Қайднома

Қидирув

Чинакам жасорат эътирофи: Бақоев ва Шомуродовлар ой лауреатлари...

Чинакам жасорат эътирофи: Бақоев ва Шомуродовлар ой лауреатлари...

  15.08.2019 08:47
  0
  429
Чинакам жасорат эътирофи: Бақоев ва Шомуродовлар ой лауреатлари...

Биласиз, ёзнинг ўрталарида Ўзбекистон миллий чемпионатида танаффус эълон қилинади ва жамоалар асосан ҳал қилувчи босқичга тайёргарлик кўришади. Бу йилги тараддуд июль охирида якунланиб, Суперлига иштирокчилари иккинчи давранинг дастлабки иккита тур баҳсларини ўтказишди. Шунингдек, Россияда ҳам мавсум старт олди ва бу турнирда ҳамюртларимиз тўп суришини инобатга олсак, РПЛга қизиқиш юқори. Рус ўлкаси ҳақида гапираётганимиз бежиз эмас, албатта, зеро июль ойининг энг яхши футболчисини танлашда айнан шу мусобақага мурожаат этишимизга тўғри келди. Мураббийлар масаласида эса, жамоасининг ҳолатини анча яхшилашга улгурган мутахассислар номи эътироф марказида бўлади. Демак, «ИнтерФутбол» талқинига кўра, июль ой лауреатлари билан танишинг.

Сўнгги пайтларда нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки россиялик ишқибозлар ҳам Элдор Шомуродовнинг сермаҳсул ўйинини диққат билан кузатишмоқда. Ҳамюртимизнинг самарали ҳаракатларидан «Ростов» мураббийлари мамнун, муҳим паллада урилган голлари эса жамоа ишқибозлари кўнглига ҳузур бағишламоқда. Анчадан буён ой лауреатлари рўйхатида легионерлар номига мурожаат этмаётгандик. Мана, Элдор бу сукунатни бузиб, июлнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. Шомуродов ёзнинг иккинчи ойида 3та ўйинда майдонга тушиб, 266 дақиқа ҳаракат қилди ва ўз ҳисобига 2та гол ва битта самарали узатма ёздириб қўйди. Умид қиламизки, кейинги ойларда ҳам Элдор фаолликни йўқотмай, рейтингимизнинг юқори поғоналаридан яна ўрин олади.

Coca Cola Суперлига-2019нинг иккинчи давраси бошланган бир паллада чемпионлик масаласида интрига йўқолгандек. Бунинг бош сабабчиси - Шота Арвеладзе бошчилигидаги «Пахтакор». «Шерлар» ҳар бир ўйинни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, рақибларини асло аяшмаяпти. Пойтахт клубининг бугунги кундаги асл етакчиси Жалолиддин Машарипов эса жамоаси ғалабаларига катта улуш қўшмоқда. Хусусан, у июлда ўтказилган иккита ўйинни тўлиқ майдонда ўтказиб, рақиблар дарвозасини бир марта ишғол қилишга эришди. Умуман олганда, Машариповнинг майдондаги фаоллиги бошқа шерикларига ҳам илҳом бағишлаётгандек туюлади, у жамоани олдинга бошлашни қойиллатади. Сезганингиздек, июль ойи лауреатлари рўйхатида иккинчи ўрин Жалолиддинга насиб қилди ва у умумий рейтингдаги пешқадамлигини яна мустаҳкамлаб олди.

Кучли учликка «Бунёдкор» вакили Хуршид Ғиёсов якун ясаб беради. Вадим Абрамов қўл остидаги жамоанинг ўйинини шакллантиришда асосан шу футболчининг хизматларига таянмоқда. /иёсов эса мураббий ишончини оқлаяпти, муҳим паллаларда чиройли ўйин кўрсатиб, «қалдирғочлар»нинг ғалабаларига муносиб улуш қўшмоқда. Иккинчи давранинг дастлабки турлари «Бунёдкор» учун анча муваффақиятли келиб, унда жамоа 6 очко жамғарди. Хуршид эса ўтказилган ўйинларнинг ҳар иккисида майдонга тушиб, жами 171 дақиқа тўп сургани ҳолда 2та гол муаллифига айланди. Ҳа, /иёсов сингари ёшлар ҳали анча-мунча жамоага бошоғриқ бўлишади, шекилли.

Таъкидлаш жоизки, июль ойида Драган Черан, Игорь Сергеев, Темурхўжа Абдухолиқов, Миржаҳон Мираҳмадов, Шоҳруз Норхонов, Ҳумоюн Муртазоев сингари футболчилар ҳам анча фаол тўп суришди.

Мураббийлар рейтингида биринчи ўринни нисбатан пастроқ ўринда жойлашган жамоа устози эгаллади. Улуғбек Бақоев ва «Сўғдиёна» кўпчиликни лол қолдириб, кетма-кет ғалабаларга эришди. Натижада жиззахликлар турнир жадвалидаги мавқеларини анча яхшилаб олишди. Чиндан ҳам, Бақоев келгач, «Сўғдиёна» ўйинида ижобий томонга кескин ўзгариш кузатилди. Июль ойида ўтказилган учрашувларга келсак, 14-турда ўз майдонида «Локомотив»ни енгган Жиззах жамоаси кейинги турда «Қўқон-1912» уйидан ғалаба билан қайтди - 2:1. Эришилаётган ютуқларда Бақоевнинг хизматлари катта, албатта.

«Пахтакор» билан кетма-кет зафар қучаётган Шота Арвеладзе яна рейтинг меҳмони. Бу сафар грузиялик мутахассисга иккинчи ўрин насиб қилди. Унинг қўл остидаги жамоа жуда катта ютуқларга эришмоқда, ўйин бобида ҳам «шерлар» мазмунлироқ футбол намойиш этишмоқда. Ҳозирда «Пахтакор» турнир жадвалида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда, таъқибчилари унга етиб олиш учун ҳали кўп тер тўкишлари керак. Июлда «шерлар» дастлаб «Қўқон-1912»ни 3:1 ҳисобида таслим этишган бўлса, кейинги ўйинни Навоийда «Қизилқум»га қарши ўтказиб, йирик - 5:0 кўринишида зафар қучишди. Кўриниб турибдики, шундай ғалабаларга эришаётган жамоанинг бош мураббийи лауреатлар рўйхатига кирмаса, адолатдан бўлмайди. Айни пайт Шота Арвеладзе умумий рейтингда ҳам бошқа ҳамкасбларидан олдинда бормоқда.

«Бунёдкор» устози Вадим Абрамов бу сафар учинчи ўрин билан кифояланди ва ўз ҳисобига навбатдаги очкони ёздириб қўйди. Ёзнинг иккинчи ойи охирларига белгиланган ўйинларни «қалдирғочлар» анча муваффақиятли ўтказишди. Дастлаб жорий мавсумнинг «чақилмас ёнғоғи» сифатида баҳоланаётган Самарқанд «динамочилари» 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратилган бўлса, кейинги учрашувда «Бунёдкор» футболчилари «Сурхон» дарвозасига жавобсиз 3та гол йўллашди. Бунинг натижасида «қалдирғочлар» учинчи ўринга кўтарилиб, «Локомотив» билан ўртадаги фарқни учтагача қисқартиришди. Ихтиёрида асосан ёшлар бўлишига қарамай, шундай юксак натижаларга эришаётган Абрамовга фақат тасанно дейиш мумкин. Дарҳақиқат, тажриба ҳеч қачон йўқолмайди ва буни биз Вадим Карленович мисолида кўриб турибмиз.

Мавриди келганда, «Андижон»нинг ҳолатини аста-секин яхшилашга уринаётган Александр Хомяков ҳамда «Насаф» билан ҳамон юқори ўринларни кўзлаётган Рўзиқул Бердиевнинг меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли. Хусусан, агар қаршиликлар 15-турда ўз майдонларида «Металлург»га имкониятни бой беришмаганида, Бердиев бу сафар ҳам лауреатлар рўйхатига кириши муқаррар эди. Аммо...

 

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

Март

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

Апрель

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Хуршид /иёсов («Бунёдкор»)

3. Зафар Полвонов (АГМК)

Май

1. Ҳумоюн Муртазоев («Насаф»)

2. Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»)

3. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

Июнь

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Александр Касьян («Навбаҳор»)

3. Дилшод Саитов («Насаф»)

Июль

1. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

2. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

3. Хуршид /иёсов («Бунёдкор»)

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Микляев («Сурхон»)

Апрель

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Канчельскис («Навбаҳор»)

Май

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Даврон Файзиев («Динамо»)

Июнь

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

Июль

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Шота Арвеладзе - 15 очко

2. Рўзиқул Бердиев - 13 очко

3. Улуғбек Бақоев - 10 очко

4. Вадим Абрамов - 9 очко

5. Андрей Фёдоров - 3 очко

6-9. Эктор Купер - 1 очко

6-9. Андрей Микляев - 1 очко

6-9. Андрей Канчельскис - 1 очко

6-9. Даврон Файзиев - 1 очко

-------------------------------

УМУМИЙ НАТИЖА

Футболчилар

1. Жалолиддин Машарипов - 14 очко

2. Драган Черан - 10 очко

3-4. Ҳумоюн Муртазоев - 5 очко

3-4. Элдор Шомуродов - 5 очко

5. Хуршид /иёсов - 4 очко

6-9. Игнатий Нестеров - 3 очко

6-9. Элдор Шомуродов - 3 очко

6-9. Шоҳруз Норхонов - 3 очко

6-9. Александр Касьян - 3 очко

10-13. Сардор Рашидов - 1 очко

10-13. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

10-13. Зафар Полвонов - 1 очко

10-13. Дилшод Саитов - 1 очко

--------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz