Қайднома

Қидирув

Энг кутилмаган ёндашув...

Энг кутилмаган ёндашув...

  09.08.2019 05:07
  0
  437
Энг кутилмаган ёндашув...

АНГЛИЯ ФУТБОЛИДАН АЖОЙИБ АКЦИЯ. Якунланган мавсум АПЛдан Чемпионшипга тушиб кетган «Хаддерсфилд Таун» клуби яқинда янги дизайндаги спорт экипировкаларини намойиш этди. Бу клубнинг техник ҳомийси Umbro компанияси бўлса, титул (бош) ҳомий мақоми Paddy Power букмекерлик идорасига тегишлидир. Янги футболкага келсак, уни тайёрлашда «Хаддерсфилд» учун одатий ранглардан фойдаланилган, клуб рамзига айланган вертикал чизиқлар ҳам жойида. Қисқаси, ҳаммаси оддий, фақат битта жиҳатни инобатга олмаганда - ҳомий логотипи акс эттирилган улкан «лента» футболкага эгри диагонал чизиқ шаклида туширилган. Шу туфайли «Хаддерсфилд» раҳбарияти мухлислар ғазабига учради.

- Бу қандай ахлат...

- Ё тавба! Мутлақо даҳшат-ку.

- Ҳимояга муҳтож қизалоқ формасига ўхшаб қолибди.

Жамоа мухлислари ижтимоий тармоқда янги формани фақат шу каби салбий баҳолар билан «таърифлашди». Айримлар ҳаттоки, FA расмий сайтига кириб, ҳомийлар рамзини футболкага жойлаштириш қоидалари билан танишиб чиқишганини ҳам қўшимча қилишди. Демак, регламентга мувофиқ, клуб ўз ҳомийсига футболканинг олд қисмидан кўпи билан 250 квадрат|сантиметр жой ажратиш ҳуқуқига эга. Бироқ «Хаддерсфилд Таун»нинг янги формасида ҳомий логотипи бундан икки баравар кўп жойни эгаллаган. Дарвоқе, жамоа уй ўйинлари учун мўлжалланган либосни «Рочдейл»га қарши кечган ўртоқлик ўйинида синаб кўришга ҳам улгурди. Мухлислар эса бор ғазабларини яна «Твиттер»да қолдирилган заҳарханда изоҳлар воситасида тўкиб солишди:

- Ғирт аҳмоқлик...

- Paddy Power сафсатаси...

Эътирозлар кучайганига қарамай, клуб раҳбарияти сукут сақлашда давом этди. Яъни мухлисларнинг кинояларига қандайдир муносабат бирдирилгани йўқ. Бу орада Англия футбол ассоциацияси «Хаддерсфилд» формасини алоҳида текшириб кўришини маълум қилди. Эртасига эса Paddy Power томонидан «Твиттер»га «Хаддерсфилд Таун»нинг реал формалари тўплами ҳақида олинган видеоролик қўйилди. «Paddy Power аутсайдерларни қўллаб-қувватлашга хайрихоҳ. Шунинг учун янги мавсумда «терьерлар»га ҳам ҳомийлик қиламиз. Йўқ, йигитлар, сизларга эмас, «Хаддерсфилд Таун»га (клубнинг лақаби - «терьерлар», эҳтимолки, бунга Хаддерсфилд шаҳрининг Уэст-Йоркшир графлигида жойлашгани сабабдир — муал.)! Герберт Чепмен, Билл Шенкли ва Нил Уорнок каби афсоналарнинг ёруғ фаолиятлари шу клубда бошланганини унутмайлик. Ҳа, биз жамоанинг тезда элитага қайтишига ишонамиз. Ўтган мавсум натижаси - бу шунчаки, омадсизлик, холос. Келинг, «Хаддерсфилд Таун» чинакам футбол клуби эканлигини эсда тутайлик. Ҳар бир мухлис унинг қаторасига 3 марта чемпионат ғолибига айланган биринчи жамоа бўлганини жуда яхши билади. Буни барчага эслатиб турувчи «Википедия»га алоҳида раҳмат! Энди жамоа ўз тарихининг янги бобини битишга шай турибди. Қаттиққўл Марсело Бьелса кузатувлари бўйича айтсак, футболчилар машғулотларда чакки кўринишмаяпти. Ҳммм... Ўзимизга келсак, «Хаддерсфилд Таун» учун 2та янги инқилобий форма тўпламини яратдик. Уй ўйинлари учун мўлжаллангани жаҳон спортида ҳомий логотипи «лента» ичида кўрсатилган биринчи футболкадир. Сафар учрашувларида фойдаланиладиган формага эса Paddy Power идорасининг 110та логоси туширилган. Бу клубнинг 110 йиллик бой тарихига ишорадир. Биз ҳаттоки, клуб раҳбариятини аҳмоқона эски рақамлар ўрнига эҳтимоли бор ҳисобларни ёзишга кўндиргандик. Келажак ҳавоси! Бироқ кейинчалик фикримиздан қайтдик. Ҳой, футбол формаси - бу биллборд эмас. Йигитлар, яхшиси, уни сотиб олинг ва кийинг! Шуниси маъқул. Paddy Power жамоани қандай қўллаш кераклигини билади. Энг яхши усул - уни ошкора қўллаб-қувватламаслик. Мана, барчасини ҳисобга олиб, Save Our Shirt («Бизнинг футболкани сақла») акциясига старт бердик. Энди «Хаддерсфилд Таун» формасида фирмамиз логотипи умуман кўринмайди. Чунки уни акс эттирмаймиз», — дейилади букмекерлик идораси ролигида.

Кейинроқ Paddy Power ижрочи-директори Виктор Коркоран расмий баёнот ҳам берди: «Футболкада реклама - ҳамма бу ишда жуда чуқурлашиб кетди. Тушунамиз, футболда ҳомийлар муҳим ўринга эгалар, бироқ жамоа либоси муқаддаслигича қолиши керак. Энди барча ҳомийларни биз илгари сурган акцияга қўшилиб, клублар футболкасини уларнинг фанатлари ихтиёрига қўйиб беришга чақирамиз. Биз ҳомий сифатида ўз ўрнимизни биламиз - у сизнинг футболкангизда эмас». Хуллас, «Хаддерсфилд» янги мавсумни ҳомий логотипи туширилмаган футболкада бошлайди. Бошқача айтганда, Paddy Power ўз логосини жамоанинг расмий либосига жойлаштирмаган ягона ҳомийга айланди. Тўғри, букмекерлик идораси рамзини клубнинг машғулотларда фойдаланадиган формасида кўриш мумкин.

Шу билан ушбу ажойиб ёндашув тарихи тугагани йўқ. «Хаддерсфилд» раҳбарияти ҳеч кимга ёқмаган 15 дона антиқа ва «ахлат» футболка (жамоа ўртоқлик ўйинида улардан фойдаланди)ни ebay аукционида савдога қўйди. Диққатга сазовор томони, савдо ёпилишига 6 кун қолган бир вақтда 1 дона футболкага қўйилган баҳо 1000 фунт стерлингдан ошиб кетди. Айтганча, якунда йиғилган маблағ шаҳардаги 3та хайрия ташкилотига бўлиб берилди.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz