Қайднома

Қидирув

МАТС ХУММЕЛЬС: «Дортмунд» билан соврин ютиш бошқача-да, барибир»

МАТС ХУММЕЛЬС: «Дортмунд» билан соврин ютиш бошқача-да, барибир»

  21.08.2019 03:35
  0
  466
МАТС ХУММЕЛЬС: «Дортмунд» билан соврин ютиш бошқача-да, барибир»

Матс Хуммельс янги мавсумни яна «Боруссия» Д. сафида бошлади. Орада 3 йил «Бавария» шарафини ҳимоя қилган Германия терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Дортмундда совринлар коллекциясини янада бойитмоқчи. Унинг таъкидлашича, «Боруссия» билан ютилган ҳар қандай соврин қадри бошқа клубларда ютилганидан анча баланд экан. Матс хорижлик касбдошимизнинг ранг-баранг саволларига жавоб қайтариш жараёнида буни алоҳида таъкидлади: «Ҳа, «Боруссия»да совринга эришиш - мислсиз бахт».

- Герр Хуммельс, айтишларича, куйлашни мутлақо билмас экансиз. Шу ростми?

- Тўғри, бу масалада сира мақтанолмайман. «Боруссия»га аталган бағишловим ҳам сўзларимни тасдиқлайди. Қисқаси, хонишга нўноқлигим боис, рэпни танладим.

- Чиндан ҳам, бағишловингиз қўшиқдан кўра, оддий гапни эслатди...

- Шундай. Лекин ижродан кейин бироз енгил тортдим, барибир (кулади).

- Умуман, сизни қўшиқ куйлаш удумини бажаришга нима мажбур этди? Ахир жамоа сизга беш бармоғингиздек таниш, ҳар ҳолда, 2008-2016 йиллар оралиғида айнан Дортмундда тўп сургансиз. Қолаверса, Роман Бюрки, Лукаш Пишек, Марсель Шмельцер, Марко Ройс, Юлиан Вайгль ва Марио Гётце каби эски танишларингиз қаторига қайтдингиз...

- Қайтганим билан машғулотлар лагерида ташкил этилган танишув маросимида қатнашишимга тўғри келди. Унда жамоага келган барча янги ўйинчилар ҳозир бўлишди. Аслида кўпчилик қатори куйлашни ёқтираман, бироқ шунчаки, ижрони қойиллатолмайман, холос.

- Мюнхен «Бавария»си 2 марта ва Дортмунд «Боруссия»си ҳам 2 марта. Ўзи асосий спорт майдонингиз қаерда?

- Бу саволга фақат фаолиятим якунида яхлит жавоб беришим мумкин. Умуман олганда, шахсий ҳаётимда ҳар икки жамоанинг ўрни беқиёс. Гарчи улар ўртасидаги муносабатлар ҳамиша самимий бўлмаганини билсамда, «Бавария»да ҳам, «Боруссия»да ҳам ўзимни бирдек эркин ҳис қиламан.

- Хўш, «Боруссия»га қайтишингизнинг асосий сабаби нима?

- Аввало айтишим керак, гап ажойиб жамоа ҳақида кетмоқда. Бу ерга қайтишимга қадар клуб раҳбарияти 3та зўр трансферни амалга оширди - Юлиан Брандт, Торган Азар ва Нико Шульц сотиб олинди. Ўзи мавжуд таркиб ҳам чакки эмасди. Қисқаси, «Боруссия»да ҳеч қачон зерикиб қолмаслигимга ишонаман. Муваффақиятли ва томошабоп ўйин кўрсатишимизга ҳам. Айниқса, Аки Ватцкенинг мени илиқ қарши олгани кучли таассурот уйғотди. Умуман, етакчилик роли мен учун беназир мотивация ҳисобланади.

- Оттмар Хитцфельднинг фикрича, «Боруссия»га айнан сиздек ўйинчи етишмаётганди. Бунга қандай қарайсиз? Жамоа чин етакчига кўпроқ муҳтожми ёки ҳимоячига?

- Бу мавзуда мулоҳаза юритишни истамайман. Олдимдаги вазифалар эса тайин - сифатли ўйин кўрсатиш, керакли паллада масъулиятни зиммамга олиш, мураккаб вазиятларда ўзимни қўлга олиб, жамоадошларимни олға бошлаш...

- Булар «Боруссия»га мюнхенликларга хос ғолиблик менталитетини сингдиришни ҳам англатадими?

- Қайсидир жамоадан нусха кўчириш фикридан йироқман. Ғалабага интилиш масаласи Мюнхенда рисоладагидек йўлга қўйилгани шеч кимга сир эмас. Барчасини клубнинг 40 йиллик фаолиятидан билиб олиш мумкин. Икки жамоа ўртасидаги тафовут сезиларли бўлсада, «Дортмунд» имкони борича кучлироқ менталитетга эга бўлиши учун бор куч-маҳоратимни сарфлайман.

- Хуммельсни айнан нима ҳаяжон ёки «шок» ҳолатига тушириши мумкин?

- Мисол тариқасида ЧЛ-2012|2013 ярим финалида юзага келган ҳолатни тилга оламан. Ўшанда тўпни Игуаинга олдириб қўйишим оқибатида жамоам дуранг натижага рози бўлганди. Эсимда, оёқларимни бир неча дақиқа қалтироқ босганди. Шунга ўхшаш вазиятларда ўйиннинг қолган қисмини асабий ҳолда ўтказмаслик учун ҳаяжонни тезроқ бартараф этиш талаб қилинади. Бироқ бу қийин масала. Фикримни кўплаб тан олинган футболчилар ҳам тасдиқлашса керак.

- 3 йил давомида «Дортмунд»дан четда юрдингиз. Клуб бу даврда нечоғли ўзгарибди?

- Албатта, қандайдир ўзгаришлар юз бериши табиий ҳол. Ҳозир жамоа анча интернационал кўриниш олгани кўряпман. Ҳар ҳолда, 3 йил олдин таркиб негизини асосан немисзабон футболчилар ташкил қилишарди.

- Жорий трансферлар мавсумида жамоа яна аввалги кўринишига қайтаётгандек...

- Ҳа, шундай. Бошқа жиҳатларга келсак, «Боруссия» айниқса, хорижда ўзининг ҳужумкор услуби билан донг таратган.

- «Боруссия» соҳиби Ханс-Йоахим Ватцкенинг таъкидлашича, орада Мюнхенда ўйнаганингизга қарамай, у сиз билан мунтазам алоқада бўлиб турган экан. Демак, Дортмундга қайтишингиз бирданига амалга ошган эмас...

- Тез-тез фикр алмашиб турганимиз рост. Ҳар куни эмас, лекин доимий равишда. Муҳими, Ватцке ишим юришмай қолган кезлар ҳам мени унутмади. Бу одатини алоҳида қадрлайман. Қолаверса, айрим вазиятларда ундан маслаҳат олардим. Умуман, Мюнхенда ҳам «Боруссия»га асло бефарқ эмаслигимни ҳеч қачон яширмаганман.

- Карл-Хайнц Руммениггенинг маълум қилишича, сизга турли жамоалардан таклифлар тушган. Айтингчи, хориж клублари чорловини ҳам кўриб чиқдингизми?

- Ҳа, таклифлар етарли эди. Фақат дортмундликлар билан мунтазам алоқада бўлганим ва менга ажратилган роль маъқул келгани боис, «Боруссия»ни танладим. Хуллас, «Дортмунд»да қандай юмушни бажаришим аввалдан маълум эди.

- Михаэль Цорк қарорингизни дадил қадам сифатида баҳолади, Нико Ковач эса Никлас Зюле ва Лукас Эрнандес билан рақобатлашишдан чўчиганингизни таъкидлади...

- Йўқ, асло бундай эмас. Очиғи, ушбу мавзуда гапиришни хоҳламайман.

- Бир сафар «Боруссия» сафидаги 1та чемпионлик «Бавария»нинг 7та олтин медалидан қадрлироқ эканлигини айтгандингиз...

- Тўхтанг, буниси ҳам ҳақиқат эмас.

- Хўш, ўшанда нима дегансиз?

- Шунчаки, Дортмундда ютилган соврин бошқа ҳар қандай клубда эришилган натижадан қимматроқ туришини айтганман. Лекин бунда қайсидир жамоа номини тилга олган эмасман.

- Нима, муваффақиятлар Дортмундда дабдабалироқ, ўзига хос тарзда нишонланадими?

- Айрим зафарлар ва совринлар шундай нишонланишига шубҳа йўқ. Ана шу ўзига хос кўтаринкилик, клуб атрофидаги муҳит, стадионда кузатиладиган шод-хуррамлик - барчаси сеҳрли. Айниқса, жамоанинг «ошиғи олчи» бўлиб турган паллада мухлислар ўзларини ўта бахтиёр ҳис этадилар.

- «Бавария»да сизга шу кўтаринки муҳит етишмаган кўринади...

- Мюнхенда тамоман ўзгача муҳит ҳукмрон. Бироқ мунтазам равишда ортга назар ташлашнинг мен учун қизиғи йўқ. Факт битта - «Бавария»да ҳам яхши даврни бошдан ўтказдим.

- 2016 йили «Дортмунд» билан хайрлашишингизга ЧЛда ғалаба қозониш орзуси сабаб бўлганди. Мана, Мюнхенда 3 марта чемпионликни тантана қилдингиз, мамлакат кубогини ҳам 3 бора бошингиз узра баланд кўтардингиз. Булар сиз учун шунчаки, арзимас юпанч эмасми? Ахир «Бавария»да ҳам «шалпангқулоқ» кубокка эришолмадингиз, барибир.

- ЧЛда ғалаба қозонишимга ҳеч ким кафолат бермаганди. Ўзи бундай кафолат йўқ. Шахсий фикримча, Мюнхендаги 3 йил мен учун муваффақиятли кечди. Халқаро аренадаги иштирокимиз ҳам чакки бўлмади.

- Жумладан, ЧЛда ҳам, шундайми?

- Нуфузли турнир нимчорак финали бизни қаноатлантирмагани ўз-ўзидан тушунарли. Энди «Боруссия»даман ва биз гарчи фаворит саналмасакда, олдимизга юксак мақсадларни қўйишимиз лозим.

- Яъни?

- «Плей-офф» босқичига чиқиш ва имкон қадар узоқроққа боришни кўзлашимиз шарт. Лоақал аввалги мавсум натижасини яхшилашимиз керак. Буни уддаласак, олға бораётганимизга ишонч ҳосил қиламиз.

- Жамоага келганингизга 6 ҳафта бўлди. Шерикларингиз сизни бошқача таърифлашмоқда: «Ўзини юлдуздек тутмайдиган юлдуз».

- Ростданми?

- Ҳа. Жаҳон чемпионидек машҳур футболчи алоҳида мақомга даъво қилмаслиги ҳам мумкинми?

- Мен учун бошқа жиҳатлар муҳимроқ. Нималарга қодирлигимизни четда эмас, майдонга кўрсатишимиз керак.

- «Боруссия» аввалги мавсумдаги каби 9 очколик устунликни бой бермаслиги учун жамоага қандай ёрдам бера оласиз?

- Тўхтанг, жамоамизнинг яна шундай устунликка эга бўлиши эҳтимоли жуда кам. Менимча, биринчи давра аввалги мавсумдагидек ўтмаса керак. Демак, якуний натижани 9 ой давомида босимга дош бериш ва пухта режа асосида ҳаракатланиш санъати белгилаб беради. 

- «Дортмунд» аввалги мавсум стандарт вазиятлардан «Бава-рия»га нисбатан 2 баравар кўп гол қўйиб юборди. Айни пайт «стандарт»га жиддий эътибор қаратиляптими?

- Камчиликни бартараф этиш чорасини кўряпмиз, албатта. Мураббийлар штабининг асосий мақсади ҳам шу.

- «Боруссия» дарвозаси томон бурчак ёки жарима зарбаси белгиланса, мухлисларни юрак ҳовучлаб ўтиришади. Мана, таркибга қайтдингиз, энди таҳликали ҳолат йўқолармикан?

- Муаммони бартараф этиш - барчамизнинг вазифамиз. Тўғри, бош билан самарали ўйнашимни яширмайман. Умуман, жамоамиз савияли ўйинчилардан иборат, доимо бош билан яхши ўйнайдиган 5-6 нафар футболчи майдонга тушади. Умидворманки, мухлисларимиз энди ўйинларни ортиқча хавотирсиз томоша қиладилар.

- Йоахим Лёв март ойидан буён Германия терма жамоасини сиз, Томас Мюллер ва Жером Боатенгсиз шакллантирмоқда. Қизиқ, бундестимга қайтиш имкониятингизни қандай баҳолайсиз?

- Бу борада ҳозирча ҳаттоки, шаъма ҳам йўқ.

- Мураббий сизни яна чақирса-чи?

- Қачондир миллий жамоа либосида майдонга тушишни таклиф этишса, бош тортмаслигим аниқ. Лекин ҳозир бу ҳақда ўйламаяпман. Қисқаси, терма жамоа ўйинлари туфайли юзага келадиган танаффуслардан бошқа мақсадларда фойдаланишни режалаштирганман.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz