Қайднома

Қидирув

Германия ЖЧ-2006 ни сотиб олганми?

Германия ЖЧ-2006 ни сотиб олганми?

  18.08.2019 01:48
  0
  412
Германия ЖЧ-2006 ни сотиб олганми?

2006 йилги жаҳон чемпионати атрофида янги можаро пайдо бўлди. Немисларни фирибгарликда айблашмоқда.

Нима бўлди?

Ўтган ҳафта Швейцария бош прокуратураси футбол мулозимлари устидан айблов эълон қилди. Тео Цванцигер, Вольфганг Нирсбах, Хорст Рудольф Шмидт ва швейцариялик Урс Линсилар фирибгарликда айбланишмоқда. Улар 6,7 миллион евро (7,5 миллион доллар)нинг аниқ қайси мақсадда сарфланганини яширишмоқда. Аммо юқоридаги тўрт киши ҳам айбловларни инкор этишмоқда.

Шунингдек, ЖЧ-2006 ташкилий қўмитаси раҳбари, германиялик афсонавий футболчи ва мураббий Франц Беккенбауэр ҳам фирибгарликда айбланмоқда. Унинг иши соғлиғидаги муаммо туфайли алоҳида кўриб чиқилади.

Ишни ким олиб борган?

Тео Цванцигер ва Вольфганг Нирсбах - Германия футбол иттифоқининг собиқ президентлари. Биринчиси федерацияни 2006-2012 йилларда, иккинчиси эса 2012-2015 йилларда бошқарган. Цванцигер ГФИда 1992 йилдан буён фаолият олиб боради. 2003 йили ташкилот вице-президенти бўлган. Нирсбах ҳам Германия «заявка»сини тарғиб қилишда фаол ишлаган. У ташкилий қўмитанинг ижрочи вице-президенти ва матбуот хизмати раҳбари бўлган.

Франц Беккенбауэр ва Хорст Рудольф Шмидт - ташкилий қўмитанинг асосий юзлари. Кайзер - раҳбар, Шмидт эса ўринбосар. Швейцариялик Урс Линси - 2002-2007 йилларда ФИФА бош котиби бўлган. Айтишларича, у германиялик мулозимларнинг фирибларидан хабардор бўлган.

Ҳаммаси нимадан бошланган?

2015 йилнинг октябрида Германия жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ФИФА функционерларини сотиб олгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бунинг оқибати ўлароқ, ФИФАнинг этика қўмитаси «ЖЧ-2006 иши» борасида беш киши устидан иш очди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Нирсбах футболдан бир йилга четлатилди. Теширувлар натижасида Нирсбахнинг ЖЧ-2006 мезбонини аниқлашда йўл қўйилган қоидабузарликлар ҳақида хабар бермагани ойдинлашди. У шу тариқа ФИФАнинг этика кодексини бузган.

Мутасаддилар нимада айбланмоҚда?

Маълум бўлишича, Германия «заявка»сининг махсус махфий фонди бўлган ва унда 6,7 миллион евро сақланган. Бу пуллар ЖЧ-2006 мезбонини аниқлашда керакли шахсларни сотиб олиш учун ишлатилиши кўзда тутилган. Ҳамма иш шу сумма атрофида айланмоқда.

ГФИнинг маълум қилишича, Беккенбауэр Adidas раҳбари Роберт Луи-Дрейфусдан кредит олган ва бу пуллар қайтарилган. ФИФАнинг ички ҳужжатларида кўрсатилишича, 2004 йили Луи-Дрейфус пулларини талаб қилган ва бу сумма ФИФАнинг Женевадаги ҳисоб рақами орқали қайтарилган.

Бироқ 2002 йили айнан шу пул ОФКнинг собиқ раҳбари, ФИФА президентлигига номзодини қўйган қатарлик Муҳаммад бин Хаммам ҳисобига ўтказиб берилган. Хабарингиз бор, бин Хаммам 2012 йили коррупцияда айбланиб, бир умрга футболдан четлатилган. Айтишларича, бу пуллар жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг ташкил этиладиган гала-концертга сарфланиши керак бўлган. Бироқ якунда бу тадбир ўтказилмаган.

2015 йилги текширувлардан сўнг Нирсбах ГФИ раҳбарлигидан истеъфога чиққанди. Энди бошқа мулозимларни ҳам жазо кутиб турибди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz