Қайднома

Қидирув

АПЛ : ТРАНЖИР МЕЗОНИ ёхуд 1,5 МИЛЛИАРД ЕВРОЛИК ХАРАЖАТ

АПЛ : ТРАНЖИР МЕЗОНИ ёхуд 1,5 МИЛЛИАРД ЕВРОЛИК ХАРАЖАТ

  21.08.2019 10:11
  0
  366
АПЛ : ТРАНЖИР МЕЗОНИ ёхуд 1,5 МИЛЛИАРД ЕВРОЛИК ХАРАЖАТ

АПЛда ёзги трансферлар бозори ёпилди. Шундай экан, Англия клубларининг харажат-даромадини сарҳисоб қилиш мумкин. Журналистлар айни шу масала билан шуғулланиб, АПЛнинг қайси жамоалари харажат бобида алоҳида ажралиб турганига эътибор қаратишди. Асосий факт: АПЛда иштирок этадиган 20 клуб бу сафарги трансферлар муддатида жами 1,5 миллиард евро харажат қилди. Агар аниқ айтадиган бўлсак, 1,54 млрд. евро. Албатта, бу сумманинг маълум қисми АПЛ доирасида айланди. Яъни бир жамоа ғазнасидан иккинчисиникига тушди. Лекин бу ҳам харид, барибир. Келинг, энди 1,5 миллиард евролик «хирмон»га қайси клуб қанча ҳисса қўшганини кўриб чиқамиз. Бунда рейтинг харажат миқдори бўйича тузилганини ҳисобга олинг.

20. «Ливерпуль»

Харажат миқдори: 1,9 млн. евро

Даромад миқдори: 34,4 млн. евро

Баланс: +32,5 млн. евро

Юрген Клопп ҳар ёзда таркибга янги кучлар қўшишга хоҳишманд эмас. Германиялик мутахассиснинг фикрича, кучли клуб таркиби яхлит ҳолда ўйнаш эвазига яхшироқ шаклланади. Хуллас, у АПЛда чемпионлик маррасига ўтган мавсум ЧЛ кубогини ютган асосий футболчилар билан боришни хоҳламоқда. Ҳарқалай, «қизиллар» бирор жиддий харидга қўл уришгани йўқ.

 

19. «Норвич»

Харажат миқдори: 4,17 млн. евро

Даромад миқдори: 1,5 млн. евро

Баланс: -2,67 млн. евро

Қуръа ҳукмига қаранг, у ёзги трансферларда энг кам харажат қилган икки клубни 1-турдаёқ бир-бирига юзлаштирди ва «Ливерпуль» дебютантни осонгина енгди - 4:1. Ўзи «Норвич» раҳбарияти сиёсатини алоҳида таъкидлаш ўринли. Зеро, Чемпионшипдан чиққан жамоа таркиби деярли кучайтирилмади. Демакки, мураббий ҳозирги шогирдлари салоҳиятига ишонади. «Норвич»нинг лига билан хайрлашишга асосий номзодлардан бири сифатида тилга олинаётганига келсак, барчасини ҳали вақт кўрсатади.

 

18. «Кристал Пэлас»

Харажат миқдори: 7,6 млн. евро

Даромад миқдори: 55,75 млн. евро

Баланс: +48,15 млн. евро

Лондон клуби трансферлар бўйича ўз рекордини янгиларди агарда Фёдор Чалов учун ЦСКАга 30 миллион евро тўлаганида. Бироқ «Пэлас» раҳбарияти охирги паллада хариддан воз кечди. Ваҳоланки, жамоа биргина Аарон Ван-Биссака учун «МЮ»дан 55 миллион евро олди.

 

17. «Бернли»

Харажат миқдори: 9,4 млн. евро

Даромад миқдори: 8,8 млн. евро

Баланс: -0,6 млн. евро

АПЛнинг атиги 4та клуби харажати 10 миллион еврога етмади. Шулардан бири - «Бернли» ёзда 9,4 «лимон» сарфлаган бўлса, сумманинг ярмидан кўпи Жей Родригес трансферига йўналтирилди (5,5 млн. евро).

 

16. «Уотфорд»

Харажат миқдори: 38,5 млн. евро

Даромад миқдори: 23 млн. евро

Баланс: -15,5 млн. евро

«Қовоқарилар» шу ёзда ўзларига тегишли трансфер рекордини янгилашди: Исмоил Сарр учун «Ренн»га 30 миллион евро тўлашди. Дарвоқе, бу келишув трансферлар муддатининг охирги куни расмийлаштирилди. Шунинг учунми, Сарр 1-тур ўйинида майдонга тушгани йўқ.

 

15. «Челси»

Харажат миқдори: 45 млн. евро

Даромад миқдори: 128,35 млн. евро

Баланс: +83,35 млн. евро

«Челси» бу сафар 1тагина харид билан чекланишга мажбур бўлди. Қисқаси, харажат суммасининг барчаси «Реал»дан Матео Ковачич ҳуқуқини сотиб олишга йўналтирилди. Умуман олганда, «кўклар» олдига трансфер тақиқи қўйилганини ҳам унутмаслик керак. Хорват футболчисига келсак, у санкция эълон қилинган вақт Лондон клубида ижара келишуви бўйича тўп сураётган эди, шунинг учун бу трансферга рухсат берилди. Алоҳида таъкидлаш керак, лондонликлар Эден Азарни «Реал»га сотиш ҳисобига АПЛ иштирокчилари орасида энг яхши  баланс ҳосил қилишди: жамоа 83 миллион евродан кўпроқ плюсда.

 

14. «Шеффилд Юнайтед»

Харажат миқдори: 47,5 млн. евро

Даромад миқдори: 0

Баланс: -47,5 млн. евро

Кўпчилик «Шеффилд»ни бир мавсумдаёқ ўз жойига қайтишини тахмин қилмоқда. Ваҳоланки, клуб раҳбарияти трансферлар бозорида фаол иш олиб борди. Энди мураббийлар штаби деярли 50 «лимон» бежиз сарфланмаганини амалда исботлаши керак.

 

13. «Борнмут»

Харажат миқдори: 56,45 млн. евро

Даромад миқдори: 34,5 млн. евро

Баланс: -21,91 млн. евро

Ўртамиёна жамоа таркибини кескин кучайтиргани ҳақида баралла гапириш ноўрин. Лекин экспертлар «Борнмут»нинг АПЛ-2019|2020 финишида ҳам турнир жадвали ўрталарида кўриш мумкинлигини айтишмоқда.

 

12. «Саутгемптон»

Харажат миқдори: 58,60 млн. евро

Даромад миқдори: 25,4 млн. евро

Баланс: -33,2 млн. евро

«Авлиёлар» одатда «Ливерпул»га футболчи сотишарди, бу сафар эса улар харидор ролида гавдаланишди. Хуллас, «Саутгемптон» Данни Ингс учун «қизиллар»га 22,2 млн. евро беришди. Бу жамоанинг ёпилган трансфер бозори давридаги энг катта харидидир.

 

11. «Брайтон»

Харажат миқдори: 67,65 млн. евро

Даромад миқдори: 0

Баланс: -67,65 млн. евро

«Брайтон» ўтган мавсум элитадаги ўрнини зўрға сақлаб қолди. Шунинг учунми, «чайкалар» раҳбарияти бу гал таркибни созлаш йўлидан пулни аягани йўқ. Дейлик, бирданига 2та харид учун клубнинг аввалги трансфер рекордидан кўпроқ маблағ ажратилди: Нил Мопе (21,9 млн. евро) ва Адам Уэбстер (21,85 млн. евро) «Брайтон» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчиларга айланишди. Ҳар иккиси Чемпионшип клубларидан сотиб олинди. Айтганча, Мопе дебют ўйинида атиги 13 дақиқа тўп суриб, гол ҳам урди - ажойиб старт!

 

10. «Ньюкасл»

Харажат миқдори: 68,4 млн. евро

Даромад миқдори: 35,64 млн. евро

Баланс: -32,76 млн. евро

«Ньюкасл» Рафа Бенитесдан айрилиб, Стив Брюсга эга бўлди. Харажат бобида эса «қарғалар» ҳамон ўртамиёна даражада. Жорий ёзда ўзининг трансфер рекордини янгилаган яна бир клуб айнан «Ньюкасл»дир. Жамоа «Хоффенхайм»дан Жоэлинтонни 44 миллион еврога сотиб олди.

 

9. «Вест Хэм»

Харажат миқдори: 79,7 млн. евро

Даромад миқдори: 45,63 млн. евро

Баланс: -34,07 млн. евро

Себастьян Аллер учун 40 миллион евро (клуб рекорди) ва Пабло Форнальс учун 28 миллион евро. «Вест Хэм» харажатининг катта қисми шу икки трансферга кетди. Бироқ қимматбаҳо янги футболчилар 1-турда «болғачилар»нинг муносиб ўйнашларига ёрдам беролмадилар. Чунончи, жамоа стартда «Манчестер Сити»га айтарли қаршилик кўрсатолмади - 0:5.

 

8. «Вулверхэмптон»

Харажат миқдори: 97 млн. евро

Даромад миқдори: 3,4 млн. евро

Баланс: -93,6 млн. евро

«Вулверхэмптон» - харажат миқдорини 100 миллион еврога етказмаган охирги клуб. «Бўрилар»нинг энг қимматбаҳо харидлари - бу Рауль Хименес. Тўғрироғи, «Вулвз» синалган ушбу ўйинчи трансфер ҳуқуқига эга бўлиш йўлида «Бенфика»га 38 млн. евро берди.

 

7. «Лестер»

Харажат миқдори: 106,1 млн. евро

Даромад миқдори: 87 млн. евро

Баланс: -19,1 млн. евро

«Лестер» Гарри Магуайр учун «МЮ»дан ҳимоячилар доирасида рекорд даражада кўп пул олди. «Тулкилар» шунинг баробарида ўзларининг ўрта ва олдинги чизиқларини анча кучайтиришди. Клуб шунингдек, трансфер бобидаги шахсий рекордини ҳам янгилади - Юри Тилеманс харидига 45 миллион евро сарфланди. Айоссе Перес ҳамда Деннис Прат трансфери ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.

 

6. «Тоттенхэм»

Харажат миқдори: 114 млн. евро

Даромад миқдори: 31 млн. евро

Баланс: -83 млн. евро

Бир йил олдин лоақал 1та трансферни амалга оширмаган «Тоттенхэм» бу сафар бозорда анча фаоллик кўрсатди. Қаранг, Маурисио Почеттино шогирдлари қаторига Танги Ндомбеле, Райан Сессеньон ва Жованни Ло Чельсо каби нисбатан танилган ижрочилар қўшилишди.

 

5. «Эвертон»

Харажат миқдори: 119,9 млн. евро

Даромад миқдори: 67 млн. евро

Баланс: -52,9 млн. евро

Харажат бобида кучли бешликка кирган клублар рўйхатини «Эвертон» очиб беради. «Ирислар» 4та ўта жиддий трансферни расмийлаштиришди: Алекс Ивоби «Арсенал»дан, Мойзе Кин «Ювентус»дан, Андре Гомеш «Барселона»дан ва Жан-Филипп Гбамен «Майнц»дан сотиб олинди.

 

4. «Астон Вилла»

Харажат миқдори: 148,6 млн. евро

Даромад миқдори: 0

Баланс: -148,6 млн. евро

«Астон Вилла» узоқ танаффусдан кейин АПЛга қайтгани шарафига ўз тарихидаги энг катта трансферлар кампаниясини уюштирди. Ҳар ҳолда, дебютант харажат миқдори бўйича 4-ўринга жойлашди. Ўтган йили «Фулхэм» худди шундай йўл тутганди. Яъни таркибини кучайтиришга энг кўп маблағ ажратган 4та жамоа қаторига кирган, фақат сумма бироз кам эди. Бироқ бундан наф чиқмаган ва «Фулхэм» яна Чемпионшипга «қулаганди». Кўрамиз, катта харажат «Вилла»га нима бераркин?

 

3. «Арсенал»

Харажат миқдори: 152,4 млн. евро

Даромад миқдори: 50,3 млн. евро

Баланс: -102,1 млн. евро

«Арсенал» ўтган йилнинг ёзида ҳужумдан ташқари, қолган барча чизиқлар учун янги футболчи сотиб олган ва жами харажат 80 миллион еврони ташкил этганди. Энди эса клуб раҳбарияти биргина Николя Пепе трансферига шунча маблағ йўналтирди. Умумий харажат миқдори эса деярли 2 баравар ошиб кетди. Нима, бу ЕЧЛга қайтиш учун «заявка»ми?

 

2. «МЮ»

Харажат миқдори: 159 млн. евро

Даромад миқдори: 65 млн. евро

Баланс: -94 млн. евро

«МЮ» - ЧЛга қайтиш илинжидаги яна бир клуб. «Қизил иблислар» ўтган мавсум ҳарчанд уринишмасин, бу мақсадга эришолмадилар. Натижада клуб хўжайинлари яна трансферларга алоҳида ёндашишди. Хусусан, ҳимояни кучайтириш асосий масалага айланди. Якунда Гарри Магуайр сайёрамизнинг энг қимматбаҳо ҳимоячисига айлантирилди (87 млн. евро), қолаверса, Аарон Ван-Биссакага эга бўлиш йўлида 55 млн. евро сарфланди.

 

1. «Манчестер Сити»

Харажат миқдори: 168 млн. евро Даромад миқдори: 69 млн. евро

Баланс: -99 млн. евро

Хосеп Гвардиолага 2та тенг кучли таркиб ҳам камлик қиляптими? Кўринишидан, у учинчи таркибни шакллантира бошлади. Хуллас, «Манчестер Сити» харажат бобида  АПЛ йўлбошчиси. «Шаҳарликлар»нинг асосий харидлари: Родри («Атлетико», 70 млн. евро) ва Жоау Канселу («Ювентус», 65 млн. евро).

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz