Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар: 4та ЎЙИНДА ЭНГ ЯХШИ!

Легионерларимиздан дараклар: 4та ЎЙИНДА ЭНГ ЯХШИ!

  20.08.2019 20:48
  0
  400
Легионерларимиздан дараклар: 4та ЎЙИНДА ЭНГ ЯХШИ!

Мухлислар эътирофи. «Ростов» расмий сайтида ўтказилган сўров натижасига кўра, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов жамоанинг Россия Премьер-лигаси 5-туридан ўрин олган «Крилья Советов»га қарши ўйинида ҳаракатланган энг яхши футболчи сифатида тан олинди. 12 август куни Ростовда 28 мингдан кўп мухлис гувоҳлигида ўтган баҳс (1:0)да 24 ёшли вакилимиз ғалаба голига муаллифлик қилганди. Эътиборли томони, «Ростов» мухлислари илк 5та турдан 4таси якунида айнан Шомуродовни жамоа сафидаги энг яхши футболчи, деб топишди. Ҳамюртимиз бунга қадар «Оренбург» (2:1), «Арсенал» (2:3) ва «Урал» (2:2) билан баҳсларда ҳам «Ростов»нинг энг яхши футболчиси мақомини олганди. Ҳаммаси тушунарли, зеро, Элдор илк 5та ўйинда 4та гол уриш баробарида фаоллиги билан ажралиб турди. Айтганча, «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин Россия матбуотига берган навбатдаги интервьюсида ҳам терма жамоамиз ҳужумчисига яна бир марта алоҳида тўхталди.

- Охирги кунлар матбуотда Шомуродов ҳақида жуда илиқ фикрлар ёзилмоқда. Футболчи бундай мақтовлар таъсирида ўзидан кетиб қолмаяптими?

- Ҳозирча йўқ. Элдор - жуда камтар, ақлли ва вазиятни яхши англайдиган йигит. Хуллас, барча гап-сўзларни тўғри қабул қилмоқда.

- Унга ЦСКАдан таклиф тушгани ростми?

- Бу менга бериладиган савол эмас. Москваликлар кимга таклиф юборишганини билмайман. Мутлақо бехабарман.

- Сиз учун ҳужумчининг тақдири қизиқ, албатта. Унинг Россия грандларидан бири сафига қўшилиши яхшими ёки Европага йўл олгани?

- Менга қолса, «Ростов»да қолгани яхши. Кейинчалик таклифларга қараб, Ғарб томон йўналиш олгани маъқул. Россия клубига ўтишидан нима наф? Албатта, Европанинг гранд жамоасида ўйнаб кетиш осон эмас. Лекин аввалига камтарроқ жамоада ўйнаб, кейинчалик юқори кўтарилишга интилиш мумкин.

Афсуски, Россия чемпионати 6-турига келиб, «Ростов» мавсумда илк марта мағлубият кўчасига кирди: «Уфа» меҳмони бўлган Карпин жамоаси ортга 0:2 ҳисоби билан қайтди. Ҳамюртимиз мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди, аммо голли сериясини давом эттиролмади.

Вадим Афониннинг клуби - «Оренбург» чемпионатда ҳамон ғалаба нималигини билгани йўқ. Турнир жадвалининг охирги поғонасини банд этиб турган клуб 6-турда «Сочи»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисоби қайд этди. Ҳам­юртимиз мазкур учрашувда 90 дақиқа тўп сурди.

«Рубин» - «Арсенал» - 1:0. Мезбонлар вакили Виталий Денисов бу сафар ҳам ўйинни четдан кузатди. Қозонликлар ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвалида «Ростов»га анча яқинлашди.

Гол плюс «пас». Хитой суперлигаси 23-тури «Шанхай СИПГ» ва Одил Аҳмедов учун ғоят омадли келди. Турнир жадвали 3-поғонасида бораётган жамоа «Тянжин Теда»ни 5:1 ҳисобида енгиб, пешқадам - «Гуанжоу Эвергранд»га нисбатан яқинлашган (ўртадаги очколар фарқи 6тага тушди) бўлса, майдонда 90 дақиқа ҳаракатланган ҳамюртимиз ўз ҳисобига 1та гол ёзиб қўйишдан ташқари, самарали узатмага ҳам муаллифлик қилди.

 

Фозил қаерда? Япония олий дивизионидаги ягона вакилимиз Фозил Мусаев анчадан буён ўйин амалиётисиз қолмоқда. Ҳамюртимиз «Жувило Ивата»нинг «Гамба Осака» майдонидаги ўйини (1:1)да ҳам майдонга тушмади.

Дуранглар эпидемияси. Яқин-яқингача Ж.Корея чемпиони бўлишга яққол даъвогарлардан бири бўлиб турган «Сеул» кетма-кет дуранглар оқибатида «олтин»дан умид узди, ҳисоб. Икром Алибоев клуби жумладан, чемпионатнинг 26-турида «Гангвон» билан очколарни бўлиб олишдан ўзга чора тополмади - 0:0. Терма жамоамиз ярим ҳимоячиси майдонда тўлиқ вақт фаол ҳаракатланган баҳсда пойтахтликлар роса ҳужум қилдилар, аммо меҳмонлар дарвозасига йўл тополмадилар.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz