Қайднома

Қидирув

Турмуш ўртоғи ҳолатига қараб

Турмуш ўртоғи ҳолатига қараб

  23.08.2019 01:17
  0
  453
Турмуш ўртоғи ҳолатига қараб

«А» серия футболчисига боғлиқ таъсирли воқеа. Италия чемпионатида яхшигина обрў орттирган Ража Наингголан рафиқаси туфайли ўтган мавсум чемпионатда атиги 15-ўриндан жой олган жамоада ўйнашга рози бўлди. Чиндан ҳам, таъсирли ҳодиса. Бельгиялик футболчи энг оғир дамларда ҳамхонаси мададига суянди ва энди уни қўллаб-қувватлаш йўлида камтарин «Кальяри»да тўп суради.

Ража Наингголан Миланнинг «Интер» клуби билан шу ёзда хайрлашди. Бельгиялик ярим ҳимоячи жамоа бошқарувини апрель ойида қўлга олган Антонио Контенинг мураббийлик фалсафасига мос келмади, шекилли. Ражанинг алкоголь ичимликлар, чекиш ва интизом масаласидаги муаммолари кўпчиликка маълум. Шундай экан, Контени нимададир айблаш ўринсиз. Қолаверса, Наингголан аввалги мавсум давомида дангасалик туфайлими, тикланишда оқсади ва кўплаб ўйинларни ўтказиб юбориб, «Интер»га панд берди. Хуллас, Конте уни аввалига шунчаки, машғулотлардан четлаштирди. Кейинчалик эса клуб бельгиялик футболчи хизматига ортиқ эҳтиёж сезмаётгани ҳақида расман баёнот берди.

Мана, Ража шу ой бошида ижара келишуви асосида камтарин «Кальяри» сафига қўшилди. Дарвоқе, у «Рома»га ўтишидан олдин 2010-2014 йиллар оралиғида айнан шу жамоа шарафини ҳимоя қилганди. «Интер» раҳбарияти қарорини қабул қилдим, энди барчаси ўз қўлимда. Кўрасизлар, ҳали миланликлар мендан воз кечиб, катта хато қилишганини амалда исботлайман. «Кальяри»га ўтганим боиси шуки, бу жамоада кўп нарсага эриша олишимизга ишончим комил. «А» серияда қолиш учун курашиш ўз йўлига. Ўйлайманки, биз бемалол каттароқ марраларни кўзлашимиз ҳам мумкин», — деди Ража Football Italia нашри мухбирлари билан суҳбатда.

Тушунарлики, бельгиялик футболчи олдида жиддийроқ жамоаларга ўтиш варианти ҳам бор эди. Ҳар ҳолда, Наингголан энди 31 ёшга тўлди ва ҳали ўз салоҳиятини йўқотган эмас. Дейлик, мавсум-2018|2019да объектив сабаблар туфайли ҳар доим ҳам «Интер» асосий таркибидан жой олмаган бўлсада, 6та гол уришдан ташқари, 3та самарали узатмага муаллифлик қилишни уддалади. Хўш, Ража яхшироқ таклифларга эга бўла туриб, нега аввалги мавсум Италия чемпионатида атиги 15-ўринни олган «Кальяри»ни танлади? Сабаб нима? Характери оғир футболчи фақат турмуш ўртоғи Клаудия туфайли шундай қарорга келди! У бўлажак ҳамхонаси билан 8 йил олдин айнан Кальярида танишган. Демакки, Клаудия шу шаҳардан. Жуфтлик ҳозирда 2 нафар қизалоқни тарбиялаётганидан бахтиёр. Тўғри, Наингголан ортда қолган вақт давомида Клаудия асабини бир неча марта синовдан ўтказгани ҳам рост: кўнгилхушлик, мастлик, бегона аёлларга боғланиш... Асосийси, Клаудия барчасига чидаб, футболчи ёнида қолди. Энди эса унинг ўзи ғамхўрлик ва ёрдамга муҳтож. Чунончи, айни пайт саратон хасталиги билан курашмоқда. Хуллас, Клаудия ушбу оғир синовни жонажон ўлкаси - Сардинияда яқинлари  даврасида енгиб ўтишни хоҳлади. Наингголан эса уни ёлғиз қолдирмаслик учун бир қатор манфаатли таклифларни рад этди. Бу албатта, таҳсинга сазовор иш. «Бир ойдан буён эрталаб даҳшат билан уйғоняпман, — дея ёзди Клаудия ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. — Бу онлар имкон қадар кейинроқ келишидан умидвор эдим, бироқ... Кунлар ўтиб кетмоқда, менинг бахтим ҳам. Бугун ҳаётимнинг янги босқичини бошлайман - химиотерапия. Тўғриси, қачондир ҳар бир янги кунни қўрқув билан қарши олишимга тўғри келиши мумкинлигини ўйламагандим ҳам. Қўрқув - бу айтишга осон. Қисқаси, ҳисобсиз тўкилган кўз ёшидан кейин ушбу даҳшатли ваҳший билан бошқача курашишга жазм этдим».

Ҳозирда Наингголан оиласини футбол жамоатчилиги фаол қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Ражанинг собиқ жамоадошлари ҳам четда қолишаётгани йўқ:

— Азизам Клаудия, «Интер» сен ва оилангни қучиб қолади. Сен кучлисан ва бу курашда ғолиб чиқасан.

— Ҳаётда айрим нарсалар борки, улар футболдан анча муҳим. Клаудия ва Ража, охиригача сиз биланмиз.

А.Аҳмедов тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz