Қайднома

Қидирув

УЕФАнинг энг яхшилари: Триога тавсифнома

УЕФАнинг энг яхшилари: Триога тавсифнома

  23.08.2019 09:42
  0
  517
УЕФАнинг энг яхшилари: Триога тавсифнома

УЕФА 2018|2019 йиллар мавсуми якунларига кўра Европанинг энг яхши футболчиси номини эгаллашга даъвогарлар учлигини эълон қилди: Виржил ван Дейк, Криштиану Роналду, Лионель Месси. Журналистлар ушбу  номзодларнинг кўрсаткичларини таҳлил қилиб, ҳақиқатни қидиришга уриниб кўришди.

СОВРИН ҲАҚИДА

УЕФА талқинига кўра йил футболчисига бериладиган мукофот Европанинг ўтган мавсуми якунларига кўра ўз эгасини топади. Номзодлар фуқаролиги аҳамият касб этмайди, «кириш чиптаси» - бу УЕФАга аъзо миллий ассоциация ташкил этган лигада қатнашиш. Мазкур ҳолатда ички турнирлар, еврокубоклар ва миллий термадаги иштирок инобатга олинади.

 

ДАЪВОГАРЛАР ҚАНДАЙ ТАНЛАНАДИ?

Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасининг 2018|2019 йиллар мавсумида қатнашган 80та жамоа мураббийлари ҳамда УЕФАнинг барча ассоциацияларидан 55 нафар журналист ҳакамлар ҳайъатидан ўрин олишади. Ҳайъатнинг ҳар бир аъзоси ўзи танлаган учликни қайд этади: биринчи ўринга 5, иккинчи ўринга 3 ва учинчи ўринга 1 баллдан тақсимланади. Барча баллар ҳисоблангач, УЕФА мавсумнинг энг яхши ўйинчилари рўйхатига эга бўлади. Натижалар тайёр, фақатгина дастлабки учликнинг кўрсаткичлари сир сақланмоқда.

 

ЎНЛИККА КИМЛАР КИРДИ?

4. Алиссон Беккер («Ливерпуль» ва Бразилия термаси) - 57 очко

5. Садио Мане («Ливерпуль» ва Сенегал термаси) - 51

6. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль» ва Миср термаси) - 49

7. Эден Азар («Челси»|«Реал» ва Бельгия термаси) - 38

8-9. Маттейс де Лигт («Аякс»|«Ювентус» ва Голландия термаси) - 27

8-9. Френки де Йонг («Аякс»|«Барселона» ва Голландия термаси) - 27

10. Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити» ва Англия термаси) - 12

Топ-6да «Ливерпул»нинг тўрт футболчиси бор, ўз нав­батида, Алиссон, Мане ва Салоҳдан юқорироқда жойлашган ван Дейкнинг аниқ позициясидан ҳали бехабармиз. Де Лигт ва де Йонг ўнликка киришди, улар ҳам, худди Эден Азар сингари шу ёзда клубларини алмаштиришди.

 

ҒОЛИБ ҚАЧОН АНИҚЛАНАДИ?

Кўп кутмаймиз: 30 август куни Монакода Роналду, Месси ёки ван Дейкдан бири 2017|2018 йиллар мавсуми якунларига кўра Лука Модричга насиб қилган совринни қўлга киритади.

 

КИМ ҒОЛИБЛИККА ҲАҚЛИРОҚ?

Виржил ван Дейк («Ливерпуль» ва Голландия термаси)

Мавсумдаги ютуқлари: Чемпионлар Лигаси ғолиби, УЕФА Миллатлар Лигаси финалчиси, Англия чемпионати кумуш медали соҳиби, профессионал футболчилар талқинига кўра АПЛнинг энг яхши футболчиси.

Клубдаги статистикаси (ЕЧЛ}АПЛ): 50та ўйин, 6та гол, 4та самарали узатма

Мавсум-2018|2019даги Виржил ван Дейкка тааллуқли учта муҳим воқеа

1. Миллатлар Лигаси гуруҳ босқичидаги Германия термасига қарши ҳал қилувчи ўйин. 85-дақиқагача голландлар 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришаётганди. Квинси Промес биринчи жавоб голини урди, 90-дақиқада эса ван Дейк Нойер дарвозасини ишғол қилиб, шу тариқа Голландия термасига муҳим дуранг ва УЕФА Миллатлар Лигаси финал босқичи йўлланмасини тақдим этди.

2. Чемпионлар Лигаси 1|8 финали доирасидаги «Бавария»га қарши баҳс қаҳрамонига айланди: Мюнхендаги ўйинда нафақат ҳимояда ишончли ўйнади, балки иккита самарали ҳаракатни амалга оширди: гол плюс пас.

3. Ван Дейк мавсумдаги ва фаолиятидаги асосий ўйинни идеал тарзда ўтказди - «Тоттенхэм»га қарши кечган ЕЧЛ финалидан кейин УЕФА уни учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топди.

ВАН ДЕЙК ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИШДИ?

Юрген Клопп, «Ливерпуль» бош мураббийи: «Виржил ван Дейкнинг кучли томонлари ва имкониятлари ҳақида бутун бошли китоб ёзса бўлади. У ҳамон навқирон, шунга қарамай, ўта чиниққан футболчи.

Алекс Окслейд-Чемберлен, «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси: «У ҳам майдон, ҳам унинг ташқарисида ўз услубини сақлаб туради. Гўёки, ҳамма ишни осонгина бажараётгандек туюлади, шундай эмасми? Унинг ҳимояда ўйнаганини ҳис қилсангиз, ўзингизни хавфсиз сезасиз. Ўтган мавсум у шунчаки қоя вазифасини бажарди».

Рональд Куман, Голландия термаси бош мураббийи: «Унда идеал ҳимоячи сиймосини кўриш мумкин. Ёрқин ўйин кўрсатади, мудофаа чизиғини назорат қилади, майдонда борлигининг ўзиёқ бошқа шерикларига ёрдамдир. Энди унда яна бир соврин бор. Чемпионлар Лигасидаги ғалаба - бу фантастика. У юксак чўққиларни кўзлайдиган барчага намуна бўла олади».

Лионель Месси («Барселона» ва Аргентина термаси)

Мавсумдаги ютуқлари: Ла Лига ва Испания Суперкубоги ғолиби, Испания кубоги финалчиси, Чемпионлар Лигасининг энг яхши тўпурари (12та гол), Европа «Олтин бутса»си соҳиби.

Клубдаги статистикаси (ЕЧЛ}Ла Лига):44та ўйин, 48та гол, 18та самарали узатма

Мавсум-2018|2019даги Лионель Мессига тааллуқли учта муҳим воқеа

1. Чемпионлар Лигасининг илк туридаёқ ПСВ билан ўйинда «хет-трик» қайд этди. Бу кўрсаткич турнирдаги рекорд ҳисобланиб, Месси учун ЧЛдги саккизинчиси бўлди.

2. Январда Месси Ла Лигада 400та голли кўрсаткични забт этди. Шу тариқа у Европанинг етакчи чемпионатларида жами 400та гол урган иккинчи футболчига айланди. Шунингдек, ушбу натижани битта лигада қайд этган биринчи футболчи бўлди. Бундай кўрсаткични қайд этиш учун Леога атиги 435та ўйин кифоя қилди.

3. «Барселона»ни «Энфилд»да муваффақиятсизлик кутиб турганди, аммо бу воқеадан бир ҳафта аввал Месси «Камп Ноу»да ЕЧЛнинг бўлажак ғолибига ажойиб «сюрприз» тайёрлаганди. Каталонияликлар 3:0 ҳисобида зафар қучишди, Лео «дубль» қайд этишдан ташқари, ўша учрашувда «Барселона» учун 600-голини нишонлади: 30 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этди. Эътиборлиси, Месси 600-голини «кўк-анорранг» либосда биринчи голини урган сана - 1 май санасида нишонлади. Мазкур иккита гол оралиғидаги муддат 14 йилни ташкил қилди.

МЕССИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИШДИ?

Эрнесто Вальверде, «Барселона» бош мураббийи: «Ҳар бир ўйиннинг дастлабки дақиқаларини Месси танишувга ажратади. У рақиб ҳимоячилари ёнида сайр қилади, уларнинг позицияларини таҳлилдан ўтказади. Ўйин давом этади ва аста-секин футбол ўйнашни бошлади. Бу ҳолда энди у рақибларининг заиф нуқталаридан хабардор бўлади».

Неймар, «ПСЖ» форварди ва Мессининг «Барселона»даги собиқ шериги: «Мададга эҳтиёж сезганимда, жаҳоннинг энг яхши футболчиси менга ёрдам қўлини чўзди. У менга «Кетдик. Бу ерга сенга кўмаклашиш учун келдим», деди».

Жорди Альба, «Барселона» ҳимоячиси: «Месси нафақат гол уриш ва самарали узатмалар йўллаш билан шуғулланади, балки ўйинимизни ташкил этади. У ажойиб, ўзгача футболчи. Бу каби бошқа ўйинчини энди кўрмасак керак. Лео футболдаги барча жиҳатлар бўйича ноёб шахс».

Криштиану Роналду («Ювентус» ва Португалия термаси)

Мавсумдаги ютуқлари: УЕФА Миллатлар Лигаси ғолиби, «А» серия чемпиони ва Италия Суперкубоги соҳиби.

Клубдаги статистикаси (ЕЧЛ}«A» серия): 40та ўйин, 27та гол, 10та самарали узатма

Мавсум-2018|2019даги Криштиану Роналдуга тааллуқли учта муҳим воқеа

1. Роналду «Ювентус»га ўтганидан кейин кўп ўтмай «Сассуоло» билан ўйинда «дубль» қайд этди ва бу голлар унга миллий чемпионатлардаги 400-голни расмийлаштириш имконини берди.

2. Роналдунинг деярли бир ўзи «Ювентус»ни Чемпионлар Лигаси чорак финалига олиб чиқди. 1|8 босқичи дастлабки ўйинида туринликлар «Атлетико»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришганди. Бироқ жавоб учрашувида Криштиану «хет-трик» қайд этиб, «матрасчилар»­нинг 0:3 ҳисобидаги мағлубиятига сабабчи бўлди. «Аякс»­га қарши кечган чорак финалнинг ҳар икки ўйинида португалиялик юлдуз гол урди, аммо бу уринишлар жамоасининг кейинги босқичига чиқиши учун етарли бўлмади.

3. УЕФА Миллатлар Лигаси ярим финали доирасидаги Швейцарияга қарши ўйин тақдирини Роналдунинг голлари ҳал қилди. Рақиб жамоа дарвозасини уч марта ишғол қилган Криштиану сўнгги икки голини учрашув охирига сақлаб қўйди. Таблода 1:1 ҳисоби порлаб, қўшимча вақт аниқдек туюлган паллада португалияликлар ҳужумчиси катта саҳнага чиқди.

 

РОНАЛДУ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИШДИ?

Фернанду Сантуш, Португалия термаси бош мураббийи: «Роналдунинг ўйинини тасвирлаб бериш учун кўплаб сифатларни тилга олишга тўғри келади. 2003 йили унга устозлик қилганимдаёқ нималарга эришиши мумкинлигини тушунгандим. У даҳо».

Леонардо Бонуччи, «Ювентус» ҳимоячиси: «Сизнинг жамоангизга жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси Криштиану Роналду ўтса, бу даражангиз ўсиши шубҳасиз эканлигини билдиради».

Массимилиано Аллегри, «Ювентус» бош мураббийи (собиқ): «Роналду - «Ювентус»нинг келажаги. Бу етук футболчи мавсумни ажойиб тарзда ўтказди ва кейингисини ҳам бундан ёмон ўтказмаслиги аниқ».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz