Қайднома

Қидирув

«Пахтакор-79»: Мангу барҳаёт жамоа

«Пахтакор-79»: Мангу барҳаёт жамоа

  16.08.2019 08:21
  0
  255
«Пахтакор-79»: Мангу барҳаёт жамоа

1979 йилнинг 11 август куни Днепродзержинск осмонида авиаҳалокат рўй берди. «Пахтакор» футболчилари Минскнинг «Динамо» жамоасига қарши майдонга тушиш учун одатий рейс билан Беларусга учиб кетаётгандилар. Мазкур борт Челябинск - Кишинев маршрути бўйича учаётган бошқа самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳалокатда 178 киши оламдан ўтган. Жумладан, «Пахтакор»  нинг 14 нафар футболчиси, иккинчи мураббийи, администратори ва врачи ҳам.

Ҳалок бўлганлар: футболчилар Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Аширов, Сергей Покатилов, Равиль Агишев, Николай Куликов, Александр Корченов, Юрий Загуменних, Владимир Макаров, Константин Баканов, Виктор Чуркин, Шуҳрат Эшбўтаев, Владимир Собиров, Сирожиддин Бозоров; иккинчи мураббий Идгай Тазетдинов; врач Владимир Чумаков; администратор Мансур Толибжонов.

1979 йилги мавсумни «Пахтакор» янги мураббий билан бошлаганди. Жамоани Киевнинг «Динамо»сида Валерий Лобановский билан ишлаган Олег Базилевич қабул қилиб олди.

- Янги шогирдларим «Динамо»нинг 1975 йиллардаги усулига яқинлаша бошлашди, - деганди Базилевич Мавлон Шукурзоданинг «Пахтакор»-79. Эслаймиз. Хотирлаймиз. Фахрланамиз» китобида. - «Пахтакор»­нинг янги ўқув машғулот материалларига мослашишларида футболчиларнинг даражаси ҳам роль ўйнаганди. Жумладан, Владимир Фёдоров ва Михаил Ан Собиқ иттифоқ терма жамоаси аъзолари ҳисобланишарди. Фёдоров яхши дриблингга эга бўлган тезкор ҳужумчи эди. Ан кўпроқ ҳужумчи ортида ҳаракат қиларди. У майдонни яхши кўрарди ва аниқ паслар бериш устаси эди. Ҳаракатлар диапазонини кенгайтириб, ҳақиқий универсалга айланганди. Константин Баканов чап қанотда ҳаракат қиларди. Яхши зарбага эга бўлган футболчи рақиб жарима майдонига кутилмаган пасларни оширарди. Ҳужумчи Виктор Чуркин яхши дриблинг соҳиби сифатида тезкорликка аҳамият берар, ҳужумнинг ўткир тус олишини таъминларди. Ёш ҳужумчи Шуҳрат Эшбўтаев ва жуда навқирон бўлган Сирожиддин Бозоровлардан ҳам кўп нарса кутса бўларди. Ўнг қанот ҳимоячиси Юрий Загуменних индивидуал жиҳатдан кучли эди. Равиль Агишев одатда марказий ҳимояда ҳаракат қиларди. Унинг вазифаси аниқ бир футболчини пойлаш бўлган. Олим Аширов у билан жуфтликда ҳаракат қиларди. Универсал Владимир Собиров рақиб билан тўп учун курашда устунлигини намойиш этарди. Ҳимоячи Николай Куликов эса кутилмаган ҳаракатлари билан омма эътиборига тушганди. Ярим ҳимоячи Александр Корченов меҳнаткаш, дарвозабон Сергей Покатилов ишончли ҳаракатланарди. Умуман олганда, жамоа умидли эди...

Михаил Ан ва Владимир Фёдоров, шубҳасиз, ўша жамоанинг иккита асосий футболчилари бўлишган. Корейс миллатига мансуб бўлган ярим ҳимоячи «Пахтакор»нинг мияси, ҳужумлар конструктори ва плеймекери эди. Илк бора футбол оммаси у ҳақда 1974 йилги мавсумнинг охирида гапира бошлаган. 1975 йилги мавсумда эса, «Пахтакор» Киевнинг «Динамо» жамоасини сенсацион тарзда 5:0 ҳисобида мағлуб этганида Ан «дубль» қайд этган. 1976 йили Ан Европа чемпиони бўлган Собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасининг сардори эди.

Биринчи финал учрашувида иттифоқчи ёшлар Венгрия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашган. Жавоб ўйинида эса Фёдоров ва Гуцаевнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучишган. Собиқ иттифоқ терма жамоасидаги дебютини Ан 1978 йилнинг 6 сентябрида нишонлаган. Ўшанда у Эронга қарши учрашувда захирадан майдонга тушган. Жамоани эса Никита Симонян бошқарарди.

Владимир Фёдоров ҳам Ан сингари 1976 йилги ёшлар ўртасидаги Европа чемпиони ҳисобланарди. Икки марта Собиқ эттифоқнинг энг яхши 33 футболчиси рўйхатидан жой олган. Миллий терма жамоа сафида 18 ёшида дебют қилган. У Европа чемпионати саралаш баҳсларидан ўрин олган Ирландияга қарши учрашувда захирадан майдонга тушган. Собиқ иттифоқ термаси сафида умумий ҳисобда 18та ўйин ўтказиб, битта гол урган.

- Ҳақиқатан ҳам «Пахтакор» Базилевич қўл остида «Динамо» моделини ўзлаштиришга ҳаракат қилганми? - орадан 40 йил ўтганидан кейин тошкентликларнинг собиқ дарвозабони Александр Яновскийга савол берамиз. Авиаҳалокат бўлган куни у самолётда учмаганди.

- Умуман олганда, шундай. Эсимда, унинг қўл остида юкламалар чегарадан чиқиб кетганди. Бор эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатига қаратиларди. Машғулотлар жуда оғир эди.

- Кўтарганмисизлар? Ҳеч ким «бунт» қилмаганми?

- Кимдир уддаларди, яна кимдир эса акси... Лекин ҳеч ким чурқ демасди. Базилевич барчасини илмий асосларга таяниб бажарарди. Ҳар доим текширув ўтказарди. Врачларни Киевдан олиб келарди. Олег Петрович кучли теоретик бўлган. Ўша йилларда Лобановский Базилевичсиз бундай муваффақиятга эриша олмасди, деб кўп гапиришарди.

1979 йилги мавсумни тошкентликлар ўта муваффақиятли тарзда бошлашди. Дастлабки учта турда «Торпедо» (2:1), «Динамо» Киев (1:0) ва «Крилья Советов» (3:2) жамоалари мағлуб этилди. Тўртинчи турда «Пахтакор» сафарда бўлажак мамлакат чемпиони - Москванинг «Спартак» клуби билан дуранг ўйнади. Олег Романцевнинг аниқ зарбасига меҳмонлар вакили Тўлаган Исоқов ўз голи билан жавоб қайтарганди. Исоқов бутун фаолиятини «Пахтакор»да ўтказган. 14 йиллик фаолияти давомида олий ва биринчи лигада 252та ўйин ўтказиб, 52та гол урган. 27 май куни бўлиб ўтган Москванинг «Динамо» жамоасига қарши ўйинда жароҳат олганди. Айнан ўша жароҳат уни авиаҳалокатдан қутқариб қолган.

- Биринчи жароҳатимни Тошкентда бўлиб ўтган «Шахтёр»га қарши учрашувда олгандим, - дейди 40 йилдан сўнг Исоқов «СЭ» мухбири билан бўлган суҳбатда. - Ўшанда ҳимоячи жароҳат етказганди... «Динамо» (Москва) билан бўлган баҳсда эса «Автоген» лақабли Александр Новиковдан зарба қабул қилиб олгандим. У мени «синдирганди». Ўшанда «Иккинчи даврада Тошкентга келса, мен ҳам шундай қиламан», деб ўз-ўзимга ваъда бергандим. Нима бўлганини ўзингиз биласиз... «Динамо»ни авиаҳалокатдан сўнг қабул қилганмиз. Ўшанда отам Новиковни меҳмонга чақириб, ҳаётимни сақлаб қолгани учун миннатдорчилик билдирганди. Буни умрбод эсимдан чиқармайман.

«Спартак билан дурангдан сўнг «Пахтакор» Тбилисининг «Динамо»сига 0:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейинги тўққиз турда тошкентликлар ғалаба қозона олишмади. Нохуш серия 23 июнь куни якунланганди. Ростов-Донда маҳаллий СКА 3:1 ҳисобида мағлуб этилган. Ҳалокатдан олдинги учта ўйинда Ўзбекистон жамоаси ғалаба нашидасини сурган. «Пахтакор» охирги учрашувини 8 август куни «Заря»га (3:1) қарши ўтказган. Фалокатга уч кун қолганди...

- Агар ҳалокат бўлмаганида, «Пахтакор» нечанчи ўринни эгаллаган бўларди? - Александр Яновскийга савол.

- Билсангиз ўша пайтларда чемпионатнинг ўз «зубрлари» бор эди. Киев, Донецк, Тбилиси, «Арарат», Москва клублари. Рақобат ўта жиддий бўлган. Лекин менимча, «Пахтакор» кучли ўнликка кирган бўларди. Якунда янгиланган жамоа 9-ўринни эгаллаган.

- Базилевич қўл остида қандай ишлагансизлар? - Тўлаган Исоқовдан сўраймиз.

- «Пахтакор»да 14 йил ўйнадим. Бу вақт оралиғида 13 нафар мураббий билан ишладим. Якушин, Аркадьев, Качалин, Соловьев, Красницкий, Кочетков, Келлер, Башашкин шулар жумласидан. Деярли ҳар йили футболчилар янги мураббий талабларини бажаришарди. Ҳар бир мутахассиснинг ўз усули бор. 1979 йили жамоамизни Олег Базилевич қабул қилиб олди. Олдин у Лобановский билан бирга ишлаганини яхши билардик. Шуни айтишим мумкин, унинг машғулотлар жараёни олдинги мураббийларникидан фарқ қиларди.

- Нимаси билан?

- Замонавий футбол. Бунга қадар биз «прессинг-шмрессинг» ҳақида эшитгандик, холос. У эса бу усулни бизнинг миямизга сингдира бошлади. У мураббий-психолог ҳамдир. Хуллас, Базилевич ўзимизга бўлган ишончни орттира олган. У бизга «Йигитлар, «Спартак»да, Киевда ва бошқа жамоаларда сизларга ўхшаган инсонлар тўп суради. Нима учун бошқалардан қўрқиш керак? Ҳамиша олдинги интилиш лозим», деганди. Маҳаллий ёш футболчиларга эътибор қарата бошлаган. Хусусан, 18 ёшли Сирожиддин Бозоровни асосий таркибга аста-секин жалб қилаётганди. Базилевич жуда ақлли одам. Ҳеч қачон футболчиларга бақирмаган. Европача услубда машғулотлар ўтказарди. Жамоамиз ҳақиқатан ҳам яхши эди. Буни статистика ҳам исботлаши мумкин.

- Масалан?

- 1974 йилги мавсумни. Киевнинг «Динамо» жамоаси ўша йили чемпион бўлиб, 49та гол урган. «Пахтакор» эса саккизинчи ўринни эгаллаб, 45та. Бу борада иккинчи бўлганмиз. Бу 45та гол тўрт нафар футболчи ҳисобига ёзилган. Ан, Фёдоров, мен ва Хадзипанагис. Айтганча, ҳозир у шу ерда. Хотира тадбирлари учун Тошкентга келди.

- 1979 йилги мавсумда «Пахтакор» қаторасига 9 учрашувда ғалаба қозона олмаган...

- Жамоамиз шундай бўлган. Ҳар қандай рақибни мағлуб этишимиз ёки имкониятни бой беришимиз мумкин эди. Бироз барқарорлик етишмасди. Лекин ҳеч кимдан чўчимасдик.

- Жамоадошларингизни охирги марта қачон кўргансиз?

- Жароҳатим бор эди. Йигитлар «Заря»ни мағлуб этишди. Эсимда, ўшанда кийиниш хонасига кириб, уларни ғалаба билан табриклаганман. Эртаси куни Москвага консультация учун травматология институтига учишим керак эди. Ўшанда у ерда машҳур Зоя Сергеевна Миронова ишларди. Йигитлар тезроқ қайтишимни сўрашган. 30 ёшда эдим ва кўпчиликдан ёшим катта эди... Тенгқурларим Толя Могильний, Юра Загуменних, Володя Макаров бўлган. Қолганлари 23, 24, 25 ёшли йигитлар эди.

- Уларни охирги марта кўриб тургандек ҳис қилганмисиз?

- Йўқ. Умуман бундай хаёлга бормаганман. Улар менга «Оқсоқол, тезроқ қайт», дейишганди. Ўшанда Александр Яновский ҳам жароҳат туфайли Минскка учмаганди.

- Сиз ҳам жароҳат туфайли учмаганмисиз?

- Ҳа. Бир ойча олдин жароҳат олгандим. Даволанаётганимда дарвозани Серёжа Покатилов қўриқлаётганди. Жамоа ғалаба қозонишни бошлади. Мураббий ҳеч нимани ўзгартиришни истамади. Мен эса бир кун олдин ўринбосарлар билан Минскка йўл олгандим.

- Ҳалокат юз берганини қандай билгансиз?

- Биз яшаётган меҳмонхонага Ўзбекистон компартиясидан қўнғироқ қилишди. Мураббийимиз ёшим катталиги туфайли мени чақирди. Биринчилардан бўлиб билганман... Ким учган, ким қолган, рўйхатини тузиб беришимизни сўрашган. Миша Аннинг ўринбосарлар билан учган ёки учмаганини сўрашган. Мен эса жароҳати туфайли учмаслиги лозимлигини айтганман. Кейин билсам, уни сўнгги сонияларда самолётга ўтиришга кўндиришган экан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz