Қайднома

Қидирув

Обид Жўрабоев: «КАНЧЕЛЬСКИС «НАВБАХОР»НИ ЁМОН БОШҚАРМАЁТГАНДИ»

Обид Жўрабоев: «КАНЧЕЛЬСКИС «НАВБАХОР»НИ ЁМОН БОШҚАРМАЁТГАНДИ»

  22.08.2019 10:36
  0
  550
Обид Жўрабоев: «КАНЧЕЛЬСКИС «НАВБАХОР»НИ ЁМОН БОШҚАРМАЁТГАНДИ»

Шу ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари Coca Cola Ўзбекистон кубогида чорак финал учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур мусобақа ғолиби ОЧЛ «плей-офф» босқичига йўл олишини инобатга олсак, унга қизиқиш кучли, албатта. Хусусан, Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси ҳам кубок баҳслари орқали қитъа турнирига чиқишни режалаштирган. «Лочинлар» аъзоси Обид Жўрабоев билан кечган суҳбатимиз шу ва бошқа мавзуларни қамраб олди.

- «Навбаҳор» Ўзбекистон кубогида ўз олдига қандай мақсад ва вазифалар қўйган?

- Биринчи навбатда, Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олмоқчимиз. Биласиз, мавсум бошида жамоамиз олдига совринли ўринларни қўлга киритиш вазифаси қўйилганди, бироқ кўряпсизки, миллий чемпионат баҳслари биз учун осон ўтаётгани йўқ.

- Ўзбекистон кубогининг аввалги босқичида «Нефтчи» сизларга муносиб қаршилик кўрсата олдими?

- Албатта. Айниқса, биринчи голга қадар бизга етарлича қийинчилик туғдиришга уринишди. Кейинчалик улар руҳан толиқишди, биз эса ҳужумни кучайтириб, дастлабки бўлимдаёқ ҳисобнинг йирик кўриниш олишини таъминладик. Одатда, қуйи лига жамоалари билан ўйинлар қийин ўтади. Масалан, Самарқанднинг «Динамо» клуби «Яшнобод»га мағлуб бўлди.

- «Навбаҳор»да мураббий алмашгани жамоанинг кўзлаган мақсадига эришишида тўсқинлик қилмайдими? Ҳар ҳолда, футболчилар Андрей Канчельскисга мослашиб улгуришганди.

- Ҳар бир жамоа юқори натижаларни кўзлайди, улкан марраларни забт этишга интилади. Мазкур жараёнда мураббийга ҳам кўп нарса боғлиқ. Канчельскис «Навбаҳор»ни ёмон бошқармаётганди, у кўп нарсаларни ўзгартирди. Нима бўлган тақдирда ҳам, футболчиларнинг вазифаси мураббий услубига мослашиб тўп суришдир. Мураббий алмашиши натижаларга таъсир кўрсатадими, йўқми, бунисини вақт кўрсатади.

- Ҳозирча «Навбаҳор» ўйинида Деян Журжевичнинг имзоси кўринганича йўқ. Бу кетишда клуб совринли ўринлардан қуруқ қолмайдими?

- Тўғри, ҳар бир мутахассис жамоа ўйинини ўзгартириш, футболчиларга ўз услубини сингдириш учун маълум вақтга эҳтиёж сезади. Биринчи даврани учинчи ўринда якунлаганимизга қарамай, ҳал қилувчи босқич биз учун кўнгилдагидек бошланмади. Ўз майдонимизда кетма-кет мағлубиятга учрадик. Ўйлайманки, яқин орада вазиятни ижобий томонга ўзгартириб, юқори поғоналар учун курашишда давом этамиз. Насиб қилса, албатта, совринли ўринлардан бирини эгаллаймиз.

- Жамоага барқарор ўйин намо-йиш этиш учун нима халақит қиляпти? Балки об-ҳавонинг иссиқ бўлгани футболчиларга таъсир кўрсатгандир?

- Тўғри айтасиз. Бундай иссиқ об-ҳавода ҳар қандай жамоа ўз ўйинини тўлиқ намойиш этолмайди. Чунки футболчиларда жисмонан толиқиш юзага келади. Айниқса, «Бухоро» билан сафардаги баҳсда иссиқ иқлим икки жамоага ҳам таъсир ўтказди. Шунга қарамай, ижобий натижа учун ҳаракат қиляпмиз. Лекин нима учундир иккинчи даврада ўйинимизни топа олмаяпмиз. Янги мураббийнинг иш услубига мослашиш учун вақт керак. Мухлислар олдида қарздормиз, уларни қувонтириш учун бор кучимизни ишга соламиз.

- «Навбаҳор» истаса ҳар қандай кучли рақибини мағлубиятга учрата олади, лекин ўзидан кучсиз ҳисобланган клубларга мағлуб бўлади. Худди «Ливерпуль» сингари...

- Дарҳақиқат, «Навбаҳор» барча рақибларига муносиб қаршилик кўрсата оладиган жамоа ҳисобланади. Бу - футбол, унда мағлубиятлар ортидан ёрқин ғалабалар келади ёки бунинг акси кузатилади. Миллионлар ўйини шуниси билан ҳам қизиқарли. Қуйи поғоналарда бораётган жамоаларга ютқазганимизнинг сабаби - балки етарли даражада тайёргарлик кўра олмагандирмиз. Лекин ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ.

- Биринчи даврада «Навбаҳор»нинг асосий футболчиларидан бири сифатида кўриниш берган Остон Ўрунов пойтахтга йўл олди. Азиз Турғунбоев эса яна суюкли жамоаси сафига қўшилди. Ушбу икки футболчи ҳақида фикрингиз қандай?

- Чиндан ҳам, давралар оралиғида жамоамизда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Ўтган давр мобайнида жамоа ўзагини Абдужамол Исроилов, Остон Ўруновлар ташкил этишди. Остон футболчи сифатида Наманганда танилди, термадан таклиф олди. Азиз Турғунбоев ҳам дисквалификациядан қайтди, унинг иқтидорига асло шубҳа йўқ. Аминманки, Азизбек аввалги спорт формасига қайтиб, янада кучли ва ишончли тарзда ўйнайди. Жамоа ҳеч қачон бир футболчига боғланиб қолмаслиги керак, шундагина ўсишга эришади. Остоннинг кейинги фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламан. Азизнинг эса янада кучли ўйин кўрсатишига тилакдошман.

- Биринчи даврада Суперлига жамоаларининг ярмида мураббий ўзгарди. Бу футболимизда пасайиш кузатилаётганидан далолат эмасмикан?

- Тўғри, ҳар бир жамоанинг натижасига қараб, мураббий ишига баҳо берилади. Лекин доим ҳам мураббийларга етарлича вақт берилмайди. Ахир дарахт ҳам яхши парваришдан кейин бир-икки йилда мева беришни бошлайди. Менга қолса, мураббийларга мақсадларини амалга оширишлари учун вақт бериш керак. Умуман олганда эса, жамоалардаги мураббийлар алмашуви футболимиз мавқеининг тушишига ортиқча таъсир кўрсатади, деб ўйламайман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz