Қайднома

Қидирув

У ҳали мактаб ўқитувчиси

У ҳали мактаб ўқитувчиси

  08.08.2019 03:22
  0
  652
У ҳали мактаб ўқитувчиси

Мактаб ўқитувчиси «Ливерпул»да ўз дебютини нишонлади. У Англия футболида майдонга тушган энг ёш ўйинчидир. Бошқа турнирлардаги ҳолат қандай? «Ливерпуль» раҳбарияти 28 июль куни Англия Премьер-лигаси тарихида майдон юзини кўрган энг ёш футболчи билан шартнома тузди. У шу куниёқ янги клуби сафида дебют қилди («Наполи»га қарши кечган баҳсда). Гап ўтган мавсум «Фулхэм» сафида 16 ёшу 30 кунлигида майдонга тушган ярим ҳимоячи Харви Эллиотт(суратда) ҳақида кетмоқда. Дарвоқе, АПЛнинг аввалги рекордчиси ҳам «Фулхэм» бағридан чиққанди - ҳимоячи Мэттью Бриггс Англия чемпионати элит лигасидаги илк ўйинини 16 ёшу 68 кунлигида қарши олган. Тўғри, у шундан кейин асосан қуйи дивизионларда ўйнади. Бриггс айни пайт 28 ёшда ва «Мэлдон энд Типтри» ҳаваскорлар клубида ўйнаш билан параллель равишда Гайана термаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Янги рекордчи Эллиотт фаолияти эса энди бошланмоқда. Ёш йигитчанинг профессионал спортда нималар кутаётгани вақт ҳукмидаги масала, албатта. Ҳозирча Эллиотт баҳона турли чемпионатлар ва турнирларда эрта дебют бобида рекорд ўрнатган футболчилар билан танишиб чиққанимиз маъқул. Қизиқ, рекордчилар кейинчалик ҳам ўзларини кўрсата олишдими? Улар ҳозир қаерда? Қуйида championat.com маълумотлари асосида шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

 

Россия чемпионати -

Алексей РЕБКО

Клуби - «Спартак»

Дебют вақтида: 16 ёшу 78 кунлик

Россия футболининг янги тарихида чемпионат олий дивизионида майдонга тушган энг ёш футболчи мақоми ҳамон ярим ҳимоячи Алексей Ребкога тегишли. 33 ёшга тўлган рекордчи бундан 1 ойча муқаддам фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Ребко футболдаги бутун йўли давомида турли жароҳатлардан кўп азият чекди ва шу туфайли ҳам ўзининг бор потенциалини тўлиқ намойиш этолмади. «Спартак» сафидаги дебютини 2002 йили Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига қарши баҳсда нишонлаган ярим ҳимоячи мавсум-2007га қадар москваликлар ихтиёрида бўлди. У кейинчалик «Рубин», «Москва», «Динамо» (Москва), «Ростов», «Томь», «Амкар», «Луч-Энергия», «Арарат» (Москва) ва «Ротор» жамоаларида ўйнади. Ребко орада Россия миллий жамоасининг 3та ўйинида ҳам қатнашди. Аниқроғи, Лихтенштейн, Уэльс ва Озарбайжон термалари билан учрашувларда майдонга тушди. Бироқ кўпчилик кутган даражага чиқолмади, барибир. Эҳтимолки, унинг ўзи ҳам футболда ёрқинроқ из қолдиришни ўйлагандир, аммо...

 

Германия чемпионати -

Нури ШАХИН

Клуби: «Боруссия» Д.

Дебют вақтида: 16 ёшу 334 кунлик

Туркиялик ярим ҳимоячи Дортмунд «Боруссия»си иштирокидаги расмий ўйинда илк марта 2005 йилнинг августида кўриниш берди. Нури «Вольфсбург»га қарши кечган ўша баҳс вақти ҳали 17 ёшга ҳам тўлган эмасди. Шахин кейинчалик «Боруссия» билан барча ички турнирларда ғалаба нашидасини сурди, жамоа етакчиларидан бири сифатида гавдаланди ва «Реал» эътиборини тортиб, Мадридга ошиқди. Балки айнан Испания чемпионатига йўл олиш қарори унинг фаолиятини издан чиқаргандир... Ҳар ҳолда, Шахин мадридликлар сафида барча турнирлар ҳисобидан атиги 10 марта майдонга тушди. Турк йигити шу омадсизликдан кейин Англияда «Ливерпуль» ва Голландияда «Фейеноорд» шарафини ҳимоя қилди. 2014 йили эса Германияга қайтиб, яна «Боруссия» либосини кийди, аммо аввалги ҳолатини тиклай олгани йўқ. Қолаверса, Нури аввалги мавсум «Вердер» билан шартнома тузди.

Испания чемпионати -

САНСОН

Клуби: «Сельта»

Дебют вақтида: 15 ёшу 254 кунлик

Россия ва Германия чемпионатининг бу борадаги рекорди янги асрда қайд этилган бўлса, Испания биринчилигида 80 йилдан буён юқори кўрсаткични ўзгартирадиган ёш футболчи топилмаяпти. Хуллас, Испания футболи рекорди XX асрнинг биринчи ярми ўрталарида ҳимоячи  Сансон томонидан ўрнатилганди. Аниқроқ айтсак, унинг «Сельта»даги дебюти 1939 йилнинг 31 декабрь куни «Севилья»га қарши кечган баҳсда кузатилган. Умуман, фаолияти давомида «Спортинг» (Хихон), «Реал Овьедо» ва «Херес» жамоаларида ҳам ўйнаган марҳум ҳимоячи фаолиятига 1956 йили нуқта қўйганди. Сансон 2012 йили 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

 

Италия чемпионати - Амедео АМАДЕИ ва Пьетро ПЕЛЛЕГРИ

Клублари: «Рома» ва «Женоа» (тегишлича)

Дебют вақтида: 15 ёшу 280 кунлик

Ҳа, Италия биринчилиги бу масалада 2 нафар рекордчига эга. Диққатга сазовор томони, Амедео Амадеи ва Пьетро Пеллегри рекорди ўртасида нақ 79 йилга тенг танаффус бор. Биринчиси «Рома»даги дебютини узоқ 1937 йили нишонлаган бўлса, иккинчиси яқиндагина (2016 йили) «Женоа» таркибига кириб, энг юқори кўрсаткични такрорлади. Яна бир томони, ҳар икки рекордчи марказий ҳужумчидир. Амадеи ўз вақтида «А» серия ва Италия кубогида жами 443та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 184 гол ёзиб қўйганди. У шунинг баробарида Италия миллий жамоасининг 13та ўйинида қатнашиб, 7та гол урган. Амадеи фаолияти давомида «Рома»дан ташқари, «Аталанта», «Интер» ва «Наполи» клублари сафида ҳам тўп сурган ва 1942 йили биринчи ва охирги марта Италия чемпиони бўлган. У 92 ёшида ҳаёт билан видолашди. Пеллегри эса ўтмишдошидан ҳали анча орқада. У «Женоа»даги фаолияти давомида 10та ўйинда иштирок этиб, 3тагина гол урди ва 2018 йили «Монако» сафига қўшилди. Италиялик ҳужумчи ҳозирча Франция клубининг атиги 6та учрашувида майдонга тушди (1та гол).

 

Франция чемпионати -

Альберт РАФЕТРАНИАНА

Клуби: «Ницца»

Дебют вақтида: 16 ёшу 27 кунлик

Яқинда Мадагаскар миллий жамоаси либосини эгнига олган Альберт Рафетраниана ҳали катта натижаларга эришмаган бўлсада, ўз мамлакатининг фахри ҳисобланади. Ахир у Франция чемпионати олий дивизиони рекордчиси-да. Таянч ярим ҳимоячиси 2012 йили, яъни эндигина 16 ёшдан ҳатлаб ўтган вақти «Ницца» таркибидан жой олиб, Лига 1 доирасида «Реймс»га қарши кечган учрашувда кўриниш берди. Ҳа, унинг клуби ўша ўйинда  мағлубиятга учради (1:3), лекин факт шуки, Рафетраниана ҳамон Франция чемпионатида ўйнаган энг ёш футболчи бўлиб турибди.

 

Европа чемпионати - Йетро

ВИЛЛЕМС

Жамоаси: Голландия термаси

Дебют вақтида: 17 ёшу 71 кунлик

ПСВнинг чап қанот ҳимоячиси Евро- 2012даги иштирок туфайли нафақат Голландия, балки бутун қитъа футболи тарихига кирди. Эътиборлиси, чемпионат старти арафасида 17 ёшга тўлган Йетро гуруҳ босқичи доирасидаги 3та ўйинда ҳам қатнашди. Бироқ голландлар бирор очко ололмадилар: Дания - 0:1, Германия - 1:2 ва Португалия - 1:2. Виллемс кейинчалик клуб миқёсида Голландия футболида мавжуд барча совринларга эришди ва 2017 йили Германия Бундеслигасига юз бурди. У ҳозирга қадар «Айнтрахт» (Франкфурт) клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

 

Жаҳон чемпионати - Норман УАЙТСАЙД

Жамоаси: Шимолий Ирландия термаси

Дебют вақтида: 17 ёшу 40 кунлик

Бразилиялик Пеле узоқ вақт жаҳон чемпионатининг бу йўналишдаги рекордчиси бўлиб юрди. Футбол қироли 1958 йилги мундиалда 17 ёш 6 ой 15 кунлигида майдонга тушганди. Ушбу натижа 1982 йилгача рекорд сифатида қолди. Хуллас, Шимолий Ирландия терма жамоаси вакили ЖЧ-82да айнан Пелени «тахтдан туширди». Норман Уайтсайд - ҳужумкор ярим ҳимоячи. Дарвоқе, у ўша турнирда жамоасининг барча 5та ўйинида ҳам майдонга тушган бўлсада, бирор самарали ҳаракатни амалга оширолмаганди. Уайтсайднинг клуб миқёсидаги фаолиятига келсак, у 19 йил давомида «МЮ» ва «Эвертон» учун баҳоли қудрат тўп сурди.

 

Европа ЧЛ - Селестин БАБАЯРО

Клуби: «Андерлехт»

Дебют вақтида: 16 ёш 88 кунлик

Нигериялик ҳимоячи Европадаги фаолиятини 1994 йили бошлади. Нотаниш йигитча ўшанда Бельгия чемпиони - «Андерлехт» билан шартнома тузганди. Бабаяро илк мавсумдаёқ ЧЛ доирасида Руминиянинг «Стяуа»сига қарши кечган баҳсда майдонга тушди. Шу тариқа нигериялик футболчи нуфузли турнир тарихига кирди. Селестин кейинчалик «Челси», «Ньюкасл» ва «Лос-Анжелес Гэлэкси» клубларида тўп сурди, 1996 йили эса Нигерия терма жамоаси сафида Олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz