Қайднома

Қидирув

АЖАБТОВУР ИСТИСНО

АЖАБТОВУР ИСТИСНО

  07.08.2019 03:43
  0
  415
АЖАБТОВУР ИСТИСНО

Британия матбуотининг маълумотига кўра, охирги 3 мавсум давомида ўтказилган наркотик моддалар ва допинг­га қарши назорат текширувларида 11 нафар АПЛ иштирокчисида ижобий натижалар аниқланган. Бироқ улар дисквалификация жазосидан омон қолишган. Бунинг сабаби нимада?

Нималар аниқланди?

Маълумотга кўра, футболчилардан олинган 16та допинг намуналарида кўкнор, амфетамин, риталин ва триамцинолон мавжудлиги аниқланган. Тестларнинг 8таси ўтган мавсумда, 6таси 2017|2018, яна 2таси 2016|2017 йиллар мавсумида ўтказилган. Футболчилар номлари ошкор этилмаган.

 

Булар қандай воситалар?

Триамцинолон - яллиғланиш ва аллергияга қарши курашадиган иммунодепрессив восита. Метаболизмнинг барча кўринишларини мувофиқлаштириб, организмдан глюкозанинг чиқиб кетишини камайтиради, жигардаги сув, натрий ионлари ва гликоген миқдорини оширади.

Реталин ёки метилфенидат - марказий асаб тизими фаолиятини ошириш ва ҳушёрлик танқислиги хасталигига қарши қўлланилади.

Кўкнор - кучли оғриқлардан халос этувчи ва чидамлиликни оширувчи восита.

Амфетамин - марказий асаб тизимига рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади. Асосий вазифаси - ҳушёрлик ва чидамлиликни ошириш. Бокс, сумо ва кураш спорт турларида кенг тарқалган.

 

Нима учун футболчилар жазоланишмади?

Тестлар Британиянинг допингга қарши кураш агентлиги томонидан текшириб чиқилган, бироқ АФА можарони бартараф этиб, қоидабузарларнинг дисквалификация билан жазоланишларига йўл қўймади. Айрим футболчиларга тиббий кўрик хулосаларига кўра тақиқланган препаратлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Нашрнинг бу борадаги саволига агентлик уч нафар шифокорнинг текширув ўтказганлиги ва футболчиларнинг саломатлигини сақлаб қолиш мақсадида тиббий истисно тариқасида мазкур воситалардан фойдаланишга рухсат берилганлигини маълум қилди.

 

Тиббий истисно нима?

Соддароқ айтганда, ошкора допинг. Бу атама ортида аслида тақиқланган, лекин спортчининг хасталикдан фориғ бўлишини таъминлаш мақсадида рухсат этиладиган препаратлар тушунилади. Тўғри, тиббий истиснога эришиш осон эмас: биринчидан, шу восита бўлмаса спортчининг саломатлигига путур етишини, иккинчидан, айнан шу восита хасталикдан халос этишини ва рағбатлантирувчи восита эмаслигини, учинчидан, бу препарат ўрнини боса оладиган бошқа восита мавжуд эмаслигини исботлаш талаб этилади. Бу юмушларни допингга қарши кураш агентлиги лабораториясидаги камида 3 кишидан иборат комиссия амалга оширади. Тиббий истисно миллий допингга қарши кураш муассасалари ёки тегишли спорт федерациялари томонидан берилади. Допинг-назорат тестларида ижобий натижа қайд этган спортчига тиббий истисно бериш мумкин эмас.

Допинг соҳаси эксперти профессор Иван Уоддингтоннинг айтишича, тиббий истисно тизими яратилганидан бери қинғирликдан холи бўлган эмас: «Агар мен футболчи бўлиб, допинг-назоратдан ўта олмасам, шифокор менга барча керакли ҳужжатларни берган бўларди. Ўйлашимча, антидопинг сиёсатидан яхши хабардор бўлган киши тиббий истисно тизими ўта заиф эканлиги ва мунтазам равишда суиистеъмолчиликка йўл қўйилишини эътироф этиши мумкин».

 

Бу ёҒи нима бўлади?

АФА мазкур материалга ўз муносабатини билдиришга улгурди: «Допингга қарши кураш агентлиги билан ҳамкорликка ФА ўта жиддийлик билан эътибор қаратмоқда ва спорт оламидаги кенг қамровли дастурлардан бирини амалга оширмоқда. Дас­тур барча профессионал клублар, аёллар Суперлигаси ва Чемпионшипи, шунингдек, эркаклар, аёллар ва ўсмирлар терма жамоаларини қамраб олган.

2015|2016, 2018|2019 йиллар мавсуми оралиғида АПЛда 16та тест қониқарсиз натижаларни берди. Бироқ бу намуналар допингга қарши кураш қоидалари бузилганлигини англатмайди. Ҳар қайси ҳолатда футболчи тиббий истисно ҳужжати ёки тақиқланган модда унинг организмида рухсат этилган препаратлар орқали пайдо бўлганлигини исботлайдиган ҳужжатларга эга».

Инглиз футболи халқаро допингга қарши кураш муассасаси томонидан қандайдир текширувлар, чекловлар эълон қилинишини кутяптими, тахмин қилиш осон эмас. Тажрибадан маълумки, бунга ўхшаган муаммолардан очиқчасига кўз юмадилар. Агар у россиялик спортчиларга тааллуқли бўлмаса, албатта!

А.Ҳамидов


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz