Қайднома

Қидирув

Азамат Абдураимов: «Болалар футболидаги ишлардан кўнглим тўлмаяпти»

Азамат Абдураимов: «Болалар футболидаги ишлардан кўнглим тўлмаяпти»

  15.08.2019 11:17
  0
  497
Азамат Абдураимов: «Болалар футболидаги ишлардан кўнглим тўлмаяпти»

Бугунги кунда ўзбек футболида ислоҳотларга муҳтож, муаммоли масалалар аста-секинлик билан ўз ечимини топмоқда. Айниқса, болалар ва ўсмирлар футболида ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Дарҳақиқат, мунтазам равишда халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келган ўсмирлар терма жамоамизга охирги йилларда эътибор бироз пасайгандек. Бу эса, ўз навбатида, кейинги ёш тоифадаги термаларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Оқибатда, мухлисларнинг ҳафсаласи пир бўляпти, футболчиларнинг келажаги сўроқ остида қолмоқда, мураббийларнинг боши қотяпти. Биз яқинда шу ва бошқа мавзулар юзасидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимов билан суҳбатлашдик.

 

- Азамат ака, дастлаб яқинда Тожикистон мезбонлик қилган 15 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги CAFA CUP халқаро мусобақаси ҳақида гаплашсак...

- Марказий Осиё футбол ассоциацияси кубоги турнири, мана бир неча йилдирки, мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур мусобақада бизнинг жамоамиздан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Эрон термалари ҳам иштирок этишди. Ўйлайманки, мазкур турнирнинг биз учун фойдали жиҳатлари кўп. 2004 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат термамиз ушбу турнирда қаторасига иккинчи йил иштирок этди. Бу мусобақанинг нуфузини барча ҳис қилиб турди. Ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган халқаро турнирда иккинчи ўринни қўлга киритгандик, бу натижани жорий йил яна бир бор такрорладик.

- CAFA CUP турнирида иштирок этишдан кўзланган асосий мақсад нима эди?

- Тожикистонга боришдан аввал таркибни шакллантириш, терма жамоа ўзагини яратиш ва халқаро миқёсдаги даражамизни чамалашни мақсад қилгандим. Қисман бўлсада имкониятимиз билан танишиб олдим. Бу жорий йил ҳисобидан илк катта турнир бўлди. Бизнинг футболчилар ёш тоифасидаги терманинг асосий муаммоларидан бири - халқаро тажрибанинг йўқлиги. Эътибор берган бўлсангиз, менинг қўл остимдаги жамоа охирги марта бир йил олдин шундай катта мусобақада иштирок этганди. Пойтахтдаги йиғинлар, маҳаллий клублар билан назорат учрашувлари халқаро даражадаги ўйинлар - юқори савияли жамоаларга қарши кечадиган баҳсларнинг ўрнини босиши қийин. Агарда олдимизга қўйилган мақсадга эришишни хоҳласак, кучли рақиблар билан ўйнашимиз керак.

- Нима учун аввалги раҳбарлар бу ёшдаги термага беписанд қарашди? Уларга талаб ва таклифларингизни билдирганмидингиз?

- Тўғри айтдингиз. Футболимиз тепасида ўтирганлар ўсмирлар терма жамоасига эътибор беришмади. 2019 йил бошида биздан шошилмасликни сўрашди. Бутун қиш мобайнида диққат марказида миллий терма жамоа бўлди, баҳорда эса эътибор асосий термадан ташқари, олимпия ва аёллар жамоаларига қаратилди. Ишлашимиз учун барча зарур шароитлар яратилмади.

- Сизни нима хавотирга солмоқда, қандай муаммолар қийнаяпти?

- Ҳозир аста-секин барчаси изига тушяпти. Бунга қадар бирор марта сифатли йиғин ташкил этилгани йўқ, бу нафақат ўсмирлар, балки ёшлар терма жамоасига ҳам тааллуқли. Яхшиямки, вақтида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлигига футбол ичида юрган инсонлар келишди. Улар бизнинг муаммоларимизни тушунишди. Равшан Эрматов биринчи вице-президент лавозимига сайланганидан кейин эртасига мураббийлар штаби билан учрашди ва саралаш баҳсларига тайёргарлик жараёни ва дастури билан танишиб чиқди. Мана, энди ҳақиқий тараддудни бошладик. Тожикистондаги турнир бу борада биринчи қадам бўлди.

- Қайд этилган натижадан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Йўқ, мамнун эмасман. Биринчи маротаба иштирок этган бўлсак ҳам майли эди. Биз доим юксак марраларни кўзлаймиз. Ҳамиша биринчи бўлишимиз лозимлигини футболчилар онгига сингдиришга ҳаракат қилдим. Бошқа томондан олиб қарасак, мусобақадаги мақсадимиз биринчи ўринни эгаллаш эмасди, бош вазифа - футболчиларни кейинги ёшдаги термаларга тайёрлаш. Ўйин шаклланиб, бир оила сифатида жипслашсак, натижалар ҳам ижобий кўриниш олиб бораверади.

- Балки болалар билан ишлайдиган мутахассислар, улар ўртасидаги семинар-тренингларни кўпайтириш вақти келгандир?

- Мен болалар ва ўсмирлар футболи билан биринчи бор шуғулланяпман. 14-16 ёш оралиғидаги футболчиларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш учун кўп нарсаларни ўзлаштиришим керак эди. Бу алоҳида муҳим масала, кўплаб муаммолар мавжуд, битта интервьюда барчасини тушунтириш қийин. Терма рулига тайинланганимда, 2004 йилда туғилган ёшларни тарбиялаётган мураббийлар учун машғулотлар жараёни, тайёргарлик дастури, камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида семинар ўтказишни таклиф қилдим. Афсуски, ассоциация бу ташаббусимни қўллаб-қувватламади. Эндиликда вазият ижобий томонга ўзгаришига ишонаман.

- Саралаш баҳслари бошланишига жуда оз муддат қолди. Сент-ябрга қадар жамоани тайёрлашга вақт етарлими? Ўсмирлар олдинда яна қандай ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишади?

- Ушбу йилда биринчи галдаги вазифа - Осиё чемпионати финал босқичига йўлланма олиш. Шундай экан, тайёргарликни кучайтиришга урғу берамиз. 2017 йили Дилшод Нуралиев шу ёшдаги жамоани финал босқичига олиб чиқолмади, шу боис қуръада иккинчи саватчадан жой олдик. Гуруҳимизда рақобатбардош термалар йиғилган. Баҳрайн, Ҳиндистон, Туркманистон. Кўряпсизки, тенг кучга эга жамоалар. Шунинг учун кучли рақиблар билан халқаро ўртоқлик ўйинларини кўпайтириш лозим. Бусиз футболчиларни саралашга тайёрлай олмаймиз. Вақт қисқа, ортиқча нарсаларга чалғимаслик даркор. Ихтиёримиздаги вақтдан унумли ва самарали фойдаланишга интиламиз. 5-9 август кунлари «Пахтакор-79» хотира турнирида иштирок этдик, 15 августдан 25 нафар футболчи билан навбатдаги йиғинга киришамиз. Улардан фақат 18 нафари Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақада қатнашиб, даражаси бизникидан баланд бўлган рақиблар билан куч синашишади.

- Гуруҳимиздан ўрин олган рақибларни ўрганиш жараёни қандай кечяпти?

- ЎФА Халқаро бўлими ва Терма жамоалар билан ишлаш бўлими рақибларимиз ҳақидаги маълумотларни тақдим этишяпти. Айни пайт қўлимизда Ҳиндистон термаси иштирокидаги ўйинлар видеоёзуви бор. Иорданиядаги турнирда Баҳрайн ҳам иштирок этди, бу рақиб ҳақидаги маълумотлар ҳам тез орада етиб келади. Мазкур жамоага қарши пухта тайёргарлик кўриш мақсадида БАА термаси билан 8-11 сентябрь кунлари назорат ўйинлари ўтказамиз.

- Терма жамоа аъзоларида муҳим ўйинлар олдидан ҳаяжон ва қўрқув йўқми?

- Менинг фикримча, қайсидир жамоага қарши майдонга тушиш, рақибга ютқазиб қўйишдан қўрқиш керак эмас. Назарий машғулотлар пайти руҳий ҳолат устида ҳам алоҳида иш олиб борамиз. Айнан Туркия, Сербия каби термалар фонида нималарга қодир эканлигимизни кўриб олиш имкони бўлади.

- Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги аҳвол сизни қониқтиряптими? У ерда кузатиладиган ҳар қандай муаммо терма жамоаларимизга ҳам таъсир кўрсатади, ҳар ҳолда...

- Энг долзарб масалалардан бирини айтдингиз. Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги аҳволни омма олдида кўтариш ва муҳокама қилиш керак. Болалар футболида олиб борилаётган ишлардан кўнглим тўлмаяпти. Ушбу мавзуда мутахассислар ва мураббийлар жуда кўп гапиришди. Мазкур масалаларга бағишланган очиқ мулоқотлар уюштирилса, зиён қилмайди. Ислоҳотларни амалга ошириш вақти келди. Академия, мактаблар инфратузилмасини ривожлантириш, ўзгартириш билан ҳеч нимага эришмаяпмиз. Йўқ, болалар футболига бўлган муносабатни тўғрилаган маъқул. Клублар раҳбарияти мураббийдан натижа талаб қилади, тушунарлики, ҳар қандай ҳолатда улар совринли ўринлар учун курашади. Натижада сифат иккинчи даражага тушиб қолади.

- Ёшни кичрайтириш каби ҳолатларга муносабатингиз қандай?

- Сир эмаски, натижага эришиш учун кўпгина давлатларда мусобақа аввалида ўз футболчиларининг ёшини сунъий равишда кичрайтириш ҳолатлари кузатилади. Аввалги йилларда бизда хам шундай воқеалар учради. Мен бутун умр футбол ичида юриб, астойдил қилинган меҳнатлар эвазига обрў-эътибор қозонганман. Демакки, бу каби ғараз ишлар билан ўзимни оёқости қилишни хоҳламайман, ушбу иллатга қарши ҳар доим жиддий курашишга тайёрман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz