Қайднома

Қидирув

Саудия клубларини қаранг!

Саудия клубларини қаранг!

  20.08.2019 09:15
  0
  598
Саудия клубларини қаранг!

ОЧЛ-2019 чорак финалига Саудия Арабистонидан учта клуб йўл олди. «Ал-Наср», «Ал-Иттиҳод», «Ал-Ҳилол» ОФК томонидан ажратиладиган 3]1 квотасига ким муносиб эканини амалда кўрсатмоқда. Ваҳоланки, гуруҳ босқичида айнан шу жамоаларга қарши бизнинг вакиллар муносиб қаршилик кўрсатишганига гувоҳ бўлгандик. Аммо якунда...

Саудия Арабистони клубларининг Осиё Чемпионлар Лигасида ҳар доим фаворитлар қаторида юришига кўникиб қолганмиз. Лекин уларга қарши қандай тўп суриш кераклигини ҳамон ўрганганимизча йўқ. Футболимизнинг ривожланаётгани ҳақида кўп гапирамиз-у, аслида қитъа миқёсидаги йирик турнирларнинг ҳал қилувчи босқичида биздан бирорта ҳам вакил йўқлиги вазият аслида ачинарли эканлигини кўрсатмоқда.

Миллий чемпионатимизда катта устунлик билан пешқадамлик қиладиган «Локомотив» ва «Пахтакор» каби клублар ОЧЛда гуруҳ босқичидан нарига ўта олишмаяпти, Саудия ва Қатар жамоалари ҳал қилувчи паллада «улоқ»ни илиб кетишяпти. Бундай пайтда нима қилиш керак? Албатта, чорак финалда учта вакили билан қатнашаётган араблардан ўрганиш лозим.

«Ал-Иттиҳод» нимчорак финалда Эроннинг «Зоб-Оҳан» клуби тўсиғидан ўтди. Иккита учрашувда ҳам саудияликлар сафида легионерлар ўзларини кўрсатишди. Демак, хориждан савияли футболчи жалб этиш ҳам катта аҳамият касб этади.

«Пахтакор» таркибига назар ташлаймиз: Драган Черан, Марко Симич... легионерлар шу, холос. Кейин-ги мавсум Симичнинг кетиши кутилмоқда, демак умид Черанга боғланади. Хўш, Суперлига тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилаётган серб ОЧЛда ҳам шундай юқори савияда тўп сура оладими? Унинг «Насаф» таркибида Чемпионлар Лигасида айтарли каромат кўрсатолмаганини унутмаганмиз. Демак, вақт борида «Пахтакор»дан савияли легионер олиб келиб, жамоа ўйинига тезроқ мослаштириши талаб этилади.

Кўпинча араб жамоаларининг имкониятлари нисбатан кенгроқ экани айтилади, лекин бугунги «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари ҳам хоҳласа хориждан кучли футболчиларни олиб келишга қодир. Ҳаммаси хоҳиш ва ОЧЛ учун олдиндан белгиланадиган мақсадларга боғлиқ...

Саудия Арабистонининг 3та клуби ОЧЛ чорак финалига чиққанини ҳавас билан тилга оларканмиз, Шарқ минтақасида 1|4 босқичига Хитой ва Япониядан ҳам иккитадан жамоа йўл олганини эътироф этиш даркор. «Кунчиқар юрт» вакилларининг бу ерда бўлишлари табиий ҳол, ҳар ҳолда «самурайлар» мамлакатида футбол ривожланганига анча бўлди, уларнинг футболчилари ҳозир Европанинг номдор жамоаларида тўп суришмоқда. Осиёда эса «Урава Редс» ҳамда «Кашима Антлерс» қитъанинг клублар ўртасидаги энг йирик мусобақаси бош соврини учун курашни давом эттиряпти. Ажойиб кўрсаткич!

Чин юртида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам ўз мевасини бермоқда. ОЧЛ чорак финалида Одил Аҳмедов тўп сураётган «Шанхай СИПГ»дан ташқари «Гуанжоу Эвергранд» ҳам қатнашадиган бўлди. Таъкидлаш жоизки, Хитой клублари эришаётган ютуқларда ҳам легионерларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Хусусан, шанхайликлар таркибида Аҳмедовдан ташқари, Халк ва Оскар каби юлдузлар ўз маҳоратларини хитойлик ҳамкасблари билан ўртоқлашишмоқда. Бу эса, сифати легионерларни жалб этиш тажрибаси жуда муҳим эканлигига яна бир ишора.

ОЧЛ чорак финалида Қатардан ҳам бир вакил бор - «Ал-Садд». Хави шогирдлари бу босқичга ўз ҳамюртлари - «Ал-Дуҳайл»ни енгиб чиқишди. Гарчи Ғарб минтақасида Саудия клублари қуршовида қолиб кетган бўлсада, «Ал-Садд»нинг ҳам финал йўлланмасини қўлга киритиш бўйича имкониятлари юқори.

Хуллас, Осиё Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумини кузатишда давом этамиз. Ҳа, афсуски, вакилларимиз ушбу мусобақадаги иштирокларини алақачон якунлаб улгуришган. Шундай экан, бўлиб ўтадиган ўйинларни мухлис сифатида кузатиб, Саудия Арабистони, Қатар, Япония ва Хитой клублари ниманинг эвазига муваффақият қозонишаётганини тушуниб, керакли жиҳатларни ўрганишдан бошқа иложимиз йўқ. Бизнинг бор умидимиз келгуси мавсумдан. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клубларининг ОЧЛ ярим финалларида қатнашишганини ҳамон унутмаганмиз. Агар клубларимиз мазкур турнирда узоқроққа боришни чин кўнгилдан хоҳлашса, буни албатта уддалашади. Бу йўлда рақиблар, айниқса, саудияликлардан ғолиблик сирини ўрганишса, зиён қилмайди.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 20 августдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz