Қайднома

Қидирув

ПОРТУГАЛИЯ ОРҚАЛИ «МЮ» ГА

ПОРТУГАЛИЯ ОРҚАЛИ «МЮ» ГА

  12.08.2019 01:57
  0
  1061
ПОРТУГАЛИЯ ОРҚАЛИ «МЮ» ГА

Португалия чемпионати азалдан ёш футболчилар учун яхши трамплин вазифасини ўтаб келган. Шунинг учун бу мусобақа ҳар доим гранд клублар скаутлари эътибор марказида туради. Сўнгги пайтларда «Манчестер Юнайтед»нинг мазкур чемпионат вакили Бруно Фернандешга қизиқаётгани хабар қилинди. Мабодо, музокаралар ижобий якун топса, Бруно «МЮ» бу чемпионатдан харид қилган 7-футболчига айланади. Ушбу воқеа баҳона «Қизил иблислар»нинг португал диёридан амалга оширган барча харидларига тўхталиб ўтишни жоиз билдик.

Криштиану Роналду (2003 йил. 19 миллион евро)

Ронни профессионал карьерасини 2002 йили «Спортинг» клубида бошлади. У 16 ёшидаёқ «Ливерпуль» устози Жерар Улье назарига тушди, аммо мерсисайдликлар Криштианунинг имкониятларини тўғри баҳолай олишмади. Бўлажак юлдуз ёшлиги туфайли «қизиллар» унинг трансферидан воз кечишди. «Спортинг»даги муваффақиятли бир мавсумдан сўнг «Манчестер Юнайтед»га қарши ўртоқлик ўйинидаги ажойиб ҳаракатлари унинг келажагини белгилаб берди. Роналду 19 миллион евро эвазига манкунианга айланди ва клуб сафида 2009 йилгача 307 учрашувда майдонга тушиб, 130та гол урди.

Луиш Нани (2007 йил. 25 миллион евро)

2003 йилда Роналду «Спортинг»ни тарк этгач, унинг ўрнини тўлдириш мақсадида ёшлар жамоасида ҳаракатланаётган Нани асосий жамоа таркибига киритилди. Футболчи бу қарор хато эмаслигини йиллар ўтиб исботлади. Зеро, 2007 йилда 21 ёшли футболчини Алекс Фергюсон ўз жамоасида кўришни хоҳлади ва бу харид «МЮ» раҳбарларига 17 миллион фунт стерлингга тушди. 2015 йилгача «Қизил иблислар» шарафини ҳимоя қилган футболчи 262 учрашувда 49та гол уришни уддалади. Нани бугунги кунда МЛС вакили - «Орландо Сити» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Андерсон (2007 йил. 18 миллион фунт)

2005 йилги Перу майдонларида ўтказилган кичик мундиалнинг энг яхши футболчиси деб топилган бразилиялик футболчи «Гремио»дан «Порту»га трансфер қилинганди. Эндигина 17 ёшга тўлган Андерсон «аждарлар» сафида 2 йил тўп сурди. 2007 йилда эса Нани билан биргаликда «МЮ»нинг янги футболчисига айланди ва 2015 йилгача 181та баҳсда майдонга тушди. 31 ёшли ярим ҳимоячи бугунги кунда Туркия чемпионати вакили ҳисобланган «Адана Демирспор» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Маркос Рохо (2014 йил. 20 миллион фунт)

Бразилиядаги мундиал Рохонинг келажагига яхши таъсир қилди. «Спортинг»нинг аргентиналик ҳимоя­чиси «Қизил иблислар» сафини тўлдирди. Трансфердан лиссабонликлар 16 миллион, Маркоснинг олдинги жамоаси «Спартак» (Москва) эса 4 миллион фунт ишлаб олди. Жароҳатларга мойил ҳимоячи бугунга қадар манкунианлар сафида 113та учрашув ўтказди. Жумладан, охирги мавсумда 6 бор майдонга тушди, холос.

Виктор Линделёф (2017 йил. 35 миллион евро)

Швециялик ҳимоячи «МЮ» сафига «Бенфика»дан келиб қўшилганди. Ортда қолган икки мавсумда жамоа сафида 72 бор майдонга тушишга улгурди. Унинг ҳисобида битта гол ҳам бор.

Диогу Далот (2018 йил. 19 миллион фунт)

2018 йили «Порту» сафида мамлакат чемпиони бўлган 19 ёшли Далотни Жозе Моуриньо Манчестерга олиб келди. «Беназир»нинг таъбири билан айтганда, «ўз ёш тоифасида қитъанинг энг яхши қанот ҳимоячиси» ўтган мавсумда 23 бор майдонга тушишга улгурди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz