Қайднома

Қидирув

11 август воқеалари ва бугунги футбол...

11 август воқеалари ва бугунги футбол...

  14.08.2019 01:13
  0
  408
11 август воқеалари ва бугунги футбол...

Қурбон ҳайити ва байрам арафасини қишлоқда ўтказдик. Маҳалламиз бундан 40 йил аввал қандоқ бўлса, ҳозир ҳам ўшандоқ файзли, тароватли. Фарқи шуки, энди болалар кўчада футбол ўйнашмайди. Футбол ўйнашни истовчилар, томошабинлар салқин тушиши билан қишлоқдаги бир неча стадионда тўпланишади. Маҳаллий «Месси» ва «Роналду»лар шаънига олқишлар янграйди. Маҳалламиз болаларини Ан, Фёдоров, Хадзипаганисга менгзаб, эркалайдиган катта авлод вакиллари эса аллақачон бу фоний дунёни тарк этишган...

Бундан 40 йил аввал эркакми-аёл, каттами-кичик - ҳамма «Пахтакор» футболчилари ва Ахбор Имомхўжаевни жуда яхши танирди. Телевизорлар фақат битта каналдан кўрсатиши сабабли бўлса керак, аёллар ҳам футбол кўришарди ва «Пахтакор»га алоҳида меҳр қўйишганди.  «Э, шу Хадзипаганис бекор кетди-да Греция­га. Аннинг калласи зўр, Фёдоров улоқчи отдек чопқир. Аширов - тоғ, танк. Эшбўтаев ҳам бир иш кўрсатади», - дейишарди бир-бирларига гап бермай футбол томошасидан кейин мухлислар ҳовлимиз яқинидаги ялангликка йиғилиб. Баҳс-мунозаралар баъзан тонгга қадар давом этарди. «Пахтакор» авиаҳалокатга учраганини далада эшитганмиз. Оилавий пудрат асосида экилган пиёз ҳосилини йиғиштираётгандик. Хабарни эшитиб, онамиз ва бошқа аёллар кўз ёш тўкишган. Биз эса «Динамо» (Тбилиси) билан ўйинга қадар «Пахтакор» фожиасини тасаввуримизга сиғдиролмаганмиз. Янги йиғилган таркибга кўникишда роса қийналгандик...

Тақдир экан, орадан йиллар ўтиб, биз билан баравар «Пахтакор»ни яхши кўрган онамиз ҳам 11 август куни вафот этдилар. Шунинг учун бу кунда сулоламиз аъзолари жамулжам бўладиган катта хонадонда бош­қача руҳ, кайфият ҳукм суради. Табиийки, бу йилги хотирлаш жараёни аввалгиларидан ўзгачароқ кечди. 11 август куни Қурбон ҳайитига тўғри келиши, «Пахтакор»-79 ҳалокатига 40 йил тўлиши қалбларда ажиб ва маҳзун туйғуларни уйғотди. Неча бор таъкидланган ва такрорланган ҳақиқат яна бир марта ўз исботини топди: «Пахтакор»-79 халқимиз учун азиз ва қадрдон бўлиб қолаверади, барибир. Бу туйғуни қалблардан ўчириб ташлаш имконсиздир.

«Пахтакор» арафа куни «Бухоро»ни қойилмақом ҳисобда енгди. Кучлига тараф йўқ. Биз ҳам, бухоролик минг­лаб мухлислар ҳам «Пахтакор»-79 турли давлатлар терма жамоаларини шундай йирик ҳисобда енгганига гувоҳмиз. Ўша жамоалар ҳозирга келиб, жаҳон футболида муносиб ўрин эгаллади. «Пахтакор»-79 томонидан халқаро майдонларда бошланган ўша анъаналар эса ҳамон кўнгилдагидек эмас. «Ҳалокат юз бермаганида, ҳаммаси орзумиздагидек кечармиди...?» - бундай армонли ўй-хаёллар юракларни ўртайди. Агар «шерлар»нинг ОЧЛдаги юришлари давом этганида эди, «Бухоро»га қарши кечган ёрқин ўйин барчамизни ўзгача шукуҳлантирарди. Афсуски, вазият бунинг акси бўлди ва шу сабабдан «Осмонда абадий қолган юлдузлар» ҳужжатли фильми таассуротлари хаёлларимизни айқаш-уйқаш қилиб юборди. Василис Хадзипаганисга, собиқ ГДР клубини сафарда мағлубиятга учратиб, кубок эгалари кубогини қўлга киритган «Динамо» (Тбилиси)нинг машҳур юлдузларига раҳмат. Уларнинг ташрифи туфайли футболнинг меҳр-оқибат тимсоли сифатидаги ўрни янада юксалди.

Биз футболимизга шундай юксакликдан боқишимиз даркор. Шунда футболимизнинг соғинилган сурурли анъаналари тикланади. «Ҳеч унутолмайман, - дейди «Навбаҳор»нинг фидойи мухлиси Одилхон Паттоев. - 1996 йили «Пахтакор» билан сафар учрашувига бориш учун мухлисларга 25та автобус ажратилди. Аммо шунча автобус ҳам сафарга чиққан мухлисларни сиғдиролмади. Вазиятни кўрган Ҳакимжон ака Ҳошимов яна 2та автобус келишини таъминлади ва Тошкентга Ашт орқали 27та автобусда жўнаганмиз. Андрей Канчельскис ўша дамларни билмасдан Наманган футболидан ҳайратланди. У «Ротор»га қарши ўйиндаги бемисл ҳолатларни билмайди... Соғинмай бўладими ўша кунларни?!» Одилхонга «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади», - дея таскин беролмадик. Чунки «Нав­баҳор»нинг АГМКга қарши ўйинда ғалаба қозонишига ишонолмадик. Мухлисга ёлғон юкини раво кўрмадик. Ўз-ўзини алдаш ва жамоа имкониятларини юзаки баҳолашдан нима наф?! Ҳаммаси аниқ-тиниқ кўриниб турибди-ку! Арафа кунидаги кичик норозилик учқуни аланга олмаслиги учун мутасаддилар зарур чора-тадбирлар кўришлари талаб этилади. Акс ҳолда, вазият мураккаблашади. «Пахтакор» стадионидан Наманганга кўчган мухлислик шашти пасаяди. Ҳозирча «пасаяди» сўзини ёзиш билан чекландик, аччиқ ҳукм-хулоса айтишдан ўзимизни тийдик. Ҳайит куни ортиқча салбий мулоҳазалар битишни истамадик. Лоақал «Навбаҳор»­нинг уй учрашувларида ҳайит бўлишини хоҳладик.

Муҳтарам мухлис! Бу сафар АПЛ 1-туридаги «шоу»ларга тўхталмадик. Сабр қилайлик-чи, ўзимизда ҳам шунга ўхшаш «шоу»лар кузатилар...

МУҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz