Қайднома

Қидирув

Аёлининг истаги деб фаоялиятида кескин бурилиш бўлган футболчилар (фотогалерия)

Аёлининг истаги деб фаоялиятида кескин бурилиш бўлган футболчилар (фотогалерия)

  09.08.2019 13:57
  0
  1038
Аёлининг истаги деб фаоялиятида кескин бурилиш бўлган футболчилар (фотогалерия)

Эр - бош, хотин - бўйин. Бу тушунча футбол оламида ҳам амалдами? Ёрқин мисол: «Сассуоло» ярим ҳимоячиси Кевин-Принс Боатенгнинг Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби сафига қўшилиш-қўшилмаслиги турмуш ўртоғи қарорига боғлиқ бўлиб қолди.

Ганалик футболчининг ўзи барчасини ошкора тан олди: «Ҳа, трансфернинг амалга ошиш-ошмаслиги бевосита ҳамхонамга боғлиқ. Оиламиз Франкфуртга кўчиб ўтишга тайёр ёки йўқлигини айнан у ҳал қилади». Бир қарашда, барчаси жуда ғалати, тўғрими?

Бироқ Боатенг бу масалада турмуш ўртоғи қарорини биринчи ўринга қўядиган ягона футболчи эмас, албатта. Зеро, яна бир қатор машҳур йигитларнинг футболдаги келажагига улар билан бир ёстиққа бош қўйган ҳурлиқолар катта таъсир ўтказишган.

МАРК-АНДРЕ ТЕР ШТЕГЕН ВА ДАНИЭЛА ЙЕЛЕ

«Барселона» дарвозабони вақтида аслида «Манчестер Сити» сафига қўшилишни ўйлагани ва ҳаттоки, бу борада музокара олиб борганини ҳам тан олганди. Хуллас, тер Штеген муайян даврда Каталония жамоасидан кетишни истаган, чунки у етарли ўйин амалиётисиз қолганди.

Бироқ немис голкипери якунда АПЛга йўл олишдан бош тортди, негаки, унинг турмуш ўртоғини ҳужжатларга боғлиқ муаммо туфайли Манчестер университетига қабул қилишмади.

Шунда «Сити» раҳбарияти оддий йўлдан бориб, тер Штеген рақобатчиси — Клаудио Браво билан келишувга эришди. Охир-оқибат, Марк «Камп Ноу»да қолди ва кейинчалик жамоада ўз ўрнини топди.

АНДРЕ ШЮРРЛЕ ВА АННА ШАРИПОВА

Дортмунд «Боруссия»си ҳужумчиси яқинда Россия чемпионатида ўйнашга рози бўлди. Германиялик футболчини «Спартак» таклифини қабул қилишга унинг ҳамхонаси Анна кўндирган бўлса, ажабмас.

Ҳар ҳолда, модель бизнеси билан шуғулланаётган Шарипова Қозоғистонда туғилган ва маълум вақт шу мамлакатда яшаган. Дарвоқе, унда яна меъмор дипломи ҳам бор.

МАУРО ИКАРДИ ВА ВАНДА НАРА

Футбол оламининг энг машҳур жуфтликларидан бири. Мауронинг спортдаги ишларини 2015 йилдан буён айнан Ванда хоним бошқармоқда. Бу аёлни футбол функционерлари асло ёқтиришмайди, ҳаттоки, Икардининг синглиси ҳам.

Дейлик, «Реал» раҳбарияти «Интер» олдига ғалати шарт қўйди: «Агар Икарди трансфери бўйича музокара жараёнида унинг турмуш ўртоғи Ванда Нара қатнашадиган бўлса, клубимиз бундан шунчаки, воз кечади».

Ҳа, агар келишув жараёнига бошқа воситачи жалб этилганида, эҳтимолки, вазият ўзгарармиди? Бироқ Мауро Икарди бунга кўнмади: «Йўқ, Ванда фаолиятим охирига қадар шахсий агентим бўлиб қолади. Ўзаро ҳамкорлик давомида эришган натижаларимиздан фахрланаман». Ҳа, шунақа гаплар...

АНДРЕЙ ШЕВЧЕНКО ВА КРИСТЕН ПАЗИК

Украиналик футболчи 2006 йили «Милан»дан кетиб, «Челси» либосини кийишга қарор қилганида, ҳамма ҳайратдан донг қотганди. Шов-шувли трансфернинг асосий сабабларидан бири кейинроқ маълум бўлди.

Яъни Шеваголнинг америкалик турмуш ўртоғи Кристина Пазик Лондонда яшашни ва фарзандларини инглиз муҳитида тарбиялашни истаган экан. Эҳтимол, болалар инглиз тилини мукаммал ўрганишгандир, бироқ Шевченко Англияда ўйнаб кетолмади...

ЗАЙНИДДИН ВА ВЕРОНИКА ЗИДАН

Шевченко ҳамхонасидан фарқли ўлароқ, Вероника хоним турмуш ўртоғи фаолиятига фақат ижобий таъсир ўтказди. Мисол учун, франциялик футболчи 2001 йили аслида «Ювентус»да қолишга мойил эди, лекин жуфтининг илтимоси билан «Реал» сафини тўлдиришга қарор қилди.

Гап шундаки, асли испаниялик Вероника она ватанига қайтиш имкония-тидан фойдаланиб қолишни истаганди. Шу тариқа Зидан Испания чемпионатида мутлақо янги даражага чиқди. У жумладан, 2002 йили «Реал»нинг ЕЧЛ ғолиби бўлишида бош ролни бажарди. Муҳими, Зизу ҳамон Мадридда.

ЭСЕКЬЕЛЬ ГАРАЙ ВА ТАМАРА ГОРРО

Аргентиналик футболчининг «Зенит»дан кетиши ақлга сиғмас тарихга эга. Айтишларича, Санкт-Петербургда олинган оилавий суратлардан бирида қандайдир доғ кўриниб қолган. Кейинчалик Тамара буни Гарайнинг марҳум бувиси руҳига йўйган экан. Шу баҳона жуфтлик Испанияга қайтди.

Бинобарин, Тамара олдинроқ Россияда ўзини эркин ҳис қилолмаётганию, Валенсиядаги ишини қўмсаётганини бир неча марта айтган эди. Ҳа, оилада ҳамфикр бўлиш муҳим. Бироқ арзимас сабаб туфайли клубни ўзгариб, ўйин бобида орқага кетиш шартми? Ахир ҳамма Зидан каби муваффақиятга эришмайди-ку.

РОМАН ВА ЛАРИСА ПАВЛЮЧЕНКО

«Эҳтимол, баъзи ҳолатларда қандайдир масалаларни ёлғиз ўзим ҳал қилгандирман, лекин кўпинча аввало, аёлим билан маслаҳатлашаман. Энг асосийси, у ҳамиша тўғри маслаҳат беради! Шунинг учун Лариса бирор таклифни ўртага ташласа, ортиқча бош қотирмай, фикрини тўлиқ маъқуллайман.

Хуллас, барчасини турмуш ўртоғимга қўйиб берганман - кўп нарса унинг қарорига боғлиқ. Мен эса шунчаки, «баланд пошна» ортидан юраман. Бундан уюлмайман ҳам», — деди «Тоттенхэм»дек клубда ҳам ўйнаган Павлюченко яқинда берган интервьюсида.

Изоҳга ҳожат йўқ. Дейлик, Андрей вақтида айнан Лариса қистови билан Лондонга йўл олган экан. Пава ўша қароридан ҳам заррача афсусланмайди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz