Қайднома

Қидирув

Марко Фассоне: «Бонуччи трансфери хато эди...»

Марко Фассоне: «Бонуччи трансфери хато эди...»

  16.08.2019 05:15
  0
  604
Марко Фассоне: «Бонуччи трансфери хато эди...»

Янги сармоядорлар тасарруфига ўтишига қарамай, аввалги нуфузини тиклолмаётган «Милан»да ўзгаришлар давом этмоқда. Жумладан, клуб бош директори Марко Фассоне истеъфога чиқарилди. Ҳеч кимга кераги бўлмай қолган мутахассис яқинда Sport Italia мухбирлари билан учрашиб, дил изтиробларини тўқиб солди. Қизиқ, уни нима қийнамоқда?

«Милан»дан кетиши. - Биз раҳбарият ажратадиган восита билан ишлашга мажбурмиз. Битта лойиҳага қўл урсангу, уни якунлашга имкон тополмасанг, жуда алам қилар экан. Назаримда, хитойлик сармоядорлар жамоа муаммоларига тўғри баҳо беролмадилар. Улар АҚШ жамғармаси олдидаги қарздорлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кутмаган бўлсалар керак. Аслида ҳаммасини тўғри бажардик. Албатта, камчиликлар ҳам кузатилди. Бироқ бу нормал ҳолат эди. Хуллас, муаммолар ўйлаганимиздан кўпроқ экан. Ҳаммаси шундай якунланишини тасаввур ҳам қилмагандим. Айниқса, сўнгги ойлар чинакам даҳшатга айланди...

Юнхун Ли ҳақида. - Хитойликлар 2016 йилнинг августида мени «Милан»га таклиф этишди. Бундай чорлов рад этилмайди. Чунончи, Берлускони билан ҳамкорлик қилаётган кишиларга шубҳа билан қараш ортиқча эди. Асосийси, қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Лекин кейинчалик қаердадир хатоликка йўл қўйилди. Хусусан, Ли алоқага чиқмай қўйди. Тўғри, унинг ёрдамчилари ҳамиша ёнимда бўлишди. Дейлик, ҳаттоки, «Милан»дан кетгач ҳам улар билан алоқани узганим йўқ.

Келажаги. - Нисбатан камтаринроқ клубда мен учун қизиқарли лойиҳа пайдо бўлишидан умидворман.

Мирабелли. - Массимилиано билан «Интер» мутасаддиларидан бири Пьеро Аузилио орқали танишдим. Бу мутахассис «нерадзурралар» тизимида улкан ишларни амалга оширди. Ажойиб скаутлар тармоғини яратганига ўзим гувоҳман. «Милан» харидларининг аксарияти - Мирабелли ғоялари самараси. Танқидий фикрлар кўплигига қарамай, унинг танловларини қўллаб-қувватлайман.

Мальдини. - Паолога ҳамкорлик қилишни ўзим таклиф этдим. Режа бўйича Мальдини ва Мирабелли дуэт ташкил этишлари лозим эди: афсона ва тажрибали функционер. Бироқ Паоло кўнмади. Балки унга янги лойиҳа кўпроқ маъқул тушгандир. Менимча, сабаблар етарли. Дейлик, Мальдини «Милан»нинг ҳозирги директорлар тизимига жиддий сармоя киритишни хоҳлади.

«Милан» ва етакчилар савияси. - Менимча, бу фақат «Милан»га тааллуқли мавзу эмас. Юксак натижаларга эришиб, шунга яраша пул топаётган жамоалар йўқ эмас. Лекин бошқа клублар молиявий муаммолар гирдобидан чиқолмаяпти. Берлусконининг кетганига 3 йил бўлди, жамоа эса ҳануз қайта қуриш билан овора. «Ювентус», «Наполи», «Лацио» ва «Аталанта»да раҳбарият ўзгармаяпти, шунга мувофиқ, барқарорлик жойида.

Трансферлар масаласи. - Бонуччи трансфери ноўрин эди. Унга қадар 8-9 нафар футболчини 4-3-3 схемасига мўлжаллаб кўргандик. Аслида марказий ҳимоячига эҳтиёж ҳам сезмагандик, аксинча, 70-80 млн. эвазига савияли ҳужумчи олишни ўйлаётгандик. Кейин фикримиз ўзгариб, кийиниш хонасида етакчиликка ярайдиган тажрибали ҳимоячи харид қилиш  пайига тушдик. Агар Леонардо ўрнига ҳужумчи келганида, ҳаммаси бошқача бўлармиди?

Доннарумма. - Жижи шартномасининг узайтирилиши тўғри қарор бўлди. Айнан шундай йўл тутишга ҳақли эдик. Бошқа трансферлар ҳам ўз меваларини бермоқда, бермаганлари энди беради. Боз устига, ёзда фақат харид билан шуғулланмадик, сотувни ҳам рисоладагидек амалга оширдик. Ньянг, Лападула, Соса ва Куцка ҳисобига ғазнани бойитдик.

Андре Сильва. - Аслида 2 нафар ҳужумчи - Сильва ҳамда йирикроқ сармоя эвазига қайсидир юлдузни мўлжаллагандик. Ғояга кўра, Андре тажрибали шерик ёнида маҳоратини ошириши лозим. эди. Бу ролга Обамеянгни таклиф этишни ўйладик. Бироқ унинг баҳосини кўтариб юборишди. Шундан кейин Бонуччи варианти юзага келди ва барчаси ўзгариб кетди.

Мората. -  У «Милан»га яқин турганди, лекин ўта яқин эмас...

Роналду. - Президент уни жамоада кўришни хоҳлагани рост. Бироқ баҳоси ички имкониятларимиздан юқори эди.

Белотти. - Унга манфаатли таклиф жўнатдик, аммо рад жавоби олдик. Бошқа гап йўқ.

Гаттузо. - Шахсан мен бу мураббий билан ҳамкорлик қилиш ниятида эдим. Ана шу истак ўз таъсирини кўрсатди.

Ҳозирги «Милан». - Катта ўзгаришлардан кейинги давр мураккаб бўлади. Навбатдаги ўтиш даври... Жамоа тезроқ ЧЛга қайтиши керак - шунга тилакдошман. Ўз давримдаги фахрланишга арзийдиган воқеа? Бу - 2017 йили ЕЛ саралаш босқичи доирасидаги ўйинимизга 60000 томошабин ташриф буюргани.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz