Қайднома

Қидирув

Қуйида «қайноқ» ҳарорат ёки Азиз Турғунбоев тур қаҳрамони

Қуйида «қайноқ» ҳарорат ёки Азиз Турғунбоев тур қаҳрамони

  20.08.2019 01:39
  0
  461
Қуйида «қайноқ» ҳарорат ёки Азиз Турғунбоев тур қаҳрамони

Одатда чемпионат финиш маррасига яқинлашган сари айниқса, турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоалар жонланиб қолади. Кўринишидан, Суперлига-2019да айни шу жараён бошланди. Фактлар керакми, «Қўқон-1912» нақ 10та турга чўзилган ғалабасиз сериясидан кейин қаторасига 2-ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, «Бухоро» эса «Сўғдиёна»нинг ғолибона одимини тўхтатиб қолди. «Қизилқум» ҳам ўз майдонида 3 очко олди ва турнир жадвалида 2 поғона юқорилади.

1-КУН: АУТСАЙДЕРЛАР БОСИМИ

«Қўқон-1912» - «Сурхон» ўйини мезбонлар учун жуда омадли бошланди: 6-дақиқаёқ ҳисоб очилди. Бу вазиятда Қувондиқ Рўзиев - Аваз Маматхўжаев - Собит Синдаров комбинацияси самарали чиқди. Қўқонликлар 15-дақиқада устунликни оширишга яқин келишди, аммо уларга сўнгги паллада совуққонлик етишмади. Танаффус яқинлашган сари «Сурхон» бироз фаоллашди ва бунинг самараси ўлароқ, жавоб голини нишонлади. Шавкат Саломовнинг жарима нуқтасидан йўллаган тўпи Ислом Абдуллаев дарвозасидан жой олди. Кутилганидек, мезбонлар иккинчи бўлимни шиддатли ҳужумлар остида бошлашди. Қатор вазиятлардан сўнг, 60-дақиқада Мурод Холмуҳаммедов жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, жамоасини ҳисобда яна олдинга олиб чиқди. Бунда меҳмонлар жарима майдонига кириб бораётган Аваз Маматхўжаевни қўполлик эвазига тўхтатиб қолишганди. Кейинчалик Шаҳбоз Эркинов кетма-кет 2 марта қулай имкониятга эга бўлди, аммо ҳисоб охирига қадар ўзгармай қолди. Шу тариқа Азиз Тўхтабоев жамоаси қаторасига 2-ғалабани нишонлаб, турнир жадвалидаги умумий ҳолатини анча умидбахш ҳолатга келтирди. «Сурхон»нинг эса ғалабасиз серияси 5та ўйинга етди - 4та мағлубият, 1тагина дуранг.

«Локомотив» ўз майдонида «Насаф» дарвозасини бир бора ишғол қилди ва ўта қимматли 3 очкога эга чиқди. Ўйиннинг биринчи ярми нисбатан сокин кечди. Тўғри, ҳар икки жамоа ҳисобни очиш учун қатор вазиятлар яратди, бироқ голга тортадиган чинакам ҳужум кузатилгани йўқ. Танаффусдан кейин ҳам асосий эътибор тўпни назорат қилишга қаратилди. Бу борада айниқса, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ажралиб туришди. Лекин ягона гол 54-дақиқада «темирйўлчилар» томонидан урилди - Жамшид Искандеров ўз имкониятидан унумли фойдаланди. Хуллас, «Насаф» мавсумдаги 6-мағлубиятни тан олди, камига турнир жадвалида «Бунёдкор»­ни олдинга ўтказиб юборди.

Ҳар бир ўйин «Пахтакор»ни чемпионлик марраси томон яқинлаштирмоқда. «Шерлар» бу сафар Олмалиқда АГМКни ортиқча муаммосиз енгишди - 3:0. Аслида учрашувдаги илк хавфли вазиятни мезбонлар юзага келтиришди. Фақат Элгужа Григалашвили уринишидан кейин Элдор Суюнов тўпни қайтариб юборди. Кейинги ҳамлада эса Шота Арвеладзе жамоаси ҳисобни очди. Марат Бикмаев дарвозани мўлжалга олгач, тўп Игорь Сергеев орқали Владимир Козакка келиб тушди ва у чемпионатдаги 2-голини нишонлади. Бўлим охиригача эса АГМКдан Шаҳзод Нурматов, «Пахтакор»дан Жалолиддин Машарипов, Драган Черан ва Владимир Козакда яна имконият туғилди, фақат... Иккинчи бўлимда тўп назоратини тўлиқ ўз томонига оғдирган «шерлар» Акбар Тўраевни яна 2 марта ранжитишди. Аввалига Драган Черанга тўсқинлик қилишга уринган Бобур Йўлдошев автогол муаллифига айланди. Ҳисобга якуний нуқта қўйиш эса чемпионат тўпурари Черан чекига тушди - у Козак узатмасидан кейин 19-голини нишонлади. Энди битта ажойиб факт: «Пахтакор» чемпионат доирасидаги охирги 3та ўйиннинг барчасида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Умумий ҳисоб - 13:0.

Яна бир аутсайдер - «Бухоро» ҳам бу турда очко олди. Муҳсин Муҳаммадиев шогирдлари қаторасига 3та ўйинда ғалаба қозониб, кучли учликка яқинлашган «Сўғдиёна»ни ортга очкосиз қайтаришлари ҳам ҳеч гап эмасди. Тенгма-тенг курашлар остида кечган баҳсда тожикис­тонлик Фатхулло Фатхуллоев ниҳоят, чемпионатимиздаги голлари ҳисобини очди. Унинг аниқ зарбаси 70-дақиқада «Бухоро» СМни ларзага солгани аниқ. Зеро, ғалаба бухороликларга сув ва ҳаводек зарур эди. Бироқ улар ижобий натижани охирига қадар сақлаб туриш уддасидан чиқишмади. Қисқаси, Шоҳруз Норхонов 82-дақиқада Раҳим Давронов дарвозасини нишонга олиб, «Сўғдиёна»нинг мағлубиятсиз серияси 4та ўйинга чўзилишини таъминлади. Яна Улуғбек Бақоевнинг собиқ жамоаси майдонидан нисбатан яхши кайфиятда кетишини ҳам.

 

2-КУН: «НАВБАҲОР» ЯНА ГОЛ УРА БОШЛАДИ...

«Навбаҳор» иккинчи давра ҳисобидан ниҳоят, илк ғалабасини нишонлади. Деян Журжевич жамоасининг «Андижон»га қарши ўйини ҳар томонлама асабий ўтди. Энг ёмон томони, ўйиндан кейин икки жамоа мухлислари ўртасида келишмовчилар ҳам юзага келди. Ваҳоланки, дерби олдидан икки томон мухлислари етакчилари ўзаро учрашиб, стадионда дўстона муҳитни юзага келтиришга келишиб олишганди. Бироқ амалда... Ўйин тафсилотларига келсак, майдондаги кескин кураш тақдирини Азиз Турғунбоевнинг жарима зарбасидан урган чиройли голи ҳал қилди. Эътиборлиси, «Навбаҳор» иккинчи давра ўйинларида ҳали гол урмаган ва ғалаба қозонмаганди. «Андижон» аксинча, охирги 3та турда мағлубиятга йўлиқмаганди. Ҳа, «Водий дербиси» шунақа - бундай ўйинларда рақибларнинг олдинги натижалари ҳам, умумий ҳолати ҳам аҳамиятини буткул йўқотади. 

«Бунёдкор» ўз майдонида «Металлург»ни қабул қилиб, қийинчилик билан ғалабага эришди. Ўйинда катта устунликка эга бўлган «қалдирғочлар» рақиб ҳимоясини ёриб ўтишда роса қийналишди, айниқса, биринчи бўлимда. Танаффусдан кейин Вадим Абрамов тактикани ўзгартирди ва Александр Лобанов дарвоза олдида хавфли вазиятлар кўпайди. 75-дақиқага келиб, кетма-кет ҳужумлар ниҳоят, самара берди. Катта тезликда жарима майдонига яқинлашган Жавоҳир Қаҳрамонов бурама зарба билан дарвозани нишонга олди. Тўп устунга тегиб қайтгач, уни эгаллаб олган Хуршид Ғиёсов енгил ҳаракатлар билан ҳисобни очди. Бу гол якунда 3 очко тақдирини ҳал қилди ва «Бунёдкор» яна 3-ўринга кўтарилди.

«Қизилқум»нинг «Динамо»га қарши ўйиндаги ғалабаси ҳам турнир жадвали қуйи қисмидаги «қайноқ»ликни янада ошириб юборди. Навоийликлар ҳам, самарқандликлар ҳам биринчи бўлимда ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиб, эътиборни асосан гол қўйиб юбормасликка қаратишди. Танаффусдан кейин эса Ҳамиджон Актамов шогирдлари қандайдир 10-11 дақиқа ичида Ботирали Эргашев дарвозасини 2 бора ўққа тутишди. Гол муаллифлари - Шерали Жўраев ва Мате Ватцадзе. Ке­йинчалик Жасур Азимов пенальти воситасида ҳисобни қисқартирди, аммо «Динамо» бундан ортиғига имкон тополмади ва чемпионатда қаторасига 5-мағлубиятни тан олди. Оқибатда Даврон Файзиев жамоаси турнир жадвалида ҳам таҳликали ҳолатга тушиб қолди...

 

«ҚЎҚОН-1912» - «СУРХОН» - 2:1 (1:1)

«ЛОКОМОТИВ» - «НАСАФ» - 1:0 (0:0)

АГМК - «ПАХТАКОР» - 0:3 (0:1)

 «БУХОРО» - «СЎҒДИЁНА» - 1:1 (0:0)

«АНДИЖОН» - «НАВБАҲОР» - 0:1 (0:0)

«БУНЁДКОР» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:0 (0:0)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ДИНАМО» - 2:1 (0:0)

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - АЗИЗ ТУРҒУНБОЕВ

Негаайнан Азиз Турғунбоев? Чунки у «Навба­ҳор»­нинг омадсиз сериясига нуқта қўйган гол муаллифига айланди. Қолаверса, жарима зарбасини мукаммал ижро этиб, «Водий дербиси» тақдирига ойдинлик киритди. Яна бир томони, Турғунбоевнинг голи «Навбаҳор» учун иккинчи давра ҳисобидан биринчиси бўлди. Шунингдек, иқтидорли футболчининг  дисквалификация туфайли маълум муддат ўйнамагани ва яқиндагина майдонга қайтганини ҳам унутмаслик керак. Ажабмас, шу гол Азизнинг аввалги ҳолатга қайтишини тезлатиб юборса...

 

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Афсуски, йигитлар энг сўнгги паллада шошилиб, вазиятлардан самара чиқаролмадилар. Владимир Андреев («Сурхон» бош мураббийи).

- Мухлисларни ёш футболчиларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлашга чақираман. Чунки ёшлар жуда таъсирчан бўлишади, уларни қўллаб турсак, ўйинлари янада очилади, менимча. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи в. б.).

- «Локомотив»нинг гол уришига имконият бермаслик, рақибни тўпсиз қолдириш ва бўш ҳудудлардан унумли фойдаланишга уриндик. Тўғри, буни ҳар доим ҳам эплай олмадик. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Ушбу рақиб билан баҳс қандай ўйин кўрсата олишимизни аниқлаб берарди. Менимча, сифатни яхшилаб боряпмиз Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Айни пайт суръатни йўқотмаслигимиз керак. Ҳар ҳолда, хотиржамликка берилиш ярамайди. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Танаффусдан кейин вазиятни ўнглаш мақсадида ҳимоячи ўрнига ярим ҳимоячи тушириб, одатий 4-3-3 тактик схемасига қайтдик. Бироқ кутилмаган автогол режаларимизни бузиб юборди... Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи).

- Ҳисобни тенглаштирганимиздан кейин яна гол уришимиз ёки қўйиб юборишимиз ҳам мумкин эди. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Ҳаёт давом этади, биз охиригача курашамиз, албатта. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

- Омад ҳам меҳмонлар тарафида бўлди. Адашмасам, «Навбаҳор» иккинчи даврада бор-йўғи 1та гол урди, уни ҳам жаримадан... Александр Хомяков («Андижон» бош мураббийи).

- Менга бироз ёқмагани - гол урганимиздан кейин кўпроқ ҳимоя ҳақида бош қотирдик. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Барчасини Ғиёсовнинг индивидуал маҳорати ҳал қилди. У жуда нозик ҳаракатланди. Натижа адолатли. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- «Қора чизиқ» узоқ давом этмаслиги керак... Биринчи гол урилган вазиятда «офсайд» бордек туюлди. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

- Кўплаб вазиятлар яратдик. Агар улардан самаралироқ фойдаланганимизда, ҳисоб йирикроқ кўриниш оларди. Ҳамиджон Ахтамов («Динамо» бош мураббийи).

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 14  (ўртача: 2)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Пахтакор» - 3:0)

Энг сермаҳсул ўйинлар: «Қўқон-1912» - «Сурхон», АГМК - «Пахтакор», «Қизилқум» - «Динамо» (3тадан гол)

Томошабин: 34875 (ўртача: 4982...)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Андижон» - «Навбаҳор» (10322)

Огоҳлантириш: 19 (ўртача: 2,71...)

Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйин: «Андижон» - «Навбаҳор» (6та «сариқ»)

Пенальти: 1 (самарали)

«Дубль»: -

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: 1 (Бобур Йўлдошев, АГМК)

 

1       Пахтакор                     17           15           2              0             53-10           47                    

2       Локомотив               17           10           4              3             28-12           34                    

3       Бунёдкор                     17           9             3              5             25-19           30                    

4       Насаф                              17           8             3              6             25-16           27                    

5       СўҒдиёна                      17           8             3              6             21-22           27                    

6       Навбаҳор                    17           6             7              4             22-16           25                    

7       Сурхон                           17           6             4              7             17-24           22                    

8       Металлург                  17           5             5              7             19-19           20                    

9       Динамо                          17           4             6              7             19-25           18                    

10     Қизилқум                     17           4             5              8             17-35           17                    

11     Андижон                      17           3             7              7             16-22           16                    

12     АГМК                                   17           4             4              9             20-28           16                    

13     ҚўҚон-1912                     17           3             5              9             19-34           14                    

14     Бухоро                           17           2             6              9             9-28             12

 

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 19та (5та - пен.)

Зафар Полвонов (АГМК) - 11та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 11та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 10та (1та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 10та (6та - пен.)

Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)

Игорь Сергеев («Пахтакор») - 8та...

 

26 август (душанба)

БУНЁДКОР - ЛОКОМОТИВ

МЕТАЛЛУРГ - НАВБАҲОР

ДИНАМО - БУХОРО

27 август (сешанба)

ПАХТАКОР - АНДИЖОН

НАСАФ - ҚЎҚОН-1912

СЎҒДИЁНА - АГМК

28 август (чоршанба)

СУРХОН - ҚИЗИЛҚУМ

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 20 августдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz