Қайднома

Қидирув

Серб ўрнига "янги" серб олинди-я...

Серб ўрнига "янги" серб олинди-я...

  09.08.2019 03:02
  0
  514
Серб ўрнига

«Айнтрахт»нинг сербиялик янги кашфиётини мауро икардига қиёслашмоқда, бироқ аргентиналик ҳужумчи рубик кубигини у каби 39 сонияда теролмаса керак. «Айнтрахт» ҳужумчиларини 100 миллионга пуллади ва 4 «лимон»га яна бир ёш сербни харид қилди. Шубҳасиз, Франкфурт клуби ўтган мавсум барчани бирдек ажаблантирди. «Бавария» ва «Боруссия» Д. каби «наҳанг»лар бир четда қолиб, айнан «Айнтрахт» Германиянинг еврокубоклар ярим финалига чиққан ягона вакили бўлгани кўп нарсани англатади. Агар жамоа футболчиларига бироз тажрибасизлик панд бермаганида ва улар пенальтилар сериясида совуққонроқ ҳаракатланишганида, Европа Лигаси финалида «Челси» эмас, «Айнтрахт» ўйнарди. Асосий факт шуки, клуб ёрқин мавсум таъсирида икки етакчи ҳужумчисини 100 миллион еврога сотди. Германияликлар жумладан, «Реал»га йўл олган Лука Йович ўрнига атиги 4 миллион сарфлаб, сербиялик яна бир ёш ҳужумчини жалб этишди. Қуйида ана шу йигитча ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Ўтган мавсум «Айнтрахт»нинг асосан 4 нафар футболчиси алоҳида ажралиб турди. Булар - Анте Ребич, Филип Костич, Лука Йович ва Себастьян Аллер. Мана, шу йигитлардан охирги иккиси жамоа билан хайрлашишга улгурди. Аллер трансфери учун «Вест Хэм»дан 40 миллион евро олинди, «Реал» эса Йовични ўз сафида кўриш ишқида «Айнтрахт»га 60 «лимон» тўлашга рози бўлди. Жамоа устози Ади Хюттер одатда олдинда икки ҳужумчига асосланган тактикадан фойдаланишни ёқтиради. Аслида у «Айнтрахт»даги фаолиятини 4-2-3-1 ва 4-1-4-1 тактик чизмалари билан бошлаганди. Аммо дастлабки 5та ўйиндан 3таси бой берилгач, мураббий ўз фикрини ўзгартириб, 3-4-1-2 тактикасига ўтди ва бунда Аллер|Йович жуфтлиги мавсум давомида нақ 40та гол урди.

Кўринишидан, Хюттер янги мавсумда ҳам севимли тактикасидан воз кечмайди, гарчи ҳар икки кашфиёт ҳужумчисидан айрилган бўлсада. Қарангки, «Айнтрахт» аввалги евромавсумни Германия клублари орасида энг кеч якунладию, янгисини ҳаммадан эртароқ бошлади. Аниқроқ айтсак, франкфуртликлар курашни Европа Лигаси саралаши иккинчи раундидан бошлаб, аввалига Эстонияда «Флора» клуби меҳмони бўлишди. 25 июль кунги ўша баҳс Германия Бундеслигаси вакилининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бу учрашувда «Айнтрахт» ҳужумида Гонсалу Пасьенсия ва Анте Ребич ҳаракатланишди. Лекин ғалабага энг катта ҳиссани «Айнтрахт»нинг янги вакили - Деян Йовелич қўшганини алоҳида таъкидлаш лозим. Энди клубнинг янги ҳужумчиси ҳақида баъзи маълумотларни келтирсак бўлади. 

***  Немислар Деянни «Црвена Звезда»дан сотиб олишди. Йовелич янги клубдаги илк ўйинидаёқ муҳим гол урди.

***  Деянни «Реал» аъзосига айланган Лука Йович билан таққосламасликнинг иложи йўқ. Чунончи, истеъдодли футболчилар ёши ўртасидаги фарқ атиги 2 йил (албатта, Йовелич кичикроқ). Иккинчидан, Деян ва Лука деярли қўшни шаҳарларда туғилишган - биринчиси Биелин, иккинчиси эса Батарда.

***  Йовелич «Црвена Звезда» тарбияланувчиси бўлиб, уни илк марта жамоанинг асосий таркибига машҳур Миодраг Божович киритмоқчи бўлган. Йигитчанинг ўзи ҳам дебютга астойдил тайёргарлик кўрган, аммо тақдир тақозосига кўра, шифокорлар айни шу паллада футболчида мононуклеоз (ёқимсиз инфекцион хасталик) белгиларини аниқлашди. Қизиғи, бу хасталикдан кўпинча бошқа спорт вакиллари - биатлончилар жабр чекишади. «Ишлар шундай тус олганидан афсусдаман, аммо янада кучлироқ бўлиб қайтаман», - деганди ёш футболчи. Аммо Деянга бутунлай соғайиш учун бутун бир йил керак бўлди.

***  Йовелич таркибга қайтгач, «Звезда»да муҳим ўйинчилар қаторига кирди ва 28та ўйинда 14та гол урди. Якунда серблар уни сотишни пайсалга солишмади - «Айнтрахт»нинг 4 миллион евролик таклифи қабул қилинди. Табиийки, бундан «Црвена Звезда» мухлислари жуда дарғазаб бўлишди. Зеро, уларнинг фикрларига кўра, ҳужумчи аслида анча кўпроққа «тортарди».

***  Деян 2017 йили ёш иқтидорлар бош соврини - Golden Boy даъвогарлари рўйхатига киритилганди. Аммо ўшанда Килиан Мбаппе бош лауреат сифатида тан олинганди.

***  Йовелични ўйин услуби бўйича фақат Йович эмас, яна Мауро Икардига ҳам ўхшатишади.

***  Деяннинг хоббилари футболчига унча тўғри келмайди - шахмат ва Рубик кубиги. «Ҳа, шахмат ўйинига меҳрим баланд. Ашаддий рақибим - бобом. Ақлни чархлайдиган ўйинлар турли вазиятларда тўғри йўл танлашни ўргатади. Рубик кубигига келсак, болалигимда шамоллаб, анча даволанишимга тўғри келганида, жуда зериккандим. Бир куни телевизорда шу ўйинчоқни кўриб, дарҳол сотиб олдим. 3 кундан сўнг эса уни йиғишни ўргандим. Ҳозирча шахсий рекордим - 39 сония. Аслини олганда, бу унча қийин вазифа эмас», - дейди Йовелич.

***  Эстониядаги баҳсдан кейин «Айнтрахт» спорт директори Фреди Бобич ҳам дебютантни алоҳида олқишлади: «Йовеличнинг ажойиб голи иккинчи бўлимдаги руҳсиз ўйинимизни бутунлай жонлантириб юборди. Бу биз учун жуда муҳим лаҳза бўлди».

***  «Айнтрахт» яна бир янги ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда. Sportbild нашрида ёзилишича, клуб бўш ўринга 5 нафар футболчи номзодини кўриб чиқмоқда. Улардан 3 нафари анчагина танилган ўйинчилар: Максимилиан Филипп («Боруссия» Д., 25 ёш, 48та ўйинда 11та гол урган), мавсум-2017|2018ни айнан «Айнтрахт»да ўтказиб, Германия кубоги соҳибига айланган Кевин-Принс Боатенг ва «Реал» ўринбосарлар жамоасининг 19 ёшли вакили Педро Руис. Қизиқарли рўйхат, тўғрими? Чунончи, номзодлардан бири жуда ёш, иккинчиси фахрий, учинчиси фаолиятида эса пасайиш кузатилган. Хўш, «Айнтрахт» кимни танлайди?!

Хуллас, немис клуби гарчи Аллер ва Йовични 100 миллионга пуллаб, яхшигина фойда олган бўлсада, машҳур юлдузларсиз, таркибдаги футболчилардан максимал наф чиқарган ҳолда олдинга қадам ташламоқчи. «Айнтрахт» ихтиёридаги футболчилар эса икки тоифага мансуб: баъзилар дарҳол натижа кўрсатишга қодирлар, қолган йигитлар фаол ўйинлар орқали трансфер суммаси ва табиийки, маош миқдорини ҳам анчагина кўтаришга интиладилар. Иккинчи тоифа гуруҳида янги иқтидор Деян Йовелич ҳам бор. Ким билади, эҳтимол, бу йигитча ҳам мавсум давомида топ-клублар назарига тушиб, якунда «Айнтрахт»нинг яна бир манфаатли трансферига йўл очар...

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz