Қайднома

Қидирув

ДАБДАБАЛИ ҚАБУЛ ёки Дани Алвеш шарафига зўр маросим

ДАБДАБАЛИ ҚАБУЛ ёки Дани Алвеш шарафига зўр маросим

  16.08.2019 09:53
  0
  499
ДАБДАБАЛИ ҚАБУЛ ёки Дани Алвеш шарафига зўр маросим

Бразилиялик фахрий ҳимоячи Америка кубогидаги ғалабадан кейин жонажон ватанига қайтишни ихтиёр этди. Аниқроқ айтсак, жаҳон футболининг энг совриндор ўйинчиларидан бири «Сан-Паулу» сафига қўшилиб, 2022 йилнинг қишигача мўлжалланган шартнома остига имзо чекди. Бразилия жамоаси расмий сайтида алоҳида таъкидланишича, Алвеш бу клубга ҳамиша ҳурмат билан қараган ва унинг либосини кийишни орзу қилган. Мана, Дани 36 ёшида бунга эришди...

Дани Алвешни аввалига аэропортда илиқ кутиб олишди. Ўша куни Сан-Паулу аэропорти ўйин куни фанатлар билан лиқ тўлган трибунани эслатиб юборди. Ҳамма қўшиқ куйлаб, рақс тушди. Шу тариқа «Сан-Паулу» эътибор марказига тушди. Клуб раҳбарияти эса фахрий футболчига дарҳол 10-рақамли формани тутқазди. Дарвоқе, «Атлетико»нинг собиқ ҳимоячиси Хуанфран ҳам «Сан-Паулу»да ўйнайдиган бўлди. Айтишларича, Алвеш энди майдондаги позициясини ўзгартириши ҳам мумкин экан. «ПСЖ»даёқ уни ярим ҳимоянинг марказий ҳудудида синаб кўришганди. Бироқ 10-рақам остида одатда ҳужумкор футболчилар майдонга тушишади. Балки Дани ҳужумда тўп сурар ҳали. Унинг ўзи бу борадаги саволга аниқ жавоб бермади: «Тактик томондан тартибли ўйинчиман ва ҳамиша жамоадошларимга енгиллик яратишни хоҳлайман».

Ўтган ҳафта эса «Сан-Паулу» Алвеш шарафига дабдабали расмий таништирув маросимини ўтказди. Тадбирда нақ 40 минг мухлис қатнашди. Дани 10-рақамли футболкани фаолиятини «Сан-Паулу»да бошлаган афсонавий Кака қўлидан қабул қилиб олар экан, дарҳол клуб рамзига лаб босди. Таништирув маросимида яна Луис Фабиано ҳам ҳозир бўлди. Лионель Месси, Каземиро, Миранда ва Луис Суарес эса дил изҳорлари битилган видеотилак йўллашди. Барчасини онлайн тизимида нақ 170 минг киши кузатиб борди.

Алвешнинг ўзи Бразилияга футбол билан хайрлашиш мақсадида қайтгани ҳақидаги хабарларни қатъиян инкор этди: «Олдимда ҳали катта мақсадлар жуда кўп. Улардан бири - «Сан-Паулу» тарихини янгилашга ҳисса қўшиш». У яна ҳамиша шу жамоага мухлислик қилганини ҳам яширмади. Энди афсонавий клубнинг яна совринлар ютишига ёрдам бера олса, бас. Зеро, Сан-паулуликлар 2012 йили Жанубий Америка кубоги турниридан зафар қучишганидан буён йирик ғалаба нималигини билишмаяпти.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz