Қайднома

Қидирув

Евротур: Чемпионларга осон тутманг!

Евротур: Чемпионларга осон тутманг!

  23.08.2019 00:01
  0
  336
Евротур: Чемпионларга осон тутманг!

Шу ҳафта стартга чиқадиган Италия «А» серияси натижаларини инобатга олмаганда, 2019|2020 йиллар мавсуми кучли бешликдаги 4 чемпион учун омадсиз кечмоқда. Тўғри, Англия ва Франция чемпионатларининг амалдаги ғолиблари 2-турда очко йўқотишди. Ла Лига ва Бундеслига етакчилари эса илк турдаёқ ўз мухлисларини ранжитишди.

Англия. 2 ҳужум, 2 гол!

Аввалги мавсумни «Манчестер Сити» ўта ишончли бошлаган ва якунда шоҳсупани забт этганди. Бу гал Гвардиола шогирдлари 2-учрашувдаёқ «Тоттенхэм» билан жанговар дурангга имзо чекиб, 2 очкони бой беришди.

Аслида, «Иттиҳод»даги беллашув анча жонли ва муросасиз тарзда ўтди. Гарчи устунлик мезбонлар томонида бўлсада, Почеттино шогирдлари ишончли ҳимояланишди. Шунга қарамай, бўлим ўрталарида Раҳим Стерлинг ҳисобни очди. Аммо мухлислар қувончи узоққа чўзилмади - 3 дақиқадан кейин меҳмонларнинг дастлабки ҳужумини аниқ зарба билан якунлаган Эрик Ламела мувозанатни тиклади. «Сити» эса Льорис дарвозаси томон интилишини давом эттирди ва Агуэронинг голи эвазига танаффусга ғолиб сифатида йўл олди.

Иккинчи бўлимда «шпорлар» устози ЕЧЛ ярим финали қаҳрамонларидан бирига айланган Лукас Моурани жангга ташлади. Буни қарангки, Лукас бурчакдан узатилган тўпни дарвозага йўллаб, илк тегинишдаёқ ҳисобни тенглаштирди. Қолган дақиқалар майдон эгаларининг устунлиги остида ўтган бўлсада, ғалаба тўпини киритиш уларга насиб этмади. Тўғри, Агуэро ўрнини эгаллаган Габриэль Жезус Льорис дарвозасини забт этди, бироқ VARнинг аралашувидан кейин ҳакам голни инобатга олмади.

Хуллас, рақибга нисбатан 10 баравар кўпроқ (30га 3) зарба йўллаган мезбонлар «сулҳ» билан кифояланишди, меҳмонларнинг икки аниқ зарбалари эса голга айланди. Шу тариқа «Сити»нинг «Тоттенхэм»га қарши АПЛ доирасидаги ғалабали серияси (4 учрашув) ниҳоясига етди.Ўтган мавсум 2-ўрин билан кифояланган «Ливерпуль» «Энфилд»даги йирик ғалабадан кейин Саутгемптонда зафар қучди (2:1) ва турнир етакчиси бўлиб олди. Ҳа, сал аввалроқ УЕФА Суперкубогини қўлга киритган бўлсада, Юрген Клопп жамоасининг ўйинлари мукаммалликдан анча йироқ. Боз устига, старт беллашувида жароҳат олган Алиссон ўрнини эгаллаган Адрианнинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолганди. У майдонга тушди, лекин икки марта қўпол хатога йўл қўйди. Хайриятки, «авлиёлар» дарвозабоннинг битта хатосини голга айлантира олишди, холос. Оқибатда Мане ва Фирминонинг аниқ зарбалари туфайли юзага келган икки тўп устунлиги қисқариб, Клопп ва «қизиллар» мухлисларини ҳаяжонланишга мажбур этишди. Бироқ уларнинг бахтига, мезбонлар мувозанатни тиклай олишмади.

Янги мавсумни «Челси» устидан қозонилган йирик (4:0) ғалаба билан бошлаган «МЮ» бу сафар Вулверхемптонда «бўрилар» қаршилигини синдира олмади. Тўғри, Сульшер шогирдлари лондонликларга қарши юксак савия намойиш этишганди, лекин сафардан 3 очко билан қайтиш вазифаси уддаланмади.

«Ньюкасл»ни қабул қилган «Норвич»ни эса ҳеч иккиланмай тур жамоаси дейиш мумкин. Дебютант ўз уйидаги илк беллашувда «қарғалар»дан ишончли тарзда (3:1) устун келди. Жамоанинг финляндиялик ҳужумчиси Теему Пукки эса «хет-трик»ка эришиб, тўпурарлар етакчиси бўлиб олди. Бошқа бир дебютант - «Шеффилд» эса Лунд­стрэмнинг ягона голи эвазига «Кристал Пэлас»ни маҳв этиб, етакчилар сафига кўтарилиб олди.

Испания. Самарали сўнгги даҚиҚалар

Ла Лиганинг дастлабки тури томонлар сўнгги дақиқаларда ўйин тақдирини ўз фойдаларига ҳал қилганликлари билан ёдда қолди. Жумладан, амалдаги чемпион Бильбаода «Атлетик»ка қарши очилиш учрашувининг 89-дақиқасида дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Ўйин асосан мезбонлар ташаббуси остида ўтди, улар кўпроқ ҳужум қилишди. Лекин Марк-Андре тер Штеген дарвозасига йўл топа олишмади. Коутиньо ва Месси каби етакчиларсиз майдонга тушган меҳмонлар асосий эътиборни ўз дарвозалари дахлсизлигига қаратишди, Луис Суарес вақти-вақти билан мезбонлар дарвозасига хавф солиб турди. Ҳатто бир марта ҳисобни очиш имкониятига ҳам эга бўлди. Бироқ унинг зарбасига дарвоза тўсини тўғаноқ бўлди. Умуман, чемпион ҳаракатларида уюш-қоқлик йўқолгани яққол сезилиб турди. Танаффусдан сўнг Вальверде синалган жангчи - Ракитични майдонга туширди. Шунингдек, майдон эгалари сафида ҳам ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, шу мавсум якунида фаолиятини тўхтатишини маълум қилган 38 ёшли Ариц Адурис ҳам. Ўша паллада эндигина майдонга тушган фахрийнинг фантастик гол уришини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Аммо у қанотдан узатилган тўпни қайчи услубида дарвозага шундай йўлладики, дарвозабон ҳам ожиз қолди. Чунки жарима майдончаси ичидаги футболчилар уни тўсиб қўйишганди. «Сан-Мамес»ни «портлатган» гол якунда мавсумнинг энг чиройли голи унвонини олса, ажабланмаймиз.

Вигодаги «Сельта» - «Реал» (1:3) қарама-қаршилигида мезбонлар вакили Лосада ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда жавоб тўпини киритиб, жамоасини йирик мағлубиятдан қутқариб қолди. Унгача меҳмонлар Бензема, Кроос ва Васкеснинг голлари эвазига олдинда боришаётганди. Вигодаги гол маҳаллий мухлислар кўнг­лини бироз кўтарган бўлса, «Реал Сосьедад» аъзоси Ойарсабалнинг «Валенсия» дарвозасига йўллаган аниқ зарбаси ҳафсалани пир қилгани аниқ. Боиси, бунга қадар мезбонлар бир тўп фарқи билан олдинда боришган, қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида ғалабани мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишганди. Бироқ 59-дақиқада ҳисобни очган тажрибали Гамейро «нуқта»дан дарвозани ишғол этолмади. Қўшимчасига, бироздан кейин Ойарсабаль мувозанатни тиклади ва «Валенсия» қимматли икки очкони қўлдан чиқарди, Коклен пенальтига сабаб бўлган қўполлиги учун қизил карточка олди.

Мадрид дербисида «Хетафе»ни қабул қилган Диего Симеоне жамоаси камтарин рақиб устидан яққол устунликка эриша олмади. Ваҳоланки, «матрасчилар» таркиби рисоладагидек эди. Антуан Гризманнинг йўқлигини ҳисобга олмаганда, албатта. Хуллас, майдон эгалари Моратанинг голи билан 23-дақиқада олдинга чиқиб олишганди. Танаффусдан кейин ҳисобни йириклаштириш имкониятига эга бўлишди. Бироқ ўйиндан гол урган Альваро пенальтини голга айлантира олмади. Нима бўлганда ҳам, «Атлетико» кичик устунлик билан дастлабки 3 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Моратанинг хатосини старт ҳаяжонига йўя қоламиз. Чунки «Атлетико» каби «қаттиқ ёнғоқ»лар туфайли мусобақанинг қизғин ва муросасизлиги таъминланади.

Германия. Қайдасиз, Роббери дуэти?

Тақвим ҳукмига кўра, Бундеслиганинг янги мавсуми 7 йилдан бери чемпионликни ҳеч кимга бермай келаётган гранд ва пойтахт жамоаси ўртасидаги беллашув билан бошланди. Майдон эгаларини фаворит сифатида эътироф этиш истаги кучли бўлсада, ҳозирда улар бунга лойиқ эмасликларини тан олишга мажбурмиз. Германия Суперкубогида «Боруссия Д»га бой берилган имконият, етакчиларнинг кетганлиги ва сусткашлик билан амалга оширилган трансфер фикримизни тасдиқлайди.

Мавсумлар оралиғида «Бавария» олдида Арьен Роббен ва Франк Риберининг ўрнини тўлдириш вазифаси турганди. Аввалига жамоа Лерой Санега умид қилганди, бироқ унинг жароҳат олиши режани бузиб юборди. Кейин «Интер»дан Иван Перишич ижарага олинди, учрашув арафасида «Барселона» вакили Фелиппе Коутиньонинг ижарага олиниши эълон қилинди. Бироқ ўйин уларнинг иштирокисиз ўтди. Гарчи бу футболчилар майдонга тушмаган бўлишсада, баҳс мезбонлар учун муваффақиятли бошланди. Марказда тўпни эгаллаб олган Левандовски уни жамоадошига узатди ва ўзи рақиб жарима майдончаси ичида такрорий узатмани қабул қилишга шайланди. Шу тариқа польшалик ҳужумчи қаторасига 5-марта старт беллашувида гол урди. Лекин орадан 15 дақиқа ўтиб улгурмасдан, меҳмонлар 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Қизиғи шундаки, «Герта» футболчилари 6 йилдан бери «Альянц-Арена»да гол ура олишмаётганди. Ана шу нохуш анъанага Доди Лукебакио ва Марко Груичлар барҳам беришди. Маҳаллий мухлислар бахтига, айнан иккинчи гол муаллифи мезбонларга ҳисобни тенглаштириш имкониятини совға қилди - ўз дарвозаси томон бурчак зарбаси белгиланган пайтда Груич негадир Робертни бўға бошлади. Ҳакам бу қўполлик учун пенальти белгилади, жабрланувчи эса мувозанатни тиклади. Кейинги ярим соат ичида гол уриш мезбонларга ҳам, меҳмонларга ҳам насиб этмади. Хуллас, амалдаги чемпион мавсумни очко йўқотиш билан бошлади.

«Сигнал Идуна Парк»даги аншлагга (81365 мухлис) муносиб жавоб қайтаришга аҳд қилган «Боруссия Д» «Аугсбург»ни йирик ҳисобда (5:1) маҳв этди. Ўтган мавсум тўпурари Пако Алькасер «дубл»га эришди. Ваҳоланки, беллашув дортмундликлар учун кутилмаган тарзда, меҳмонларнинг илк дақиқадаёқ ҳисобни очишлари билан бошланганди.

Берлинда дебютант «Унион»ни жиддий синовдан ўтказган «РБ Лейпциг» танаффусга қадар 3та гол уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Иккинчи бўлимда яна битта гол урган меҳмонлар пойтахтда дастлабки йирик ғалабани расмийлаштиришди. Менхенгладбахнинг «Боруссия»си ўз майдонида «Шальке» қаршилигини енга олмади ва 1 очко билан кифояланишга мажбур бўлди - 0:0. Аввалги мавсум кашфиёти бўлган «Айнтрахт» 1-дақиқадаги ягона гол эвазига «Хоффенхайм»дан 3 очкони тортиб олди. «Вердер» эса кутилмаганда «Фортуна»га имкониятни бой берди - 1:3.

Франция. «Лион» шиддатни оширмоҚда

Старт турини очиб берган «шерлар»га бошловчилик мақоми ёқиб қолган чоғи, 2-тур ҳам улар иштирокида, лекин ўз мухлислари гувоҳлигида ўтди. Табиийки, бош мураббийнинг дебютига шогирдлари янада йирикроқ ғалабани тортиқ этишди - Лионга ташриф буюрган «Анже» дарвозасига жавобсиз 6та гол урилди. Дастлаб «шерлар»нинг 21 ёшли жазоирлик вакили Ауар тезкор гол урди, кейин эса Мемфис Депайнинг ассистига айланди. Шунингдек, Мусо Дембеле 2та, Жан Лукас битта гол уришди. Шу тариқа жамоа 2017 йилнинг февралидан бери илк бора энг йирик (6:0) зафарини расмийлаштирди. Бундан аввал «Лион» ЕЛ доирасида АЗни шундай мағлубиятга учратганди.

Ўз майдонида «ПСЖ»ни қабул қилган «Ренн» камтарин, лекин иродали ғалабага эришиб, 100 фоизли натижани қайд этган 3 жамоанинг бири бўлиб турибди. Ҳа, 36-дақиқада Каванининг голи эвазига олдинга чиқиб олган кўп йиллик чемпион кейинчалик ўз дарвозасидан икки марта тўп олиб чиқди.

Чемпионатни ўз уйида 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган «Ницца» бу гал Нимдан шундай натижа билан қайтди. Совринли ўринларга даъвогарлик қилиши кутилган «Марсель» «Нант» майдонидан нурсиз дуранг (0:0) билан қайтди. Шунингдек, етакчилар сафида юришига кўникиб қолганимиз - «Лилль» ҳам ҳозирча 50 фоизли натижа билан жадвал ўртасида бормоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz