Қайднома

Қидирув

23:0 - БУ ЭНГ КАТТАСИ ЭМАС ёки Футбол тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалабалар

23:0 - БУ ЭНГ КАТТАСИ ЭМАС ёки Футбол тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалабалар

  22.08.2019 05:30
  0
  838
23:0 - БУ ЭНГ КАТТАСИ ЭМАС ёки Футбол тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалабалар

ФУТБОЛ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ЙИРИК ҲИСОБЛИ ҒАЛАБАЛАР. «Бавария» учун интиладиган «чўққи» бор ҳали. Мюнхен клуби Бундеслига-2019|2020 стартидан олдин «Роттах-Эгерн» билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, бир яйраб гол уриб олди. 23:0 - чиройли ҳисоб тўғрими? Эътиборлиси, «Бавария» ярим ҳимоячиси Корентин Толиссо ўйинда қандайдир 5-6 дақиқа (38-42-дақиқалар оралиғи) ичида «покер»га эришди. Роберт Левандовски, Томас Мюллер, Кваси Вридт ва Леон Горецка эса 3тадан голга муаллифлик қилишди - «хет-трик». Ҳа, мюнхенликлар устози Нико Ковач чемпионат олдидан жамоа кайфиятини созлаб олишни ўйлаган бўлса, ажабмас. 23та гол қўйиб юборган «Роттах-Эгерн»ни эса ортиқча айбламаслик керак. Зеро, камтарин жамоа мамлакатнинг амалдаги чемпионига қарши ўйнади. Қолаверса, футбол тарихини титкиласангиз, бундан ҳам йирикроқ ҳисобда енгилган жамоаларни кўрасиз. Боз устига, аҳамияти йўқ «ўртоқлик» эмас, балки расмий учрашувда. Демак, «Бавария»нинг ажиб ғалабаси баҳона футбол тарихини безаган айрим энг йирик ҳисобли ғалабаларни эсга оламиз.

Мадагаскар чемпионати. 2002 йил. «Стад Олимпик Л~Эмирн» («СОЭ») — «Адема» — 0:149. Бу футбол тарихида қайд этилган энг йирик қуруқ ҳисобдир. Ҳа, рекорд узоқ Мадакаскарда қайд этилган. Аниқроқ айтсак, Туамасин шаҳрида ташкиллаштирилган Мадагаскар биринчилиги финал босқичида. Тўғри, ўйинда бир томоннинг ўта кўп гол урганида ўзига хос сабаблар бор, албатта. Гап шундаки, чемпионат финишига атиги 1та тур қолган вақтда кузатилган воқеа шундай мегаҳисоб расмийлаштирилишига йўл очган. Хуллас, 1та олдинги баҳсда ҳакам амалдаги чемпион саналган ва яна олтин медаль учун курашаётган «Стад Олимпик Л~Эмирн» дарвозасига шубҳали пенальти белгилайди ва жамоа бунинг оқибатида ўз унвонини ҳимоя қилиш имкониятини йўқотади. «СОЭ» бош мураббийи нохолис ҳакамликдан шу қадар жиғибийрон бўладики, «Адема»га қарши кечган охирги тур ўйинида шогирдларига антиқа кўрсатма беради: «Бўлар иш бўлди. Энди бутун вақт давомида ўз дарвозамизга тўхтамай гол уринглар. Ғирромликка жавобимиз шу...». Хуллас, футболчилар мураббий кўрсатмасига тўлиқ амал қилишади ва якунда таблода 0:149 ҳисоби юзага келади. Мадагаскар футбол федерацияси эса бундай акцияни жазосиз қолдирмайди, албатта. Жумладан, ғоя муаллифи - жамоа устози Зака Бе 3 йилга дисквалификация қилинади. Шунингдек, «СОЭ»нинг 4 нафар футболчиси мавсум охирига қадар майдонга тушишдан маҳрум бўлади.

 

Шотландия кубоги. 1885 йил. «Арбоат» — «Бон Аккорд» — 36:0. Профессионал клуб мақомидаги «Арбоат» ҳаваскорлардан таркиб топган «Бон Аккорд»га қарши уй учрашувида «меҳмоннавозлик»ни ошириб юборади. Ахир бечора рақибга 36та жавобсиз гол «тортиқ» этиш шартмиди? Айтиш жоиз, ўша вақт футбол қоидалари бошқача эди. Мисол учун, карточкалар ҳали жорий этилмаган, қолаверса, ўйиндан ташқари ҳолат тушунчаси ҳам йўқ эди. Боз устига, майдонлар ўлчами турлича бўлган. Яна дарвозага тўсин ўрнатилмаганди, футболчилар мутлақо бошқача тўпдан фойдаланишган. Умуман олганда, ўша ўйин тафсилотлари бизгача етиб келмаган, қайдномаларда фақат ҳисоб бор, холос.

 

Шотландия чемпионати. 1885 йил. «Данди Харп» — «Абердин Роверс» — 35:0. Шотландияда майдон эгаларининг меҳмонларга нисбатан шафқатсиз ўйнашларига яна бир мисол. 35та жавобсиз гол - эҳ, ночор рақиб ўша куни қандай аҳволга тушган экан-а... Айрим тарихчиларнинг тузатишларича, «Данди Харп» аслида камроқ, яъни 32та гол урган. Бироқ аниқ ҳисобни тасдиқлайдиган ҳужжат йўқ, шунинг учун расман қайд этилган натижа - 35:0 ҳаққоний ҳисобланади.

 

ЖЧ-2002 саралаши. 2001 йил. Австралия — Америка Самоаси — 31:0. Буниси терма жамоалар миқёсидаги ўйинларда қайд этилган энг йирик ҳисобли ғалабадир. Ҳар ҳолда, ФИФА томонидан расман тан олингани шу. Учрашувда австралиялик ҳужумчи Арчи Томпсоннинг бир ўзи 13та гол урганди. Бечора рақиб - Самоа термасининг 3 нафар асосий футболчиси мактабдаги таҳсил туфайли ўша ўйинда иштирок этолмаган экан. Шу фактдан ҳам жамоа қандай савияда бўлганини тасаввур қилиш мумкин. Алоҳида таъкидлаш керак, ушбу ҳисоб ҳудуд футболига маълум даражада таъсир ўтказган. Зеро, 31:0дан кейин мутасаддилар Океания футбол конфедерацияси доирасидаги квалификацион турнирлар тизимига маълум ўзгартиришлар киритишади. Хусусан, 2004 йилги Океания кубоги саралаши олдидан заиф жамоалар учун ўтиш босқичи йўлга қўйилганди.

 

Тинч океани ўйинлари. 1971 йил. Таити — Кука ороллари — 30:0. Ушбу мусобақа 4 йилда бир марта ўтказилади ва унда океанияликлар спортнинг бир неча турлари бўйича баҳслашадилар. Хуллас, Таити миллий жамоаси футбол гуруҳ босқичида Тинч океани ўйинлари рекордини ўрнатганди. Рақиб Кука термасига ачинасан киши, ахир у ўртача ҳисобда ҳар 3 дақиқада 1та гол қабул қилган. Маълумот сифатида айтиш керак, айни пайт Кука ороли аҳолиси 17000 кишига тенг. Футболчилар сони эса чамаси 1500 нафар. 2011 йили оролда ҳаттоки, ёшлар ўртасида футбол оммавийлигини оширишга қаратилган Just play дастури бўйича кенг қамровли иш бошланган эди.

Ўртоқлик ўйини. 2009 йил. «Виль-ярреал» — «Навата» — 27:0. Ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган оддий ўртоқлик ўйини. Шундай бўлсада, «Вильярреал» ўта жиддий ёндашиб,
Каталония ҳудудий дивизионида иштирок этувчи ҳаваскорлар клубини асло аямаганди. Учрашувдаги 7та гол Хонатан Перейра ҳисобига ёзилган бўлса, Хосеба Льоренте ва Марко Рубен «покер»га эришганлар. Энг қизиғи, нотаниш «Навата» шундай йирик ҳисоб туфайли анчагина танилганди...

А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz