Қайднома

Қидирув

РАДУ РОГАК: «ЎЗБЕКИСТОН ҚУЙИ ЛИГАСИДА ЎЙНАШНИ ХОХЛАМАДИМ»

РАДУ РОГАК: «ЎЗБЕКИСТОН ҚУЙИ ЛИГАСИДА ЎЙНАШНИ ХОХЛАМАДИМ»

  23.08.2019 05:55
  0
  604
РАДУ РОГАК: «ЎЗБЕКИСТОН ҚУЙИ ЛИГАСИДА ЎЙНАШНИ ХОХЛАМАДИМ»

Ҳозирга қадар мамлакатимизда тўп сурган легионерлар орасида молдоваликлар ҳам бўлган. Улардан бири - 2017 йили Самарқанднинг «Динамо» жамоаси шарафини ҳимоя қилган Раду Рогак. Мухлислар уни ўша мавсум «Пахтакор» дарвозасини ишғол қилган футболчи сифатида яхши эслашади. Яқинда ушбу иқтидорли ҳимоячи билан боғланиб, турли мавзуларда суҳбатлашдик.

- Раду, нима деб ўйлайсиз, Молдовада футбол ўсяптими? Мамлакат ички чемпионатининг ҳозирги даражаси қандай?

- Футбол барча давлатларда йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Шу қатори бизда ҳам. Бугунги кунда чемпионатимизнинг савияси ёмон деб бўлмайди. Лекин авваллари бунданда яхшироқ эди. Молдова чемпионатида бешта даражаси бир хил жамоалар етакчи саналади. Улар ўртасида рақобат кучли.

- Молдова миллий жамоаси яқин йилларда Европанинг етакчи термалари қаторига кира оладими?

- Термамизда бош мураббий ўзгарган, албатта, у жамоани юқори чўққига олиб чиқишига умид қиламиз. Европада рақобат ўта кучли, биласиз. Шунинг учун имкониятимиз ва даражамиздан келиб чиқиб иш тутамиз. Мухлислар талаб қилаётган ўйин намойиш этиляпти, аста-секинлик билан натижа ҳам бўлади.

- Ўзбекистонга келишга сизни нима ёки ким ундади?

- «Динамо»га мени агентлар таклиф қилишганди. Таътилда эдим, қўнғироқ бўлди. Агентим: «Сени Ўзбекистонда кутишяпти. Кўрикдан ўтасан, ўзингни кўрсатсанг, шартнома имзолашади», - деди. Икки ҳафта давомида мураббийлар назоратида бўлдим. Шу тариқа клуб аъзосига айландим.

- Ўзбекистон чемпионатида бош-қа молдовалик футболчилар ҳам тўп суришган. Жумладан, Вадим Чемиртан...

- Ҳа, албатта. Чёма юртингиз ҳақида кўп илиқ фикрларни билдирди. Ўзим ҳам гувоҳи бўлдимки, миллий чемпионатингиз Осиёда ҳам ўз ўрнига эга экан. Чемиртан Бухорода ёмон ўйин кўрсатмади, пойтахтда эса унга бироз омад етишмади. Шунингдек, «Локомотив»да ҳамюртим Андрей Кожокарь тўп сурганидан хабарим бор.

- Ўзбекистонда «Бунёдкор», «Насаф» каби жамоалар нисбатан ёш таркибга эга. Хўш, Молдовада бу борада ҳолат қандай?

- Олий дивизиондаги аксарият клубларда иқтидорли ёшлар тўп суришади. Улар - мамлакат келажаги. Агар мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушсалар, бу яқин орада ўз мевасини бермай қолмайди.

- Самарқандда футболни севишади. Мухлислар ҳар бир учрашувда стадионни тўлдириб, суюклиларини фаол тарзда қўллаб-қувватлашади. Бундай муҳитга яна қаерда гувоҳ бўлгансиз?

- Очиғи, Ўзбекистонда футболни бу даражада яхши кўришларини кутмагандим. Мен тўп сурган ҳар бир стадионда ажойиб футбол муҳити ҳукм сурди. «Динамо» уй учрашувларида трибуналарга мухлислар сиғмасди, ҳатто чипталар тугаб, минглаб ишқибозлар ташқарида қолиб кетишарди. Бу мени ҳайратлантирди, очиғи.

- Сафарда «Пахтакор»га урган голингиз фаолиятингиздаги энг муҳимими?

- Эсимда, ажойиб кеча бўлганди. «Динамо»да бир йил давомида битта гол уриш насиб қилди. Янада кўпроқ тўп киритишим учун менга совуққонлик етишмади. Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланолмадим. Муҳими, ўша биргина гол жамоамиз ва мухлисларга унутилмас онларни туҳфа этди.

- Ўзбекистонда тўп сурган аксарият легионерлар мамлакатимиздаги фаолиятдан қониқиш ҳосил қилишганини таъкидлашади. Сиз-чи?

- Самарқандда ўтказган вақтимга афсусланмайман. Гарчи мавсум охирида жамоамиз қуйи лигага тушиб кетган бўлсада, ўзим учун янги қирраларни очдим, кўплаб дўстлар орттирдим. Ишонаманки, яна у ерда ўйнаш имконига эга бўламан.

- «Динамо» раҳбарияти сизга янги шартнома таклиф қилмадими? Балки бошқа жамоалар сизни ўз сафида кўрмоқчи бўлгандир?

- Тўғриси, билмайман. У ерда узоқ муддат қолишни кўзлагандим, бироқ ЎФФ (ҳозирги ЎФА) қарорига биноан элитадан тушириб юборилди. Мен эса қуйи лигада ўйнашни хоҳламадим.

- Самарқанддан қандай таассуротлар қолди?

- Жуда гўзал шаҳар. Тарихий обидалар диққатимни тортди, улар билан танишдим. Муҳими, ҳаммаси мен учун ижобий якун топди. Айниқса, паловни алоҳида қайд этаман. Ҳеч қаерда бундай мазали таомни истеъмол қилмаганман.

- Маълумотларга қараганда, Азамат Абдураимов билан алоқаларингиз яхши экан..

- У инсонни жуда яхши биламан. Ўзбекистонда тўп сурганим учун Абдураимовдан миннатдорман, «Динамо»га келишимда катта ёрдам кўрсатди. Эшитишимча, у ҳозир болалар футболида ишлаяпти. Унинг бу йўлдаги ишига омад ва ривож тилайман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz