гапиради...

- Ҳа, бу - ҳақиқат. Сэр Алекс уйида кўп бўлганман, ҳозир ҳам алоқани узган эмасмиз. Мураббий истеъфога чиқишидан олдин ҳали «МЮ»дан кетмаслиги, яна 5 йил ишлаши ва янги жамоа шаклланиши, хусусан, Роналдуни ортга қайтаришини айтганди. Лекин унинг қарорини ҳурмат қиламан, барибир.

- Айтишларича, 6 хил тилни билар экансиз...

- Тўғри, француз, итальян, испан, португал, инглиз ва сенегалча сўзлаша оламан.

- Қизиқ, Эвра нима учун «МЮ»дан эртароқ кетганди?

- Бунга оиламнинг Манчестерда қололмаслиги сабабдир. Жуда оғир қарор. Тўғриси, «Ювентус»да совринлар ютган бўлсамда, бу мураккаб ўзгаришга кўникишда роса қийналдим. Ваҳоланки, жамоа учун ҳаётимни қурбон қилишга ҳам тайёр турардим. Агар футболчи сифатида ёрдам беролмасам, майса ўрадиган хизматчи ролига ҳам рози бўлардим. Бироқ ҳаётда илк марта оила манфаатини ўзимникидан устун қўйишимга тўғри келди. Кетишимнинг иккинчи сабабчиси - Эд Вудворд. Аслида у қолишим тарафдори эди. Лекин менга нисбатан айрим ишларини кечиролмадим. Эд 2014 йили мавсум якунланиши арафасида жамоада яна 1 йил ўйнашимни сўради. Шунда қолмоқчи эканлигим, лекин бундай қилолмаслигимни айтдим. Натижада шартнома узайтирилмади ва биз хайрлашдик. Дубайда туғилган кунимни нишонлаётганимда, агентим клуб сайтидан олинган хабарни етказди: «Патрис Эвра яна бир мавсум тўп суради». Табиийки, жаҳл устида Эдга қўнғироқ қилдим ва уни ҳақоратладим. У аввалига гўшакни илиб қўйди, такрорий қўнғироқдан кейин эса дангал гапирди: «Клуб спорт директориман. Тилингни тий, акс ҳолда, жаримага тортиласан. Муомалани билсанг, келишиб оламиз».  Бу сафар хотиржам гаплашишга уриндим, аммо асабимни жиловлай олмадим, барибир. Шу тариқа суҳбатимиз яна узилиб қолди. Эд нима учун бундай қилганини яхши тушунардим. У фахрийлардан фақат мени олиб қолмоқчи эди. Рио Фердинанд ва Неманья Видичга жавоб беришди, менга эса йўқ. Бу масалада Вудвордни тушуниш мумкин, бироқ унинг хоинлигини кечиролмадим. Ахир у кетишимга кўниб, кейин аксинча қарор чиқарди. Шунчаки, мен билан алоқага чиқиб, келишиши мумкин эди-ку. Энди ҳаммаси ортда қолди. Яқинда Эд билан учрашдим. Чунки табиатан кечирувчан инсонман.

- Демак, ўша можаро бўлмаганида, кетмасдингиз, шундайми?

- Ҳа, аммо рафиқам билан келишиб олишимга тўғри келарди. Баъзида уни Рой Кинга ўхшатаман. Турмуш ўртоғим ўта қатъиятли аёл, лекин унга ҳар доим тўғри муносабатда бўлолмадим. Аёлим «Барселона»га қарши кечган ЧЛ финали арафасида шундай деганди: «Ана, кўрдингми? Ҳақ эканман!» Мен эса унга оддий жавоб бердим: «Ювентус» билан 3 марта ЧЛ кубогини ютсам ҳам, Манчестердаги зафар қувончини ҳис этолмайман!» Туриндаги дастлабки 2 ой жуда оғир ўтди. Жамоа футболкасини кийишим билан ўзимга ўхшамай қолгандек бўлардим. Охири чидамай, агентга қўнғироқ қилиб, ортга қайтишни хоҳлаётганимни айтдим. У эса мени телбага чиқарди. Шунда «Титаник»нинг чўкишини била туриб, Лео ди Каприо бўлишга интилишимни таъкидладим.

- Вақтида «Юнайтед»да ўйнаш учун ҳаммасидан воз кечишга тайёр эканлигингизни айтгандингиз...

- Биласизми, мухлисларда алоҳида бир баннер бор: «Юнайтед» - болалар, турмуш ўртоғи». Кўпчилик буни ҳазилга йўяди. Аммо мен учун айнан шундай. Албатта, оиламга меҳрим чексиз. Бироқ уйда ҳам жамоани, навбатдаги ўйинни ўйлайман.

- Сизни яна «Олд Траффорд»да кўришга умид борми?

- Ҳозирча бунга тайёр эмасман. Қайтганимда футболчилар клуб шаъни, тарихи, «Басби кичкинтойлари» учун майдонга тушишларини истайман. Балки бироз ошириб юбораётгандирман. Бироқ муваффақиятни шундай тасаввур қиламан.

- Роналдунинг меҳмондорчилигига қандай баҳо берасиз?

- Энди ҳеч қачон уникига бормайман, гарчи ҳурматим баланд бўлса ҳам. Бир сафар машғулотдан кейин мени таклиф этди. Борсам, дастурхонда сув, салат ва товуқдан бошқа ҳеч вақо йўқ. Хўп, яхши - соғлом турмуш тарзи. Лекин ҳали ўша таомни тановул қилишга улгурмасимдан Криш мени тўп билан ишлашга чақирди. Ҳовлида шуғулландик. Кейин сув ҳавзасида чўмилдик, саунага ўтдик. Якунда сабрим чидамади: «Ҳой, ҳозиргина машғулотдан қайтганимизни унутмадингми? Мени меҳмонга чақиргандинг, амалда тер тўкишга мажбур қиляпсан. Энди ҳеч қачон чақирма, келмайман, барибир». Роналду айнан тинимсиз равишда шуғулланиш эвазига дунёнинг энг яхши футболчиси мақомига эришди. У ва Фердинанд ўртасидаги воқеани эшитганмисиз? Бир куни Рио стол теннисида Роналду билан куч синашиб, ғолиб чиқибди. Кришти  ўша куниёқ уйига стол тенниси ўрнатиб, шуғуллана бошлабди. 2 ҳафтадан кейин Риони такрорий ўйинга таклиф этиб, мағлубият аламини олибди. Ҳа, Роналду ҳеч қачон таслим бўлмайдиганлар сирасидан.

Давоми бор. Ушбу суҳбатни тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасиинг бугунги 6 август кунги сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz