Қайднома

Қидирув

Мўмай даромад оҳанрабоси

Мўмай даромад оҳанрабоси

  14.08.2019 09:28
  0
  594
Мўмай даромад оҳанрабоси

Хитойда футбол ривожига йўналтирилаётган йирик сармоя еврофутболнинг тан олинган таниқли мутахассис ва футболчиларини худди оҳанрабодек Осиёга жалб этмоқда. Дейлик, Рафаэль Бенитес июнь ойи охирида «Ньюкасл» билан шартномаси муддатини узайтиришдан бош тортгач, испаниялик мутахассиснинг кейинги фаолияти хусусида турли тахминлар юзага чиқди. Унинг хизматига жумладан, Италия клубларидан ташқари, «ПСЖ» ва «Челси» раҳбарияти ҳам катта қизиқиш билдирди. Рафа эса Марчело Липпи ва Андре Виллаш-Боаш каби машҳур ҳамкасблари изидан бориб, Хитойнинг «Дальян Ифан» клуби билан шартнома тузди. Яқин ўтмишда воқеалар ривожининг бу тахлит ўзгариши камида ғайритабиий ҳодиса сифатида баҳоланарди, энди эса машҳурларнинг Чин юртига талпинишлари одатий ҳолга айланди, ҳисоб. Ҳар ҳолда, ҳиммати баланд Хитой клубларидан тушадиган манфаатли таклифни рад этиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Лекин у ёки бу мутахассиснинг Осиёга йўл олиш қарори кейинги фаолиятига нечоғли таъсир этиши ҳам муҳим масала, албатта. Яна бир мантиқий қонуниятга эътибор қаратиш керак: «кўҳна қитъа»дан кетиш - бу иши юришмай қолган мутахассиснинг кучли босимдан қутулишга уриниши. Бир қарашда, мўмай даромад энг безарар вариантдек туюлади. Аммо бошқа томондан олсак, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Дейлик, Осиёга йўл олган мутахассис аввалги мавқеини бутунлай бой бериши ҳеч гап эмас. Шунга қарамай, хитойликлар билан ҳамкорлик қилишга бел боғлаётган мураббийлар сафи тобора кенгаймоқда. Championat.com сайти шундайларнинг энг машҳурлари қитъамизда қандай каромат кўрсатишганини кўриб чиқди.

 

Марчелло ЛИППИ

(Италия)

Кўчиб ўтган вақти: 2012 йил

Кўчиш вақтидаги ёши: 64

Хитойда эришган совринлари: Хитой чемпионати олтин медали (3та - 2012, 2013, 2014), Хитой кубоги (1та - 2012), ОЧЛ кубоги (1та - 2013)

Италия футболининг энг малакали ва совриндор мураббийларидан бири икки аср оралиғида «Ювентус»ни чин қудратли машинага айлантирди. Марчело кейинчалик «Барселона» ва «Реал»дек грандлар таклифини ҳам рад этди. Бинобарин, «кекса синьора» ўша давр эталон жамоа мақомини олганди. Тўғри, кўпчилик қатори Липпи ҳам вақтида нисбатан муваффақиятсиз даврларга юз тутди. Бироқ шунда ҳам Италия футболининг энг кўзга кўринган мутахассислари сафида юрди ва 2004 йили миллий жамоа бошқарувини қўлга олди. Агар ЖЧда ғалаба қозониш футбол салтанати чўққиси ҳисобланса, Липпи уни 2006 йили забт этди. Бироқ оқсоч мураббий Германия мундиали якунлангач, «мовий гвардия» билан хайрлашди. Эҳтимол, у олдинда Италия футболини катта можаролар кутаётганини аввалдан ҳис этгандир? Тўғри, Липпи тез орада яна терма жамоага қайтди, аммо ЖАР мундиалида мислсиз омадсизлик (балки шармандалик)ка  учради. Ахир амалдаги чемпион бор-йўғи 2 очко олиб, гуруҳ раундидан кейиноқ ортга қайтди. Хуллас, мураббий барчаси учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, жамоани мусобақага талаб даражасида тайёр қилолмаганини очиқ-ойдин айтди. Липпи шундан кейин на Италия, на қитъанинг бошқа нуқтасида ўзини кўрсатди. 2012 йили эса «Гуанжоу Эвер-гранд» билан шартнома тузиб, клубни Хитой Суперлигасида 3 марта чемпионлик сари етаклади, мамлакат кубоги ва ОЧЛда ғалабани таъминлади. 2016 йилда эса Липпига Хитой миллий жамоаси бошқарувини ишониб топширишди. У шу тариқа ўша вақт жаҳондаги энг кўп маош оладиган мураббийга айланди. Хитойликлар оқсоч раҳбарлигида сўнгги 15 ичида илк марта Осиё чемпионати гуруҳ босқичидан ўтишди. Липпи шу йил январь ойида миллий жамоадаги ўрнини ватандоши Фабио Каннаварога бўшатиб берди, лекин майда яна қайтди ва хитойликларни Қатар-2022 мундиали саралаш босқичига тайёрлаш ишларини бошлади. Синьор Липпи ҳозир 71 ёшда. Демак, унинг еврофутболга қайтишини кутиш ноўрин бўлса керак. Чунончи, Хитойда уни қаттиқ ҳурмат қилишади, мураббийнинг Чин юртида юрганиёқ мамлакат футболи ривожига туртки беради. Афтидан, синьор Марчелло айнан Хитойда нафақага чиқадиган кўринади.

 

Свен-Ёран ЭРИКССОН (Швеция)

Кўчиб ўтган вақти: 2013 йил

Кўчиш вақтидаги ёши: 65

Хитойда эришган совринлари: -

Эрикссонни Хитойга ундаган шарт-шароитлар Липпиникидан кескин фарқ қилади. У италиялик касбдошидан фарқли ўлароқ,  2013 йилга қадар Мексика ва Кот-д~Ивуар термаларида мураббий, Таиланд ва БАА миллий жамоаларида эса техник директор лавозимида ишлаб, топ-мутахассислар даврасидан тушиб қолишга улгурганди. Эҳтимолки, швециялик мураббий еврофутбол марказига қайтиш имконияти пастлигини ўйлаб, «Гуанчжоу Фули» таклифини дарҳол қабул қилгандир. Хуллас, бу мутахассис Хитойда жами 4 йил фаолият олиб борди ва бу вақт давомида 3та клуб бошқарувида кўриниш берди. Аммо Эрикссон уларнинг ҳеч бирида айтарли натижага эришолмади. Дарвоқе, Свен-Ёран 2017 йили Жон Террига ўз омадини Хитойда синаб кўришни маслаҳат берди, фақат у собиқ устози таклифини рад этди. Умуман олганда, Хитой футболи Европада зерикиб қолган ва ўз мавқеини йўқотиб қўйган Эрикссон бобо учун ажойиб вариант бўлди. Айтганча, у айни пайт Филиппин миллий жамоасини бошқармоқда.

 

Луиз Фелипе СКОЛАРИ (Бразилия)

Кўчиб ўтган вақти: 2015 йил

Кўчиш вақтидаги ёши: 67

Хитойда эришган совринлари: Хитой чемпионати олтин медали (3та - 2015, 2016, 2017)

Бразилиялик мутахассиснинг фаолият доираси жуда кенг. Унинг қадами жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига етган. «Катта сержант» вақтида жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишлади. Сколари ўз юрти миллий жамоаси билан ғолиблик завқини ҳам, шармандали мағлубият аламини ҳам татиб кўрди. Шунингдек, Португалия термасини Евро-2004 финалига олиб чиқди. Умуман, Луиз Фелипе асосан терма жамоалардаги фаолияти билан танилди. Тўғри, у вақтида «Челси»да ҳам маълум муддат ишлади, лекин Лондонда кўпроқ қолиш имкониятини тополмади. Хитойда эса Фабио Каннаваро ўрнини эгаллаб, «Гуанжоу Эвергранд» билан қаторасига 3 марта мамлакат чемпионати шоҳсупасига кўтарилди. Бироқ ови айни юриб турган палла Сколари негадир шартнома муддатини узайтириш таклифини рад этиб, Бразилияга қайтишни хоҳлади. Аниқроғи, «Палмейрас» клуби бошқарувини қўлга олди. Хуллас, Хитой футболи мураббийга қизиқарли тажриба бўлиш баробарида Бразилия-2014 мундиалидан қолган шармандалик изтиробларидан қутулиш имкониятини берди, шунингдек, мураббийнинг молиявий ҳолати ҳам анча яхшиланди. Асосийси, Сколари яна зафар нашидасини ҳис эта бошлади. Натижада у 2018 йили «Гремио» билан Бразилия «А» сериясида чемпионликни тантана қилди.

 

Андре ВИЛЛАШ-БОАШ

(Португалия)

Кўчиб ўтган вақти: 2016 йил

Кўчиш вақтидаги ёши: 39

Хитойда эришган совринлари: -

Андре Виллаш-Боаш ёш, малакали ва иззатталаб мураббийлар сирасига киради. Ундаги истак имкониятларидан сезиларли даражада кучлироқ. Ана шу тенгсизлик мураббийнинг жанжалкаш табиатида яққол кўзга ташланади. АВБ 2011 йили «Порту» билан «требл»га эришди - Португалия чемпионати ва кубоги ҳамда ЕЛда ғалаба нашидасини сурди. Табиийки, ёш мураббий мазкур муваффақият ортидан бутун Европага танилди, унинг хизматига талабгорлар сафи кескин кенгайди. Андренинг ўзи якунда «Челси» таклифини қабул қилди. Эҳтимолки, у ўша вақт ўзини Жозе Моуриньодек ҳис эта бошлагандир. Ҳар ҳолда, Виллаш-Боаш Лондонда инқилоб бошлашни пайсалга солгани йўқ. Аммо бу осон иш эмасди, албатта. Охир-оқибат, мураббий жамоадаги авлодлар алмашувини тўғри йўлга қўёлмади, фахрийлар билан тез-тез жанжаллашди, шу тариқа кийиниш хонасидаги нуфузини йўқотди. 2012 йилнинг мартида эса иш жойидан ҳам айрилди. Виллаш-Боаш шундан кейин «Тоттенхэм»да нисбатан узоқроқ фаолият олиб борди. Лекин дастлабки мавсумда жамоани 5-ўринга олиб чиққанига қарамай, истеъфога чиқарилди. АВБнинг «Зенит»даги фаолияти ҳам хотирадан кўтарилгани йўқ - португалиялик мутахассис Россияда яна бир бора «требл»га эришди. Фарқи шуки, питерликлар «Порту»дан фарқли ўлароқ, фақат ички турнирларда зафар қучишди. Яъни бу сафар ЕЛ кубоги ўрнини Россия суперкубоги эгаллади. Аммо Андре шундай омадли паллада шогирдлари, ҳакамлар, журналистлар ва мухлислар билан тортишиш одатини ташламади. Натижада Россиядаги иши ҳам эртароқ ниҳоясига етди. АВБ шундан кейин Чин юртига йўл олди, лекин у «сариқ қитъа»да узоқ қолишни режалаштирган эмасди, зеро, ички чемпионат савияси португалиялик иззатталаб мураббийни қониқтирмаслиги аввалдан маълум эди. Хуллас, Андре 1 йиллик фаолиятидан кейин Европага қайтди - совринсиз, аммо нақ 12 млн. евро иш ҳақи билан. Тўғри, у бунда нуфузи пастроқ чемпионат вакили таклифини қабул қилди. Яъни «Марсел»да иш бошлади...

 

Умуман олганда, Хитойга талпинаётган таниқли мутахассислар сафи кенгайишда давом этмоқда. Вақтида «Реал» ва «Манчестер Сити»дек грандларга устозлик қилган чилилик Мануэль Пеллегрини 2016 йили маълум муддат Осиё футболи билан танишиб, кейин камтарин «Вест Хэм»ни қабул қилди. Феликс Магат ҳам қитъамизда. Ҳали Европада ўз малакасини синовдан ўтказмаган Фабио Каннаваронинг Хитойда юрганига нима дейсиз? Италиялик собиқ ҳимоячини ҳали-вери кучлироқ лигада кўрмасак керак. Биринчидан, бу соҳада юксак марраларни забт этиш ҳаммага насиб этавермайди. Иккинчидан, Фабио кейинги ҳаёти учун етарли шароитларни яратиб улгурди. Умуман, футбол ривожи учун сармояни аямайдиган мамлакатга хорижий мутахассисларнинг оқими тўхтамаслиги аниқ. Хитойликлар бу борада файласуфларга хос фикрдалар: «Футбол тактикасини яхши ўзлаштирган мутахассислар Хитойни яхши билмайдилар. Хитойни яхши биладиганлари эса ўз соҳаларида етук эмаслар!» Ҳозирги маданий ҳамкорликнинг асл кўриниши шундай...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz