Дунё узоқ вақт футболни даҳолар бошқаришига ишониб яшади. Шундай ўй-фикрни мухлислар миясига Пеле жойлаб қўйганди. Германия ва Италия футболидаги юксак истеъдодлар, уларнинг яхлит жамоа сифатида бўй ростлашлари Пеле даври тугагач, Бразилия футболини шон-шуҳрат саҳнасидан бироз нари сурди. Зикони чин даҳо сифатида таърифлаб бўлмасди ва унинг даври шунинг учун нурсиз якунланди. Дунё энди футбол бутунлай жамоавий ўйин эканлигига ишона бошлади. Аммо тақдир бу ҳукм - хулосага кўнмади ва Марадона даҳоси футбол осмонида қуёш янглиғ порлади. Шундан буён дунё футбол даҳолар, даҳосифатлар, даҳочалар фаолияти билан қизиқарли ва гўзал эканлигига тўла иқрор бўлди. Дания ва Греция терма жамоаларининг Европа чемпионатида ғолибликка эришиши ҳеч нарсани ўзгартирмади. Кейинчалик ҳам ўзгартиролмаса керак. Зеро, кўз ўнгимизда футбол салтанати Лионель Месси ва Криштиану Роналду даҳосидан завқланиб чарчамаяпти. Неймар мавзусининг бугун бутун соҳа жамоатчилиги диққат марказида тургани асл сабаби ҳам шу аслида...
Хуллас, юксак мақсадларни кўзлаган ҳар қандай жамоа ўз таркибида юлдуз футболчи тўп суриши учун қайғурмоқда. Албатта, чин даҳо ҳар доим туғилавермайди, лекин истеъдодлар ҳамма жойда бор. Фақат улар излаб топилса, кашф этилса, бас! «Барселона» Мессисиз ҳам таркиб борасида «Атлетик» (Бильбао)дан анча устун эканлигини кўпчилик яхши билади. Бироқ кучли таркиб Ла-лига 1-турида рақибга имкониятни бой берди. Нега?! Чунки «Барселона» сафида етакчи ўйнамади ва жамоа руҳий жиҳатдан бунга кўниколмади. Ариц Адурис эса майдонда Мессининг йўқлигидан етакчи сифатида ўзгача илҳомланди. Тўғри, «Атлетик» Месси майдонда бўлган тақдирда ҳам ҳақини осонгина бериб қўймасди, ғалаба учун охиригача курашарди. Демоқчимизки, Мессисиз «Барселона»га қарши тўп суриш жамоа ишини бир қадар енгиллаштирди, холос.
Таъкидлаш жоизки, «Сельта» ҳам «Атлетик» каби бўлишни истаб, «Реал»га жиддий қаршилик кўрсатди. Бу жамоада етакчилик мақоми йўлида астойдил тер тўкаётган Денис Суарес қаршилик жараёнида бошқалардан яққол ажралиб турди. «Реал» футболчиларига кўрсатилган қизил ва сариқ карточкалар сабабчиси айнан у эканлигининг ўзиёқ фикримиз далилидир. «Манчестер Сити» ва «Барселона» таркибига сиғмаган бу юлдузча бир кун, барибир, «Сельта» йўлларини ёритади! Муҳими, у ўзига мувофиқ келувчи жонажон жамоасига қайтди. Ҳар қандай дарахт исталган заминда кўкариб, униб-ўсиб кетавермайди. Футболчи тақдирида ҳам бу жиҳат муҳим ўрин тутади. Шу маънода айтсак, Денис Суарес ниҳоят, ўзи учун аталган жамоани топди, бизнингча. Фақат бу топишиш ҳар доим ҳам ғалаба омили ҳисобланавермайди. Шу боис гарчи Лука Модрич майдондан четлатилган бўлса ҳам, «Сельта» ўз майдонида «Реал»га ютқазди. Аслида воқеалар ривожи гўё «Сельта» истагига бўйсунаётгандек эди. Бош ҳакам ҳам биринчи бўлим якунидаги голни ҳисобга олмагани учунми, танаффусдан кейин сал иккиланиб бўлсада, Лука Модрични хафа қилди, «Сельта»ни қувонтирди. Тони Кросс эса бу қувончга соя солди. Ажойиб зарба ва чиройли гол! Қаранг, лидер футболчи вазиятни яна ўзгартириб юборди. Нақ 11 дақиқа қўшиб берилган учрашувда эса Кевин Гамейро етакчилик вазифасини шараф билан бажаролмади, яъни пенальтини аниқ амалга оширолмади. Назаримизда, жабрланувчи Денис Черишев пенальти тепганида, албатта, гол урарди. Унинг вужудидан шундай шашт-шижоат ёғилаётганди. Гамейро эса «дубль» ҳақида ўйлади ва зардали зарбаси билан «Валенсия»ни муҳим икки очкодан маҳрум қилди.
Футболда ким ғолиб? Гол уриш-урмаслигини аввалдан ҳис қилиб, вазиятни бошқарадиган футболчи-да, албатта. Қўқондаги ўйинда Шавкат Саломов ва Мурод Холмуҳаммедов шундай сезги, туйғу эвазига мухлисларни завқлантиришди. Уларнинг стантдарт вазиятдан Месси ва Роналду услубида урган голлари ижро бобида еврофутбол мезонларидан асло кам эмас. Бундайин гўзал голлар сафида Азиз Турғунбоевнинг «Андижон» дарвозасига йўллаган зарбаси ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Кўриниб турибдики, ўйинлар тақдири кўпинча истеъдодли етакчиларнинг ўз имкониятларидан фойдаланишларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар Азиз Турғунбоев аввалги турда пенальтини аниқ бажарганида, «Навбаҳор» 1 очко олиши эҳтимоли катта эди. Қаранг, аввал камида 1 очкони кўкка совурган футболчи бу турда жамоасини 3 очко билан сийлади.
Биз шундай ҳаракатни «Насаф» футболчиси Азиз Ғаниевдан ҳам кутгандик. Афсуски, жамоа айнан унинг «нуқта»сида жарима ишлаш имконини тополмади. Аниқроғи, «Локомотив» бу каби хавфли вазият олдини ола билди. «Насаф» ҳар бир учрашувда Азиз Ғаниев учун узоқдан жарима зарбасини йўллаш имконини яратмаса, футболчидаги бу иқтидор мухлислар кутган даражада сайқалланмайди. «Навбаҳор» эса ўтган турдаги аламли хатосини кечириб, Азиз Турғунбоевга гўё янги қанот бағишлади. Чунки руҳият синса, футболчидаги малака ва маҳорат ўз сўзини айтолмайди, ҳаттоки, мутлақо издан чиқади.
Муҳтарам мухлис! Сезиб турибсизки, ушбу мулоҳазалар бежиз ёзилмади. Чунки Элдор Шомуродов «Уфа» дарвозасига гол уролмади. Наинки гол уролмади, жамоаси ҳам мағлубиятга учради. Ваҳоланки, «Уфа» РПЛдаги кучли клублардан саналмайди. «Ростов»ни эса олдинда «Рубин», «Локомотив» каби донгдор рақиблар синови кутяпти. Хўш, Элдор терма жамоамиз таркибига қандай кайфиятда келади? Умид қиламизки, у бу саволга голлари мисолида ижобий жавоб қайтаради.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20